ИМОМ САРАХСИЙ МАЖМУАСИ ҲАҚИДА

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Ўзган шаҳрининг Учтепа маҳалласи ғарбидаги бедапоя ўртасида узунлиги 3,5 метр, кенглиги 2,5 метр ва баландлиги ҳам 2,5 метр бўлган, олд девори нимдоира арка шаклидаги ғиштин соғона бор эди. Мақбара олди ибодат қилувчилар қўйган чироқлардан ва шамлардан қорайиб кетган, арабча ёзувли икки тош бўлган.

Мақбара атрофида катта чилон дарахтлари бўлган. Маҳаллий аҳоли «мозор ота», «янги мақбара» деб қуръон тиловат қилиб ўтишар эди. Домла-имомлар ва диний билими борлар уни «Ажали Сарахсий» мозори деб айтишар эди.

1970 йилларда мақбара атрофидаги ерлар шаҳар ижроқўми томонидан хусусий уй қуриш учун тақсимланди. Халқ мақбарани муқаддас деб билгани учун унинг жойлашган ерини ҳеч ким ўз участкаларининг майдонига қўшмаган. Бироқ 25 кв.м. жойда сақланиб қолган мақбара қаровсизлик сабаб, бузилиб кетди. Ўша вақтда Ўзганда атеизм таъсирида мозор тошидаги арабий ёзувларга эътибор кам бўлган. Каримжон ака деган иймонли бир косиб ўз ҳисобидан оқ силикат ғишт олиб келиб, йўқолиб кетай деб турган мақбарани яна кичикроқ қилиб қайта тиклаб қўйди. Совет даври эди, оқсоқоллар вафот этганидан кейин Сарахсий номи ҳам унутила бошлади.

1994 йилда Ўшда чиқадиган «Мадрасатул иймон» газетасида ўша вақтда Ўш қозиси лавозимида ишлаб турган Раҳматулло Қосимовнинг Имом Сарахсий ҳақида мақоласи чоп этилди. Мен ўша газета орқали Имом Сарахсийнинг Ўзганд зиндонида ўтирганини, шогирдларига оғзаки йўл билан «Мабсут» номли китоб ёздирганини биринчи марта хабар топдим. Ўша мақолада муаллиф олимнинг қабри Ўзганда бўлиши мумкин деб ёзган. Мен Ўшга келиб, биз 7-10 ёшда бўлган вақтда оқсоқоллардан эшитган Сарахсий мақбараси ҳақида гапириб бердим. Домла ўша куниёқ Ўзганга келиб, мақбара тошларини ўқиб кўрди. Тошларда Сарахсий ҳақида маълумот йўқлигини айтди. Аммо аждодларимиздан оғиздан оғизга ўтиб кетган гаплар бекор айтилмаганини: «Қабрга қўйилган тошлар алмашган бўлиши ва бошқа жойларга олиб кетилган бўлиши мумкин» деб тасдиқлади. У киши мақбара Имом Сарахсий мақбараси бўлиши мумкинлигини, мозори қиблага мувофиқ тўғри жойлашганини айтди. Раҳматулло қори менга Саудиядан олиб келган араб ёзувидаги Имом Сарахсийнинг 30 жилдлик «Мабсут» китобини кўрсатди ва Ўзганда зиндонда ёзилганини тасдиқловчи жойни арабча ўқиб, таржима қилиб берди. Шундан сўнг мен Ўзган тарихи бўйича кўпроқ китоб ўқиб, тадқиқот ишларини бошладим. Қўлимга Қирғизистон фанлар академиясининг тарих институти археологи, доктор Валентина Дмитриевна Горячеванинг «Ўрта асрлардаги Қирғизистон шаҳарлари ва меъморий ансамбллари» деган русча китоби тушди. Китобда Ўзган шаҳрига алоҳида аҳамият берилган экан. Ўша ерда «Ўзган шаҳридаги Уч-Тепа маҳалласи 3-Питомник кўчасида “Ажал Сарахсий” мақбараси жойлашган» деб ёзилган экан. Ушбу китоб муаллифи бизнинг Имом Сарахсий мақбараси бўйича изланишларимизга янги рағбат берди. Мен Бишкекда бўлганимда халқаро «Илм тарқатиш» халқаро жамғармасининг Туркиялик аъзолари Ўзар Равонўғли ва марҳум Фикрет Ўздундар билан китоб муаллифи Горячевани излаб топиб, Сарахсий мақбарасини қандай далиллаганини сўрадик. Археолог 1960 йилларда Ўзганда яшаётган оқсоқоллар ва арабий илми бор имомлардан сўраб билиб, Ўзгандаги барча тарихий мақбараларнинг номларини аниқлаб ёзиб қўйган экан. Мен ҳам ўз навбатида В.Д.Горячеванинг илмий материаллари асосида ҳар бир тарихий бино ва мозорларнинг аннотациясини ёзиб, шаҳар бошпланига киргизиб, атрофида қурилиш ишларини тўхтатишга эришдим.

