“С Ў З    Қ И С М А Т И” китобидан

Зуҳриддин Исомиддинов 

Шундай китоб ёзилишини орзу қиламан. Унинг номи Сўзнинг қисмати бўлса. Она тилимиздаги сўзларнинг узоқ босиб ўтган йўллари, бошдан кечирганлари, зафар ва мағлубиятлари, гоҳ шуҳрат топиб, гоҳ унут бўлишлари, камолу заволлари тасвир этилса… 

Эркин Воҳидов

 Улуғ шоиримизнинг бу тилагини ўринлатиш катта, улуғ вазифа. Уни ҳеч бир муаллиф уддалай олмайди, тадқиқи эса ўнлаб китобга ҳам сиғмайди.

Шунинг учун ҳам, топган гул келтирар, топмаган бир бош пиёз, деганларидек, айрим қарашларимни Сиз азиз китобхонлар билан ўртоқлашмоқчи бўлдим. Бошқалар ҳам билганини ўртага ташласа, шу тарзда бўлса ҳам йиғилиб, пировардида бир нима ҳосил бўлар.

ЎЗБЕКНИНГ БИРИНЧИ КАЛОМИ

Сўз боши – ассалом, дейдилар. Одамлар орасидаги барча лафзу калом шундан бошланади. Лафзимизни тозалашга киришар эканмиз, буни шу илиқ каломдан, саломлашиш одобидан бошласак, тўғри бўлади, албатта. Чунки тилимиздаги барча сўзларнинг онабошиси саломдир.

 

“Ассалому алайкум” калимаси, гарчи араб тилидан кириб келган бўлса-да, ҳозир арабларнинг ўзида ҳам у биздагидай кўп ва кенг қўлланмайди. Шунингдек, исломий бошқа кўп халқлар ҳам “эрталабки салом”, “хайрли оқшом” сингари калималарни кўпроқ истифода этадилар. Бу тарзда омонлашиш бир қанча туркий халқларда ҳам етакчилик қилишини назарда тутсак, “Ассалому алайкум”ни кундалик ҳаётда энг кўп қўллайдиган – биз ўзбеклар бўлиб чиқамиз. Ўзбек ким билан, қандай шароитда учрашмасин, оғиз очиб айтадиган илк сўзи “Ассалому алайкум!” бўлади.

Бизда салом – меҳр-оқибат, кўнгил яқинлик белгиси. Шунинг учун ҳам бир-биримизга ёзган мактубларимиз асосан салом айтиш ва ҳол сўрашдан иборат. Аскар болаларнинг уйга ёзган хатлари ҳам “Саломнома”, “Салом мактуби” деб номланади, бу ҳам ўзбек халқига хос меҳр-оқибатнинг, жигаржонликнинг гўзал бир тажассуми.

Аммо шундай йиллар бўлдики, “Ассалому алайкум” диний калима деб баҳоланиб, бир тоқа сўз – “Салом!”га келтирилди (русларнинг “Привет”, “Здравствуйте” деб саломлашишидан улги олдик). Мактабда дарсга кирган ўқитувчи “Салом, болалар!” деб дарсини бошларди. Тинимсиз тарғибот натижасида одамлар кундалик турмушда ҳам, кинода ҳам, китобда ҳам фақат “Салом!” деб кўришишлари шарт бўлиб қолган эди. “Ассалому алайкум” ёлғизлатилиб, “салом” билан кифояланилган даврда умуман ўзбек тилининг бошқа сўз ва ифода бойликлари ҳам ҳам шунга мос даражада ғариблашди. Ана шу жиҳатдан “Ассалому алайкум”ни тилимизнинг бир кўзгуси деса ҳам бўлади – ўзбек тилининг қадри, мавқеи бу азиз калиманинг мақоми билан баравар тикланиб борди.

