ПАЙFОМЛАР  ТАРИХНИНГ  САРВАРАFИДИР

Азиз ватандошлар!

 

Ушбу ёзганларимиз 2001 йил бошида Тошкентда чоп этиладиган “Ҳуррият” газетасининг 4-январь сонида босилиб чиққан эди. Ўшанга ҳам, мана, шу кунларда йигирма икки йил бўпти. Бироқ унда ўртага қўйилган масала ҳали-ҳамон кун тартибидан тушмай келяпти. Яъники, ҳар йилнинг охирида бир тоифа ўта мутаассиб диндошларимиз Янги йил байрамини нишонлаш тугул, ҳатто ана шу сўзнинг ўзига ҳам қарши чиқишади. Мен ҳам, бир фикр эгаси сифатида, шу асримизнинг бошида айни масалага муносабат билдириб чиққан эдим. Марҳамат, ўқиб кўринг. Фикр-муносабат билдирсангиз, хурсанд бўламиз.

Зуҳриддин Исомиддинов

ПАЙFОМЛАР  ТАРИХНИНГ  САРВАРАFИДИР

 

(ўйлар)

 

Мақсуд Шайхзода бир шеърида замоннинг тез ўтишига файласуфона назар солиб, шундай деганди:

 

Йиллар ўтар:

Душанба, сешанба, чоршанба каби…

*     *     *

ХХ аср ўзи тезкор бўлгани устига, унинг охирги йиллари, сўнгги ойлари, пировард ҳафта ва кунлари янада шиддат билан ўтиб, замонамиз, мана, XXI асрга ҳам кириб келаяпти.

XXI аср! Қандай бўларкин у?

Дунё одамлари бу асрга – ирқлари, динлари, миллатлари, дунёқарашлари, эътиқоди ва эътимоди алвон бўлганига қарамасдан, боз, ҳар битта одамнинг ўзи бир олам каби турфа бўлганлигига қарамасдан, баайни бир жону бир тан каби, бир хил хавотир, ўхшаш интиқлик, некбинлик ва бир дунё орзу билан кириб келдилар. Шундан бўлса керак, айни сана арафасида кўп давлат раҳбарлари, бош вазирлар, машҳур сиёсат арбоблари, жамиятшунос олимлар асарлар битдилар. Уларда ҳозирги даврнинг умумбашарий муаммолари, минтақа ва мамлакатнинг чирсиллаб турган масалалари талқин этилиб, ечиш йўллари, дастурлар баён қилинди. Токи, ХХ асрнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий муаммолари янги юз йилликка мерос бўлиб ўтмасин, токи, бу аср эзгулик ва тараққиёт овони, осойишталик, яратувчилик замони бўлсин.

Ҳар бир одам каби, бутун кишилик жамияти ҳам эртанги кунига қизиқади, истиқболдан умид қилади. Тарихнинг яна бир саҳифаси ўқиб бўлинди, ёпилди ва янгиси очилди. Азал котиби унга нималарни ёзганийкин?

*     *     *

Бу йил Исо алайҳиссалом таваллудига 2000 йил тўлди. Юртимизда юз-юз эллик йилдан бери қўлланиб келаётган тақвим ана шу тарихдан бошланган. Хўш, нима учун айнан – шу санадан? Чунончи, Искандар Зулқарнайн каби, Юлий Цезар каби бирон машҳур жаҳонгирнинг энг катта муҳорабаси куни эмас, уларнинг туғилган ё ўлган вақтидан эмас, ё бўлмаса бирон машҳур воқеа, чунончи Америка қитъаси кашф этилгани, ёинки бирон даҳшатли зилзила, тўфон балоси ёки қуёш тутилгани каби табиат ҳодисалари юз берган йилдан ҳам эмас, айнан Исо пайғамбар ҳаётидан?

Қизиғи шундаки, бир европаликлар эмас, худди шартлашиб олинганидай, бошқа халқлар ҳам ўз тарихини, масалан, Хеопс эҳроми қуриб битказилган сана сингари машҳур воқеалардан эмас,  айни  п а й ғ а м б а р  ҳаёти билан боғлаганлар. Чунончи яҳудийларда тарих Мусо алайҳиссалом таваллудидан бошланган, шунинг учун ҳам  ҳозир Исроил Давлатида 5760 йил кечаяпти, Ислом мамлакатлари эса яқинда 1422 ҳижрий йилга кириб келади. Қизиқ-да, нима сабабдан бошқа ҳеч ким ва ҳеч нима эмас, пайғамбарлар ҳаёти тарихга сарварақ бўлади? Бунинг боиси не бўлсайкин?..

