ЎШНИНГ ЁШИ НЕЧАДА? 19- суҳбат

Гарчи Ўш шаҳри хусусида IX асрдан бери турли манбаларда у ёки бу муносабат билан битилган қайдлар учраса-да, бу қадим шаҳар тарихини махсус ўрганишга фақат ХХ асрга келибгина киришилди. Унга қадар ёзилган ягона манба – XIX асрга тааллуқли бўлган “Ўш – хайрул билод” рисоласи эса юқорида кўрсатилганидек, илмийликдан узоқ, хурофот билан тўлиб тошган.

Ўш ва Ўш воҳасининг археологияси ҳақидаги дастлабки маълумотларни профессор А.Н.Бернштам ўтган асрнинг қирқинчи йилларида қўлга киритган. Ўш ҳақида яна бошқа ўнга яқин олимлар ҳам шуғулланишди.

Бироқ Ўш тарихига оид энг асосий, айтиш мумкинки, сенсацион кашфиёт Ўш тарихий-маданий музейининг илмий ходими, археолог Елена Васильевна Дружининага тааллуқли бўлди. Унинг раҳбарлигида 1976 йилда Сулаймон тоғи этакларида ўтказилган қазишмалар чоғида қадимги бир манзилгоҳга дуч келишди. Айнан Елена Васильевна Дружинина илк бора ушбу масканнинг бундан камида уч минг йил муқаддам барпо этилганини эълон қилди.

Ким билсин, ушбу дадил фараз илмий жамоатчиликнинг назарига тушмай ҳам қолар эди, зеро, ўша давр жамияти шароитида бу хилдаги кашфиётлар фақат номдор олимлар томонидан амалга оширилиши мумкин эди. Хайриятки, худди ўша вақтларда СССР Археология институти Ленинград бўлинмаси ташкил этган Фарғона экспедицияси таниқли археолог Юрий Александрович Заднепровский бошчилигида Қорасув районида тадқиқ ишларини ўтказаётган эди. Заднепровскийнинг ўзи эса эллигинчи йиллардан бошлаб Жанубий Қирғизистоннинг қадимий тарихи билан шуғулланиб келарди. Олим ўз гуруҳи билан янги очилган манзилгоҳни ўрганишга киришди. Бу қазишмалар Ўшнинг тарихи жуда қадим эканини кўрсатди ва топилган ҳар бир ашёни синчиклаб ўрганиш зарурлигини далиллади.

Юрий Заднепровский бошлиқ олимлар амалга оширган ишлар натижасида Ўшнинг уч минг йиллик тарихга эга шаҳар эканлиги бошқа тарихий топилмаларга қиёслаш ҳамда радиоуглерод таҳлиллари орқали узил-кесил исботланди.

Бу ҳақиқатни такрор қайд этишимизнинг сабаби бор. Гап шундаки, аввалги саҳифаларда Ўш шаҳри қадимда Сулаймон тоғининг шимолий тарафида жойлашгани ва сайёҳ-географ олимлар Ўш шаҳристони ва қўрғонининг ҳам айнан шу тарафда эканлигини ёзиб қолдиришгани ҳақида маълумот берган эдик. Бироқ бу ўринда бир муаммо юзага келади: Е.В. Дружинина топган ва Ю.А. Заднепровский бошлиқ олимлар синчиклаб ўрганган Ўш манзилгоҳи эса Сулаймон тоғининг жанубий (кунгай) томонида – ҳозирги жанубий қабристон ҳудудида. Бу ҳолда, кўҳна шаҳримизнинг асл ўрни қаерда бўлган, деган савол туғилиши табиий.

Бизнингча, аксар қадимги шаҳарлар сингари, Ўшнинг ўрни ҳам бир жойда муқим бўлмаган. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Аввал таъкидлаб ўтганимиздек, одамлар истиқоматгоҳи бўлган ҳар қандай жой катта бир оқар сув яқинида барпо этилади. Ўш Оқбура дарёси туфайли аҳоли турар жойи бўлиб қад ростлади. У Оқбура дарёсининг чап соҳилида бўлгани “Бобурнома”дан маълум. Аҳоли кўпайгач, шаҳар дарёнинг ўнг (шарқий) тарафига қараб ҳам кенгайган.

