Чарх изинг гардига қилди кавкаби сайёр харж,
Жавҳар олмоқға ғаний қилғон киби динор харж.
Сойиру собит нисоринг қилса, тонг йўқким, бўлур
Кечқурун шаҳ ўлса меҳмон кимсага бисёр харж.
Нақди раҳмат харжинг этса ҳақ, не тонг, улким топар,
Сен киби маҳбуби васлин, айлагай ночор харж.
Фош этиб нақди шафоат, қилдинг умматни халос,
Айлагандек нақдини топқан қизиқ бозор харж.
Баҳри раҳматдинки топтинг халқ уза бир қатра бас,
Гарчи тенг авлодур этмак дахл ила изҳор харж.
Мағфират ганжи санга тамлик эрур, монеъ эмас,
Айласанг исёни кўп умматқа ҳар миқдор харж.
Сен киму наътин демак, тил асрағил кўп нуктадин,
Эй Навоий, маърифатни қилма ҳар не бор харж.
Изоҳ: Бу асар – Алишер Навоийнинг “Хазойинул маоний” мажмуасининг биринчи девони бўлган “Ғаройибус сиғар”даги 94-ғазалдир. У мазмунан наът ғазаллар турига мансуб – Муҳаммад мустафони мадҳ этишга бағишланган.
Чарх изинг гардига қилди кавкаби сайёр харж,
Жавҳар олмоқға ғаний қилғон киби динор харж.
Мазмуни: (Эй Муҳаммад) Бой-бадавлат одам гавҳар сотиб олиш учун олтин динорларни харж қилгани каби, Дунё сенинг изларинг чангига юлдуз ва сайёраларни нисор қилди.
Бу ўринда Муҳаммад САВ – гавҳарга, юлдуз ва сайёралар эса унга эришиш учун ишлатиладиган оддий пулга ўхшатиляпти.
Сойиру собит нисоринг қилса, тонг йўқким, бўлур
Кечқурун шаҳ ўлса меҳмон кимсага бисёр харж.
Фалакдаги айланиб юрувчи ва қўзғалмас само жисмларини сен учун нисор этса, ажабланадиган жойи йўқ, бамисоли бирон кишининг уйига кечқурун подшоҳ меҳмон бўлса, уни муносиб кутиб олиш учун мезбон бор-будини сарфлайди-ку.
Бу байтда Парвардигорнинг Расулига “Лав лаака лама халақтул-афлак” (Агар сен бўлмаганингда фалакларни яратмаган бўлардим), деган хитобига ишора бор. Бундан ташқари, таносуб бадиий санъати ҳам қўлланган – сойиру собит (самодаги юлдузлар), кечқурун, тонг йўқ каби сўзлар тун манзарасига тааллуқли ассоциация қўзғайди.
Нақди раҳмат харжинг этса ҳақ, не тонг, улким топар,
Сен киби маҳбуби васлин, айлагай ночор харж.
Ҳақ таоло раҳмат ганжини ризоинг учун инъом этса, ажабланарли эмас, ахир сен каби дўстнинг васли (дийдори) учун киши бор давлатини харжлашга мажбур бўлади-ку.
“Маҳбуб” – ушбу байтнинг калит сўзидир, зеро пайғамбар алайҳиссаломнинг унвони – Ҳабибуллоҳ (Оллоҳнинг дўсти) бўлиб, ҳабиб ва маҳбуб сўзлари синонимдир.
Фош этиб нақди шафоат, қилдинг умматни халос,
Айлагандек нақдини топқан қизиқ бозор харж.
Шафоат ақчасини кўрсатиб, умматни халос этдинг, нақд ақчани топган киши бозорда қизиқ бозор-ўчар қилгани каби.
Қадимда қуллар бозорда сотилган, ҳар бир қулнинг баҳосини бериш эълон қилинган ондан бошлаб у халос бўлган (Пайғамбар қулларни озод қилишнинг савоби кўп эканини доим эслатган). Расулуллоҳнинг энг катта давлати – қиёматда беҳисоб одамларни шафоат қилиш – жаҳаннам азобларидан қутултириш имкони борлигидадир.
Баҳри раҳматдинки топтинг халқ уза бир қатра, бас,
Гарчи тенг авлодур этмак дахл ила изҳор харж.
Халқ ичида раҳмат денгизидан бир томчи топа олсанг ҳам, сен буни кифоя деб биласан, ҳолбуки, аслида даромад билан харажатни мувофиқ қилмоқ аъло саналади.
Байтда пайғамбаримизнинг саховатига ишора қилинган.
Мағфират ганжи санга тамлик эрур, монеъ эмас,
Айласанг исёни кўп умматқа ҳар миқдор харж.
Сен мағфират (кечириш) хазинасининг эгасисан, бинобарин, исёну гуноҳи беадад бўлган умматларингга бу ганждан ҳар қанча харж қилсанг, биров монелик қила олмайди.
Бу байтда аввалги байтдаги маъно шарҳлаб келиняпти – Расули акрамнинг ҳар кимни шафоат қилишга (қиёматда гуноҳларидан фориғ этиб, Оллоҳдан унинг учун афв сўрашга) эркли экани таърифланяпти.
Сен киму наътин демак, тил асрағил кўп нуктадин,
Эй Навоий, маърифатни қилма ҳар не бор харж.
Сен, эй шоир, кимсану, наъти айтилаётган ким, кўп нарсаларни айта беришдан тилингни тий. Эй Навоий, ўзингдаги маърифатнинг барчасини сарфлаб юбораверма.
Бу байтда шоир ўзининг ҳақирлигини эътироф этиб, аввалги байтдаги маъно – пайғамбар ҳар қанча сарф этса, ўринли эканига ишора қилди-да, ўзи дилидаги маърифатни соча беришдан ожизлигини изҳор қилади.
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ
Адабиётшунос олим