РАҲИМЖОН АЛИ(Раҳимжон Алижон ўғли)..♫

1993 йил 25 январда Ўш вилояти, Қорасув туманидаги Қизилмеҳнат қишлоғида туғилган.

2004 йилда илк шеъри «Ўш садоси» газетасида чоп этилган;

2010 йилда ўрта мактабни тамомлаган;

2008-2010 йиллар «Ахборот» газетасида мухбир бўлиб ишлаган;

2013-2017 йиллар Қирғиз-ўзбек университети инглиз ва немис тили йўналиши бакалавриатини тамомлаган;

2012-2018 йиллар «Ўш садоси» рўзномаси, «Ынтымак» ТВда мухбир ва диктор бўлиб ишлаган;

2015 йилда илк китоби — «Икки жаҳон қуёши. Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам ҳақларида гўзал мақтовлар» китоби чоп этилган. Бу китобга марҳум устоз Тоҳир Малик сўзбоши ёзган;

2017 йилда биринчи шеърий тўплами – «Озод қушлар» чоп этилган;

2019 йилда «Шамс» нашриётини таъсис этган;

Таржима қилган китоблари:

– «Сунани Термизий» тўлиқ барча ҳадислари;

– Имом Суютий. «Қуръон энциклопедияси» 2 жилдли китоблари.

Унинг лойиҳаси доирасида чоп этилган ва этилажак китоблар:

  • «Ислом умматининг 100 буюк шахси»
  • «Барбароссанинг 101 сири»
  • «Муҳаммад алайҳиссалом мадрасалари»
  • «Саҳобалар мадрасаси»
  • «Пайғамбарлар мадрасаси»
  • «Бахт формуласи»
  • «Риёзус солиҳин”нинг шарҳи (8 жилд)

шунингдек, болалар учун бир қанча китоблар.

Бугунги кунда у «Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги сўзма-сўз маънолар таржимаси» устида иш олиб боряпти. Яқин орада бу ўзбек халқи учун ажойиб туҳфа бўлади, деган умиддамиз.

Қуйида ёш шоир Раҳимжон Алининг шеърларидан намуналар эълон қиламиз.

*     *     *

Гуллар алдаб қўяди бизни,

Жилоси-ю, ифори билан.

Ишонтиргач –

сўлиб, қовжираб

Ташлаб кетар озори билан.

 

Гуллар гўзал, алдар шубҳасиз,

Ниш тўлдириб турар бағрини,

Лек тиконлар ошкора жасур,

Беркитмасдан очар қаҳрини.

 

Узоқ йиллар кечса ҳам билгин,

У аслидай боқади сенга.

Шунинг учун айёр гуллардан,

Мард тиконлар ёқади менга!

 

2015 йил

***

Қўлингни бер –

Чўққилар бағрига чопамиз,

Юксакка талпинган қирлардан,

Навқирон тонгларни топамиз.

 

Қўлингни бер –

Умримиз гуллайди яқинда,

Қўрқмагин –

Биз ҳатто қодирмиз

Атиргул ясашга чақиндан.

 

Қўлингни бер –

Зулматнинг кўзларин ўямиз,

Юксакда тонгларнинг мавжини

Юракка оқизиб қўямиз…

 

Қўлингни бер…

 

2013 йил

ЎЗИМГА

Куч керак –

Ғафлат мозоридан тирилмоқ учун,

Маккор туйғулардан сурилмоқ учун,

Юракни лаҳаддан суғурмоқ учун –

Куч керак…

Куч керак –

Токим бу нафаслар оловга дўнсин,

Оловқалб арслонлар ўкириб қўйсин,

Ялдо карвонини чўктириб қўйсин –

Куч керак…

 

Куч керак –

Қайсар кўзларингни очмоғинг учун,

Бўғзингдан сиртмоқни ечмоғинг учун,

Ўлимни асалдай ичмоғинг учун –

Куч керак…

 

Куч керак –

Беҳуда умрни ямламоқликка,

Нишон тақмас жангни англамоқликка,

Курашда ўзингни танламоқликка –

Куч керак…

 

2013 йил

ИБРОҲИМ АДҲАМ

(қуддиса сирруҳу)

Шамолар солиб сурон,

Тож-тахтлар ағдарилди.

Малаклар қолиб ҳайрон,

Дунёлар сарғарилди.

Нелар бўлмоқда, ё Ҳу?

Аслига қайтди бир қул!

 

Чорласа Мавлом агар,

Кийиклар тилга киргай.

Кўксингда мангу ханжар –

Муҳаббат тилкалагай.

Юрак безовта нуқул,

Аслига қайтди бир қул!

 

…Самолар самъо тушар,

Отиб солдим дунёни

Гул-у гиёҳлар билан,

Зикрин айтдим Худони.

Ҳар онимда минг шукр,

Ўзингга хокисор қул!

 

Йўл узоқми ё яқин,

Ҳеч нарсани билмайман.

Таваккулим – тулпорим,

Тулпоримни йитмайман.

Ҳаққа қараб чоп, югур

Ўзингга шайланди қул!

 

Манзил ажиб ғавғодир,

На ўнгу, сўл чизилган.

Висолингнинг йўлида,

Саккиз жаннат тизилган.

Аларни йўлдан супур,

Ўзингга шайдо бу қул!

 

Ё Аллоҳу ё Ҳу!

Аслига қайтди бир қул!

***

Бу дунёда маломат –

У дунёда ҳаловат.

 

Бу дунёда ниқоблар –

У дунёда иқоблар.

 

Бу дунёда тишлар мум,

У дунёда табассум.

 

Бу дунёда озорлар,

У дунёда ҳузурлар.

 

Бу дунёда экилгай,

У дунёда етилгай.

 

Бу дунёда тиконзор,

У дунёда «бананзор».

 

Бу дунёда итлар кўп,

У дунёда отлар кўп.

 

Бу дунёда сотгаймиз,

У дунёда топгаймиз.

 

Бу дунёда ёзу қиш,

У дунёда йўқ ташвиш.

 

Бу дунёда бир кафан,

У дунёда чин Ватан!

 

***

Ҳар нафасим – Сенга кетган йўл,

Ҳар нафасим – отилган одим.

Юрагимни тилкалайверар,

Яшолмаган миллион ҳаётим!

 

Ҳатто қақтус гуллади қара,

Тош бағридан сув оқар масрур.

Ҳар нафасим – умрларга тенг,

Янчиб кетдим уларни, афсус.

 

Ўй сураман фано даштида,

Ич-ичимда бир туйғу оғрир.

Амалларим ҳисобларидан,

Нафасларим сўроғи оғир…

Одилжон Дадажонов