ОМОНИЙ АРАВОНИЙ

1870 йилда Аравоннинг Марғилон маҳалласида дурадгор, аравасоз уста Ўринбой оиласида ўғил фарзанд дунёга келди. Унга Омон деб исм қўйдилар.
Ёш Омон дастлаб Аравондаги мадрасада билим олди. Зеҳни ўткир Омон Қуръон қироати, илми тафсир, фиқҳ ва бошқа сабоқларни, ҳусусан, адабиётга оид сабоқларни тез ўзлаштирди. У араб, форс-тожик тилларини мукаммал биларди, сўнгроқ хитой тилини ҳам мустақил ўрганди. Омон ҳуснихат- хаттотликда ҳам пешқадам эди. У 1890 йили билим ошириш учун ўша йиллари Фарғона водийсида илм марказига айланган Марғилонга келади ва Эшон Ҳазийнийнинг мадрасасига жойлашади. У таниқли тассавуфий шоир, асли исми Зиёдхон тўра бўлган Эшон Ҳазийнийни ўзига пир тутади. Унинг иккинчи пири ва устози Фарғонанинг Таҳтак қишлоғидан бўлган Искандар халифа, яна бир устози Домла Намангоний эди. Омон улардан диний билимлардан ташқари, назмдан ҳам сабоқ олди ва гўзал, нафосатли ғазаллар ёза бошлади. Айниқса, у бу борада Ҳазин таҳаллуси билан машҳур бўлган шоир Муҳаммад Юсуфхон Марғинонийдан кўп ўрганди.
Омон Аравоний Аъламдомла кунияси билан танилган Муҳаммад Аюб Охунд ва Мулла Қобил Охунд Андижонийларни ҳам устоз деб билганлиги уларга атаб ёзган ғазалларида акс этган. Омон Аравоний бу устозларининг ғазалларини 1912 йилда ўзи нашрга тайёрлаган «Баёзи маҳбубул маҳбуб» номли тўпламга киритганди.
Омон Аравоний Марғилонда яшаган йиллари гўзал ғазаллари билан қалам аҳли ва шеърият мухлислари назарига тушди, номи таниқли шоирлар билан бир қаторда тилга олинадиган бўлди. Бунинг гувоҳи сифатида айтиш мумкинки, академик Азизхон Қаюмовнинг отаси Пўлатхон Қаюмий тузган «Тазкираи Қаюмий» асарига ўша пайтларда машҳур бўлган шоирлар қатори Омон Аравонийнинг ҳам бир қанча ғазаллари киритилган.
Омон Аравоний Марғилонда яшаган пайтлари мазкур инсонлардан ташқари Фурқат, Муқимий ва Завқийлар билан ҳам танишиб, ҳамкорлик қилади. Фурқат Омон Аравонийдаги ажойиб истеъдодни пайқаб, унинг ижодига алоҳида кўнгил буради. Улар ўртасидаги дўстона алоқа Фурқат то Қашқарга кўчиб кетгунча узилмайди. Бунинг гувоҳи сифатида Омон Аравоний билан Фурқатнинг шеърий мактубларини келтириш мумкин. Айнан Фурқатнинг тавсияси билан Омон Аравоний Тошкентдаги Орифжонов матбаасида ишлай бошлайди. Омонийнинг хаттотлик бобидаги юксак истеъдоди босмахонада ишлашда жуда қўл келади.
Омон Аравоний ўша даврда Фарғона водийсида яшаб ижод қилаётган бир қанча шоирларнинг шеърларини, жумладан, ўзининг йигирмата ғазал ва муаммасларини жамлаб «Баёзи маҳбубул маҳбуб» (Севилганнинг севилган баёзи) номли рисолани бостиришга муваффақ бўлади. Омон Аравоний Тошкентда юрган даврларида Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Камий, Сарёмий, Сидиқий, Хислат, Мискин каби адиблар билан танишади, ҳамсуҳбат бўлади. Омон Аравонийга айниқса шоир Камийнинг ижоди таъсир ўтказади. Шу туфайли унинг Тошкентда ёзган ғазаллари услуб жиҳатидан Камий ғазалларига ўхшаб кетади.
Омон Аравоний Октябрь инқилобини ҳуррият белгиси деб қувонч билан кутиб олади. Бу даврда унинг Шўро ҳукуматини қўллаб-қувватлаган бир қаор шеърлари «Янги ҳаёт», ҳажвий шеърлари эса «Муштум» журналида чоп этилади.
1919-20 йилларда Омоний Тошкентдан она қишлоғи Аравонга қайтади ва юртида замонавий мактаб очади. Болаларга она тили, ҳисоб, география, табиат ва рус тилидан сабоқ беради. Ўша йиллари Омоний жамоат жойларини безаш ва шиорлар ёзишда волост раҳбариятига ёрдамини аямас эди. Унинг лотин ва араб имлосида чиройли безаклар билан ёзилган шиорларини кўрганлар завқланишарди. Бир гал «юқоридан» келган қандайдир комиссия раҳбари бу шиорларни кўриб, «Бунақа чиройли ёзувни қишлоқда яшаган одам ёзолмайди. Бу одам Туркиянинг жосуси бўлса керак», дейди ва Омонийни зудлик билан қамоққа олишга буйруқ беради. Бу хабарни эшитган Йўлдош Охунбобоев Омонийни қамоқдан озод қилдиради. Кўриниб турибдики, Йўлдош Охунбобоев ҳам Омонийни жуда яхши билар ва қадрларди. Шунинг учун ҳам у кейинчалик Омонийни Тошкентда Алишер Навоийнинг «Хамса»сини нашрга тайёрлашга қатнашишини сўрайди. Аммо Омоний «Хамса» тўлиқ бўлмаган шаклда нашрга тайёрланаётганини билгач, «Мен Навоий руҳидан қўрқаман», дейди ва таклифни рад этади.
Ўттизинчи йилларга келиб Аравонда сиёсий вазият оғирлашади. Кўп қўрбошилар аравонлик бўлганидан бу йиллари Аравонда босмачилик кучайиб кетганди. Босмачилар талонидан аҳоли безиллаб қолганди. Уларнинг жабр-ситамларини ҳажв қилган Омонийнинг қайси бир йиғинда ўқиб берган шеъри эл ўртасида тарқаб кетган. Бундан қаттиқ ғазабланган Йўлдош қўрбоши уни жазолашга қарор қилади. Омоний яширинча Аравондан кетишга мажбур бўлади. Бу гал у Андижон яқинидаги Хирабек қишлоғидаги Садатаги маҳалласига бориб жойлашади.
Айтишларича, Омон Аравоний Хирабекка кетишдан илгарироқ у барча ижод маҳсулларини тўплаб, уй токчаларидан бирини остини ковлаб, шу ерга беркитган ва устидан суваб ташлаган экан. 1940 йиллари Омон Аравонийнинг ижодига қизиқиш кучаяди ва адабиётшунослар шоир шеърларини Хирабек ва Аравондан излайдилар. Шоира Т. Райимжонованинг айтишича, улар Омон Аравонийнинг шеърларини китоб ҳолида чоп этишга ваъда берадилар. Бунга ишонган Т.Райимжонова токча остига беркитилган Омонийнинг барча шеърларини уларга топширади. Шундай қилиб, Омон Аравонийнинг ижод маҳсуллари номаълум кишилар қўлига ўтиб, йўқолиб кетади. Айтишларича, Омон Аравоний шеърларидан бир девон тузган, бу девон ўша йўқотилган қоғозлар ичида бўлиши мумкин. Омоний Аравонийнинг иккинчи девони ҳам борлиги ҳақида маълумотлар бор.
Омоний Аравоний 1955 йили поезд уриб юбориши туфайли фожиали ҳалок бўлган.

