Тошқин дарёлар …(3-суҳбат)

 

Қирғизистондаги энг катта ва узун дарё бўлган Норин Марказий Тиёншон тоғликларидан бошланадиган Катта Норин ва Кичик Норин дарёлари қўшилишидан ҳосил бўлади.

Норин дарёси Қирғизистондаги асосий сув йўли бўлиб, 807 километр сув йўлини ҳосил қилади, ҳавзаси эса салкам 60 минг квадрат километрдан иборат. Норин Қирғизистоннинг Иссиқкўл, Норин, Жалолобод вилоятларидан ўтиб, Ўзбекистоннинг Наманган вилояти ҳудудида – Учқўрғон туманининг Чўжа қишлоғи этагида Қорадарё билан қўшилади ва ана шу жойдан азим Сирдарё бошланади. Норин дарёсининг боши унинг Мирдарёга қўшилиш жойидан уч минг метр баландда, шу сабабли энг тезоқар дарёлардан ҳисобланади. Учқўрғон яқинига келиб, йиллик ўртача сув сарфи секундига 480 куб метрга етади. Май-август ойларида энг серсув бўлади.

 

Нориннинг юқори қисми: дарё боладай шўх, ўжар ва асов…

 

Шу ўринда, норин сўзининг маъносини ҳам изоҳлаб ўтсак. “Норийн” – мўғулча сўз, ингичка дегани. Норин дарёси ҳам, қанчалик серсув бўлмасин, тор, ингича ўзандан шиддат билан оқади (шунингдек, хамирдан тайёрланадиган норин деган таом ҳам бор. Бу икки атама аслида муштарак, бир ўзакдан келиб чиққан. Бунга далил шуки, норинни тайёрлашда ҳам хамир жуда ингичка кесилади, унинг норинлиги шундан).

Нориндарённинг суви, асосан, суғоришга ишлатилади. Катта Фарғона канали ва Шимолий Фарғона каналлари Нориндан сув олади. Дарё бўйида Норин, Тошкўмир, Учқўрғон шаҳарлари, Қирғизистонда Норин вилояти, Ўзбекистонда эса Норин тумани бор. Ҳозирда бу дарё ўзанига Тўқтағул ГЭСи, Тошкўмир ГЭСи, Учқўрғон ГЭСи, Қурпсой ГЭСи қурилган.

Қорадарё эса Ўзган шаҳрининг сал юқорисида Қорағулжа ва Тор дарёлари қўшилишидан юзага келади.

Қорадарё, Қорасув, Қорасой каби сув манбалари аксар ҳолларда ер ости сув манбалари (булоқлар, сизот сувлар)дан тўйинган бўлади. Бунинг аксича, Оқсой, Оқсув кабилар кўп ҳолларда тоғ дарёлари бўлади. Аммо Сирдарёнинг асосий ирмоқларидан бўлган Қорадарё аслида тоғ дарёси эканига диққат қилсак, бояги этимология ўрнини бошқа изоҳ эгаллашини кўрамиз. Яъни туркий тилларда “қора” сўзи катта, улуғ деган маънода ҳам келади (Қора хон, қорасовуқ). Шу атрофдаги энг катта сув йўлларидан бўлган Қорадарё ҳам қудратли, зўр, бўйсунмас дарё маъносида қўлланган.

Қорадарё Норин билан қўшилгач, ҳар икки дарёнинг номи йўқолиб, Сирдарё деган янги ном пайдо бўлади. Сирдарё ўзани бўйича Марказий Осиёдаги энг узун (3019 км), суви кўламига кўра Амударёдан кейинги энг серсув дарёдир. Сўғд тилида “сир” (сер) катта, кўп, улуғ деган маънони беради, ҳақиқатан ҳам, сўғдлар яшаган дунёда Сирдарё энг катта, энг серсув (сер об) икки дарёнинг биридир.

