Ҳозирги Қирғизистон ўтмишининг қорахонийлар давридан буёғи бирмунча ойдин. Тарихчиларнинг қайд этишича, Болосоғун – Қорахонийлар давлатининг ҳарбий ва сиёсий маркази бўлган бўлса, Ўзган билан Қашқар илмий ва диний марказ сифатида эътироф этилган. Қорахонийлар давлатининг мазкур учала пойтахтида ислом илми ғоят тараққий этган, шунингдек, яна бошқа бир қанча фан соҳаларининг намояндалари қизғин фаолият билан машғул бўлган. Ҳозирги Қирғизистон ҳудудидаги икки кўҳна шаҳар – Болосоғун ва Ўзган турли даврларда Қорахонийлар салтанатининг пойтахти бўлиб тургани эътиборли. Тарихчи олимларнинг маълумотларига кўра, Ўзганд шаҳрида Қорахонийлар ва Ғазнавийлар мамлакатининг чегараси Амударё қилиб белгиланган халқаро шартнома имзоланган. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, ўша даврдаги Ўзган шаҳри ҳозирги Марказий Осиёнинг пойтахти бўлган.
Буюк ипак йўлининг жанубий тармоғи Ўш ва Ўзган шаҳарларидан ўтгани маълум. Бу даврда ислом Шарқининг бир қанча таниқли адиб ва алломалари қорахонийлар даргоҳидан паноҳ топган эдилар. Туркий тилдаги илк достон бўлган “Қутадғу билиг”нинг муаллифи Юсуф хос Ҳожиб, туркий тиллар борасидаги биринчи асар бўлган “Девону луғотит турк”ни тузган Маҳмуд Кошғарийларнинг ҳомийлари ва рағбатлантирувчилари ҳам айнан Қорахоний ҳукмдорлар эди.
Тарихнинг тақозоси шу бўлдики, Қорахонийлар давлати калтабин ҳукмдор Муҳаммад Хоразмшоҳ томонидан 1212 йилда тор-мор этилди, ана шундан кейин Марказий Осиёнинг шу ҳудудида тобора кучайиб келаётган мўғул қутқусига қарши тура оладиган куч қолмади.
1218 йилда Хитойни тамоман бўйсундирган Чингизхон энг кучли душмани бўлган Хоразмшоҳлар мамлакати сари юриш бошлади ва ўз йўлидаги барча шаҳру кентларни вайрон қилди. Нафақат Ўш, Болосоғун, Ўзган каби ўша даврдаги йирик шаҳарлар, балки ҳозирги Қирғизистон ҳудудидаги барча қасаба ва кентлар битта қўймай ғорат этилди. Марказий Осиёнинг улкан ҳудудида шаклланган юксак тамаддун барбод бўлди, эришилган ижтимоий ва моддий тараққиёт орқага қараб кетди. Ва ана шу палладан бошлаб Марказий Осиё тарихий ривожланиши дунё миқёсидан ортда қола бошлади. Мана шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, янги чиққан ва ўзларини ноанъанавий деб ҳисоблайдиган баъзи қозоқ ва қирғиз тарихчиларининг ҳозирги ёш авлод онгига буюк вайронкор Чингизхонни буюк бунёдкор қилиб сингдиришга уринишлари негизида нима ётганини англаб бўлмайди.
Кейинроқ Мовароуннаҳр ва ҳозирги Қирғизистон ерлари Чингизхоннинг ўғли Чиғатой улуси қаламравига ўтди. Чингизхоннинг фарзандларига ҳудудлар улуш сифатида тақсимлаб берилди. Бу улуш ерлар мўғулчада улус деб аталар эди, кейинчалик улус муайян ҳудуд эмас, балки у ердаги эл маъносида қўлланадиган бўлиб қолди (чунончи, ўзбек улуси). Ўша даврларда Чиғатой улуси деганда Марказий Осиё ҳудудлари кўзда тутилган.
