ЖАҲОНОТИН УВАЙСИЙ ШЕЪРИЯТИДА ПАЙҒАМБАРЛАР ҲАМДА ВАЛИЙЛАР ҲАЁТИГА ИШОРАЛАР

 

   Ўзбек мумтоз адабиётида пайғамбарлар ва валийлар ҳаётида бўлиб ўтган бирон лавҳани тасвирлаш орқали ўз фикрини намоён қилиш ҳоллари кўп учрайди.

Ўзбек адабиёти тарихида ўзига яраша ўринга эга шоира Жаҳонотин Увайсий ижодининг бир қисмини пайғамбарлар ҳаётига оид лавҳалар эгаллаган, яна бир қисмини эса увайсийлик руҳидаги шеърлар ташкил этади:

Истадим мен ончунон бедорлиғ тоғида деб,

То неча фаҳм айладим – меърож уйқудир менга.

Уйқуда меърожни кўриш руҳоний муносабатнинг ифодаси
бўлиб, увайсийликнинг яна бир жиҳати очилади. Бедорлик – ошиққа одатий ҳолат. Ёр васлига зор ошиқ қалбидаги истак унинг тушида ҳосил бўлади. Меърож – юқорига кўтарилиш, яъни висолга етишмоқ демак.

Шоирамиз қайси машойих руҳидан тарбия топганлиги
тўғрисида савол туғилиши табиий. Бу саволга унинг шеърларида жавоб бор:

Шукрилиллаҳ, бошима санчдим гулеким хорсиз,

Бўлмади мундоғ муяссар Хожаи Аҳрорсиз.

Бу фикр шоиранинг хорсиз (тиконсиз) гулни топиши Хожа Аҳрор валий орқали юзага келган, дейишга асос беради. Одатда руҳоний муносабат ва мулоқотлар кўпинча тушда кечади. Увайсийда ҳам шундай бўлган:

Ҳақ муяссар этди менга бул кеча ул моҳни,

Сўрдилар аҳволими изҳорсиз, гуфторсиз.

Кўрмадим мундоғ жаҳонда муҳтасиби нармдил,

Мойил этди Ҳақ йўлига бегарон, озорсиз.

Демак, шоирани ҳақ йўлига чорлаган, маънавий ҳаётида янгилик
бошлаган зот Хожа Аҳрор бўлган экан:

Манзули кўйи халойиқ бандидан озодмен,

То тариқи Хожаи Аҳрора ошиқ бўлмишам.

Ўзи кўрмаган, учрашмаган бирор валий, муршид ёки пири
комилнинг руҳониятидан файз олиш, уни тушида кўриш – увайсийликдир.

Зеро увайсийлик тарихига мурожаат қилинса, Увайс Қаранийнинг Расулуллоҳни кўрмасдан туриб унга боғлаган пок муҳаббати намоён бўлади: «Увайс ҳазратлари чинакам ишққа мубтало бўлган эдилар. Оллоҳ расулининг нурли жамолини кўришни орзу қилиб Ямандан нур ўлкаси Мадинага келади, аммо охират муждасини кўролмай, ортга қайтади. Оллоҳ расули (унга) муборак ҳирқаларини ҳадя қиладилар”.

Алишер Навоийнинг “Насойимул муҳаббат” асарида Увайс Қараний ҳақида шундай сатрлар учрайди: “Тонгла қиёмат куни Ҳақ етмиш минг фариштани Увайс сурати била яратқой. То ул аларнинг орасида аросатға кириб, беҳиштга борғай”. Шоира ўзи таъкидлаганидек, ҳамноми Увайс Қараний ҳазратлари бўлиши мумкин. Сабаби, биргина юқоридаги байтда эмас, балки қуйидаги қатор мисраларда ҳам ўз ҳамномини шоира тилга олади. Ғайбий ошиқликнинг олий намунасидан хабар топган шоира бир ғазалида ҳам, худди ҳамномим сингари раҳматингдан умидворман, деб ёзади:

Умидим тўла раҳматингдин, илоҳ,

Ки ҳамном Вайс ул Қарандур манга.

