Ёқубжон Хўжамбердиев ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида таниган эдим. Самимий ва мулоҳазали, қалами ўткир журналист сифатида унга ҳавас қилардим. Республикамизнинг марказий газеталари тахририятлари жойлашган Матбуотчилар кўчасининг ўттиз иккинчи уйи ҳам у пайтлар бошқача файзли эди. Бир эшикдан кириб чиқадиган ҳамкасблар ўзаро оқибатли, бир-бирларига елкадош, улар ўртасидаги ижодий мулоқотлар жуда самимий бўларди. Ёши улуғ, тажрибали журналистларнинг олдидан кесиб ўтолмасдик. Улар ҳам ўз навбатида биз каби ёш журналистларга меҳрибон эди. Ёқубжон ака ҳам бағрикенг, шогирдларига жуда ғамхўр ижодкор эди.
Улуғларимиз, ҳар киши дўстларининг дўстини кўрса, албатта, уни ҳурмат қилиши лозим деб таълим беришган. Раҳматли устозимиз Турсунбой Адашбоев туфайли Ёқубжон Хўжамбердиев билан ака-укачилик ришталаримиз янада махкам боғланиб қолганди. Турсунбой Адашбоев ташкил этган ижодий йиғинимиз бор. Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни бир гуруҳ қадрдонлар Навоий кўчасининг ўттизинчи уйига туташ жойлашган мўъжазгина ошхонада тушлик пайти учрашиб туриш анъанамиз бор. Бу даврани Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, Дадахон Нурий, Турсунбой Адашбоевлардан бизгача давом этиб келаётган адабий мулоқот – дўстлар дийдори деб атасак ҳам бўлаверади. Иброҳим Ғофуров, Аҳмаджон Мелибоев, Ҳуршид Дўстмуҳаммад, Зухриддин Исомиддинов каби маънавиятимиз, адабиётимиз жонкуярлари ҳам шу давранинг тўрида бўлишади. Ёқубжон ака Хўжамбердиев ҳам даврамизга файз киритиб турарди. У камтарин, юмшоқкўнгил, камгап бўлсада чин сўзлайдиган, зеҳни-заковати билан барчаларимизни ҳурматимизга сазовор бўлган адиб эди.
Ҳаёти дунёнинг ўткинчи ҳавасларига истаги сустлиги билан ажралиб турадиган Ёқубжон акага замонамизнинг етук адибларию ислом уламолари ҳам эҳтиром кўрсатишар эди. У бундай мақомга қандай эришди деган саволга жавоб топгандай бўламан.
Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ўзбекзабон ижодкорлар орасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган забардаст журналист, халқимиз тақдири учун чин дилдан куйган, унинг турли йилларда йўлиққан дардларига дармон излаган, бу йўлда дармону андармон бўлиб келган устозимиз, маслакдошимиз ва акамиз Ёқубжон Хўжамбердиев ҳамиша миллат, юрт қайғусига шерик эди…
Ёқубжон ака 1947 йилнинг 15 мартида Қирғизистон Республикаси, Ўш вилоятининг Сузоқ қишлоғида туғилган. Мактабни битириб, Тошкент Давлат университети журналистика факультетининг кечки бўлимида ўқийди.
Талабалик йилларидаёқ “Тошкент оқшоми”, ”Совет Ўзбекистони”, “Ўзбекистон маданияти” газеталарида мусаҳҳиҳ бўлиб ишлайди. Ўқишни тамомлагач, “Қишлоқ ҳақиқати” газетасига мухбир бўлиб ишга ўтади. 1981 йилда “Ўзбекистон маданияти” газетаси қайта ташкил этилиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” номи билан чиқа бошлаганда ёш журналист бир рус адибининг иккита мақоласини таржима қилиб беради. Таржимадан қониққан газета муҳаррири, ёзувчи Асқад Мухтор Хўжамбердиевни газетага ишга таклиф қилади.
Кейинроқ, 1992-1996 йилларда “Ватан” газетасига бош муҳаррирлик қилди. Бу орада шоир ва ёзувчи сифатида ҳам самарали ижод қилиб ургурди. Ёқубжон Хўжамбердиевнинг 1981-87 йилларда “Зарурат”, “Ой тўлган тунлар” шеърий, “Уйда тинчи бўлсин, йигитнинг” номли публицистик мақолалар тўпламлари чоп этилган.
Ўзбек халқи бошига тушган бўхтонлардан иборат “Ўзбек иши” деб номланган жиноий иш кирдикорларини ўрганиб, 1990 йилда собиқ шўролар иттифоқи ҳали тарқамай туриб, ўзбекларга нисбатан турли бўҳтонлар ҳамон янграб турган бир пайтда Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Ўзбеклар иши” номли публицистик мақолалар тўплами қирқ беш минг нусхада чоп этилади. Бу китобда муаллиф ҳақиқий ўзбеклар иши, яъни ўзбек халқининг оғир меҳнат остида кечираётган турмуши ҳақида ҳикоя қилади.
