Тошкентдан довон ошиб келишимизга арзийдиган тадбир бўлди «Муаззам ИБРОҲИМОВА»

Тошкент шаҳридан ташриф буюрган меҳмонлар орасида, болалар шоираси ва ёзувчиси, болалар шифокори Муаззам Иброҳимова ҳам бор. Қирғизистонда 62 йилдан бери фаолиятини тўхтатмай келаётган “Илҳом” адабий клуби ташаббуси билан кеча Ўш вилоятининг Новқат районидаги сўлим гўша – Саҳобада “Ишқ баёзи” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирни клубнинг пайдо бўлишига бевосита ҳисса қўшган, 62 йилдирки гоҳ фаоллашиб, гоҳида сустлашиб келаётган клуб билан бирга нафас олаётган таниқли драматург, устоз санъаткор, публицист,  таржимон Абдуғани ака Абдуғофуров очиб берди.

Клуб тарихи ва унда ғазалнавис шоир Қосимжон Раҳмиевнинг ўрни ҳақида тўхталди. Илк шеърларини таниқли шоир, клуб аъзоси Шавкат Раҳмон кўриб берганлигини эътироф қилди. Турсунбой Адашбоев, Қўлдош Мирзо, Мирзоҳид Мирзараҳимов каби адабиётимизнинг устунлари шу ерда камол топганлигини, уларга елкадош бўлиб бир сафда ижод қилганлигини мамнуният билан эслади.

Ўшлик ғазалнавис шоир Қосимжон Раҳмиев (Шодмон) ва фарғоналик шоирамиз Наргиза  Худайберганиева (Мумтоз Маҳбуб) биргаликда мумтоз шеъриятимиз намуналаридан ғазаллар, мухаммас, мусаддас, мустаҳзод, маснавий, тазмин, туюқ, фард ва мушоираларни ўз ичига олган девонларини жамлаб, “Ишқ баёзи” китобини  Фарғона шаҳридаги “Доно” нашриётида чоп этдилар. Ушбу тадбир баҳонасида китоб мухлисларига етиб келди.  Унга масъул муҳаррирлик қилган филология фанлари номзоди, доцент С.Махсумхоновнинг айтишича, Навоий давридан кейин Муқимийгача ғазал жанри етакчилик қилди. Бир асрдан зиёд вақтдан буён бармоқ вазни биринчи ўринни эгаллаб олганки, шоирларимиздан 90 фоизи айнан бармоқ вазнига мурожаат қилишади. Ўзбекистонда Эркин Воҳидов ва ўшлик Муғанний ғазаллари  ўша қолган 10 фоизга мисол бўла олади, холос.

Бизни қувонтирган бугунги катта воқеа Қосимжон ва Наргизахоннинг мумтоз шеъриятимиз анъаналарини давом эттириб келаётганидир.

Китобга муҳаррирлик қилган яна бир адабиётшунос Барно Исоқованинг айтишига кўра, икки ғазалнавис шоирнинг ёзганлари девон тартибига келтирилиб тайёрланган бу китобга унинг “Асримизнинг соҳиби девонлари” номли таҳлилий мақоласи сўзбоши сифатида берилган.

“Китоб “Ахборот” МЧЖ таҳририятида тайёрланиб, Фарғона шаҳрида нашрдан чиқди. Китоб тайёр бўлгунига қадар бир неча маротаба бирга ишлашимизга тўғри келди. Китобни бемалол кенг жамоатчиликка тақдим этсак бўлади”, – деди Б. Исоқова.

Клуб аъзоси, ўзбек тили ва адабиёти, шунингдек қирғиз тили ва адабиёти муаллими, шу иккала тилда ижод қила оладиган шоира Фарида Абдураимова: “Илҳом” клубининг йиғини танаффуслардан сӯнг сӯлим Саҳобада бӯлиб ӯтди. Унда икки ғазалнавис ижодкорнинг “Ишқ баёзи” китоби юз очди. Тадбир жуда кўнгилли ўтди. Бу гӯзал масканда гӯзал қалбли инсонлар яшайди. Ҳавоси салқин, тоғлари салобатли, сувлари барокатли Новқатнинг Саҳобаси аразчи қиздек бирпаста дув этиб кӯз ёшларини ҳам тӯкиб олишга улгурди. Севинганидандир, балки. Дӯстлар дийдорини кӯриб унинг бироз рашки ҳам келдими, қайдам. Кӯнгил ҳув ана шу кӯриниб турган тоғ тепасига чиқиб олди, тушгиси келмайди-я. Мен кетдик, дейман, кӯнгил қоламан, дейди. Мен уни ӯзим билан олдиму қочдим. Дунёлардан узилиб борсангу, тоғ ирмоқларидан ҳосил бӯлган дарё ичидаги майда шағаллардан-да кӯп дарди достонингни шу тоғларга, шу тошларга айтсанг. Юрак Саҳобанинг кечпишар ӯриги каби шохида турганча дарз кетиб, қурий бошлаётгандек. Минг йиллик қадрдонларни кӯриб, суҳбатлашиб яна қувватлангандек. Бир ота-онанинг фарзандлари, балки, бир жойга жамлана олмас, лекин, шеър деб, адабиёт деб аталган буюк неъмат кӯнгилларни, жисмларни бир жойга жамлади. Бир туғишганим йӯқ, деб ӯксиганлар, кӯпдир, балки, агар бир хил нарсани ӯйласангиз, ӯша одамлар туғишгандек яқиндир!

