БОБОМУРОДНИНГ «ҲАЁТ САБОҚЛАРИ»

       Ўзбек замонавий шеърияти таҳлилини камолга етказган адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуровнинг қуйидаги фикрлари ҳар бир шоир учун сабоқдир: “Шеър ёзиш учун шоир маълум бир кайфиятга эга бўлиши лозим. Шеърни ўқиб, ундан лаззат оладиган шеърхонга ҳам ана шундай алоҳида бир кайфият тақозо қилинади”. 

Шоирни шеър ёзишга ундайдиган иштиёқ, илҳом бир хил бўлмайди, албатта. Бир шоирнинг ўзи турли шеърларини турфа кайфиятга, дейлик, шодликка тўлганида, тушкунликка тушганида, алданиб қолганида, алам ўтганида, бировни соғинганида, айрилиққа чидай олмаганида ёзиши мумкин.

“Алишер Навоий институти” сайтининг азиз мухлисларини “Адабиёт хиёбони” рукнининг навбатдаги меҳмони – самимий инсон, истеъдодли шоир Бобомурод Раҳматуллаев ижоди билан таништирамиз.

 

 – Ўзингиз ҳақингизда қисқача маълумот берсангиз.

– Қирғизистоннинг Лайлак районида туғилганман. “Женгиш” ўрта мактабини 1987-1997 йилларда аъло баҳолар билан тугатдим. Боткен давлат университетида 1997-2002 йиллар филология факультетининг ўзбек тили ва адабиёти, 2014-2017 йилларда шу даргоҳда қирғиз тили ва адабиёти бўйича сиртдан ўқидим. Иш фаолиятим асосан мактабда ўқитувчиликдан бошланган. Кейин қишлоқ ҳукуматида қишлоқ бошлиғи, маҳаллий кенгашга депутат. 2010 йилдан бошлаб яна мактаб касаба уюшмасининг бошлиғи, ижтимоий педагог, тарбия ишлари бўйича уюштирувчи, ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари 2015 йилдан мактабда директор вазифасида ишладим.

Иш фаолиятим мобайнида ижодга бўлган иштиёқ ҳам сўнмади. 1996 йилдан шеърларим “Мезон”, “Ўш садоси”, “Демос таймс” газеталарида босилган. Илк шеърим бадиий жиҳатдан шеър ёзиш қоида ва талабларига жавоб бермаса-да, мен учун қадрли:

 

Агар кетиб қолсам қишлоқдан олис,

Оқсув оқаверар менсиз ҳам сокин.

Қуёш тутмас аза уқфқда маъюс

Менсиз тунга ой ҳам мўралар секин.

 

Қайт деб ёлбормайди мағрур қушчалар,

Дарахтлар пойимга чўкиб қолмас тиз,

Ёмғирдан ивиган сўлғин ғунчалар,

Кузатиб қолмайди кеккайган у қиз.

 

Илк китобим “Мовий ҳислар” 2012 йилда чоп этилган. “Дўстлик баёзи”, “Адабиёт гулшани” номли альманах китобларда бир туркум шеърларим босилган. Авлиёхон Шукрулло номли адабий мукофот лауреати бўлганман илк китобим чиққанида. Қирғизистон, Ўзбекистон газета ва журналларида шеърларим чоп этилиб туради. “Ўрта Осиё ёзувчилари ва тарихчилари” уюшмаси аъзоси, бир қанча адабий мукофотлар лауреатиман.

– Қаламкашнинг шаклланишида адабий муҳитнинг аҳамияти нечоғли муҳим деб ҳисоблайсиз?

– Адабий муҳит асрлардан асрларга ўтиб келаётган халқ оғзаки ижодидан бошланиб, ҳозирги пайтда ва келажакда ҳам ижод билан ёнма-ён юрадиган, ижодга камарбаста жараён. Адабий муҳит сўзсиз керак. Мен асосан Ўш, Тошкент, Хўжанд адабий муҳити билан боғланиб ижод қилиб келяпман. Тошкентнинг йигирманчи аср бошларидан токи ҳозиргача бўлган даврдаги ижодкор ёзувчи ва шоирларнинг асарларини, шеърларини мунтазам кузатиб бораман. Уларда танқид, таҳлил ва тақриз бор. Охирги йилларда бачкана ва “кўча” шоирлари кўпайиб кетди. Бироқ ўсиб келаётган иқтидорли, талантли шоирлар ҳам кўп. Ўшда Шавкат Раҳмон, Муғанний яратган адабий муҳит ҳозиргача руҳимизда. Ўш, Хўжанд ва Боткен адабий муҳитининг қалқони сифатида шоир Авлиёхон Эшоннинг мактабини ўташни ёшларга тавсия қилган бўлардим. Бизнинг Ўшда охирги пайтларда шеъриятга қизиқиш бирмунча пасайди. Ёш шоирлар кам. Адабий муҳит, адабий танқид ҳозирги пайтда сув ва ҳаводек зарур. Буларсиз ҳеч қачон кучли шеър ёки асар дунёга келмайди.

