(ўзбек) Жуманинг ортидаги шанба…

Sorry, this entry is only available in Uzbek and Russian. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in this site default language. You may click one of the links to switch the site language to another available language.

Шу йилнинг 4 ноябрида АҚШда бўлиб ўтган Президентлик сайлови натижалари эълон қилинди. Унга кўра, мамлакат демократик партияси вакили Жо Байден АҚШнинг 46-Президенти этиб сайланди. Жо Байден ўз кампанияси аввалида икки нарсага: “Шу мамлакатни қурган меҳнаткашлар ва ижтимоий фарқларни бирлаштирадиган қадриятлар учун курашишини” эълон қилган эди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Дунё тарихида умумхалқ сайлови воситасида мамлакат бошига келмоқчи бўлган зот борки, халқни пеш қилиб давлат тепасига чиқади. Шоир айтганидек:

Ҳукмлар ўқулур сенинг номингдан,

Тарихлар тўқулур сенинг номингдан.

Фарқ шундаки, ҳозирга келиб бундай сайловларда баъзи халқлар ими-жимида, ортиқча ҳаяжонларсиз иштирок этса, бошқалари ўз хиссиётларини яширмайдилар.

Бу йилги сайловларда ҳам шуни кузатиш мумкин. Дейлик, Тожикистонда шу йилнинг 11 октябрида ўтган Президентлик сайлови худди бир пайтлар собиқ СССРда бўлганидек, ими-жимида, ортиқча ҳаяжонларсиз ўтди. Аксинча, Беларусда кузатилган Президентлик сайлови, Қирғизистон ва Гуржистондаги Парламент сайловлари ур-йиқитлар, рухсат этилмаган намойишлари билан кишини ўйга толдирди. Айниқса, Қирғизистонда бўлганидек, бир кечадаёқ амалдаги ҳокимиятнинг ўрнига намойишлар бошида турганларнинг келиши ёки бўлмаса, Белорусда кузатилганидек, сайлов натижаларидан қониқмаган халқнинг ойлаб давом этаётган тинч кўча намойишлари, мағлубияти равшан эканига қарамай, бутун дунёда демократиянинг отаси ҳисобланган АҚШ Президенти Дональд Трамп ва тарафдорларининг Президентлик сайлови натижаларини судда қайта кўриб чиқишни талаб қилишаётганлари ва ҳакозо. Хўш, АҚШда бўлиб ўтган Президентлик сайлови билан Беларусь ва Тожикистондаги сайловларнинг ёки бўлмасам, Қирғизистон ва Гуржистондаги Парламент сайловларининг ўзаро бақамти ёки айрича жиҳатлари нимада?

Бу ҳақда узоқ гапириш мумкин. Аммо ҳозир гап сайлов тизимида эмас, халқнинг бўлиб ўтган сайловларга муносабати ва бу муносабатнинг шаклланиш жараёнида. Ўзини демократик давлат ҳисоблаб келган мамлакатда аҳолининг сайлов натижаларидан нисбатан оз норози қисми бир кечада мавжуд тузумни ағдариб ташлай олиши учун қандай кучга эга бўлиши керагу, ойлаб тинч кўча намойишлари ўтказаётган нодемократик мамлакатдаги сайловлардан норози юз минглаган аҳолининг нақадар ожизлигида. Бу гапларнинг мағзини албатта зийрак ўқувчининг ўзи чақиб олади, шарҳлаб ўтирмаймиз.

Бизни бошқа бир нарса, АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Дональд Лунинг Қирғизистон халқига қарата куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган баёноти қизиқтириб қолди. Унда шундай дейилади:

”Биз ҳозирги сайлов вақтида сиёсий жиҳатдан бўлиб ташландик. Бироқ мен короновирус пандемияси, ирқчилик туғёнлари ҳамда бизларнинг оғриқли глобал иқтисодиётимиз қаршисида тез кунлар ичида ўз лидерларимиз атрофида бирлашишимизга, лидерлик сифатларимизни кўрсата олишимизга ишонаман. Қирғизистон халқи тўғрисида ҳам шундай ўйлайман. Бу халқ олдинда турган ҳафта ва ойлар ичида нима сабабдан Қирғизистон Ўрта Осиёда энг демократик мамлакат эканини яна бир бор намойиш этади”, дея катта ишонч билдиради Дональд Лу ўз баёнотида.

Албатта, тирноқ остидан кир қидириш ниятимиз йўқ. Аммо Қирғизистонда бўлиб ўтган навбатдаги “инқилоб”дан кейин бошқа кўпгина давлатларнинг жим тургани манзарасида АҚШнинг ушбу давлатга бу қадар юксак баҳо бераётгани барибир жуда ҳам қизиқ… Бу худди бир рус мақолида айтилганидек: “Жуманинг ортида шанба кўриниб турганга ўхшайди.”

 

Холис Назар.

Яндекс.Метрика