Бошқа ғазалида эса ҳамномининг юксак мақомидан умидвор бўлишдан истиҳола айлаб:

Йўқтурур Вайсийда ким Вайсий мақомидин умид,

Ёр кўйини ити бўлсам мени афгор, кош.

“Вайсий мақоми” – Ҳақ расулининг муборак хирқасига эга бўлиш, унинг муҳаббатини қозонишдир. Бундан ташқари, Оллоҳга тобе бўлганларнинг энг яхшиси – Увайс Қараний шарофати ила икки қабила миқдорида кишилар жаннатга киритилиши Ҳадиси шарифда қайд этилган бўлиб, бу чиндан ҳам жуда олий мақомдир. Увайсий бундай мақомнинг такрорланмаслигини билгани ҳолда, “Ёр кўйининг ити” бўлсам ҳам кошки эди, дейди. Бу байт замирида Оллоҳнинг нурли жамолини кўришга муяссар бўлсам, деган истак ётади. Итга эгаси марҳамат кўрсатиб ҳар куни суяк ташлаганида унинг нурли жамолини кўриш бахтига муяссар бўлмоқлик каби бахтга ҳам розиман, каби. Увайсий шеъриятида фаною фақр масалаларига ҳам кенг ўрин берилган.

Шунингдек, Увайсий нафақат Увайс Қараний, Мансур Ҳаллож, Хожа Аҳрор Валий каби шахсларни, балки, Исо, Яқуб, Юсуф, Сулаймон каби пайғамбарлар ҳаётидан мисолларни ҳам ғазалларида ўринли тасвирлаган:

Дер эдим ёримни исмини Масиҳодир оти,

Эмди билдим, бу жаҳонда Вайсий оти рост экан.

Диний китоблардан маълумки, Исо алайҳиссаломга ўликни силаш орқали тирилтириш хислати берилган бўлиб, Масиҳ – силовчи маъносини англатади ва Исо исмига Масиҳ сўзи шу важдан доим қўшиб айтилади.

Бул мани Мажнунга берган дил Масиҳи бирлаким,

Яъслиғ кўксумға ул қилғон шароринг яхшиму?

Лирик қаҳрамоннинг яъслиқ кўкси – маъюслик гирдобига тушиб қолган қалбига худди Исо Масиҳнинг тирилтирувчи нафаси янглиғ аланга учун бир кичик учқун туширгани, яъни шарори ҳақида сўзлайди шоира. Мана бу байтда эса Исонинг яна бошқа жиҳати таърифланади:

Ўлди дил кўп сўзламакликдин муҳаббат шавқида,

Юз ҳавосидин Масиҳ минқорни излаб топай.

Лирик қаҳрамон муҳаббатни шу қадар кўп сўзлаганки, бу тинимсиз сўзлардан дил ўлди. Энди уни фақат Масиҳи минқор қайта тирилтира олади.

Кўзи уйқуга борса Ёр, ишқ аҳли тирик эрмас,

Ҳаёт обин ичирмакка Масиҳ минқор уйғонди.

Ишқ аҳлини тирилтирмоқ учун бу гал Исо масиҳ тириклик сувини ичирмак учун уйғониши чиндан ҳам гўзал тасвир. Шоира манзарани чиройли тасвирлайди.

Бир шоҳ эдим кўнглим аро маҳвашни хаёли,

Афсус букун, мулки Сулаймонима афсус.

Пайғамбарлар тарихидан маълумки, Довуд алайҳиссаломнинг ўттиз ўғли бўлиб, отанинг кўнглида кечган биргина кибри туфайли жон берганлари, яъни икки ёнида ўн бештадан норғул фарзандлари ўзи бир жамоат бўлганини мағрурланиб кўнглидан кечиргани учун ўша заҳоти ҳаммасининг жони тенг узилган, ўрнига эса биргина Сулаймон инъом этилган ҳамда унга барча жонзотларнинг тилини билиш неъмати берилган, девлару парилар, чумолидан филгача барча жониворлар Сулаймонга тобедир.

Бу чарх аду сифат айлаб, ўзини билгурди,

Фалакни рашкида ман гарчи ким Сулаймонмон.