– Инсон учун, ижодкор учун «ҳаёт сабоқлари» нималардан иборат? Умр йўлларининг бир қисмини босиб ўтган шоир қалбида бу сабоқлар қандай акс-садо беради?

– Мана, 45 ёшга кирдим. Қайси бир таниқли шоир (ҳозир эсимда йўқ) айтганди. “Энг кучли, таниқли адиб ва ёзувчилар ҳаётда ҳеч қачон тўкис яшамаганлар”. Мен эса ҳаётда моддий тарафдан қийналганим йўқ. Чунки ҳақиқий шоир эмасман (ҳазил). Албатта, ижодкорлар асосан ички кечинмаларини, ўз бошидан ўтганларни, қалб изтиробларини қоғозга туширадилар. Ҳаёт бир уммон. Унда тирик қолиш учун тинмай ҳаракатда бўлиш, суза билиш керак. Тўфону бўронлардан сақланиб қолиш инсоннинг иродасига, сабр-матонатига боғлиқ. Кучли асар яратиш учун эса тинмай меҳнат қилмоқ лозим. Ҳаёт қадимдан ғийбатларга, лофларга, туҳматларга, ҳасадларга тўла. Буларни ёриб чиқиб, фақат олдинга интилиш керак.

– Сизни ҳаётда доимо ўйлантирадиган масала нима?

– Саволингизга ижоддан келиб чиқиб жавоб берадиган бўлсам, тилимизда адабий сўзлашув услуби йўқолиб, ўрнини шевага хос сўзлар эгаллаб бормоқда. Ҳозирги пайтда олий маълумотли инсонлармизнинг ҳам аксарияти бадиий тил мезонларини яхши билмайди ёки амал қилмайди. Бу борада адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдош куйиниб гапиради.

Мактабларда бугунги кунда ўзбек тили ва адабиётидан дарс бераётган ўқитувчиларимиз адабиётимизни, маънавиятимизни Навоий асарлари орқали тўлиқроқ етказиб беришларини орзу қилиб қоламан.

– Адабиёт жамиятни ўзгартиришга қодир, деган фикрга қўшиласизми?

– Буни шоир Чўлпоннинг ҳаёти ва ёзган асарларида яққол кўришимиз мумкин. Тарихий давр ва тарихий шароит Чўлпондан муҳаббат ва табиат лирикасидан кўра шу даврдаги ўзбек халқининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий аҳволини яхшилашга қаратилган асарлар ёзишни тақозо этди. Ватан ва миллат манфаати билан яшаган шоир даврнинг шу талаби билан большевиклар олиб борган сиёсатнинг мустамлакачилик моҳиятини фош этишга, халқни зулм ва зўравонликка қарши ҳуррият учун курашга даъват этишга қаратилган шеърлар ёзди. Демак адабиёт жамиятни тубдан ўзгартиришга қодир.

– Шеър нима? Умуман шеър ва шеърият ҳақида фикрларингиз ва ёш шоирларга тилакларингиз.

– Шеър ҳақида фикрлаш анча қийин. Рамзларни тушуниш, ишоралар мағзини чақиш… кўпчилик бундан қочиб, ақли етмай ёки, ҳеч тафаккурни қийнамай, жўн машқларни таҳил қилишга, улуғлашга ўтади. Ҳозирги ўзбек шеъриятини Рауф Парфидан бошлаб Жонтемиргача, фақат ўз услубига эга шоирларни (унақалар саноқли ўзи), услублари, ифода йўли, оҳанг, гармонияси… ни ўрганиб чиқинг! Ва қўлдан келганча жаҳон шеъриятини ҳам. Бусиз бугунги шеъриятга баҳо бериш қийин. Ўрганиб чиққач, тақлид ё ясама шеърларни бир ўқишда кимники эканини пайқайдиган бўлиб қоласиз.