2000 йилларда Ўш давлат университетида ташкил этилган Туркия «Диёнат» вақфи томонидан молиялаштирилувчи теология факультетининг ўқитувчи ва талабалари ҳам Имом Сарахсий мақбараси бўйича тадқиқот бошладилар. Теология факультети талабаси Майрамхон Исабоева Имом Сарахсийни танувчи турк олимларига олимнинг мақбараси Ўзганда жойлашганини айтган. Харитага белгиланган жойни «Илм тарқатиш» халқаро жамғармасининг Туркиялик аъзолари Ўзар Равонўғли ва марҳум Фикрет Ўздундарга кўрсатдик. 1997-2006 йилларда мен «Турон» жамоат жамғармасини бошқариб, Ўзган археологиявий-меъморий музей мажмуасини ободонлаштириш, сақлаш ва фойдаланиш бўйича икки халқаро лойиҳа грантини ютиб, музей мажмуасида туристик инфратузилмани таъмирлаш бўйича бир қатор ишлар бажардим. Кейинчалик Ўзган археологик-меъморий музей мажмуаси директори этиб тайинландим.

Шундан сўнг Ўзар оға ва Фикретбей Туркия телевидениеси ва газета журналистларини Ўзганга юбора бошлади. 2005 йилнинг декабридан журналистларга Сарахсий мақбараси ҳақида интервью бера бошладик. Теология факультети декани Асилбек Каримов ва туркиялик ўқитувчилар Нури Адигузел ва Сакин Пинарбашилар бунга катта ҳисса қўшишди. Туркиядан келган журналистлар ва меҳмонларга тушунтириш ишларини олиб боришда ўша вақтдаги Қирғизистондаги Туркия элчихонасининг диний ишлар бўйича маслаҳатчиси Шамсиддин Уналнинг хизмати катта бўлди. 2006 йилда Ўзган шаҳар ҳокими Собиржон Отажанов, мен ва Ўзган музей мажмуасида гид-экскурсовод бўлиб ишлаб, бизга таржимон бўлган Майрамхон Исабоева ва ЎшТУ теология факультетининг илмий жамоаси берган интервьюлари Туркия диний телеканалида ўнлаб марта кўрсатилиб, катта шов-шувга сабаб бўлди. Туркия илмий доираси улуғ ислом ҳуқуқшуноси Имом Сарахсий мақбараси топилганини қувонч билан қабул қилди. Ўзганга Туркиядан келувчилар жуда кўпайди. Олимнинг шарофати билан Туркиянинг Акязи шаҳри маъмурияти ва Отукан нашриёти жамоаси 2007-2008 йилларда рамазон ойида ўттиз кун давомида кунига 500 кишилик ифтор берди. Бой ва нуфузли Туркиялик меҳмонлар орасида, ўз ҳисобларидан Имом Сарахсий мақбарасини қайта қуриш, шунингдек масжид ва мадраса қуриб бериш истагини билдирувчилар сони кўп бўлди.

2007 йил май ойида Туркия диний ишлар бошқармаси таклифи билан Қирғизистон муфтийси марҳум Муратали хожи Жуманов, ЎшМУ ректори Мухтор Ўразбеков, теология факультети декани Асилбек Каримов ва Ўзган шаҳар ҳокими Собир Отаджонов ва мен Туркия диний ишлар бошқармаси ва “Диёнат” вақфи таклифига биноан Анқарага йўл олдик, Туркия диний ишлар бошқармаси раҳбари, «Диёнат» вақфининг ўша вақтдаги раиси Али-Бардак ўғли қабулида бўлдик. Истанбулда эса Имом Сарахсийнинг асосий тадқиқотчиси ва таржимони, доктор Мустафа Жеват Акшит билан учрашдик. У киши Имом Сарахсийнинг қамоқдан чиқиб, Марғилонга кетгани, аммо бугунги кунда Марғилонда унинг бирорта ҳам изи топилмаганини, олим ўша вақтда бутун Мовароуннаҳр маркази бўлган Ўзган шаҳрида яшаб, ўша ерда вафот этгани ҳақида ишонч ҳосил қилганини, бу ҳақда «Диёнат» вақфига маълумотнома берганини айтди. Ўзганда улуғ олим шарафига масжид, мадраса, кутубхона ва мақбарадан иборат мажмуа қуриш бўйича Туркия «Диёнат» вақфи, Қирғизистон диний ишлар бошқармаси ва Ўзган шаҳар мэрияси билан уч томонлама битим имзоланди. Туркиядан қайтгач, олимнинг мақбараси атрофидаги уйларни кўчириш имкониятини кўриб чиқдик. Мақбара лойиҳаси “Қирғизреставрация” лойиҳа институти раҳбари Жумамедел Имонқулов томонидан Қорахонийлар даври меъморчилигига мувофиқ қилиб тайёрланди.