*     *     *

Румийнинг “Маснавийи маънавий” асарида ғаройиб бир ҳикоят бор. Тўрт одам – бир форс, бир турк, бир араб ва бир юнон ҳамроҳ бўлиб кетишаётган экан, йўлдан битта танга топиб олишибди. Шу пулга нима олиб ейишнинг маслаҳати ўртага тушганда, форс “ангур харид қилайлик” деса, турк “йўқ, узум оламиз” дейди. Араб “менга ангур ҳам, узум ҳам керак эмас, инаб егим келаяпти” дейди. Юнон бўлса “истофил оламиз” деб туриб олади. Ҳеч кимнинг таклифи ўтмагач, можаро келиб чиқади, ғижиллаша бошлайдилар. Шу пайт йўлдан ўтиб қолган бир зукко одам орага тушиб, ҳар бирининг истагини сўраб олиб, машмашани осонгина ҳал қилади. Форсий забонда “ангур”, турк тилида “узум”, араб лисонида “инаб” ва юнонча “истофил”нинг бари битта нарса –  узум экан, ҳаммаларининг узум егилари келгану, тиллари бошқа-бошқа бўлганидан, муддаони англата олишмаётган экан… “Улуғ шоир мазкур ҳикоятдан хулоса чиқариб, дунё одамлари аслида бир хил фикрлайдилар, уларнинг орзу-армонлари, ниятлари яқин, лекин бир-бирини тушунмаслик, одатлар, тиллар орасидаги фарқ одамлар ўртасида душманлик ва низо-жанжалларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади, дейди”, деб ёзган эди устоз Нажмиддин Комилов.

Ҳикоятнинг бу талқини нақл мазмунига тўла мувофиқ эканлигини қайд этароқ, ундан келиб чиқадиган тағин бир маънони ҳам таклиф этишга жазм қилдик. Бизнингча, Румий бу билан, ўз замонида – XIII асрда очиқ-ошкор айтиш мумкин бўлмаган қалтис бир хулосани ҳам ўртага ташлаган кўринади, яъни узум ва тиллар можароси аслида бу ҳикоятнинг сиртқи мазмуни, нақлдан туб мақсад эса одамларнинг нияти, интилиши аслида бир, матлаби эса ягона Оллоҳнинг ўзи, аммо бунинг талқини бўлмиш динлар хилма-хил демоқчи эмасмикин, мутасаввиф шоир? Яъни динларнинг ҳаммаси Оллоҳни таниш йўлида бир восита, уларда шакл ўзгачалиги бор, деган маънода? Бу тўрт одам эса дунёнинг тўрт тарафидаги бани башар вакиллари, Оллоҳни таниш йўлида бораётган турли динларнинг вакиллари тимсолида? (Эвоҳки, бу талқинни ХХ асрнинг саксонинчи йилларида Нажмиддин Комилов ҳам очиқ айта олмас эди…).

*     *     *

1948 йили Тинч океанининг Австралияга яқинроқ бир жойида даҳшатли табиат ҳодисаси юз берди: Ер куррасининг энг ички қисми бўлган ядродан 7-8 куб метр қайноқ ҳаво сув юзига отилиб чиқди. Унинг овози 2000 километр узоққача эшитилди, пайдо бўлган ҳаво тўлқини эса Ер шарини уч марта чарх уриб айланиб чиққанидан кейингина пасайган.

Хўш, вулқонлар-чи, минг-минглаб одамларнинг ёстиғини қуритган даҳшатли зилзилалар, океан цунамилари, тўфон балолари-чи? Гап ана шунда-да. Вулқонлар қанчалик даҳшатли бўлмасин, улар нари борса Ер пўсти (5-6 км.) ёки мантия қисмида (50-70 км. чуқурликда) пайдо бўларкан. Ҳолбуки, Ернинг ядроси энг камида 5 минг километр чуқурликдан бошланади ва бу чоҳдаги ҳарорат 5 минг даражадан кам эмас деб тахмин этилади. Зилзила ўчоқлари ҳам, олимларнинг талқин қилишларича, асосан Ер пўстидан 50 км.гача, аҳёнда 700 км.гача ичкарида жойлашган бўлади. Цунами деб номланадиган офат денгиз остида вулқон отилганлиги ёки зилзила бўлганлиги туфайли кучли сув тўлқинларининг қирғоққа ёпирилиши, тўфон балоси эса – дарё ва кўлларнинг кўтарилиб, ҳалокатли тошқин юз бериши, холос. Демак, кўп замонлар ва ҳатто бир неча аср мобайнида бутун-бутун халқларнинг ёдидан чиқмайдиган, “ўша зилзиладан беш йил кейин” деб эсланадиган даҳшатли табиий ҳодисаларнинг ҳеч қайсиси Ер қаъридан – бир неча минг километр ичкаридан отилиб чиққан ўша, бор-йўғи 7-8 куб метрлик ҳаво тўлқинича катта офат ҳисобланмайди. Чунки у, гарчи заминда, заминнинг энг ичкарисидан келиб чиққан бўлса-да, арозий эмас, самовий бир офат эди. Шукурки, Оллоҳнинг ўзи асради, йўқса…

Ер – диаметри 12750 километр келадиган улкан сайёра. Аммо бепоён Коинот бағрида у ниҳоятда кичик жисмлардан бири, бамисоли тарвуз сиртидаги кўзга кўринмас бир нуқта, Абдулла Орипов айтмоқчи, салмоғи Қуванинг анорича бор. Коинот эса беҳудуд, чек-чегараси йўқ…

*     *     *

Астрофизикларнинг айтишича, энг яқин галактикалар билан бизнинг юлдузистон ораси шунчалар олиски, ёруғлик у ёқдан бизгача қарийб тўрт ярим миллиард йилда етиб келар экан…. Нур бир сонияда 300 минг километр, бир суткада эса 26 миллиард километр йўл босади. Бир йилда-чи? Тўрт ярим миллиард йилда… Космология олимларининг фикрича ҳам, Коинот бўшлиқлари аро ақл бовар қилмас тезлик билан учиб бораётган бизнинг галактика муайян фурсат ўтганидан сўнг бошқа бир галактикага яқинлашади, у билан ўзаро тортишиш туфайли  тўқнашиб кетади, қачон юз бермасин, бу муқаррар (демак, замонавий илм ҳам Охиратни муҳаққақ деб билади).

Ёруғлик 4,5 миллиард йилдан сўнг етиб борадиган масофа…  Аслида, бу ҳам ҳали дунёнинг чегараси эмас. Коинот чексиз деган ўта материалистик қарашларга зид ўлароқ, илм-фаннинг сўнгги маълумотига кўра, оламнинг чегараси бор ва унинг ўлчами 45-60 миллиард ёруғлик йили деб ҳисобланади. Ундан 10-15  баравар кичик бўлган 4,5 миллиард ёруғлик йили эса рақамлаб айтганда қарийб 45000000000000000000000 километр бўлади – инсон тафаккури бунчалик масофани тасаввур этишдан ожиз. Демак, ана шу кўз илғамас, ақл етмас Коинотнинг ҳам интиҳоси бор экан. Мантиқан ўйлаб қаралганда, ҳар бир интиҳоли нарсанинг ибтидоси ҳам бўлади. Фақат Қодир Таолонинг ибтидо ва интиҳоси йўқ, азаматлиги чексиз, илми бепоён…