Хўш, ҳаммага яхши маълум бу гапларни нега эслаяпмиз? Гап шундаки, кейинги беш-ўн йил ичида баъзи ўзга халқ вакиллари ҳақида гап кетганда, “шу юртда йигирма-ўттиз йиллаб яшадилар, аммо ўзбек тилида лоақал бир оғиз саломлашишни ҳам ўрганмадилар” қабилида дашномлар, таъналар кўп айтилди. Бу-ку, ҳақ, аммо ўзларимиз ана шу салом-алик қоидасини қанчалик эгаллаганмиз? Гап шу ҳақда.

Ўзбекларда саломлашиш ва кўришиш бир лаҳзада ўтиб кетадиган шунчаки мулоқот олди бир нарса эмас. Унда кишиларнинг ўзаро муносабатлари, муомала одоби, ёши, ҳаттоки мавқеи, акс этади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур кимнинг ким билан қандай тарзда кўришганига синчиклаб эътибор бериб (отдан тушиб, ё тушмасдан, неча марта юкуниб, ё юкунмай, ер ўпиб, неча бор таъзим қилиб,…), “Бобурнома”да буларни таъкидлаб кўрсатган. Албатта, ҳозирги ҳурлик, тенг ҳуқуқлилик замонида ер ўпиб ё юкуниб кўришишга эҳтиёж йўқ, аммо лозим ўринларда таъзим билан, ўзи ва ўзганинг иззатини жойига қўйиб кўришиш ҳамиша қадрланади.

“Ўтган кунлар”да Кумушнинг Юсуфбек ҳожи хонадонига келганидаги кўришув маросимини эсланг. Кумуш қайин онаси Ўзбек ойим билан кўришганида паранжисини ерга ташлаб, югуриб бориб ўзини Ўзбек ойимнинг қучоғига ташлайди, қайин отаси Юсуфбек ҳожига эса уялибгина салом беради (Юсуфбек ҳожи эса унинг манглайига текизиб олган ўз қўлини ўпади), Зайнаб икковлари озорсизгина кўришадилар… Бу кўришишларнинг ҳар бири алоҳида ва ўзига хос, уларнинг ҳар бирида Шарқимизнинг бир дунё маъно англатишга қодир этикети мужассамлашган.

Ҳозир баъзи бир келинларнинг қайин отасига ҳам ҳеч ийманмай қўл бериб кўришишларини, ҳатто риоя-андиша издан чиққан баъзи “замонавий” оилаларда бўлса кўришганлари шарафига қадаҳ чўқиштириб шампан ичишларини эсласак, орадаги тафовут ер билан осмонча бўлиб кетганини кўрамиз. Эллик йилда эл янгиланади, деганларидай, бизнинг яқин ўтмишдаги байналмилаллашув тарихимиз ана шунга олиб келди. Аммо Кумуш – ўзбек қизлари учун бир идеал, гўзал хулқу ҳаёнинг намунаси бўлар экан, ойим қизларимиз ҳар бир хатти-ҳаракатда “шу ўринда Кумуш нима қилган бўлар эди”, деган андишадан келиб чиқиб иш тутсалар, айни муддао бўлар эди.

Неча юз йиллар мобайнида синалиб, урфга айланган расму қоидаларимиз, маънавий қадриятларимиз бор, уларга сўнгги бир аср давомида йўл берилмай келган бўлса-да, тамом унутилиб ҳам кетмаган. Ана шулардан бири тавоф қилиб кўришишдир. Бунда аёл киши ўзидан ёши катта эркак қариндоши билан узоқ вақтдан сўнг кўришган чоғида унинг бир елкасини икки кафти билан силаб тушиб, қўлларини юзига суртади.

Балким бу айримларга ҳозир эриш туйилар, бироқ мушфиқ оналаримизнинг ёш гўдакни суйиб, юзидан ўпиб қўйишлари, бола улғайгач унинг пешонасидан ўпиб, ё бўлмаса елкасига – қоқиб сўрашишлари нечоғлиқ ёқимли бўлса, рўзғор тутган қизларимиз улуғ ёшли эркак қариндоши ёки қайин ота ва қайин оғалари билан кўришган чоғида эҳтиром билдириб тавоф қилишлари шунчалар табиий ва тўғри бўлади.

Албатта, ҳар бир одамнинг қўлидан ушлаб, бошига муштлаб, “саломни бундай беришинг шарт”, дейиш мумкин эмас, ҳожати ҳам йўқ – ҳар кимнинг ихтиёри. Аммо бутун эл-юртнинг кўзида турадиган, ўз маънавияти билан унга ибрат бўладиган биродарларимизга баъзи эътирозларни мулоҳаза тариқасида айтиб ўтсак.

“Ассалому алайкум”нинг ўзи аввало камтарлик нишонаси – такаббур киши бировга салом бермайди. Шундай экан, ҳар тонгда хонадонимизни алвон нурга тўлдирадиган “Ассалом, Ўзбекистон!” кўрсатувидаги баъзи сухандон аёлларнинг оёқ чалмаштириб ўтиришлари, ҳатто шу алпозда ўз ҳамсуҳбати билан савол-жавоб қилишлари, менимча, бироз эриш. Чунки биров сизга салом бераётган бўлса-ю, ўзи оёғини чалмаштириб ўтирган бўлса… Бошқа халқларда қанақа бўлса, ўзига сийлов, аммо бизларда бу беписандликни билдиради, шу ҳолда тилга олинган “Ассалому алайкум”нинг маъноси ҳам йўқ.

Яна бир гап. Ҳозир кўча-кўйдами, ишхона йўлагидами, ишқилиб бирон танишингиз билан саломлашсангиз, ёки нотаниш бировга салом берсангиз, эвазига “Ваалайкум ассалом!” ўрнига худди ўзингизникини қайтариб бергандай, “Ассалом алайкум!” ёки “Саломалайкум!” деб жавоб қайтарадиганлар кўпайган. Алик ўрнига саломнинг ўзи қайтиб келса, ўрганмаган одамга худди саломи қабул бўлмагандай туйилади. Аслида, бу бизда ўрисчага тақлидан пайдо бўлган: улар “Здравствуйте!”га жавобан “Здравствуйте!” деб, “Доброе утро!”га “Доброе утро!”, деб алик қайтаришади. Шу тариқа, “Добрий день!”га “Добрий день!”, “Добрий вечер!”га “Добрий вечер!”, “Привет!”га эса “Привет!” дегани алик ўрнига ўтади. Русча мактабни битирган, русча ўйлаб, ўзбекча сўйлайдиган аксар ёшлар саломнинг алиги ҳам ўшанақа тартибда бўлса керак, деб фикрлаб, алик олади. Таажжубки, янглиш тасаввур асосида юзага келган бу ҳолат оммалашиб, ғалат-и машҳурга айланаяпти, тили сиз билан биздан бурро одамлар ҳам бу ҳурмат белгиси бўлса керак, деган мулоҳаза билан шунақа “алик” оладиган бўлишган. Саломнинг жавоби аликдир, алик олмоқ эса такаббурликдан эмас, одобдан нишона.

Саломлашиш ва кўриниш миллий тийнат (менталитет)нинг муҳим белгиси бўлар экан, аслан бир бутун ва истиқлол туфайли алоҳида давлатга эга бўлиб, янада жипслашаётган ўзбек элининг бу борадаги энг гўзал удумларини жамлашимиз, оммалаштиришимиз айни муддао бўлар эди.

Масалан, саломлашиш асносида қўл бериб кўришишни олиб қарайлик. Бу масалада баъзи олимлар, қадим замонларда ибтидоий одам рўпарасидан келган кишига нисбатан ёмон ниятда эмаслигини англатиш учун кафтини очиб кўрсатиб, унда тош ёки тиғ йўқлигини билдирган, сўнг улар кафтларини бирлаштиришган, саломлашганда қўл бериш одати шундан қолган, деб талқин этадилар. Бу гап рост бўлса, бу одат аллақачон қолиб кетган бўларди, албатта. Бизнингча, қўл бериб кўришиш одатининг бошқа асослироқ сабаби бор – шифокорлар айтадики, одамнинг қўл кафтида ҳам худди оёқ кафтида бўлгани каби, бир талай асаб нуқталари жойлашган, қўл қисиб кўришганда биз ўша нуқталарни қўзғатиб, биродаримизнинг кайфиятини кўтарамиз, ўзимизга мойил этамиз.

Шундай экан, қўл бериб саломлашиш фақат иккала киши истаганидагина жоиз, йўқса, ҳурмат билан берилган салом ва унинг алиги кифоя. Замонавий психологлар ҳам қўл ушлаб кўришиш ўзга бир одамнинг аурасига ёриб киришдир, у киши кайфиятини нафақат кўтариши, балки тушириши ҳам мумкин, деб ҳисоблайдилар. Хусусан уй тўла меҳмонлар ҳузурига хонадон соҳибининг тирмизак ўғли кириб, бирма-бир қўл беришиб кўришиб чиқиши кабилар жилла ўринли эмас. Бу меҳмонларга ҳурматдан бўлмайди.

Теранроқ мулоҳаза қилиб кўрсак, халқимизда болага адаб-одобни, муомалани ўргатишнинг бутун бир тизими шаклланганига шоҳид бўламиз. ёлғиз кишининг кўпчиликка, кичикнинг каттага, юриб борувчининг ўтирган кишига, отлиқнинг пиёдага салом бериши, икки киши ўзаро кўришганида эса сарбаст юриб бориб, ё бир қўллаб (иккинчи қўл – кўкракда) ёки қўшқўллаб кўришиш, бунда орада камида бир киши сиққулик масофа қолдирган ҳолда ўзаро самимий табассум билан боқиб омонлашиш бизларга хос.

Бизда саломлашиш, одатда, сўрашиш билан бирга кечади, одамлар ўзаро кўришган чоғларида бир-биридан аввало сиҳати, аҳвол-руҳияси, қолаверса яқинлари (ота-онаси, бола-чақаси ва ҳоказо)нинг тинч-омонлигини ҳам бафуржа сўраб омонлашади.

Аммо кейинги даврларда йигитлар орасида ҳам, қизлар орасида ҳам ғалати-ғалати кўришишлар расм бўлиб келаётибди. Эркакларнинг қўл бериб кўришиш чоғида баъзи шарқ халқлари вакили сингари юзларини ҳам юзларига тегизиб қўйишлари ёки қучоқлашиб ўпишишлари, ё бўлмаса кечагина кўришган қиз-жувонларнинг бугун ҳам “мода” мажбуриятига кўра маълум саноқлар билан тағин чўлпиллатиб ўпишиши – булар бачкана, бегона, ортиқча… Бу борада қулоғингизга бир гап: ҳар жувоннинг юзида ўз эрининг – бошқаларга номаҳрам бир эркакнинг нафаси бўлади дейдилар, бу нафасни бошқа аёлларнинг туйиши дуруст эмас.

Айрим гўшаларда бу таомил шу қадар шаклланганки, салом – кичикдан ва алик – каттадан, аммо сўрашиш каттадан бошланади ва катта сўрашиб бўлганидан кейин, ўша кичик одам камтарлик ва ҳурмат юзасидан каттадан бир қатла орттириброқ ҳол-аҳвол сўраб чиқади. Шунинг учун нотаниш тенгқурлар қўл бериб кўришиб бўлишгач, бири иккинчисидан “Сўранг” (яъни, Сиз улуғроқсиз), униси эса “Йўқ, сиздан бўлсин” (Сиздан аввал сўрашсам, беҳурматлик қилган бўламан) деб камтарлик қиладилар. Нега шунақа? Боиси шуки, катта ёшли одамнинг сўрашишга ўша топда вақти ёки ҳафсаласи бўлмаслиги ҳам мумкин, ким билади, балки каттанинг сўрашиш учун оғиз очмаслиги ўзи ҳам кичикнинг қайсидир бир қилмиши учун танбеҳ ўрнига ўтар… Ҳарҳолда, кичик ёшли одамнинг сўрашишни бошлаши унинг маҳмаданалигини ёки ўзини катта тутишини кўрсатади.

