Қирғизистон ҳақидаги мана шу энг умумий маълумотлардан сўнг бу ўлканинг қадимияти ва табиати, одамлари ҳақида ҳикоя қилишга уринамиз.
… Қирғизистон ҳудудида бундан икки-уч минг йиллар муқаддам истиқомат қилган одамларнинг қандай халқ вакиллари бўлгани, қайси динга сиғиниб, қайси тилда гаплашганликлари бизга номаълум. Масалан, юқорида эслатилган – Иссиқкўл тубида қолиб кетган шаҳарлар аҳолисининг ҳозирги қайси халққа яқин бўлганини лоақал антропологик далиллаш учун уларнинг бош суяги ҳам сақланмаган. Аммо бир нарса аниқ – бу жойлар тарихнинг анча олис замонларида ҳам одамлар билан гавжум бўлган.
Биз юқорида ҳозирги Қирғизистон ўтмишининг қорахонийлар давридан буёғи бирмунча ойдин эканини айтиб ўтган эдик. Чиндан ҳам, 285 йил ҳукм сурган Қорахонийлар даври (927-1212 йиллар)да Марказий Осиёнинг шарқий минтақаси анча тараққий этди, бу сулола давлатидан Кошғар, Болосоғун ва Ўзган каби пойтахт шаҳарларда бирмунча осори атиқалар мерос бўлиб қолди. Тарихчиларнинг қайд этишича, Болосоғун – Қорахонийлар давлатининг ҳарбий ва сиёсий маркази бўлган бўлса, Ўзган билан Қашқар илмий ва диний марказ сифатида эътироф этилган.
Қорахонийлар сулоласининг дастлабки ҳукмдорлари, жумладан, сулола асосчиси Абдулкарим Сотуқ Буғрахон (Қорахон) Х аср ўрталарига келиб ислом динини қабул қилган. Бу сулоланинг Абдулкарим Сотуқ Буғрахондан кейинги вакиллари ислом динини улуғлаш, ислом маданиятини юксалтиришга шу қадар кўп хизмат қилдики, тарихда бундай шарафли сулолалар кам учрайди. Жумладан, ҳозирги Ўзбекистонда Работи Малик, Масжиди калон, Минораи калон, Вобкент минораси, Жарқўрғон минораси, Мағоки аттори масжиди, Шоҳизинда мажмуи, Қирғизистонда эса Болосоғун музей мажмуасига мансуб Бўрона минораси ва икки мақбара, Ўзган шаҳридаги минора ва уч мақбара, шунингдек, бошқа жойлардаги ўнлаб архитектура ёдгорликлари айнан Қорахонийлар давлати ҳукмдорларининг саъй-ҳаракати билан бунёд этилган.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, қирғиз халқининг машҳур достони бўлмиш “Манас”да эпос бош қаҳрамони Манас Бухоро хони Қорахоннинг қизи Хоникейга уйланади. Агар эпоснинг тарихий илдизлари қидириладиган бўлса, у Хоникейнинг отаси Қорахоннинг прототипи – Қорахон деб шарафланган Абдулкарим Сотуқ Буғрахон бўлиб чиқса, ажаб эмас. Янада тўғрироғи, Буғрахонни Қора хон (Улуғ хон) деб шарафлашган. Қорахонийлар айнан Бухородаги Сомонийлар давлатини емириб, ўз салтанатини узил-кесил мустаҳкамлаган ва Қорахонийлар бино қилган меъморлик обидаларининг энг кўпи айнан Бухоро заминидадир.
Оғзаки ижод вакиллари кейинги асрларда “Буғрахон”ни à “Бухоро хони” деган сўз билан алмаштириб юборган бўлишлари ҳам эҳтимол. Буғрахоннинг мамлакати қирғизлар у пайтда истиқомат қиладиган Олтойнинг четида бўлган унинг қаламравига ҳозирги Қирғизистон ҳудуди ҳам бусбутун кирган. Манаснинг хотини Хоникей Бухоро хони (Буғрахон)нинг қизи бўлганлиги эса эпосда бу каби ўзгаришлар мудом бўлиб туриши ҳақидаги ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди.
Тарих фалсафаси шуни кўрсатадики, у ёки бу давлат, муайян салтанат қай бир ҳукмдорнинг хоҳиш-иродаси туфайлигина барпо бўлиб қолмай, балки шунга асос берадиган объектив шарт-шароитлар етилганида рўёбга чиқади. Қорахонийлар давлатининг юзага келиши ҳам аввало Евроосиёдаги энг улкан иқтисодий воқелик – Буюк ипак йўлининг Х аср бошларига келиб янгитдан тараққий эта бориши билан боғлиқ.