Қирғизистоннинг ландшафти ва табиати ниҳоятда ўзига хос ва гўзал. Қорли тоғлар, мангу музликлар, тоғ кўлларида ҳар баҳор пайдо бўладиган муз қоялари – айсберглар, ям-яшил арчазорлар, баланд тоғ ўтлоқлари, сершовқин тоғ дарё ва ирмоқлари, тоғ ўрмонлари, ўсимлик, бута ва дарахт турларининг, турли-туман парранда ва ҳайвонот дунёсининг вакиллари, адирликлардаги шифобахш булоқлар, серҳосил экин ерлари – буларнинг бари Қирғизистонни ер юзининг жаннатмисол маъволаридан бирига айлантирган.

Баланд тоғ оралиқларидаги айсбергли кўллар – Қирғизистонда бор!

 

Электр энергияси олиш учун Қирғизистондаги тоғ дарёлари йўлида ўнга яқин гидроэлектр станциялар барпо этилган. Хийла катта захирага эга бўлган олтин, уран, сурма, симоб ва бошқа нодир металл конлари очилган.

Тўқтағул ГЭСининг беқиёс шиддатига қаранг

 Қирғизистон ўрмонзорларининг умумий ҳудуди – 1 млн 398 гектар келади. Эколог олим Таалайбек Мусуралиевнинг айтишича, Қирғизистонда 42 ўрмон хўжалиги ишлаб турибди, бундан ташқари 8 та миллий парк, 6 та қўриқхона ва овчилик хўжалиги мавжуд. Ҳар йили бу хўжаликларнинг ҳар бирида ўртача 30 миллиондан ортиқ кўчат етиштирилади.

“Ҳей, тоғлари кўкларга салом берган зўр ўлка!”

 

Табиатнинг маъсум болалари

 

Тиёншон тоғларининг Қирғизистон ҳудудидаги айрим чўққилари 7500 метрдан ошади. Бу тоғларда ЮНЕСКО йўқолиб кетиш олдида деб эълон қилган архар, қор қоплони (илбирс) каби ҳайвонлар ва улар (ҳилол) сингари айрим ноёб қуш турларини учратиш мумкин.

Фарғона водийсига мансуб бўлган экин ерларининг денгиз сатҳидан баландлиги эса атиги 300 метрга етади. Бу маъволарда экин экиб, мўл ҳосил олиш имконияти жуда катта. Она юртимиз ана шундай хилма-хил ландшафтга эга ва бу унга бетакрор жозиба бахш этади.

(Фарғона водийсининг гўзал бир манзараси)

 

Жанубий Қирғизистоннинг аксар ҳудуди Фарғона водийсига мансуб бўлиб, бу ерларнинг сахий тупроғида барча наботот, хусусан пахта, боғ-роғ, тилими тилни ёрадиган қовун-тарвузлар, беҳишти мевалар жуда яхши унади.

Ўзбек тилида “водий”, “воҳа” сўзлари кўп қўлланса-да, кўпчилик уларнинг фарқини яхши билмайди. Водий – тоғлар оралиғидаги кенг майдон бўлса, воҳа чўл-саҳролар орасидаги яшил ўлкадир. Шоҳистахон Ўлжаеванинг “Фарғона: тарих нималардан дарак беради?” деган мақоласида Фарғона водийси ҳақида шундай маълумот тақдим этилади: “Табиатининг фусункор ва бетакрор гўзаллиги билан барчани ўзига мафтун этувчи Фарғона водийси нафақат Ўзбекистоннинг, балки Марказий Осиёнинг гавҳаридир. «Фарғона» сўзи ҳинд-санскрит тилида «кичик вилоят», «атрофи берк тоғли жой», деган маъноларни билдиради. Эрамиздан аввалги II асрларда Фарғона «Довон» деб аталган бўлса, илк ўрта асрларда «Боҳан», «Боҳанна» номлари билан тилга олинади.