***
Мен 80-йилларда Омоний Аравоний ҳақида эшитиб, унинг шаҳсига қизиққан эдим. Афсуски, уни бевосита билган қарияларнинг узуқ-юлуқ хотиралари-ю кейинчалик маҳаллий газеталарда чоп этилган айрим маълумотлардан бошқа маълумот топилмади. Омон Аравонийнинг жияни, шоира Турсуной Райимжонова тоғаси ҳақидаги материаллар, ҳусусан ундан қолган ижод маҳсулотлари йўқолганлигини айтиб ўкинган эди. Яхшики, марҳаматлик аллома Маҳдум Восилийнинг (Ҳасанхон Маҳдум) фарзанди тарихчи олим, шоир ва мутаржим Маҳмуд Ҳасанийнинг бу борада илмий изланиши натижасида бирқанча ғазаллари ва таржимаи ҳолига доир маълумотлар топилди. Маҳмуд Ҳасаний Омон Аравонийнинг шеърларини жамлаб «Исмидур Обиравон» китобини чоп эттирди. Кириш сўзида Маҳмуд Ҳасаний Омон Аравонийнинг ҳаётига ва ижодига, у яшаган давр адабий муҳитига доир қизиқарли маълумотларни ҳам ҳавола этгани китобнинг нафақат тарихий моҳиятини ҳам оширган. Унинг бу беқиёс меҳнати ва ҳиммати учун аравонликлар номидан миннатдорчилик билдираман. Одилжон Дадажонов ФБ орқали эълон қилинган ҳамда “Мозийға қайтиб…”китобига киритган Омоний Аравоний ҳақидаги маълумотларнинг аксари ўша китобдан олинган. Одилжонга қадим Ўшнинг ажралмас қисми бўлган ва тарихи теран Аравоннинг ажойиб фарзандлари ҳақида ҳам маълумот бериб бораётгани учун ташаккур изҳор қиламан.

ҲАБИБУЛЛО ИДРИСОВ, ёзувчи, шоир.

Одилжон ДАДАЖОНОВ,

Алишер Навоий институти учун