*     *     *

Пайғамбарлар эса унинг элчиларидир. Улар Ер юзидаги турли қавмлар орасига Оламларни яратган зотни танитиш, ундан хабар бериш учун тайинланганлар. Бу ёруғ дунёнинг аввали ва охири Халлоқи оламнинг қўлида эканлигини, у бирубор эканлигини уқтирганлар. Бепоён кўринган Ер юзи Оллоҳ наздида ниҳоятда кичик эканлиги, қаҳҳору зулжалол эгам метин бу заминни ҳамирдай ёйишини тушунтирганлар, охири ўлим билан тугалланадиган ва шунинг учун ҳам бесамар кўринган умрнинг ҳақиқий мазмунини англатиб, Раббимизнинг хабар-оятларини айтганлар. Оллоҳ-таоло уларга оламлар ўн саккиз мингта эканлигини осий бандаларига билдиришни буюрган. Хўш, бу ўн саккиз мингта оламнинг ҳар бири Ер каби сайёрами? Ё уларнинг ҳар бири миллиардлаган қуёш ва бошқа жисмлардан иборат бутун бошли галактиками? Ва ё беҳисоб галактикалару квазарлар сингари самовот жисмларидан ташкил топган, Эйнштейн таъбирига кўра,  чегарасидан на фотон (ёруғликнинг энг кичик зарраси), на замбарак ўқи ва на бутун бир галактика нарига ўтиб кетолмайдиган, биз яхлит ва ягона деб билган Коинотимиз каби Коинотлар ўн саккиз мингтами?… Бу ҳали бизга ноаён. Пайғамбарлар, гарчи ладуний илм соҳиблари бўлсалар-да, ўз қавмларига оламни аксар ҳолларда уларнинг ўша даврдаги ақли ва тасаввурига сингадиган даражада талқин қилишган, йўқса динни тарғиб этиш имконсиз бўлар эди. Аммо шуниси маълумки, замонлар ўтиб, инсон билими теранлашгани сари унинг олам ҳақидаги тушунчалари кенгайиб бораверади. Одамзот дунёни қанчалик кенг (метагалактик маънода) ва теран (микрожисмлар маъносида) била борса, у Оллоҳ-таолони шунча кўп ва теран англайди, парвардигорнинг нақадар қодир эканлигини била боради. Худди шунинг учун ҳам Оллоҳ инсонни обид (ибодат қилувчи) ва олим (билгувчи) қилиб яратди, шу билан уни фақат обид бўлган фаришталардан афзал қилди…

Пайғамбарлар эса ана шу англаш тариқатининг пешволари эдилар. Улар яратган зотнинг азалий ва абадий, қодир ва ғаний эканлигини жуда кенг шарҳлаб айтганлар. Бу оят-хабарларнинг моҳияти шу қадар улуғки, уларнинг олдида Коинот бағридаги кичик бир нуқта бўлган Ер юзининг бирон-бир пучмоғида умргузаронлик қилиб, бошқа халқларни қийратган қайсидир бир жаҳонгирнинг дағдағаси, ё тўфон қасирғаси, ёки зилзила балоси… улар осий бандалар учун нақадар даҳшатли бўлмасин, арзимасдай эди, ўткинчи ва унутилгувчи эди. Тарихга эса Халлоқи олам ҳақида  п а й ғ о м  (хуш хабар) сингари минг йилларда ҳам ёддан чиқмайдиган оламшумул воқеалар ва пайғамбар (пайғом келтирган зот)ларгина тамал тоши бўла олади.

Дариғки, кўп пайғамбарларнинг таълимотларини издошлари кейинчалик ақлларига сиғдиролмадилар, маҳдуд тасаввурларига мослаб, уларнинг айтганларини хоҳ-нохоҳ бузиб юбордилар – ёзув бўлмаган замонларда диннинг “бўяб-бежалиши” табиий эди. Қолаверса, аввалги бир қанча пайғамбарларнинг жами қавми залолатга юз тутгани учун ҳалок этилган, улардан тарих қолмаган. Исломда “аҳли китоб” деб ҳурмат қилинадиган қавмлар – яҳудо ва масиҳий дини вакиллари эса маҳв бўлиб кетган эмас.  Шунинг учун ҳам улар ўз тарихларини Мусо ва Исо алайҳиссаломлар замонидан бошлаганини кўрамиз.

Исломда ҳам шундай. Ҳижрий йил дейилишининг боиси – 1421 йил аввал пайғамбаримиз Маккадан Мадинага ҳижрат қилган, тарих исломнинг ана шу буюк қувватланиш санасидан янги ўзанга тушган.

*     *     *

ХVI асрдан бошлаб денгиз йўлларининг очилиши, порохнинг кашф этилиши каби ихтироларга таяниб, дунёвий тараққиётнинг олд қаторига чиқиб олган Европа халқлари жаҳонда илм-фан, техника, тиббиёт сингари кўпгина соҳаларни ривожлантириб, бошқа элларга ҳам маданий таъсир ўтказдилар. Худди шунинг учун ҳам ҳозир дунёнинг аксар қисмида Европадан ўтган, Рим папаси Григорий XIII фармони билан 1582 йилда жорий этилган григориан тақвими қўлланади. Бу тақвимга Исо ибн Марям таваллуди санаси негиз қилиб олинган…

*     *     *

Хўш, бошқа динга эътиқод қўйган кишилар, хусусан мусулмонлар бунга қандай муносабатда бўлишлари керак?