Фарғона водийси салобатли Тиёншон ва Олой тоғ тизмалари билан ўралган. Ғарбдан тор йўлак кенглиги 9 км.ли Хўжанд дарвозаси орқали Мирзачўл текислиги билан туташган. Водийнинг узунлиги 370-375 км, кенглиги 170-190 км., умумий майдони 22 минг кв. км., атрофини ўраб турган тоғлар билан бирга 77,9 минг кв. км.ни ташкил этади. Фарғона водийси ғарбга томон нишаб жойлашган. Водийнинг ғарбий чети денгиз сатҳидан 320-340 метр баланд, Ўш шаҳрида 1000 метрга етади.

Водийнинг иқлими иссиқ, ёзи қуруқ ва узоқ. Водийнинг тўрт томонидаги тоғлардан 6500 та дарё ва сойлар оқиб тушади.

Водийда Тожикистоннинг Сўғд, Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган ва Фарғона, Қирғизистоннинг Жалолобод, Ўш ва Боткен вилоятлари жойлашган. Андижон, Наманган ва Фарғона асосан, водийнинг паст текисликларини эгаллаган. Фарғона водийси аҳолининг умумий сони 8 миллион кишидан ортиқ.

Марказий Осиёдаги энг қадимги одам яшаган манзилгоҳ ҳам айнан Фарғо­надан топилган (Селунгурдаги «Ферганторп» одамининг яшаб ўтган даври камида бир ярим миллион йил аввал, деб таъкидланмоқда. Фарғона водийсининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида полеолит даврига мансуб манзилгоҳларнинг кўплиги бу ўлканинг қадимийлигидан далолат).

Буюк Ипак йўли очилгунга қадар Фарғона водийсининг маданий тараққиётида ўзига хослик сезилиб турган. Водийдаги «Чуст», «Қайроққум», «Эйлатон», «Шўрабошат» ва «Оқтом-Қо­ра­бу­лоқ» маданиятлари ўлканинг ўзига хос маданий ривожланиш бос­қич­ларини бошдан кечирганлигини кўрсатади. Фарғонада бу даврларнинг жанг ва меҳнат қуроллари, уй-рўзғор буюмлари Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудидаги топилдиқларидан фарқ қилиб туради.

Буюк ипак йўли очилиши муносабати билан Фарғона халқлари турмушида бронза ойнаклар, ипак матолар, темир қуроллар ва бошқаларнинг пайдо бўлди. Ёки аксинча, айнан шу йўл туфайли эрамиз бошларида наслдор отлар, туялар, бошқа чорва ҳайвонларини етиштирш, олтин ва кумушнинг мўллиги, узум, пахта, буғдой, шоли ва бошқа донли экинларнинг ўстирилиши дунёга маълум бўлган.

Илк ўрта асрларда Фарғона водийси Марказий Осиё билан Хитой ўртасида бир кўприк бўлиб қолди ва ижтимоий-сиёсий муҳит ҳам шу икки ҳудуднинг таъсирида тез-тез ўзгариб турди. Илк ўрта асрларда эллинизм таъсиридаги маҳаллий маданиятнинг Хитой ма­данияти билан уйғунлашуви натижасида ўзига хос маданий муҳит вужудга келади.

Айнан шу даврда Фарғонанинг қадимий динлар (шомонийлик, оташ­па­растлик) қаторига буддавийлик, насронийлик ва монийлик динлари келиб қўшила бошлади. Араблар босқинига қадар ушбу ҳар бир дин Фарғона водийсида ўз тараф­дор­ларини топган. Эътиборли жиҳати, бу динлар ўртасида гегемонлик учун кучли кураш бўлмаган. Шунинг учун ҳам бу даврнинг уй-рўзғор буюмлари, меҳнат қуроллари ва кийим-кечакларида динлар таъсирида вужудга келган турли-туманликни кузатиш мумкин.

Илк ўрта асрларда Хитой чиннилари ва Яқин Шарқ шиша буюм­лари кириб келиши натижасида Фарғона ҳунармандлари ҳам чинни ва шиша буюм ясашни ўрганишд,. – деб ёзади тадқиқотчи Ш. Ўлжаева. – Бундай буюмлар ишлаб чиқа­ришга ихтисослашган маҳаллалар вужудга кела бошлади. Бундай устахона-маҳал­лалар Ўзган, Ахсикент ва Қува шаҳристонларида бор эди.