Саҳобанинг сойларида тошлари кӯп,

Кечиб ӯтсанг товонларинг ботиб ӯтар.

Тоғларининг кӯзларида ёшлари кӯп,

Ошиғининг пойларидан ӯпиб ӯтар.

 

“Илҳом” клубининг бугунги раиси шоир Абдул Ҳақ тадбир охирида сўзга чиқиб, барча адабиёт ихлосмандларини табриклади. Ўзбекистондан ташриф буюрган ўндан ортиқ ижодкорларни кейинги учрашувларга ҳам таклиф қилди. Ўзбекистонлик шоира Ҳавасхон Олима, Феруза Аъзам, шоирлар Дилшод Даврон ва Муқимжон Нурбоевлар ҳам ўз навбатида китоб муаллифларига табрик сўзларини айтишди.

 

АСРИМИЗНИНГ СОҲИБИ ДЕВОНЛАРИ

 

Мумтоз адабиётимизнинг нафис намуналари асосан аруз вазнида битилган бўлиб, улар абадийликка дахлдордир. Таассуфки, ўзбек адабиёти тарихидаги аксарият нодир асарларимиз Ўрта асрларга тааллуқли. Бироқ, замондошларимиз орасида ҳам арузни қадрлайдиган, шу вазнда ижод қиладиган шоир ва шоиралар ҳам бор. Бу қувонарли ҳол, албатта. Айниқса, девони соҳиб бўлиш сўнгги ярим асрда жуда ноёб ҳодисага айланди. Арузни ўқиш, ўқитиш, тушуниш, ижод қилиш фақат Афғонистонда сақланиб қолгани демасак, Ўзбекистон ва Қирғизистон шоирлари орасида жуда кам.

Ушбу баёз соҳиблари Фарғона водийсида яшаб ижод қилаётган ғазалнавис шоир ва шоира, устоз билан шогирддир. Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Новқат туманида истиқомат қилувчи шоир Шодмон (Қосимжон Раҳмиев) дастлаб ижодини бармоқ вазнида бошлаган. Шубҳасиз, ўзининг уйғоқ виждони, сўзга бўлган юксак эътибори сабаб гўзал шеърлар битган ва муваффақият қозонган. Кейинчалик эса нозик дид соҳиби Шодмон ўзини арузда ҳам синаб кўрди. Навоийнинг этагини тутган Қосим ака мумтоз адабиёт намуналарига махлиё бўлди. Севиб ўқиди, ёд олди, ўрганди. Ва ниҳоят ўзи ҳам салафлари ижодини давом эттиришни бошлаб юборди. Ғазаллар ёзди, мухаммаслар боғлади, тазмин, рубоий фардгача машқ қилиб кўрди. Хурсанд бўлганимиз, замондошимиз ёзганлари девон тузиш учун етарли асос бўлди ва Қирғизистондаги ўзбек адабий муҳитида алоҳида воқеъ-девон тузилди. Худди шу йўлни чегарамизнинг нариги томонида Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳарида яшайдиган Наргиз (Мумтоз Маҳбуб) ҳам босиб ўтмоқда. Ёш бўлишига қарамасдан, ўзини арузда синаб кўрди, гўзал ғазаллари оммага манзур бўлди. Мухаммас, мусаддас, тазмин, рубоий, фардлари билан маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларда ҳам иккала муаллиф ҳам танилдилар, мухлислар орттирдилар.

Қўлингиздаги баёзда муаллифлар ижодий меросининг катта қисмини уларнинг лирикаси ташкил этади. Девонларидаги шеърларнинг асосий қисми ғазал, мухаммас ва рубоийлардан иборат. Ғазалнинг тасвир имкониятлари ниҳоятда бой, унда ҳар қандай ҳис-туйғу, мушоҳада, катта-кичик фикрни ифодалаш қулай. Мухаммаслар ғазалга боғланган руҳ каби ҳам вазнда, ҳам шаклда аслига эргашувчи гўзал сатрлар жамланмасидир. Рубоий эса шоирнинг аҳлоқий ҳамда фалсафий ғояларни ёритишига ҳамиша қўл келади. Ҳар бир ғазал ва рубоийда муайян бир мавзу доирасида сўзлашга ҳаракат қилиш, ғоя чизиғидан чиқмасликка интилиш, маълум бир образни ёритиш шоирлар шеърларининг таҳсинга лойиқ сифатидир.

Муҳаббат ҳам ибодатдир, адл ажри далолатдир,

Адолат қил – самар бўлсин, садоқат ҳам вафо бирла.

Девон Маҳбубни тузгайман, умр шарҳини ёзгайман –

Ҳаётим шоҳ асар бўлсин, Яратгандан раво бирла,

деб ёзар экан, Наргиз энг қадимий ва ҳамиша навқирон бўлган ИШҚ мавзусини ёзишдан, тараннум этишдан чарчамайди. Ибодатнинг энг афзали муҳаббатдир, дея деярли барча асарларида шу ақидага содиқ қолади, унинг адолатига қаттиқ ишонади. Наргизнинг ёзиш услуби равон, сўзларни моҳирона танлайди, қофиялари ҳам шакл ва мазмун мутаносиблиги учун хизмат қилади.

Мен ишқ оввораси ўлдим, тилаб васлинг сабоҳ они,

Не тонгким, хуш кунимга Ҳақ назарлиқ ибтидо бўлса.

Лирик қаҳрамон Маъшуқи Азалига шу қадар умид билан боқадики, сабоҳ онининг авввалида-ибтидосидаёқ Ҳақ назарига тушиб, Қиёмат кунимнинг илк лаҳзаси хуш кунимнинг бошланиши бўлса-деб тасаввур қилади. Табиийки, мумтоз адабиётимиз намуналарининг аскарият қисми Ишқи Илоҳийга боғлиқ. Худди шу мавзуни Шодмон шоир ижодида ҳам кузатамиз:

Ёрни ҳар дам зикр этиб бедор юрак,

Ҳар нафасда Ҳақ дея урмоқ тилар.

 

Ёки:

 

Умид бор, топқуси Шодмон, муҳаббат мулкидан маъдан,

Не маъдан? Маъдани ишқдир. Не ишқдур? Ишқидур гавҳар, –

 

дея Ёр васлидин умидворлик динамикасини янаям юксалтиради.

Табиийки, тасаввуф билан алоқадор бўлган шеърлар, лирик қаҳрамоннинг руҳий кечинмалари, кўнгилнинг истаги, ваҳдат ул вужуд масалалари адабиёт тарихида янги талқинларни юзага келтирди. Сўфиёна ғазалларнинг ҳам ўз образлари, истилоҳий атамалари ишлаб чиқилган. Айниқса, май, шароб (Аллоҳ ишқи), бода (иймон), жом, қадаҳ (камолга етган соликнинг қалби), васл аҳли дарвеш, мурид, ошиқ бутхона, харобот, майхона (оқил, доно, камолотга етган кишининг илоҳиёт, ишқ ҳақида мажлис қурадиган жойи), кофир (инсонни ёмонликка ундайдиган нафс), кўнгил (Аллоҳ акс этадиган кўзгу), дунё (ташқи томонлари чиройли кўринувчи, аслида бадбашара), жонон (Аллоҳ), ҳур, ғилмон рақиб, ғаним (бир ўринда ошиқни йўлдан урувчи нафс) каби икки юзга яқин тимсол ва истилоҳлартасаввуфий шеъриятнинг хос образлари бўлиб шаклланиб улгурган.

Мумтоз адабиётимизнинг забардаст  вакиллари Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий “кўз”, “кўз ёши”, “қонли кўз ёши” каби сўз ва ибораларидан назмда кўп ўринда унумли фойдаланганлар. Мавлоно Румий “Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил” деса, Ҳазрат Жомий “Қон тўкар ёш ўрнига шу чашми гирёним менинг,” деб ёзади. Бундан кўзнинг маънавий очиқлиги инсон шахсидаги асосий жихатлигини тушуниш мумкин.

Сиз таажжуб қилмангиз дард чексаму ашк тўкмасам,

Кўз ёшим бирла жигар бағримни тузлайдир кўнгил.

Кўз ёши шоир шеърларида гоҳ “ашк”, гоҳ “гирён”, “кўз ёш”шаклларида учрайди. Маълумки, ёш кўзининг маҳсулоти, уни кўз ижро этади. Кўз ёш  ҳис туйғу, изтироб ифодаси, бунинг ижрочиси кўзнинг бир хислати: у ўзгаларни кўради ю, ўзини эса кўра олмайди. Кўз ва кўз ёши билан шоира – Наргизнинг ташбеҳлари ҳам эътиборли:

 

Сирри ашкимни аён этмамки, ағёрлар аро,

Хуш тавозе важҳи бирла бойланур ҳар ёна ёр.

 

Ва

 

Бегим, бироз улғайибсиз, машқингизда кўрингайдир,

Кўзда соғинч, кўз ёш дегич ашкингизда кўрингайдир.

 

Маълумки, чинакам  санъаткор шоирлар бадиийликни образ ва образлилик заминида юзага чиқаришга доимо алоҳида аҳамият берганлар. Ижодкорнинг услубини, унинг шахси, шахсий фазилат ва хусусиятларидан ажратиб бўлмаганидек, ҳаётга муносабати, воқеликка яқин ёки йироқ туриши, давр ва замон муаммоларини мушоҳада этиш малакасидан ҳам ажратиб бўлмайди.

 

Барно Исоқова, адабиётшунос.