1- суҳбат.
М У Қ А Д Д И М А
Азиз дўстлар!
Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” китоби 2019 йилда чоп этилган эди. Бу китоб ҳозирда тарқалиб тугаган.
Сиз азизларнинг она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”, деган эди.
Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг
Мазкур халқларнинг ҳеч қайсиси Марказий Осиё минтақасидаги ҳеч бир мамлакатда “диаспора” эмас, чунки улар тарихнинг қай бир даврида муайян сабаб билан бу ерларга асл ватанидан кўчиб келиб қолмаган. Ўзбекистоннинг Бахмал, Зомин, Бўка каби кўплаб туманларидаги қирғизлар учун ўзлари яшаб турган жой ватан ҳисобланганидай, Жанубий Қирғизистоннинг барча туман ва шаҳарларида, шунингдек, Шимолий Қирғизистоннинг Бишкек, Қораболта, Тўқмоқ каби шаҳарларида, бошқа бир қанча туманларида ўзбеклар қадимдан истиқомат қилади, бинобарин, шу юрт, шу мамлакат ўзбек элининг ҳам она ватанидир. Аслида, нафақат ўзбеклар ва қирғизлар, балки Марказий Осиё минтақасидаги барча давлатларда ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, қорақалпоқ, уйғур ва бошқа миллатларга мансуб аҳоли бирга яшаб келган ва яшамоқда. Чунончи, қадимда келиб қолган араблар, маҳаллий лўлилар, Бухоро яҳудийлари, дунганлар ҳамда сўнгги бир-икки аср мобайнида турли сабаблар билан оммавий равишда кўчириб келтирилган руслар, украинлар, татарлар, греклар, корейслар, олмонлар, украинлар, арманилар каби этник гуруҳлар ҳам мавжуд. Ва ҳозирда тараққий этган минтақалар аҳолисининг этник таркибига диққат қилсак, дунё халқлари аввалгидай этноойкумения (миллат ери)ларга бўлиниб, бир-биридан айри ҳолда эмас, турли халқлар вакиллари жаҳоннинг исталган бурчида аралаш ҳолда яшашга ўта бораётганини кўрамиз. Африка ва Яқин Шарқ халқларининг XXI аср бошида оммавий равишда Европага кўчиб бориб ўрнашиб қолаётганлиги бунга бир мисол.
Бу-ку, яқин бир ўтмиш. Аммо бундан ўн олти аср муқаддам хуннларнинг Шарқий Европага буюк кўчишлари, иккинчи минг йилликнинг биринчи чорагида туркларнинг Кичик Осиёни ватан тутишлари каби ҳодисаларни эсласак, ҳеч бир халқ ҳеч бир ерда муқим яшамаслигини эътироф этишга тўғри келади. Жумладан, туркий эллар ҳам.
Яна бир муҳим хусусият шундан иборатки, Марказий Осиёнинг барча ҳудудида ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, қорақалпоқ, уйғур, дунган ва бошқа миллатлар вакиллари аралашиб яшайди. Чунончи, Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридаги аксар маҳаллаларда ўзбек ва қирғизларгина эмас, қозоқ ва қорақалпоқлар ҳам умргузаронлик қилишади, Туркманистоннинг энг “ичкари” туманларида ҳам қозоқлар, ўзбеклар ва бошқа эллар вакиллари бор. Ва бунда энг диққатга сазовор омил шуки, оддий халқ вакиллари – меҳнаткаш эл, қайси миллатга мансублигидан қатъи назар, ҳамиша ўзаро иттифоқ бўлиб, баҳамжиҳат истиқомат қилган, қиз олиб, қиз бериб қуда тутинган, ўртада “меники-сеники” деган гаплар бўлган эмас.
Ҳозирги вақтда Марказий Осиё аҳолиси қарийб 69 миллион 300 минг кишидан иборат (Ўзбекистон – 32,12 млн., Қозоғистон – 18 млн., Қирғизистон – 6 млн., Тожикистон – 8,6 млн. ва Туркманистон – 5,5 млн.).
ХХ асрнинг охири ва XXI аср бошларида дунёнинг у ёки бу минтақасини сурбетлик билан ўз “миллий манфаатларига тааллуқли ўлка” деб эълон қиладиган айрим давлатлар бу жаннатмонанд юртдаги осойишталик, фаровонликка ҳасад қилиб, уларни ўз “таъсир доираси”га киритиш ниятида бу мамлакатларни ўзаро гиж-гижлашга тушди. Бу машъум ният амалга ошмагач, ҳар бир давлатда “мухолифат” уруғи экиб ундириб кўрилди ва ниҳоят, мамлакатлар ичидаги турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ишончсизлик, менсимаслик туйғулари авж олдирилди, бир ёқдан, диний радикализм рағбатлантирилиб, айни пайтда, иккинчи томондан, миссионерлик хуружи кучайтирилди. Хайриятки, минтақа давлатлари раҳбарларининг у ёки бу даражада масъулият билан ёндашуви натижасида юқоридаги разил режаларнинг ҳеч бири тўлиқ амалга ошмади – Туронзамин давлатлари ўртасида тинч-тотувлик, ўзаро ҳурмат принципларига асосланган сиёсат юргизиб келиняпти, жангари мухолифат деярли паторат топди, шунингдек, миллатлараро можаролар бутун минтақа миқёсида авж олиб кетишига йўл қўйилмади. Шу билан бирга, афсуски, бу манфур ниятлар батамом самарасиз ҳам кетгани йўқ.
Бугун Марказий Осиё давлатлари ва уларнинг халқлари орасида маълум иқтисодий, сиёсий ва бошқа негиздаги муайян тушунмовчиликлар, айрим дилхираликлар борлигини очиқ эътироф этиш керак. Бунинг асл сабаби – чегаралар можароси эмас, