Илм билан ижод инсон фаолиятининг шундай улкан соҳаларики, уларнинг ҳар бирига бутун-бутун умрлар ҳам етмайди. Шунга қарамай, ҳам олим, ҳам ижодкор бўлишга интиладиган одамлар учрайди. Агар кишида бундай зўр мақсадга мувофиқ имкониятлар бўлса, нур устига нур. Мабодо бу улкан юкни кўтаришга қодир истеъдод бўлмаса ёки сабот-матонат етишмай қолса ҳам, киши худди икки қайиқнинг бошини тутгандек бўлади.
Бироқ ҳаётда шундай муштарак истеъдодлар борки, улар учун илм билан ижод алоҳида-алоҳида сузадиган қайиқларга эмас, бири-бирига таяниб парвоз қиладиган қанотларга айланади, Мусаввир Шуҳрат Абдурашидовнинг фаолиятидаги энг ажойиб фазилатлар ҳам мана шу жуфт қанотларнинг парвозида кўринади.
Ўтган асрнинг 70-йиллар маданиятида катта таъсир қолдирган ўзбек мусаввири Шуҳрат Абдурашидов таниқли санъат арбоби, миллий тасвирий санъатнинг етук намояндаси, СССР Рассомлар Союзи аъзоси эди.
Шуҳрат Абдурашидов 1949 йил 7 августда Ўш вилояти, Аравон туманидаги Тепақўрғон қишлоғида зиёлилар оиласида туғилди.
У мактабда барча фанлардан аъло баҳоларга ўқирди, бироқ расм чизиш энг севган машғулоти эди. Бу қизиқишни билган отаси уни саккизинчи синфини битиргандан сўнг 1964 йили Тошкентга олиб бориб, ҳужжатларини П.Беньков номидаги санъат билим юртига топширди. Билим юртида у пешқадам талабалардан бири эди. Ўша чоғлардаёқ у яратган асарлар Ўзбекистон халқ рассомлари Абдулҳақ Абдуллаев ва Чингиз Аҳмаровларнинг эътиборига тушди. Билим юртини 1967 йили имтиёзли диплом билан якунлаган Шуҳратга устозлари чуқурроқ билим олиши учун ўқишни яна давом эттириши, бунинг учун В. Суриков номидаги Москва давлат бадиий институтига (МГХИ) бориши кераклигини уқдирдилар ва унга бу борада тавсиялар бердилар. Шуҳрат Абдурашидов ўша йили институтга қабул қилинди. Бўлғуси мусаввир талабалик йилларидаёқ таниқли рассомлар эътиборини жалб этадиган миллий колоритли ёрқин рангтасвир полотноларини яратишга муваффақ бўлди. Асарлари ўша йиллари турли кўргазмаларда намойиш этилди ва услуби янги йўналиш қатори эътироф этилди, юксак баҳоланди. Булар сирасига «Бўсағада», «Тўй», «Буви ва набира», «Болаликни хотирлаб» каби асарларни киритиш мумкин. Ўша йиллари у билан бирга мусаввирлар Рўзи Чориев, Алишер Мирзаев, Баҳодир Жалолов, Жавлон Умарбеков, Бахтиёр Бобоевлар таҳсил олардилар. Шуҳрат юксак инсоний фазилатлари, келажакка умид билан қараши, самимийлиги, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаётни севиши, қувноқлиги билан уларнинг ҳурматига сазовор бўлган, ўртада ҳақиқий дўстона муҳит яратилганди. Шоир Тўра Мирзо Шуҳратнинг олижаноблик фазилатларидан илҳомланиб унга атаб шеърлар битди. Кейинчалик бу даврага ўша йиллари Горъкий номидаги адабиёт институтида таҳсил олаётган адиблар Рауф Парпи, Хуршид Даврон, Шавкат Раҳмонлар, гоҳо-гоҳо Москвага бориб турадиган Абдулла Орипов каби таниқли адиблар, санъаткорлар қўшилдилар. Булар ўртасидаги ўзаро дўстлик ришталари кейинчалик ҳам узилмади.