Аммо саломлашиш борасида ҳам ислоҳталаб жиҳатлар бордай. Чунончи, мактаб ё институтда ўқитувчи синфхонага кириб келса, гуруҳ раҳбари ҳаммани огоҳлантириб, “Ҳурмат!” деб бақиради. Ана шундан сўнг ҳамма хор тарзида “Ассалому алайкум!” деб садо чиқаради, муаллим алик олади. Бундай олганда, кичиклар каттага салом бераётгандай. Шундайку-я, аммо аслида ўқитувчи (бир киши) болаларга (кўпчиликка) салом бериши унга қараганда муҳимроқ. Бу масалада аввалги тартибга қайтиш тўғри бўлади.

Энди, айрим опахонларимизнинг кўча-кўйда, бирон йиғинда ёки автобусда кўришиб қолган чоғларидаги азбаройи “ким ўзарга” сўрашишларини қаранг. Бунда кўпинча сўралаётган кимсанинг аҳволига сўраётган одам мутлақо қизиқмайди, айтайлик, “Абдували эсон-омон юриптими?” деб сўраса-ю, сиз Абдувалининг чет элга ўқишга кетганини айтмоқчи бўлсангиз, овора бўласиз – кеннойи бу орада Муҳаммадалининг, Моҳира опанинг, Лола қизу қайнотангизни пайдарпай сўраётган бўлади.

Буям ҳолва. Бир танишимизнинг қизи келин бўлиб тушган хонадонда антиқа таомил расм экан. Телефон жиринглаб қолса, албатта уни келинпошша олиб жавоб бериши, қўнғироқ қилувчи қариндошлардан бўлса, ўша оиладаги одамларни номма-ном айтиб ҳол сўраши, пировардида ҳар бирига бирма-бир салом айтиб қўйишни тайинлаши керак экан. Бу хонадонга тушганига ҳали бир ой ҳам тўлмаган, куёв томоннинг ўнлаб оилалардаги қариндошларини ҳали кўриб-таниб олишга улгурмаган ёш келинчак гоҳо тутилиб қолса, ё янглишиб, бошқа оиладаги одамлардан биронтасининг номини тутиб сўраса, қайнонасидан эшитадиганини эшитиши нақд экан. “Ойижон, кечиринг, айб менда, билмай чалкаштириб юборибман” деса, яна балога қолади (“Нега янглиштирасиз, ахир ман сизга хаммалигини бир-бир этиб берувдим-ку!”). Келин бечора, ноилож бир “шпаргалка дафтар” тутиб, унга қуда томоннинг ҳамма вакиллари номини ёзиб олиб, то дурустроқ таниб-билиб олгунича беш-олти ой телефонда ҳалиги матоҳнинг керакли саҳифасини ўқиб, ҳол сўраб юрган экан… Бундай номига сўрашиш самимий эмаслигидан ташқари, ўртадаги бор-йўқ самимиятни ҳам супуриб ташлайди.

Ўзбекларда саломга, кимнинг қачон, қандай жойда, қандай ҳолатда салом бериши кабиларга қаттиқ эътибор қилинади. Ҳатто энди тили чиқиб келаётган гўдагининг чулдираб берган беҳисоб саволларига жавоб қайтаришга эринадиган одамлар ҳам фарзандига саломлашишни ўргатишга вақтини сира аямайди. Кундалик турмушнинг ўзидагина эмас, балки болаларнинг дил тубига жо бўлиб кетган ўнлаб ўзбек эртакларида ҳам салом беришга даъват мужассам: Зумрад қизнинг саломи ёлғиз яшайдиган мунис сеҳргар онахоннинг кўнглини юмшатиб, яхшиликлар эшигини очади, ботир боланинг саломга эса ҳатто девлар ва ялмоғизлар ҳам алик олиб, “Саломинг бўлмаганида, икки ямлаб бир ютар эдим” дейди…

Аслимизга, ўзлигимизга қайтмоқчимиз, асл миллий анъаналаримизни тиклашни дастурий йўл деб танлаганмиз. Буни ҳозир, шу кунларда амалга оширишимиз керак. Қанча пайсалга солинса, шунча кеч бўлади.

Зуҳриддин Исомиддинов

                                 “С Ў З   Қ И С М А Т И”

китобидан