Буюк ипак йўлидаги тараққиёт туфайли иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий жиҳатдан қудратли кучга айланган Қорахонийлар давлати даврида илм-фан, маданият ҳам юксак даражада тараққий этди, диний илмлар айниқса, ривожланди. Бежиз эмаски, Сомонийлар ҳукмдори Нуҳ ибн Наср Қорахонийлар хуружидан мадад сўраб Бухоро уламоларига юзланганида, улар диннинг мавқеи Қорахонийлар давлатида юксакроқ эканини эътироф этароқ, собиқ ҳукмдорни қўлламасликларини билдиришган ва ана шундан сўнг бу салтанат тарих саҳнасидан четга чиққан.
Қорахонийлар давлатининг йирик вакилларидан Абдулкарим Сотуқ Буғрохон (859-955), Мусо ибн Абдулкарим (955-970), Ҳасан ибн Сулаймон (977-992), Аҳмад ибн Али Арслонхон (998-1017; унинг укаси Наср ибн Али, Мансур ибн Али (1017-26), Иброҳим ибн Наср Тамғачхон (1040-70), Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон (1102-30), Усмон ибн Иброҳим (?-1212) номларини келтириш мумкин.
Амир Темур салтанати даврида мўғуллар вайронага айлантирган бир қанча шаҳарлар қайта тикланади. Жумладан, Амир Темур ваҳший мўғул галалари томонидан ёндириб, култепага айлантирган Ўш шаҳрини тиклашга фармон берган ва шаҳар яна қад ростлаган. Ундан кейинги асрларда эса, афсуски, турли майда хонлик ва бекликлар ўртасида юз берган доимий уруш-талаш ва ҳокимият алмашинуви юрт тараққиётига яна ғов бўлди ва бу бир неча аср давом этди. 1825-1830 йилларда Тиёншон ерлари Қўқон хонлиги тасарруфига ўтди. Қўқон хони Муҳаммад Али хон (Маъдалихон) ҳозирги Қирғизистоннинг шимолий қисмидаги жойларга, жумладан, Пишпак (ҳозирги Бишкек) қалъасига асос солиш тўғрисида фармон чиқарди ва қалъа барпо этилди.
Афсуски, Қирғизистондаги кўп жойларнинг тарихи ҳақида муфассал маълумот мавжуд эмас. Тарихга бағишланган асарларнинг аксари аввалги тарихчиларнинг асарларидан иқтибос келтириш ёинки унга суяниб фикр юритиш, шунингдек, муаллиф кўрган-билган жойлару эшитган-уққан воқеаларининг тафсилоти билан чекланади, яъни локал характерга эга. Қирғизистон тарихига оид, қирғиз тарихчиларининг асарларида баён қилинган илмий хулосаларда аксар ҳолларда бу мамлакатнинг тарихида ўзига хос роль ўйнаган бошқа миллат вакилларининг фаолиятига камроқ ўрин берилганини ҳам очиқ айтиш керак. Чунки Шўро давридагидан фарқли ўлароқ, ҳақиқий тарихшунослик энди шаклланиб келаётибди. Шу боис ҳам, ушбу китобни Қирғизистон ва унда талай асрлардан бери истиқомат қилиб келаётган ўзбек халқи вакилларига кенгроқ ўрин берилганлиги, Қирғизистон даги у ёки бу туман ёки шаҳарга эмас, балки бутун она юртимизга бағишланган ва ўзбек тилида дарж этилганлиги эътибори билан дастлабки уриниш деб ҳисоблаш мумкин бўлади, деб ўйлаймиз. Гарчи қўлимиздаги илмий манбалардан лозим ўринларда имкон борича фойдалансак ҳам, етишмаган далилларни бу тарихий жойларни шахсан кўриб ўрганиш, ўша ерлик одамлар билан суҳбатлар асносида олинган муҳим далиллар билан тўлдириш, мантиқий мушоҳада асосига қурилган хулосалар билан бойитишга ҳаракат қиламиз.
“АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”
САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА
Азиз дўстлар!
Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг 2019 йилда чоп этилган “Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.
Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”, деган эди.
Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.
“Алишер Навоий институти” сайтининг таҳририяти.