Мўғул истилосининг нақадар ваҳшиёна бўлгани ва унинг оқибатида ўнлаб элу элатлар қирғинга учраб, юзлаб шаҳарлар култепага айлангани маълум. Чингизийлар ҳукмронлигига барҳам берган Темурийлар даврига келиб ҳозирги Қирғизистоннинг жанубий қисми (бу атроф ўша даврда Мўғулистон деб аталар эди) унинг таркибига кирди, шимолдаги ерлар эса кўчманчи қабилаларнинг эркин ҳаёт кечириш жойи бўлиб қолди. XVI аср ўрталарида – Темурийлар даври поёнига ета бошлаган паллаларда бу ерларга Олтой томонлардан қирғиз қабилалари кўчиб келиб, ўрнаша бошлади.
Бу этноснинг асл номи, азалдан ҳам қирғиз бўлиб, қадимги Хитой тарихчилари уни иероглифда ўз талаффузига мослаган ҳолда “ке-ге-се” тарзида акс эттирганлар. Кўчишга бош қўшмай, азалий маконларида қолиб кетган қирғиз халқининг бир қисми “ке-ге-се” сўзининг хато ўқилиши туфайли “хакас” деб атала бошлади ва улар ҳозирда Россия Федерацияси Хакасия автоном областининг тубжой аҳолиси ҳисобланади. Демак, қирғизлар билан ҳозирги хакаслар – асли бир элнинг икки бўлагидир.
Кўчманчи қабилаларнинг эркин ҳаёт кечириш жойи бўлган ҳозирги Қирғизистоннинг шимолидаги ерларда то Чор Россияси босқинчилигига қадар қабилалар тарқоқ ҳолда яшаб келган. XIX аср бошларида Қўқон хонлиги ўз ҳудудини кенгайтириш ва давлат чегараларини аниқ белгилаш ҳаракатини бошлади ва Пишпак, Шиштепа, Тўқмоқ каби жойларда истеҳкомлар қурдирди, бу жойларга ҳарбийлар ва қурол-яроғ усталари, дин уламолари оилалари билан кўчириб келтирилди (кейинчалик айнан шу манзиллар Шимолий Қирғизистондаги шаҳар мақомини олган дастлабки кентлардан бўлиб қолди). Аммо айрим қирғиз қабила бошлиқлари Қўқон хонлигига эмас, русларга тобе бўлиш ихтиёрини билдирдилар ва русларга Қўқон хонлиги ҳудудига бостириб киришда кўмаклашдилар ҳам.
Бироқ XIX аср ўрталарида Марказий Осиё давлатлари орасидаги муносабатлар кимларнингдир устакор қўли билан барбод этила бошлади – Хоразм хонлиги, Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги бир-бирига нисбатан ишончсиз қўшниларга айланиб қолишди. Жумладан, Амир Умархоннинг ўғли, Қўқон хони Маъдалихон Бухоро амири Насрулло томонидан ўлдиртирилди. Ундан кейин 1842 йилда Қўқон тахтига ўтирган Шералихон ва унинг авлодлари давлат бошқарувида мамлакат мудофааси, истеҳком ва қальалар қуриш каби ташвишлар билан бош оғритишни хушламайдиган, ҳатто ўз қаламравидаги шаҳар ва қишлоқларни эгаллаб олган босқинчиларга табрик мактублари ёзиб қутлайдиган даражада масъулиятсиз, дунёи оламда юз бераётган ҳодисалардан ҳам деярли бехабар кишилар бўлиб чиқишди. Натижада, дастлаб Шимолий Қирғизистон ерларини Черняев отрядлари ишғол этиб, Россия империяси таркибига расман киритди. Айрим қаршиликлар аёвсиз бостирилди. 1875 йилнинг 10 сентябрь куни рус аскарлари Қўқон хонлиги таркибида бўлган Ўш шаҳрини ҳам эгаллашди. Интернетдаги баъзи маълумотларида айтилишича, тинимсиз уруш ва можаролардан чарчаган, осойишталикка ташна аҳоли уларга деярли қаршилик кўрсатмаган.
