(ўзбек) НАВОИЙ КУТУБХОНАСИДА ТЎҚТАҒУЛ ЮБИЛЕЙИ

Sorry, this entry is only available in Uzbek and Russian. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in this site default language. You may click one of the links to switch the site language to another available language.

Улуғ шоир деб, атоқли ёзувчи, ардоқли санъаткор, буюк олим деб сифатланадиган одамларнинг ижодий фаолияти ҳеч қачон фақат бир миллат доирасида қолиб кетмайди. Чинакам улуғ одамлар – буюк истеъдод эгаларини, гарчи ҳар қайсиси бирон миллатнинг вакили бўлса-да, бутун башарият, энг камида бир неча халқ эътироф этади, ардоқлайди.

Намангандан сал нарироқда – ҳозирги Жалолобод вилоятининг Кетмонтепа овулида туғилган ва яшаб ўтган атоқли қирғиз оқини, бастакори Тўқтағул Сотилған ўғли (1864-1933) ана шундай улуғ инсонлардан бири эди.

Унинг ижоди ўтмиш қирғиз сўз санъатининг чўққиси ҳисобланади. Иқтисодий ва ижтимоий тенгсизлик ҳукм сурган даврларда Тўқтағул ҳамиша эл орасида бўлди, халқ дард-армонларини қўшиққа солди, шеърларида золим ва маккор кимсаларни ошкора танқид қилди. Шунинг учун ҳам унга туҳмат уюштирилди. “Дукчи эшон қўзғалонида қатнашган”, деган ёлғон айб тақилиб, Сибирга сургун қилинди. Сибирда у турли халқ вакиллари, жумладан, бирга сургун этилган ўзбеклар билан ҳамдард бўлиб азоб чекди, шоирнинг бу даврга мансуб шеърларида аввалги босқичда авж нуқтасига кўтарилган ишқий-лирик мотивлар камайиб, ижтимоий масалалар, одамийлик, турли халқ вакилларининг бирдамлиги, дўстлиги каби мавзулар етакчи ўринга чиқди.

Сургундан қайтгач, унинг қирғиз сўз санъати вакиллари билан ҳамкорлиги давом этибгина қолмай, балки уларга устозлик, маҳорат сирларидан сабоқ бериши ҳам бошланиб кетди.

Очиғини айтганда, Тўқтағулнинг бутун ҳаёти қийинчилик билан ўтган – ҳатто кекса чоғида фольклор намуналарини ёзиб олиш учун Пишпекка чақирилганида ҳам “махсус комиссия” вакиллари орасида унинг қўшиқлари нақадар юксак эканини тушунгувчилар кам бўлди, оқин ўз қишлоғига музтар бўлиб қайтди. Сўнг 1933 йилги мудҳиш очарчилик бошланди – айтишларича, қартайган ва бедармон шоир Тўқтағул ҳам кўплар қатори, очлик туфайли ҳаёт билан видолашган. Гарчи Тўқтағулнинг кўзи ўтганига ҳозир саксон йилдан ошган бўлса-да, она халқи орасида унинг куй-қўшиқлари ҳамон янграб, айтган термалари мақол ва маталларга айланиб, ашъори миллий поэзиянинг асл мағзини ташкил этиб, яратган куйлари қирғиз мусиқасининг илҳом булоғига айланиб, элга бағишланган умри адабиёт ва санъатнинг ҳар бир турига қўшилган улкан ҳисса сифатида эъзозланиб келаётир.

Бугунги кунда Қирғизистоннинг энг нуфузли давлат мукофоти, энг улкан ГЭСи, пойтахтдаги миллий филармония, мамлакат жанубидаги катта бир саноат шаҳри, шоир туғилиб ўсган туман, Ўш вилоят кутубхонаси, кўплаб мактаб, кўча ва парклар унинг номида.

Тўқтағулнинг адабий ва мусиқий меросида қирғиз маданиятининг қаймоғи жамулжам бўлган. Бу сира эскирмас меросни у тиниқ ақли, халққа хизмат қилишга умрини бағишлаган инсоннинг толмас шижоати билан юксак профессионал даражага етказган. Ёзув-чизуви бўлмаган элда бу қадар меҳнат, бунча тажрибанинг қумга синггандай бўлиб йўқолиб кетишига шоир асло рози бўлмас, бефарқ қараб тура олмас эди. Тўқтағул куй-қўшиқ яратиш билангина кифояланмай, ўзига қадар етиб келган миллий мероснинг унутилиб кетишига йўл қўймай, уни миллий санъатнинг кейинги тараққиёти жавҳарига айлантира олган ижодкор ҳамдир.

Шунинг учун ҳам Тўқтағулнинг шеър-қўшиқлари, басталаган оҳанглари эл орасида ардоқланади.

Тўқтағулнинг асарлари вафотидан кўп ўтмасдан бошқа тилларга таржима қилина бошлаган. Жумладан, ўзбек таржимони Эргаш 1939 йилдаёқ унинг бир неча асарини ўгириб, “Гулистон” журналида чоп эттирди. 1964 йилда – Тўқтағул таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан тайёрланган “Соғиниб келдим” деб аталган ўзбек тилидаги шеърий тўпламига атоқли шоир Миртемир муҳаррирлик қилган эди.