Ёқубжон Хўжамбердиев 1990 йилда Қирғизистоннинг Жанубида рўй берган этник тўқнашувлар сабаблари ва оқибатлари ҳақида ёзган мақолалари билан ҳам кенг танилган эди.
Таржимонлик соҳасида ҳам яхшигина тажрибага эга бўлган адиб 1998 йилда Набижон Боқий билан биргаликда Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов қаламига мансуб «Чўққида қолган овчининг оҳи-зори» асарни ўзбек тилига ўгиради.
Кейинги йилларда ёзувчининг “Ойнинг ёруғ кунлари”, “Қалдирғочлар баҳорда келади” каби қиссалари ва “Сузоқнома” тарихий-бадиий асари китоб бўлиб чиқди.
Ёқубжон Хўжамбердиев кўп йиллар буюк аллома, ўз даврининг улуғ сиймоларидан бири, “Тарихи Муҳаммадий”, “Туркистон қайғуси” асарлари муаллифи Алихонтўра Соғунийнинг ҳаётини ўрганди. Соғунийнинг Ўрта Осиёда Ислом динини мустаҳкамлаш ва Туркистон халқлари озодлиги учун курашда тутган мислсиз ўрни ҳақида кўп мақолалар ёзди.
Ана шу изланишлари натижаси ўлароқ ёзувчи аввалига 2014 йилда “Соғуний соғинчи” номли қиссасини чоп эттирди. 2018 йилда эса муаллифнинг “Соғуний” деб номланган кенг кўламли роман-маноқиби дунё юзини кўрди.
Бир воқеа ёдимдан чиқмайди. Турсунбой Адашбоевнинг саксон йиллик маъракасини нишонлаш учун Ўзбекистонлик бир гуруҳ ижодкорлар Ўш шаҳрига боргандик. Тақдирнинг туҳфасини қарангки, ўшанда Эркин Маликов, Ёқубжон Хўжамбердиев билан Зуҳриддин Исомиддиновнинг укаси Аҳмадулло хожи хонадонида бир-неча кун меҳмон бўлдик. Ўзбекона меҳмондўстлик, исломий аҳлоқ нафаси уфуриб турган бу файзиёб хонадон соҳиблари бизларни жуда эъзозлаганлари ҳали-хануз ёдимда. Ўшанда тўртовимиз ярим тунгача дилдан суҳбатлашдик, ибодат қилдик, иборали қилиб айтганда, бир-бирларимизни янгидан кашф этдик. Дўстона меҳру муҳаббатимиз янада ортди.
1990-1991 йиллар ўзбек халқи ҳаётида моддий жиҳатдан анча қийин кечган бўлсада, аммо маънавият нуқтаи назаридан жуда баракали бўлган эди. Қуръони Карим маънолари уламои киром Алоуддин Мансур ҳазратлари томонидан замонавий ўзбек тилига ўгирилган эди. Ёқубжон ака Турсунбой Адашбоев хотирасига бағишлаб ўтказиладиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш ўзбек драма театридаги ижодий учрашувга Алоуддин Мансур хазратларини ҳам таклиф қилди. Узоқ йиллар орзуқиб кутган ниятим ушалди. Аллома Алоуддин Мансур хазратлари билан суҳбатлашиб, дуосини олдим. Ярим аср Ўшнинг Аравонидаги мактабларда ўзбек тили ва адабиёти фанидан муаллимлик қилган раҳматли шоир Кенжабой отам Алоуддин Мансур ҳазратларини жуда ҳам эҳтиром билан тилга олганлиги сабабидан ҳам мен учун бу танишув катта бахт эди.
Ўшанда Алоуддин Мансур билан Ёқубжон аканинг бир-бирларига жон жигардек муносабат қилганларини кўриб хайратланган эдим…
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов шундай эслайди: “Ёқубжон Хўжамбердиев хамиша адолат йўлида юрар, ростсўз унинг доимий қуроли бўлган. Миллатимизнинг хос ҳислатларини яхши кўрар, уни зўр бериб тарғиб этарди. Тошкентнинг Қорасув даҳасида йигирма йил қўшни бўлиб яшаганмиз. Қўшнилик ҳаққини муносиб адо эта олган, оқибатли ва садоқатли дўстимиздан айрилиш катта йўқотиш бўлди. У қирғиз адабиёти, Чингиз Айтматов асарларининг толмас тарғиботчиси эди. Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Усмон Аъзим, Эркин Аъзам, Мирпўлат Мирзо, Набижон Боқий каби ижодкорлар билан яқин дўст эди. Мамлакатимизнинг Қорақалпоғистонидан тортиб барча вилоятларида Ёқубжон акани қучоқ очиб кутиб оладиган минглаб мухлислари бор эди”.