Аввало диний нуқтаи назардан шуни айтиш лозимки, биз қўллаётган григориан тақвими христианлик ақидаларини адо этишда қўлланмайди. Дунёвий нуқтаи назардан эса, тобора интеграциялашиб бораётган тараққиёт маҳдудликни сиғиштирмайди. Қадим замонлардан то ҳозирга қадар башариятнинг энг илғор фарзандлари диний мутаассибликка берилмай, илоҳий эътиқодларнинг барчаси аслида Оллоҳни таниш йўлидаги алоҳида босқич деб қараб келганлар. Мавлоно Жалолиддин Румийда шундай, ҳазрат Лев Толстойда ҳам…

Дарвоқе, ўз пайғамбаринигина тан олиб, Оллоҳнинг бошқа расулларини ботил деб биладиган ўзга динлардан фарқли ўлароқ, ислом барча пайғамбарларни Оллоҳ элчилари деб тан олади, уларнинг ҳаммалари Қодир таоло нозил этган амрларни бандаларга етказган ва Оллоҳнинг бируборлигини англатган деб таълим беради, бу жиҳатдан Оллоҳ набий этиб танлаган зотларнинг барчаси мусулмон деб, аммо умматлари ё уларни қабул этмаган ёки кейинчалик бошқа йўлдан кетган деб тушунтирилади. Шу маънода, ҳақ йўлга даъват этган пайғамбарларнинг аксарияти ўз мақсадини амалга ошира олмаган, хушхабар-оятларга қулоқ осмаган қавми эса уларнинг дуоси туфайли ҳалок этилган, баъзи пайғамбарлар эса, қавми томонидан эътироф қилинса-да, замонлар ўтгани сайин диндаги фитналар кучайиб бораверган. Худди шунинг учун ҳам Оллоҳ таоло Қуръони каримда “Сизларга исломни дин қилиб танладим ва уни мукаммал қилиб бердим” деб марҳамат қилган (“Моида” сураси, 3-оят). Демак, динларнинг афзали деб у ёки бу динни танлаш (илмий маънода) мумкин, аммо пайғамбарларнинг биронтасини рад этган ёки камситган одамнинг имонига путур етади.

Модомики барча пайғамбарларнинг аъмоли мусулмонлик ва улар Оллоҳнинг расуллари бўлар экан, мантиқан, уларнинг Оллоҳ наздидаги эътибори ҳам бир-бирига яқин бўлади. Муҳаммад алайҳиссалом бир куни яҳудийлар билан муслимларнинг қайси пайғамбар азизроқ – Мусоми ё Муҳаммадми деб можаролашаётганини эшитиб, “Мени Мусодан юқори қўймангизлар”, деб қатъий айтгани ва таажжубда қолган мўъминларга бунинг сабабини тушунтирганлиги тўғрисидаги ёки бўлмаса «Оллоҳ таоло (юборган) пайғамбарларни бир-бирларидан афзал кўрмангизлар», деб огоҳлантиргани тўғрисида ҳам ҳадис бор («Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ», 2-жилд, Т., 1977, 434-бет).

Бас шундай экан, Оллоҳ-таолонинг юз йигирма тўрт минг мурсали, хусусан, шариф номлари Қуръони каримда зикр этилган пайғамбарларнинг барчаси расулиллоҳдирлар, Муҳаммад алайҳиссаломнинг вазифадош биродаридирлар.

Жумладан, Исо Масиҳ ҳам.

Расули акрамдан олти асрча муқаддам яшаган Исо Руҳуллоҳ таваллудига бу йил икки минг йил тўлди.

Икки минг биринчи йил – Йигирма биринчи аср – Янги эранинг учинчи минг йиллиги кириб келди…

Бу санага мутаассибларча муносабатда бўлишнинг маъноси йўқ. У инсоният тарихидаги улуғ пайғамбарлардан бирининг таваллуд айёми, у бизлар учун  ҳам табаррук сана.

Пайғомлардан мужда берган ва шафоатпеша бўладиган пайғамбарларни улуғлаш орқали биз уларни инсониятга нур қилиб юборган Парвардигорни шарафлаган бўламиз. Зеро оламларни ҳам, пайғамбарларни ҳам яратган – Оллоҳнинг ўзидир.

Навоий айтади:

 

Эй,  ҳуснунга зарроти жаҳон ичра тажалли,

                                  Мазҳар санга ашё,

Сен – лутф била кавну макон ичида мавли,

                                       Олам санга мавло…