Орадан ярим аср ўтиб, таваллудининг 150 йиллиги арафасида Тўқтағул: Қўшиққа эврилган, куйларга тўкилган умр деб номланган янги бир китоб дунёга келди. Бу асар оқин ҳаёти ва ижоди ҳақида қирғиз профессори Гулзура Жумақунова томонидан тайёрланган матннинг қардош озарбойжон, қозоқ, ўзбек, турк ва туркман тилларига таржимаси ҳамда мутаржимларнинг изоҳ ва иловалари қўшилиши орқали юзага келган. Китобни тайёрлашда Озарбойжондан проф. Рамиз Асқар, Туркиядан доктор Яъқуб Умарўғлу (Евроосиё Ёзувчилар бирлиги раиси), Туркманистондан доцент Берди Сариев, Ўзбекистондан доцент Зуҳриддин Исомиддинов,  Қозоғистондан проф. Темирхан Тебеганов каби олимлар иштирок этишди.

Яқинда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Катта мажлислар залида Республика Байналмилал маданият маркази, Республика Қирғиз маданияти маркази вакиллари ҳамда “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти фаоллари, адиб ва олимлар, миллий кутубхона ходимлари иштирокида мазкур китобнинг ўзбекча нашри тақдимоти ўтказилди. Унда Тўқтағул ижодида умуминсоний ғоялар тараннум этилганлиги, жумладан севги ва вафо, одамийлик ҳамда эрку озодлик ғоялари юксак бадиий ифода топгани қайд қилиниб, бу ижод намуналари билан яқиндан танишиш туркий халқлар аро муштараклик ва бирдамлик туйғусини кучайтириши таъкидланди. Бежиз эмаски, ана шу мумтозликнинг бир самимий эътирофи сифатида, шоирнинг номи Ўзбекистон Фанлар академияси Абурайҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти биноси пештоқига Шарқ дунёсининг энг машҳур намояндалари қаторида қабариқ ҳарфлар билан дарж этилган.

Республика Байналмилал маданият маркази директори Насриддин Муҳаммадиев раислигида ўтган ушбу тақдимот маросимида маъруза қилган таниқли шоир ва мутаржим Турсунбой Адашбоев шоир асарларининг аввалги таржималари билан қиёслаган ҳолда бу янги таржимага юқори баҳо берди ҳамда Тўқтағулдан таржима қилиш ҳам ўзбек сўз санъатида ҳамиша давом этадиган жараён эканини уқтирди.

Қирғиз маданияти маркази раҳбари Раҳматулла Жабборов янги таржима китобининг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб, Туркияда олти туркий тилда нашр этилган ушбу асарни юртимизга кўпроқ миқдорда олиб келиш ва уни кутубхоналар ҳамда мактабларга тарқатиш масаласини ўртага қўйди, жумладан, Ўзбекистондаги қирғиз тилида таълим бериладиган мактаб болалари учун бундай китоблар айниқса зарур эканини таъкидлади. Тўқтағул шеърлари ҳамда тақдимот маросими иштирокчиларининг бадиий ижодидан намуналар ўқилди.

Янги таржима муаллифи Зуҳриддин Исомиддинов адабий кеча якунидаги сўзида ўзбек китобхонларини узоқ хориждаги муаллифларнинг асарлари билангина эмас, балки аввало қардош халқлар адибларининг асарлари билан кенгроқ таништириш зарурлиги уқтириб, бу ўзаро муносабатларни янада илиқлаштириши, ҳар бир миллий адабиёт бошқа ҳар қайси халқ сўз санъатидан ўзи учун кўп янгиликлар олиши мумкинлигини, жумладан, Тўқтағул асарларининг ўгирмалари шеъриятимизда халқона оҳангларни янада кучайтириши тайин эканлигини таъкидлади. Айни пайтда, туркий тиллардан ўзаро таржима қилишнинг муайян қийинчиликлари ҳам борлигини уқтирди.

Адабиётлар бир-бирини, шубҳасиз, аввало таржима орқали бойитади.  Чунончи, оташнафас ўзбек шоири Шавкат Раҳмон шеърларида Тўқтағулга хос баъзи фикр ва мотивлар янада куч олган, янгича эҳтирос касб этган. Бу табиий. Чунки бир тилда битилган бадиий асардан энг кўп таъсирлануви одам – унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир мисраси ва ҳар бир жумласини ўз она тилида қайта тиклаш устида қунт билан ишлаган таржимон бўлади, албатта.

Мазкур китоб дастлаб Боку шаҳрида, кейин Истамбулда адабий жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган ва юқори баҳоланиб, Қирғизистон ва Озарбойжоннинг икки медали билан сийланган, сўнг ТАСАМнинг илмий йўналиш бўйича “Қизил олма” халқаро мукофотига лойиқ кўрилган эди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Хўжаев якуний сўзида, ушбу янги нашрни кўпроқ ададда кутубхоналарга тарқатиш зарурлигини қайд этди, унга қадар кутубхоналар ва ўқувчилар эҳтиёжини қондириш учун мавжуд нусха асосида китобнинг электрон нусхасини тайёрлаш мумкинлигини айтиб, бу вазифани Миллий кутубхона ўз зиммасига олишини билдирди.

Алишер Навоий Институти

Яндекс.Метрика