– Ёқубжон аканинг бизларга меҳри айрича эди, – дейди шогирди, Судьялар олий кенгаши раисининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсунали Акбаров. – Ҳеч қачон “қолип”га солишга ҳаракат қилмас, аксинча, кулчадек хабарми ёки каттароқ мақолами, бошқача ёзишни талаб қиларди: “шундай ёзингки, жумлаларнинг ўзи муаллиф кимлигини айтиб турсин…”.
Устоз раҳбарлигида “Ватан” газетасида тўрт йилдан кўпроқ бирга ишладик. Ёш эдик, иқтидоримиздан иддао баланд эдики, уюм-уюм қовун туширсак-да, “ҳайдалиш куйи”ни чалмадик. Рост, баъзан жаҳл устида “аризамиз олинган” пайтлар бўлган, бироқ орадан икки-уч кун ўтиб, ҳузурига чорларди-да, икки-уч лалми дўқдан сўнг “ариза” кўз олдимизда пора-пора қилиниб, челакка отиларди: “қани, ишга…”.
Ёқубжон ака ўзига ўзи жазо берган Бош муҳаррир сифатида ҳам тилга тушганди. Бир куни денг, таҳририятнинг навбатдаги мажлисида, ҳаммани “обориб-олиб келди”! Газетада танқид йўқлиги, бори ҳам тош босмалиги-ю таҳрирталаблиги, саҳифалар “ғишт”дан фарқ қилмаслигини айтиб, ўринбосари-ю масъул котибни, бўлим мудири-ю техник муҳаррирни пўстагини обдон қоққач, ҳаммага “хайфсан” эълон қилди. Сўнг бироз тин олгач, “шу-унча одам яхши ишламаётган экан, демак, бунда менинг ҳам айбим бор”, деди ва мажлис баёнини қоралаб ўтирган кадрлар нозирига қаради: “Севарахон, рўйхат бошига ўзимни ёзинг!”
Эҳтимол, бу воқелик кимларгадир кулгили туюлар? Бироқ аслида ундай эмас. Устоздан кейин яна кўп бош муҳаррирлар билан ишладик. Улар орасида қилдан қийиқ ахтариб, ёш ходимини ҳайдаганини ҳам, ўзининг айбини бошқага юклаб, сувдан қуруқ чиққанини ҳам кўрдик, билдик… Ёқубжон ака бундайларнинг акси эди: холис, бағрикенг, ўта кечиримли, ёш ходимларининг хатосига ўзини қалқон қилишда ҳеч иккиланмайдиган устоз эди.
…Ёқубжон Хўжамбердиевнинг мотамсаро хонадонидамиз. Яна икки ҳафта яшаганида у етмиш беш баҳорини нишонлар эди. Парвардигоримиз ҳузуридаги Лавҳул Маҳфуз китобида тақдири баҳор келган куни бу фоний дунёдан у боқий дунёга риҳлат қилиш Ёқубжон акамизнинг пешонасига битилган экан, бу Аллоҳнинг иродаси! Марҳум адибимиз ўз китобида ёзганидек, бу йил баҳорда келадиган қалдирғочларни кўриш унга насиб қилмади.
Марҳумнинг хотирасига қилинган амри-маърифда Ёқубжон аканинг қори жияни йиғилганларга қарата шундай деди: “Ёқубжон акамиз исломий аҳлоқ билан умр кечирди, зурриёдларига китоб деган илм қолдирди. Бандалик қилиб, билиб-билмай кимнидир дилига озор етказиб қўйган бўлса, бизлар узр сўраймиз. Парвардигоро, Ёқубжон отамизнинг охирати нурга тўлсин, борган жойлари жаннат боғларидан бир боғча бўлсин! Омин…”
Таъзиядан қайтар эканмиз, ҳамрохимиз таниқли шоир Абдунаби Бойқўзиев ўзининг Ёқубжон Хўжамбердиевга атаб ёзган бахшидасини ўқиб берди.
О, болалик тонглари…
Узо-оқлардан келади.
Сулаймонтоғ, Ўш, Ўзган,
Сузоқлардан келади.
У тонгларга йўғрилиб,
Келади, бир орзулар,
Биз, орзулар қилардик,
Олисларни орзулаб…
Шу олис орзуларда,
Олис-олис кетдик биз.
Қисмат – тахти армонни
Шош сориға элтдик биз.
Болалик…
Узо-о-қларда!
Узоқла-а-р… олис энди!
Биз Шошларда қопкетдик,
Узоқлар… олис энди!..
Сузоқлар олис энди,
Сузоқлар олис энди!
Меҳрибон ота, садоқатли ёр, ишончли дўст ва ғамхўр устоз бўлган Ёқубжон ака Хўжамбердиевнинг ёрқин хотираси ҳамиша биз билан қолади.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси.
2020 йил Ўш шаҳри.