Табиат неъматларининг мўл-кўллиги ва қулай иқлим шароити туфайли бўлса керак, ҳозирги Қирғизистон ҳудудида тарихнинг энг олис замонларидан бери одамлар яшаб келади. Бизга етиб келган ёзма манбалар ва тарихий-меъморий обидалар, турли ашёвий далиллар асосида муқояса қилганимизда ҳам бу юртда одамзот олис замонлардан бери истиқомат қилиб келаётганлигига шубҳа қолмайди.

Марказий Осиё замини Мессопотамия, Миср, Греция ва Ҳиндистон билан бир қаторда жаҳон тамаддунининг бешикларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги Қирғизистон ҳудудида одамлар тош даврида пайдо бўлганлиги фанга маълум. Айрим тоғ қояларида неандарталь одамларнинг излари қолган бўлса, Оқчўнқур ғоридаги тошга ўйиб солинган расмлар Иссиқкўл соҳилларида бундан 5-10 минг йиллар муқаддам овчилик билан шуғулланган қабилаларда ибтидоий санъат ҳам юзага келганидан шаҳодат беради. Мис даврида, кейинчалик эса антик замонларда бу жойларда сак-скиф қабилалари яшаган, улардан авлодларга мозористон иншоотлари ҳамда тошларга ўйиб чизилган расм (петроглиф)лар мерос бўлиб қолган.

Бинобарин, бир пайтлар Буюк ипак йўлининг энг муҳим тармоғи устида жойлашган ҳозирги Жанубий Қирғизистон ҳудуди жуда кўп тарихий воқеалар майдонига айланган.

Аввало шуни айтиш кераки, Буюк ипак йўлининг шаклланиши ҳам ўз-ўзидан, осонликча рўёбга чиқмаган. Бошқа қўшни мамлакатларнинг моддий бойликларига кўз тикиш, уни эгаллаб, серҳосил заминини ўзиники қилиб олишга интилиш қадимда ҳам кўп учрайдиган ҳол эди. Чунончи, Фарғона водийси ва унинг тевараги “Сариқ аждар ўлкаси” – Хитойнинг диққат-эътиборида бўлиб келган. Довон юртидагина учрайдиган самовий тулпорларни ўз саройида кўриш Хитой императорларининг орзуси эди. Шу боис, улар элчи устига элчи юбориб, бетимсол тулпорлардан беришни талаб қилганлари тарихий манбаларда кўп келтирилган.

Дарҳақиқат, дунёда тенги йўқ арғумоқларнинг ватани бундан уч минг йилларча муқаддам Арабистон саҳролари, ёинки Қорақум биёбонлари эмас,

(Қадимги одамлар Сураттош тоғидаги қояга нақш этган арғумоқлар тасвири)

 

айнан Фарғона водийси, янада аниқроғи – Жанубий Қирғизистоннинг Фарғона водийсига туташ жойлари эди. Ўш шаҳридан Андижон томонга чиқаверишда офтобга кўкрак кериб ётган Қамбарота тоғларининг қоятошларида бир маҳалларда яшаган аждодларимиз юзга яқин тасвирни тошга ўйиб ишлашган, улар орасида ўнлаб беҳад келишган тулпорларнинг расмини кўриш мумкин.

