ҲАҚҚА, ҲАҚИҚАТГА ИНТИЛГАН ШОИР

2022 йилнинг 28-май куни Жалолобод вилояти, Бозорқўрғон шаҳридаги Алишер Навоий номли 4-умумтаълим ўрта мактабида Кўнгил мулкининг куйчиси” номи билан шоир Абдулҳақ Абдумаликовнинг “ижодий кечаси бўлиб ўтди. Кечада, Қирғизистонинг жанубидаги ўзбекзабон шоир, ёзувчи, олимлар, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этди. Кечани ташкил этишда Бозорқўрғон тумани маданий маърифий маркази жонбозлик кўрсатдилар. Айниқса Бозорқўрғон туман маданий марказ бошлиғи ўринбосари Юнусжон Тешабоев миллат жонкуяри сифатида адабий кечани аъло даражада уюштириб, беминнат хизмат қилди.

Ижодий кечага Ўш шаҳридан адабиётшунос Саидакбар Махсумхонов, олим Барно Исҳоқова, шоир Аъзам Раҳим; Новқатдан шоир Қосимжон Раҳмиев; Ўзгандан маориф аълочиси, шоира Матлуба Мусабоева, олима Майрам Исабоева, Арсланбобдан шоира Ёқутхон Ҳотамова, шунингдек Жалолободлик, Бозорқўрғонлик шеър ва шоирнинг муҳиблари қатнашдилар, учрашув шеърият байрамига айланиб кетди.

Мактабга кириб боришимиз биланоқ кўпдан бери соғинган холат – анча вақтдан бери кўрмаганимиз мактаб йўлакларида, синф хоналарида барча кўргазмалар, деворий газеталар ўзбек тилида тайёрланганига кўзимиз тушиб,  жуда қувондик, бунинг учун мактаб директори Ҳакимжон Мансуралиев домлага алоҳида эҳтиром билдирсак, ўринли бўлади, албатта.

Шоир Абдулҳақ Абдумаликов 1971 йилда Бозорқўрғонда косиб оиласида таваллуд топган. Абдулҳақ имон-ахлоқли, оилапарвар, энг муҳими – қайси соҳада бўлмасин мукаммалликка интиладиган адибдир.

 Жалолобод маданий маърифий марказ раҳбари Латифжон Аҳмадалиев кечада сўзга чиқиб:

“Миллатни йўқ қилмоқчи бўлсанг, унинг тилини йўқ қилиш керак”, дейди, лекин бизнинг миллатимизда шундай шоирларимиз бор экан, тилимиз ҳам миллатимиз ҳам униб-ўсади, – деди.

 Абдулҳақ устоз кўрган шоир, эл суйган адиба Турсуной Содиқованинг шогирди, аслида, у жуда ёшлигидан адабиётга, китобга меҳр қўйган.

Шоирнинг опаси Сайёра Абдусаломова укасининг ёшлик даври ҳақида: “У ўқувчилик чоғидаёқ вилоят “Ленин йўли” газетаси таҳририяти қошидаги “Илҳом” клуби аъзоси эди. Клубда олиб борилаётган маданий-маънавий ишлар, қизиқарли мушоиралар, қизғин давра суҳбатлари ҳақида, шоирлар – Қўлдош Мирзо, Усмон Темур, Муғанний, шоира Малика Комилова, ёзувчи Мирзоҳид Мирзараҳимов ва ўнлаб истеъдод эгалариларнинг дилкаш мунозаралари тўғрисида завқланиб сўзлаб берарди”, деб айтиб ўтади.

Шоирнинг аёли Моҳира Абдумаликова ҳам нафис шеъриятни зукко илғаб олувчи шоира, ажойиб шеърлар муаллифи, моҳир, тажрибали педагог.

Бугунги бирон-бир ўзбек ижодкори улуғ шоир Шавкат Раҳмон ижодидан бебаҳра ҳолда камолотга ета олмайди. Айниқса, Қирғизистонлик ҳар бир шоир учун Шавкат Раҳмон – устоздир. Шавкат Раҳмон мукофоти совриндори бўлган шоир Абдулҳақ бежиз бу мукофотга лойиқ топилмаган.

Абдулҳақ Абдумаликов нафақат шоир, педагог, муҳаррир, мунаққид, айни пайтда зукко адабиётшунос ҳамдир. Унинг Алишер Навоий ва Бобур, ҳозирги адиблар, масалан, шоир Даврон Ҳотам ижодига чизгилари, ҳаққоний назар билан қилган таҳлиллари таҳсинга сазовор. Абдулҳақнинг мақолаларидан, мумтоз адабиётни, бадиий образларни, шеърий санъатлар, қофия санъатини мукаммал ўргангани, билиши аён бўлади. “Навоий ва Бобур назмида қофия назокати” мақоласида бу икки улуғ ҳазратнинг ижоди мисолида қофия санъатини таҳлил этиб ўтган. Ушбу мақолада: “Навоий ва Бобур шеърларида қўшимчаларни қофия сифатида қўллаш сингари камчиликлар кузатилмайди. Ҳар икки шоир ҳам қофияни сўз ўзагидан ясаган”, каби нозик кузатишлар бисёр. Абдулҳақнинг таҳлиллари лўнда, аниқ, адабиёт илмининг асосий принципларига жавоб бера олади.

Ўз юртимизда туғилиб ўсган Абдулҳақ каби истеъдод соҳибларини етарлича қадрлай олсак, уларнинг мағзи бутун асарларини таҳлил қилсак, уларнинг ижодига эътиборни янада кучайтирсак, айни муддао бўлар эди.

 

ХОСИЯТ БЕКМИРЗАЕВА