Қўқон хонлиги батамом истило этилгач, Жанубий Қирғизистон ерлари Россия империясининг Еттисув (Семиречинская) области деб аталди. Шўро даврига келиб эса миллий-ҳудудий тақсимлаш натижасида дастлаб РСФСР таркибида Қорақирғиз автоном области (1924 й.) ва Қирғиз АССР (1926 й.) ташкил этилди. 1936 йил 5 декабрда эса Қирғизистон ССР тузилди.
(Шу ўринда илмий жиҳатдан чалкаш бўлган бир тарихий атама хусусида изоҳ бериб ўтишга тўғри келади. Гап шундаки, XIX асрда ва XX аср бошларида рус олимлари томонидан ва уларга эргашишга мажбур бўлган Европа олимлари томонидан ҳам, қозоқ халқи нотўғри равишда қирғизлар деб атаб келинган. Профессор П.А. Фалёвнинг кўрсатишича, бунга сабаб, XVI аср охирида Сибирь ерлари Ермак бошчилигида истило этилган замонда уларга кучли ва жангари бир қабила қаттиқ қаршилик кўрсатган. Булар – қирғизлар эди. XVIII асрдан ҳозирги Қозоғистон ҳудуди ҳам истило этишга киришилгач, қирғизларга ҳар жиҳатдан ўхшаш бир халқ – қозоқларга дуч келинади ва руслар янглиш тарзда уларни ҳам қирғизлар деб атай бошлашади. Уларнинг бошқа-бошқа халқ эканлиги ХХ аср бошларига келиб аниқланади. Ана шунда асл қирғизларни қандай аташ муаммоси юзага чиққан. Бироқ илмий, тарихий адабиётларда, ҳужжат ва фармонларда қозоқлар қирғизлар деб атаб келингани боис, бу хатони дарров бартараф этиш иложи топилмаган ва қозоқлар ХХ аср аввалида “қозоқ-қирғизлар” деб, қирғизлар эса “қорақирғизлар” деб “ўртача” бир йўл тутилди. Ўтган асрнинг биринчи чораги охиридагина бу хато бартараф этилган).
ХХ аср бошига келиб Қирғизистон ҳудуди иқтисодий жиҳатдан қолоқ аграр ўлка эди. Очиқ эътироф этиш керак, Совет ҳокимияти йилларида ўлка анча саноатлашди, йирик конлар очилди, ўнлаб завод ва фабрикалар қурилди, ўтмишда асосан, деҳқончилик ва чорва боқиш ҳамда мана шу икки касб тақозо этган даражадаги ҳунармандчилик (темирчилик, косиблик, савдогарлик) асосий тирикчилик манбаи бўлган бу мамлакат қарийб ярим асрлик тараққиёт давомида дурустгина индустрлашган бир давлатга айланди.
Қирғизистон ССР 55 йил амалда бўлди (1936-1991). 1991 йил 31 август куни Қирғизистон ССР Олий Кенгашининг Совет Иттифоқи таркибидан чиқиш ҳақидаги қароридан сўнг мамлакат мустақил тараққиёт йўлига кирди.
Истиқлол, гарчи собиқ Шўро Иттифоқи таркибидаги мамлакатлар учун қон тўкилмасдан, нисбатан осон қўлга киритилган бўлса-да, унинг дастлабки ўн йили бу давлатларнинг ҳар бири учун хийла мушкул кечди. Аввалги иқтисодий, техникавий, молиявий ва бошқа соҳалардаги интеграция ришталари узилиши оқибатида ишлаб чиқаришнинг барча соҳа ва тармоқлари оқсаб, аксар ҳолларда эса батамом тўхтаб қолди. Бунинг оқибатида ишсизлик авж олди. Ишсизлик эса аҳоли турмуш даражасининг пасайишига олиб келди. Хорижий тадқиқотчи Кристофер Мейер ва қирғиз мутахассиси Нурбек Маматовларнинг ёзишича, мустақилликнинг дастлабки йилларида ялпи ички маҳсулот аввалги йилларга қараганда атиги 50 фоизни ташкил этган. Гарчи кейинги йилларда бир қадар иқтисодий ўсиш кузатилган эса-да, норасмий ишсизлик даражаси 20-30 фоиз атрофида бўлган.