Публицистик шеърият, рамзий шеърият, руҳоний шеърият, оҳангдор ва қуруқ фикрга қурилган шеърият… лоақал шуларни ажрата олиш керак. Ҳозир аниқса публицистик шеърлар кўп ёзилмоқда. Аммо бу шу зўр шеър дегани эмас. Ва бу ижтимоий шеърият дегани ҳам эмас. Бирор муаммони қофияга солиб ёзиш билан публицистик шеър пайдо бўлиб қолмайди.

Мен Абдували Қутбиддин, Иқбол Мирзо, Сирожиддин Саид, Авлиёхон Эшон, Рауф Парфи, Ҳалима Аҳмад каби шоирларни ўқиб улғайдим. Ҳозирги ёшларгаям юқоридаги шоирларни ўқишларини тавсия қиламан.

 

***

Алмисоқдан қолган

Сургун ўй ичра

Саҳиҳ булутларга чўмилади дил.

Сукут – юрагимни қилади тавоф,

Бу ёвуқ ҳисларга эланар кўнгил.

Намчил йўлларимнинг поёнин излаб,

Тўкиб кўзларимдан бир дарё ғубор.

Ҳуркак хаёлларим нафсин бўғизлаб,

Умримни дуч келган тарафга юбор,

Худойим.

Бутун ғаразларим йиғиб кетайин,

Ортимда қолмасин азалий ғурбат

Йўлим аниқ бўлсин, манзилим тайин

Кўнглимда яшасин илоҳий фитрат…

Кўзларим дайридан ўқи руҳимни,

Бунчалар бедаво, очунга илҳақ

Жиним билан ётган бу хумни

Мен синдириб яшашим керак.

 

***

Яна ёмғирлар,

Мастона ёғар,

Ой ҳижобин ечар аста чайқалиб.

Мендан мени сўраб қорайган тунлар,

Сенинг кўзларингда кетар йўқолиб.

Негадир ишонгим келяпти сенга,

Деразам ортида ҳайрат кўчаси.

Шууримга битилган чексиз ғуссани,

Арита оляпти исминг парчаси.

Негадир йўқолгим келяпти сендан,

Ўзга коинотнинг оғушларига.

Нигоҳинг тушмаган бўшлиқни излаб,

Дайрнинг энг чуқур ташвишларига

Кетсам,

Қарамасдан ортимдан,

Ой санаб, йил санаб

Қолаверсанг жим.

 

***

Кун буркалар, димиқар нафас,

Сукунатга чўкар нигоҳим.

Ташқарига қилмайман ҳавас,

Ташқарида ўсар гуноҳим.

Ғирчиллайди менсимай эшик

Ва сабримни синар дераза.

Сен келмайсан айтаман қўшиқ,

Ё ғурурга тутаман аза.

Сен келмайсан тилимланар дил,

Тирикликнинг ўзи бир ғавғо,

Ҳафсалам пир, эшикни очиб

Ташқарида бир дунё иғво.

 

***

Қарғишлардан безалган дарча,

Совуқ тешар-юпун пушаймон.

Декабрнинг узундан узун,

Тунларини қучиб қақшайман.

Қиров қотган кўз ёшларингдай,

Юзларингга ёғаверар жим.

Ёғаверар бўҳтон бўҳрони

Фақат маъюс кўзларингда ким.

Акс этган ва қотиб қолган.

Сололмайман, сололмайсан дод,

Фарёдларни ютамиз ичга.

Сени тутиб турар эътиқод,

Мени эса виждон азоби.

 

***

Нигоҳлар тўқнашди биринчи,

Пари қиз кўзингиз чиройли.

Қараб ҳам қарамай бўлмайди,

Барибир ўзингиз чиройли.

Тонг саҳар ёдингиз уйғотар,

Тириклик кирмайди қулоққа.

Кўзингиз тубига чўкаман,

Илтимос, чиққум йўқ қирғоққа.

Елкамда ғамларнинг бир қопи,

Ёдингиз тийнатим эзади.

Пари қиз, айромиз очунда,

Руҳимиз бир бутун кезади.

 

Одилжон ДАДАЖОНОВ,
Алишер Навоий институти учун