Варшавада Қирғизистонга оид фильм тақдимоти

Sorry, this entry is only available in %ўзбек:, : and % For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

Варшавада ўз ишини тамомлаган Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг инсон ҳуқуқларига бағишланган йиллик анжумани доирасида Алишер Навоий Институти ташаббуси билан “Қирғизистонда миллий озчиликлар: Дардга даво излаб” мавзуида давра суҳбати ўтказилгани ҳақида хабар қилгандик. Тадбир мобайнида тадқиқот маркази ижодкорлари томонидан суратга олинган навбатдаги ҳужжатли фильмнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтган. Давра суҳбати номи билан айний ушбу фильмда Қирғизистон жанубидаги қонли воқеалардан сўнг икки йил ўтгач ҳам мамлакатда миллатлараро муносабатларнинг ҳамон хавотирли экани ҳақида ҳикоя қилинади, ҳар икки миллат зиёлилари азалий қўшничилик ришталарини қайта тиклаш чоралари ҳақида мулоҳаза юритишади.

Ўш-Жалолобод хунрезликларидан икки йил ўтиб, кинодокументалист Абдукарим Мирзаев бошчилигидаги ижодий гуруҳнинг Қирғизистонга уюштирган сафари маҳсули ўлароқ юзага келган ушбу фильм иштирокчиларидан бири, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомуддиновнинг айтишича, ўша воқеалардан сўнг икки миллат вакиллари ўртасидаги ўзаро ишончга жиддий зарар етган, қонли воқеаларга саҳна бўлган минтақада кундалик муносабатлар таранглигича қолмоқда, хотиржамлик йўқолган. Бу каби аянчли вазият шундай давом этавермаслиги керак, бу ҳолатдан чиқиш йўлларини излаб топиш лозим, дейди олим. Айнан мана шу истак, яъни икки миллат зиёлилари иштирокида халқ дипломатияси кўринишида чиқиш йўлларини муҳокама этиш истаги ушбу лойиҳага туртки бўлган.

Фильмда икки миллатнинг тарихий муносабатларидан тортиб, бугунги кунда қирғиз жамиятида кечаётган, аксар ҳолларда эса қонли воқеалардан сўнг юзага келган мўрт вазиятни яна қайта издан чиқариши эҳтимоли бўлган қалтис жараёнлар ҳақида ва бу жараёнларнинг минтақавий хавфсизликка путур етказиши эҳтимоллари ҳақида турли соҳа мутахассислари фикр юритишади.

З. Исомуддинов:

– Қирғизистонда истаган одамга истаган сўзини ҳар қандай минбарлардан айтавериш имкони бериб қўйилди. Бунда аксар ҳолларда адолатли, ҳақ сўз эмас, балки ўзини улуғлаб, бошқаларни ерга уриш, кунпаякун қилиш истаги етакчилик қилмоқда. Бундай ҳолат фақатгина қирғиз халқи тарихига оид китоблардагина эмас, катта минбарлардан туриб, матбуот воситаларида тобора кенгроқ кўламда ва муттасил кучайтирилмоқда.

Шамшибек Медетбеков, жамоат арбоби:

– Ҳар қандай йўл билан бўлмасин ҳокимиятни қўлга олишга уринаётганлар айнан шунақа асоси йўқ пуч сўзлардан фойдаланишади. Бундайлар мамлакат парламентида ҳам ўрнашиб олишган. Улар ўзларини ватанпарвар кўрсатиб, очко тўплашга уринишади. Улар Қирғизистонда фақат қирғизларгина эгалик қилишлари лозим, дейишгача боришяпти. Бу нима деган гап?! Қирғизга ҳам, ўзбекка ҳам бир хил кўз билан қарашимиз керак, улар бир тананинг икки дасти каби-ку, инсон бир қўлсиз, мажруҳ бўлиб яшаши осонми, ахир?

Доолатбек Сапаралиев, профессор:

– Аслида 18 асрда бизнинг халқ қалмиқлар таъқибидан қочиб, Фарғона водийсига кўчиб ўтишга мажбур бўлганди. Ўшанда ўзбек халқи бизни ўз биродарлари каби қарши олган ва биз елкама-елка туриб, босқинчиларга қарши курашгандик.

З. Исомуддинов:

– Бугунги тарих дарсликларида эса бунинг мутлақо акси ёзилади. Бу китобларда урғуланишича, жаҳонда бирдан-бир улуғ ва қадимий миллат, яъни қирғиз миллати мавжуд. Бошқа халқлар эса улардан кўра анча қуйи босқичдадирлар. Қирғизларнинг янги авлоди кейинги йигирма йилда худди шу руҳда тарбия қилинди.

Кейинги вақтларда Қирғизистонда мактабларни тўлалигича қирғиз тилига ўтказиш, давлат тест имтиҳонларини ҳам фақат давлат тилида топшириш зарурлиги тўғрисида жиддий мунозаралар бўлмоқда. Айни пайтда жанубдаги аксар ўзбек тилига ихтисослашган таълим муассасалари аллақачон қирғиз тилига ўтказила бошлагани хавотирларга сабаб бўлмоқда. Мазкур фильмда айни масалага ҳам тўхталиб ўтилади. Иқтисодчи олим Қолнур Ормушевнинг ишонишича, ҳозир бу масалани кўтаришнинг асло мавриди эмас:

– Ҳозирги пайтда, яъни фожеали воқеалардан сўнг олинган яралар битмай турган бир шароитда бу нозик масалани кўтармаслик лозим эди. Депутатларимиз бугун болаларимиз қирғиз, ўзбек, рус ёки яна бошқа тилларда гапиришлари ҳақида маъруза қилгунча, улар мана шу ватанни қай тарзда чин дилдан сева олишлари ҳақида бош қотирганлари афзал эди. Менга қолса шундай, болаларимиз қайси тилда чулдирашлари эмас, балки Қирғизистонни севишлари муҳим.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Искандар Худойберганов сўнгги йигирма йил ичида иккинчи бор такрорланган Ўш-Жалолобод қирғини минтақавий хавфсизликка жиддий хатар эканлигини айтади. Унга кўра, аввало айни хавфсизлик тизимининг муҳим халқаси бўлган Ўзбекистон зарур чораларини кўриши лозим:

– Агар қўшнингизнинг уйи ёнса, тек қараб тура олмайсиз. Қирғизистондаги воқеалар ана шундай ёнғин эди ва бундай ҳолатда ёнғин бутун Фарғона водийсига тарқалиб кетмаслигидан биринчи галда Ўзбекистон манфаатдордир. Шундай экан, Ўзбекистон ҳар қачон вазият ўзгаришига тайёр туриши керак, нафақат тайёр бўлиши, балки у навбатдаги низолар келиб чиққан тақдирда Ўзбекистон бу ҳудудларга ўзининг тинчликпарвар кучларини олиб кириш ҳуқуқини сақлаб қолади, деган тарзда қирғиз томонини аниқ-тиниқ  огоҳлантириб қўйиши лозим. Ўшандагина миллий масала билан ўйнашмоқчи бўлганларнинг ақли-ҳуши кириши мумкин.

Алишер Навоий Институти ўтган йили тақдим этган “Изтироб” фильми (режиссёр Абдукарим Мирзаев) Ўзбекистонда Нодавлат телеканаллар тармоғи орқали намойиш этилган ва бу воқеа Ўш қирғини борасида сақлаб келинган сукутнинг ёриб чиқилиши сифатида баҳоланган эди.

 

Нодир Шамс