Аҳоли сони эса ХХ аср давомида тобора ошиб борган: 1959 йилда 2 млн. 65 минг киши яшаган бўлса, 2014 йилнинг январь ойига келиб, нуфус 5 млн. 776 минг 570 нафарга етди (55 йилда 2,8 баравар кўпайган).
Аҳолининг катта қисми Чуй, Фарғона, Норин ва Талас водийларида ҳамда Иссиқкўл ботиғида яшайди. Ҳозирда Қирғизистон аҳолисининг 4 миллион 193 минг 850 нафари ёки 72,6 фоизи – қирғизлар, 836 минг 65 киши ёки 14,5 фоизи ўзбеклардан иборат. Руслар 369 минг 939 киши (6,4 фоиз). Дунганлар – 64 минг 565 нафарни, уйғурлар – 52 минг 456 нафарни, тожиклар – 50 минг 174 нафарни, турклар – 40 минг 953 нафарни, қозоқлар – 33 минг 701 нафарни, татарлар – 28 минг 059 нафарни, озарбойжонлар – 18 минг 946 нафарни, корейслар – 16 минг 807 нафарни, украинлар – 14 минг 485 нафарни, немислар – 8 минг 563 нафарни ташкил этган. Кейинги йилларда Европа халқларининг вакиллари сони кескин тарзда камайиб бораётгани кузатилади.
Қирғизистон аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат, шу билан бирга, Европадан кўчиб келган айрим халқлар вакиллари христиан динининг православие, католицизм ва протестантлик оқимларига эътиқод қилади. Мустақилликнинг дастлабки ўн йилликларида “толерантлик”, “демократия”, “виждон эркинлиги” ва ҳоказо ниқоблар ортида юртимизга узоқ ва яқин хорижий давлатларнинг миссионерлари ёпирилиб кириб келиб, аҳолини ўз динларига тарғиб этиш билан шуғуллангани оқибатида, анъанавий равишда ислом динининг сунний мазҳабига амал қилиб келаётган маҳаллий аҳоли вакиллари, шунингдек, асосан, православлардан иборат бўлган христианлар орасида диний бошбошдоқлик пайдо бўлди, тинч ва тотув элимизда ана ўша динлар ва оқимларга билиб-билмай қўшилиб қолган одамлар касрига бир қанча катта-кичик ихтилофлар ҳам келиб чиқди.
Қирғизистон аҳолисининг ҳудудлар бўйича таркибига келсак, аввало шуни айтиш керакки, барча маъмурий-ҳудудий бирикмаларда қирғиз халқи вакиллари етакчилик қилади. Шу билан бирга, Шимолий Қирғизистон ҳудудида қирғизлар, руслар, қозоқлар, немислар ва дунганлар улуши кўпроқ бўлса, Жанубий Қирғизистонда ўзбекларнинг нисбати хийла юқори. Ҳатто икки йирик шаҳар Ўш ва Ўзган аҳолисининг асосий қисми ўзбеклардан иборат бўлиб, Ўшдаги ўзбеклар умумий аҳоли нуфусининг 48,3 фоизини ташкил этади, Ўзганда бу нисбат 91 фоиздан ортиқ.
Ҳозирда Қирғизистон турли халқаро ва минтақавий ташкилотларга интеграцияланиш, мамлакатда турли ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар ўтказиш орқали хорижий ҳомийлар грантини қўлга киритиш, хорижий инвесторларни жалб этиш, шунингдек, туризмни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини тараққий эттириш, гидроэлектр станциялари қуриш, янги конлар очиш ҳисобига иқтисодий ўсиш йўлига кирган.
(Жанубий Қирғизистонда пахтадан мўл ҳосил олинади. Ўтган аср, 70-йиллар)