Улар ҳатто ҳозир – XXI асрда ҳам унча-мунча сақланиб қолган. Бундай дейишимизнинг сабаби, ХХ асрнинг эллигинчи-етмишинчи йилларида Ўш шаҳри кунботаридаги ҳарбий қисм танклари айнан шу тоғ пойига келиб, айни қояларни нишонга олиб, тўп отиб машқ қилганликларига гувоҳмиз. Ўша даврда олис тарихимизнинг қанчадан-қанча нишоналари кунпаякун қилинганини кексаларимиз яхши эслашади. Унга қадар мазкур тоғда бутун бошли ўйма тасвирлар галереяси мавжуд бўлиб, шу атрофда яшовчи одамлар бу расмларни, азбаройи жонли ва тиниқ бўлгани сабабли, бир маҳаллар яшаган, аммо қарғиш тегиб, тош бўлиб қотиб қолган одамлар деб билишарди, чунки тасвирлар шу қадар санъаткорона эди! Чунончи, Ўшлик таниқли адиб Қўлдош Бекмирзаевнинг бир ҳикоясида тасвирланишича, бу қояларда отлиқ одамларнинг расмлари ҳам маҳорат билан чизилган бўлган. Ушбу сатрлар муаллифига эса Ўшлик кексалар илгари бу тоққа чиққанларида жуда кўп одамларнинг жонли тасвирини кўришганини гапириб беришган эди. Масалан, бир аёл тоғорада кир ювиб ўтирибди, тоғоранинг шундоққина остида тошнинг қўнғир тусидан яққол ажралиб турадиган оқ йўлли тош қуйига қараб йўналгани учун у баайни тоғорадан оқаётган мағзаванинг ўзи бўлиб кўринади ва ҳоказо, бутун бошли сюжетли манзаралар…

Башарти бу гаплар асосли бўлса, у ҳолда бу расмлар дунёнинг юзлаб бошқа тоғу тошларидаги “ов унумли бўлиши учун сиғиниб чизилган расмлар”дан фарқли равишда, санъат мақсадида чизилган бўлиб чиқади. Шу жиҳатига кўра бу тошлар анов қоятош расмларидан типологик жиҳатдан тарихан бирмунча “ёш”роқ бўлиб (яъни тоғора ясалган, тоғорада кир кийимлар ювилган), аммо эстетик мақсадда чизилганлиги эътибори билан фавқулодда аҳамият касб этади. Бу тош расмларнинг қиммати ҳам шунда.

Бу тоғнинг Қамбарота деган номи унга янада кейинроқ, юртимизга ислом дини кириб келганидан сўнг берилган бўлиши эҳтимол, чунки айтишларича, ҳазрат Алининг жиловдори деб талқин қилинадиган Бува Қамбар айнан шу водийда от парвариш қилган эмиш. Отларнинг пири ҳисобланадиган Қамбаротанинг номи тоққа қўйилиши ҳам ана шу самовий тулпорлар тасвири билан боғлиқ, албатта (Қамбарота деган жой Шимолий Қирғизистонда, Норин дарёси бошида ҳам бор). Арғумоқ отларнинг ўйма расмлари Ўшнинг ғарбида, Аравондаги Дулдулота тоғи қояларида ҳам учрайди. Мана шу расмлар туфайли ушбу тоғнинг номи ҳам Дулдулота (“Дулдул отлар”?) бўлиб кетгани шоёни ҳайратдир.

Фан ҳозирги Қирғизистон территориясида илк давлат тузилмалари эрамиздан аввалги II асрда шаклланган, деб билади. Мелодий I асрдан бошлаб бу ҳудудга Шарқий Туркистон томонлардан усун қабиласига мансуб одамлар кўчиб кела бошлашган. V асрда эса ҳозирги Марказий Осиёнинг бутун ҳудудига эфталитлар ҳам кириб келди ва улкан давлат барпо бўлди. VII асрдан ҳозирги Қирғизистон ҳудуди Ғарбий Турк хоқонлиги таркибига ўтди, у парчаланиб кетгач эса бу замин Қорлуқ хоқонлиги ихтиёрида бўлиб қолди. Биринчи минг йиллик охири ва иккинчи минг йиллик бошларида Жанубий Сибир, Иртиш дарёсининг мансаби ҳамда Шарқий Туркистоннинг бир қисмида Қирғиз хоқонлиги шаклланди ва у шу минтақадаги кучли давлатлардан бири бўлиб турди.

 

АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”

САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА

 

Азиз дўстлар!

 

Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.

 

 

“Алишер Навоий институти” сайтининг таҳририяти.