 Табиий-иқлимий шароит тақозосига кўра, Марказий Осиёдаги шаҳарлар аксар ҳолларда қуёшли жойларда қад ростлаган, чунки бундай ерларда қурилган уй-жой қуруқ ва иссиқ бўлади. Шунга биноан, Ўш шаҳри дастлаб Сулаймон тоғининг кунгай томонида бино бўлган бўлиши мантиққа мувофиқ. Аммо бу Оқбура дарёсининг сув ўзани шаҳар сатҳидан унча паст бўлмаган қадимги даврга хос бўлиши керак. Яъни бундан тўрт-беш минг йиллар муқаддам Оқбура дарёсининг ўзани ҳозиргидай чуқур каньон шаклида бўлмаган, дарё ўзани анча юқорида жойлашиб, суви сатҳи шаҳар билан қарийб бир хилда бўлган, аҳоли исталган жойдан экинзор ва боғларга, ҳовуз ва ариқчаларга сув ола олган. Бунинг устига, аҳоли сони ниҳоятда оз, ишлаб чиқариш қуроллари такомиллашмаган ўша кўҳна замонларда одамларнинг чуқур дарё сувини дамба билан тўсиб, каналлар қазиб сув чиқарганини тасаввур этиб бўлмайди. У даврда тоғнинг кунгай томони қуруқ, нисбатан илиқ, сув эса яқин ва яшаш учун қулайроқ бўлгани боис, Е.В.Дружинина билан Ю.А.Заднепровскийлар қазиб топган манзилгоҳ атрофида қадимги Ўш шаҳри пайдо бўлган. Сулаймон тоғининг жанубий чўққиси этагидаги Ўш манзилгоҳи ҳамда ушбу тоғнинг энг ғарбий бурчагига яқин жойлашган Чаёнтепа теварагидаги воҳада Чуст маданиятига мансуб ўттиздан ортиқ манзилгоҳ топилган. Бир жойда бунча кўп манзилгоҳнинг мавжуд бўлишига сабаб, айни ҳудудда ўта мураккаб суғориш тизимларини барпо этмай туриб ҳам деҳқончилик қилишнинг қулайлигида эди.

Ўш манзилгоҳи (2000 кв. м.) қазилганида, суйри шаклидаги ўн тўртта турар жой – ертўла топилган. Бу ертўлалар тоғ этагининг қиялиги туфайли зинапоя шаклида жойлашган ҳамда уларда жуда кўп – 200 га яқин ўра ковлангани маълум бўлди. Мазкур ўраларда дон-дун ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сақлаб келинган. Бу факт айни жойларда одамлар вақтинчалик эмас, муқим яшаганликларини, улар деҳқончилик билан шуғулланиб, ўтроқ яшаганини кўрсатадиган муҳим далилдир.

Қишлоқ у замонларда кишилар гуруҳининг ўша жойда муқим истиқомат қилганини кўрсатмайди. Чунки қишлоқ – ўз номи билан қишлоқ, яъни қишланадиган, қишни ўтказиб олинадиган макон бўлиб, одамлар баҳор, ёз ва кузда яйлоқ (яйлов)га – ёйилиб яшаш мумкин бўлган кенгликларга кўчишган. Шунинг учун ҳам Ўшда топилган уч минг йиллик маскан, гарчи бугунги куннинг андозаларидаги шаҳар тушунчасига лойиқ келмаса-да, у шаҳар – одамлар қишин-ёзин муқим истиқомат қиладиган макон эди.

Шу билан бирга, ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида амалга оширилган тадқиқотлар натижасида Сулаймон тоғи этакларида одамлар уч минг йилдан буён эмас, камида тўрт минг йилдан бери муқим яшаб келаётганликлари маълум бўлди.

Чуст маданиятига мансуб Ўш манзилгоҳи заволга юз тутганидан кейин ҳам аҳоли бу жойлардан бошқа ёққа кўчиб кетган эмас. Кейинги даврларда аҳоли бу жойда муқим яшаб келганини ҳозирги Ўш Давлат университети биносининг ўрни (тоғнинг шарқий тарафи) қазилаётган чоғда топилган ашёлар, шунингдек, бошқа бир қанча манзилгоҳлардан чиққан буюмлар далолат беради. Бу далиллар шаҳар кейинчалик тоғнинг шарқий томонига, янада кейинроқ эса шимолий томонига кўчиб ўтганини кўрсатди.

Ўш шаҳри билан Моди қишлоғи орасидаги бир тепалик ёнидан ўтказилган ариқ ўзани 2-2,5 метрлар чамаси ўйилиб кетган, суви қуриган чоғларда унинг тубида минг-минг сопол парчалари қалашиб ётар эди. Бу сопол парчалари орасида қўлда ясалганлари билан бирга, кулол дастгоҳида ишланганлари ҳам, сир билан гул солинган, айниқса, яшил-ҳаворанг тусга бўялган сопол парчалари айниқса, кўп эди. Бу эса шу жойда яшаган аҳоли орасида бундан камида икки минг йил илгари ҳам ҳунармандчилик, жумладан, кулоллик анча тараққий этганини кўрсатади.

X-XII асрларга тааллуқли археологик ашёлар Оқбура дарёсининг ўнг тарафидан ҳам топилган.

940-941 йилларда Сулаймон тоғининг баланд бир қоясига ҳукмдор Наср ибн Аҳмаднинг номи туширилган бир лавҳа Ўш ҳақидаги дастлабки ҳужжатли ёдгорлик ҳисобланади. Афсуски, Фарғона водийсининг қадимги тарихи тадқиқотчиси, Петербурглик профессор Н.И.Веселовскийнинг 1885 йилдаги тадқиқотидан кейин бу ҳужжат билан ҳеч ким шуғуллангани йўқ. Ушбу ёзув ниҳоятда хиралашиб кетган бўлса-да, ҳозир ҳам мавжуд. Ўшдан топилган тангалар тадқиқоти эса бу шаҳарнинг ўз зарбхонаси бўлганини кўрсатди. 1002-1003 йилларда зарб қилинган тангаларга қорахонийлар сулоласига мансуб ҳукмдорлар номи туширилган.