1974 йили институтни имтиёзли диплом билан якунлаган Шуҳрат Абдурашидов йўлланма билан Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтида ишлай бошлади. Рассом Тошкентга қайтгач унинг фаолияти янада жонланди. Бу даврда у ўзига хос бир қатор асарлар яратдики, мутахассислар буни рассомчиликдаги янги йўналиш деб эътироф этдилар. Мусаввир яратган асарлар сиртдан қараганда оддий маиший холатларни ифода этаётгандек кўринса-да, чуқур фалсафий маъно касб этадиган ўзаро муносабатларни тасвирларди, Бундай полотнолар қаторига портрет жанрида яратилган «Шоир Рауф Парпи ва Дилором», «Шоир Абдулла Орипов», «Шуҳрат портрети», ота-онасига ва туғилган уйига бағишланган «Ҳамиша мен билан бирга бўладиган байрам», Бахмал манзаралари ифодаланган қатор этюд ва полотноларни қўшиш мумкин. Айнан шу йиллари у СССР рассомлар союзига аъзо бўлди.
Ўзбекистонда халқ рассоми Алишер Мирзаев «Шуҳратдан кейин биз 40 йилга яқин ижод қилиб келаяпмиз, лекин Шуҳрат 29 ёшида етишган даражага биз ҳамон етмадик. У бетакрор рассом эди. У яратиб кетган ўзбек миллий тасвирий санъатидаги услубни институтда ўқитамиз» деб ёзади.
Шуҳрат Абдурашидов кўпқиррали ижодкор эди. Рассомчиликнинг оммавийлашган барча жанрларида муваффақиятли ижод қиларди. Пейзаж, натюрморт, портрет, ва бошқа жанрларда яратган асарлари, уларни яратишда танлаган ранглари ҳамон мутахассисларни ҳайратга солиб келади. Тошкент метроси бекатларидан бирини безаш Шуҳрат Абдурашидов бош бўлган рассом-дизайнерлар гуруҳига ишониб топширилишининг ўзи унинг истеъдоди давлат миқёсида эътироф этилганининг ифодаси эди.
Шуҳрат Абдурашидов устозларидан бири, таниқли рассом Ўрол Тансиқбоевдек пейзажлар яратишни ва буларда ўзи туғилиб ўсган Қирғизистоннинг бетакрор манзаралари ифодалаган суратлар галареясини яратишни орзу қиларди. Афсуски, у бу орзусига ета олмади.
Таниқли мўйқалам соҳиби Шуҳрат Абдурашидов 1979 йил 18 декабр куни Тошкентдаги уйи яқинида автофожиада ҳалок бўлган. Тепақўрғон қишлоғидаги қабристонга, Абдулҳамид акасининг қабри ёнига дафн этилди.
Бу жудолик таъсирида дўстлари шоир Рауф Парпи ва Хуршид Даврон, устоз шоир Абдулла Ориповлар хотира шеърлар ёздилар. Унинг 50, 65, 70 йиллик юбилейлари Тошкентда таниқли рассомлар, талабалар, адиблар ва дўстлари иштирокида нишонланди. Журнал ва газеталарда қисқа, лекин чақмоқдек ёрқин умр кўрган мусаввирга бағишланган хотиралар чоп этилди.
Шуҳрат Абдурашидов Азизахон исмли қиз билан 1974 йили турмуш қуриб, икки ўғил кўрган. Аҳрорбек ва Аброрбеклар онаси Азизахон ая билан Тошкентда яшашади. Ҳар иккаласи ҳам олий маълумотли, ишбилармонлик билан шуғулланадилар
(Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, журналист Ҳабибулло Идрисов маълумотлари асосида ёритилди).
АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ
Одилжон Дадажонов