Бу чарх – қисматим душман каби ўз рақиблигини билдирди, гарчи мен Сулаймон каби шоҳ бўлсам ҳам, дея бу фоний дунёдан шоҳу гадо тенг ўз улушини, ризқига ярашасини олиб кетишга ҳукм қилинганини баён этаркан.

Увайсий ғазалларида энг кўп учратганимиз Юсуф алайҳиссаломга бағишланган мисралар бўлди. Увайсий Юсуф қиссасидаги воқеалар орқали лирик қаҳрамоннинг кечмишини осон ифодалайди:

Яъқуб фалак дастидин этмиш нега фарёд,

Ул Мисри шаҳин Юсуфи Канъон эшигинда.

Яъқуб алайҳиссалом нега қисматидан, фалак дастидан фарёд этади, ахир шу ҳижрон ортида унинг суюкли ўғли Юсуф Мисрга шоҳ бўлди-ку. Шу каби, Оллоҳнинг турли синовлари ортидан мукофоти ҳам муқаррарлигини Увайсий тасвирлар экан, гўё ўзига ҳам таскин бераётгандек.

Урулди кажга фалак рашк этиб мулойим учун,

Бу Миср кунжидаким, чун Азизи Канъонман.

 

Ёки:

Қилди тақдири азал Юсуф жамолидин йироқ,

Тонг эмас гар айласа Яъқуб Канъонимга раҳм.

Юсуф алайҳиссаломга Оллоҳ шундай бир гўзаллик инъом этганки, у ўзининг хуш сурати ва тенгсиз жамолининг баҳоси йўқ деб ўйлаган. Биронта қулдорнинг пули етмаса керак, сотиб олгани, деб бироз ҳуснига маҳлиё бўлган. Бироқ ота бир, онаси бошқа акалари уни қудуққа ташлаб, отаси Яъқубга уни бўрилар еб кетди, дейишган бир пайтда, қудуқдан чиқарилган болакайни энг арзон нархда сотиб юборишган. Карвон билан узоқларга кетиб қолган ёш Юсуфнинг кўркига маҳлиё бўлиб, Зулайҳо севиб қолади ва унга туҳмат қилиб, зиндонга тушишига сабабчи бўлади. Йўқ айби билан йилларки зиндонда қазои қадарига рози бўлиб ўтирган Юсуфга Оллоҳ тушларнинг таъбирини бериш хислатини инъом этади. Вақтики келиб, Юсуфнинг сабру қаноати, ақлу фаросати Мисрга шоҳ қилади. Увайсий мана шу воқеаларни қисқа байтларда ўқувчининг ёдига солади, Оллоҳнинг карами кенг, марҳамати улуғ, дейди:

Истаганча ҳусни бозоринг баҳоси орттиким,

Йўқ ажаб бўлсам харидоринг, аё Юсуф жамол.

Асра, ё Раб, дидаи баддин ва ҳасуд аҳлидин,

Дилбари Юсуфлиқо авжи камол устиндадир.

Шу каби байтлар орқали шоира ғазал маъносини орттира боради. Банда чиройли сабр қилса, ҳар қандай оғир синовдан сўнг Оллоҳ марҳаматига сазовор бўлиши муқарралигини таъкидлайди:

Тонг эмас йиғлар эсам Юсуф деюб ҳар рўзи шаб,

Йиғласа ҳар Юсуфни бир Яъқуби Канъони бор.

Юсуфнинг отаси кечаю кундуз фарзанд фироқида йиғлаб, кўзлари ожиз бўлиш даражасига етади. Аммо жондан азиз фарзанди Мисрга шоҳ бўлиб, отасининг армонларини ўлдиради. Лирик қаҳрамон ҳам сабримнинг кетидан бир мукофотим бордир, дея умид қилади.

Увайсий пайғамбарлар ҳаётига оид лавҳаларга ишора қилиш (талмеҳ санъати)  орқали ғазал маъно кучини оширади, ўқувчи набийлар ҳаётида учраган воқеаларини биргина байт мисолида эслайди, хулоса чиқаради.

Бинобарин, ўзбек мумтоз адабиётини ўрганишда муқаддас Қуръон ва ҳадисларни, шунингдек пайғамбарлар тарихини билиш жуда муҳим.

 

Барно Исоқова, Ўш шаҳри,

адабиётшунос