Бизга қадар сақланиб қолган тангалар, ҳар хил материал ҳамда буюмлардаги ёзувлар ва археологик ҳужжатларнинг шоҳидлик беришича, Ўш IX-XII асрларда Сомонийлар ва Қорахонийлар давлати таркибига кирган Фарғона водийсидаги йирик иқтисодий, савдо ва маданият маркази бўлган. Айнан шу даврга келиб Ўш бирмунча кенгайиб, катталиги жиҳатидан X-XV асрларда Фарғона водийсидаги учинчи шаҳарга айланди. Бу ердан дунёга машҳур олиму фозиллар етишиб чиқди.

Аммо XIII аср охирларида мўғул босқинчиларининг лашкарлари йўлида учраган дастлабки шаҳарларидан бўлган Ўш аёвсиз талон-торожга учради ва ёндирилди. Чингизхоннинг вайронкор қўшинлари Фарғона водийси ва ҳозирги Жанубий Қирғизистон ҳаётида ҳам ўта ёмон из қолдирган. Уларнинг XIII аср аввалидаги истилосидан сўнг шаҳар ва қишлоқлар қирғинбаротга учради. IX-XII асрлардаги тарихчилар ҳозирги Фарғона водийси ҳудудида қирққа яқин шаҳар (улар жумласига Ўш ҳам киради) ва йирик қасабаларни санаб ўтган бўлсалар, XV асрга мансуб манбаларда қайд этилган жой номларининг саноғи ўнга ҳам етмайди. Ўш шаҳри, гарчи талон-торож этилиб, ёндирилган бўлса ҳам, ер юзидан батамом супурилиб кетмагани боис, аҳён-аҳёнда мазкур манбаларда тилга олинади.

Орадан бир ярим аср ўтганидан сўнг Ўш Амир Темур фармони билан шаҳар сифатида қайта тикланди. Ўшда қадимги даврларга тааллуқли меъморий ёдгорликлар сақланиб қолмаганининг асосий сабаби ана шу XIII асрдаги мўғул босқини бўлса керак.

Темурийлар замони ўтганидан сўнг Марказий Осиёда бошланиб кетган маҳаллий ҳукмдорларнинг ўзаро қарама-қаршиликлари, тинимсиз уруш ҳамда можаролар мазкур минтақани оғир иқтисодий ва ижтимоий бўҳронга солди. Ишлаб чиқаришнинг ривожланмай қолганлиги, халқ оммасининг дунёвий илмлардан янада четлашгани ва ҳоказо сабаблар туфайли бутун Марказий Осиёда, жумладан, ҳозирги Жанубий Қирғизистон ҳудудида қарийб икки аср давомида айтарли катта тарихий ўзгаришлар юз бермади. Фақат XVIII аср бошида ташкил топган Қўқон хонлиги даврига келибгина Фарғона водийси, шунингдек, ҳозирги Жанубий Қирғизистонда марказий ҳокимият бирмунча ўзини кўрсатди, ҳудуди кенгайиб, мавқеи ортиб бораётган бу хонлик ҳозирги Шимолий Қирғизистон, шунингдек, ҳозирги Қозоғистон ҳудудида бир қанча қалъалар қуриш ҳисобига Россия томонидан келиши мумкин бўлган хавф-хатарнинг олдини олишга интилди. Бироқ фурсат бой берилган, иқтисодий ва ҳарбий қолоқлик боис, бу юрт келажакда мазлум бўлишга маҳкум этилган эди.

Қўқон хонлиги аҳолининг саводини чиқариш, ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун имкони даражасида ҳаракат қилгани маълум. Жумладан, ҳозирги Жанубий Қирғизистон ҳудудида юзлаб диний мактаблар, ўнлаб мадрасалар очилган. Шўро даврида “қирғизлар инқилобга қадар саводсиз эди, уларда ҳатто миллий ёзув ҳам Октябрь инқилоби шарофати билан пайдо бўлган”, деб уқтирилар ва бу чўпчак, бу уйдирма қарийб аксиома тусини олган эди. Ҳолбуки, айни пайтда, агар шундай бўлса, Мўлда Қилич сингари ўндан ортиқ ёзгич адиблар қаёқдан пайдо бўлганди, деган саволнинг жавоби ҳам йўқ эди. Қирғиз ёзма адабиётининг дастлабки вакиллари ўзбек ва татар

(ХХ аср бошидаги Ўш бозорининг бир қисми)

 

муллаларидан савод чиқаришган, сабоқ олишгани илмий манбаларда кўп бор далилланган. Асрлар давомида нафақат ёнма-ён, балки аралаш яшаб, бирга истиқомат қилиб келган, нафақат бозори, ҳатто ўлса мозори ҳам бир бўлган қардош халқлар орасидаги алоқадорлик бундан бошқача бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Азиз дўстлар!

 

Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.