2009 йилнинг 29 август куни Ўзган тумани ҳокими Байишбек Жуманазаров ва шаҳар бошлиғи Собир Отажонов иштирокида тумандаги ташкилот раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва маҳаллий аҳоли вакиллари иштирокида қурилишни бошлаш маросими ўтказилди ва иш бошланди. Қурилишга Ўшдаги Сулаймон-тоғ масжиди минорасини қурган усталарни таклиф қилдик. Ғиштлар Ўзбекистоннинг Хива ва Бахмал шаҳарларидан келтирилди. Қурилиш давомида шаҳар бошлиғи Фатҳиддин Мавлонов билан мақбаранинг шарқ ва жануб томонидаги уйлар эгалари билан келишиб, уларни кўчиришга эришдик. Натижада, мақбара майдонини кўкаламзорлаштириш ва келувчи автомобиллар учун тўхташ жойи, ҳожатхона, кутубхона ва қоровул учун бино қуриш имкониятлари очилди. Шаҳар маъмурияти ва жамоатчилик мақбара атрофидаги ариқларни таъмирлаш ва кўриниши ёмон хусусий уйларни таъмирлашга ҳисса қўшдилар. Қурилишни «Диёнат» вақфининг вакили Сокин Пинарбоши бошқарди, мен эса унга яқиндан ёрдам бердим. Натижада Қирғизистонда бетакрор, Қорахонийлар даври меъморлигига мос бадиий меъморий ансамбль – Имом Сарахсий зиёратгоҳи яратилди.

Бугунги кунда Имом Сарахсий мақбарасига қўшни давлатлар ва Қирғизистоннинг бошқа вилоятларидан зиёратчилар келиб, олимнинг кутубхонада сақланаётган китоблари билан танишиб, 1000 йиллар аввал яшаб ўтган улуғ инсонга атаб дуойи фотиҳа қилишаётир. Масалан, Саудиядан бутунжаҳон ислом фатво маркази раиси ўринбосари, Покистон ва Жанубий Африка республикалари муфтийлари ташриф буюрдилар. Улар Имом Сарахсий китоблари билан ислом олами 1000 йиллар давомида ҳукм чиқариб яшаб келганини айтдилар. Туркиялик меҳмонлар эса Имом Сарахсийнинг китоблари Усмоний империясининг асосий фойдаланилган китоблари эканини тасдиқлашди. Имом Сарахсийнинг китобларини тадқиқ қилувчи, Истанбул шаҳрида яшайдиган 80 ёшли Мустафа Жеват Акшитнинг сўзларига кўра: «Ўттизга яқин шогирдим билан Имом Сарахсий китобларини тадқиқ қилишга ҳаётимни бағишладим. Бугунги кунда 27 давлатдан тўплаган қўлёзмаларни солиштириб, Ўзганда ёзилган “Мабсут” китобини арабчадан туркчага таржима қилишни якунладик. Ҳозирги вақтда қолган 12 китоби устида ишламоқдамиз», деб айтди.

2012 йил 8 ноябрда Имом Сарахсий зиёратгоҳи очилишига келган Туркия диний ишлар бошқармасининг раҳбари Мехмет Гормез ўз нутқида: “1000 йил аввал вафот этган Имом Сарахсий Шамсул аимма (имомлар қуёши) зиндонда ётиб, ташқаридан нур олмай, қоронғуликдан нур тарқатди ва бугунги кунгача илм зиёсини тарақатишда давом этмоқда”, деб айтди.

Имом Сарахсий шогирдларидан Абдулазиз Ўзгандийнинг невараси Имом Фахриддин ибн Мансур ибн Ҳасан Ўзгандий томонидан ёзилган «Фатовойи Қозихон» номли ҳуқуқий йўналишдаги китоблари ислом оламида бугунги кунгача қўлланилиб ва ўқитилиб келинмоқда.

Туркия диний ишлар бошқармаси бошлиғи, «Диёнат» фонди раиси Меҳмет Гормез масжид, мадраса ва кутубхонани олим мақбарасидан узоқ бўлмаган жойда мажмуа тарзида қуришни таклиф қилди. Шунга кўра, олим мақбарасининг жанубида жойлашган бешта уй эгаларини рози қилиб, келишувга эришилди. Уй эгаларига бошқа ҳудуддан ер участкаси ажратилди. Туркиянинг «Диёнат» фонди таклиф этган Имом Сарахсий мажмуасининг меъморий эскиз лойиҳаси асосида «Ошпроектстрой» лойиҳалаш институти лойиҳани 2016 йилда якунлади.

 Олимнинг шарофати билан Туркия диний ишлар бошқармаси раҳбарлари берган ваъдасига мувофиқ, 2019 йилда янги масжид қурилиши бошланиб, 2021 йил октябрь ойида якунланди. Бу масжид Туркия услубида қурилиб, деворлари Мовароуннаҳр услубида қопланган ғишт билан безатилди ва кўп гумбаз шаклида 500 ўринли қилиб бунёд этилди ва Ўзган аҳлига туҳфа этилди. Камина ҳам ушбу хайрли ишларда тўғридан-тўғри қатнашиб, баҳолиқудрат ҳиссамни қўшганимдан беҳад ҳурсандман.

Авазбек Турсунбоев,

Ўзган давлат тарихий-маданий

 музей қўриқхонаси етакчи илмий ходими,

Қирғизистон Республикаси маданият аълочиси.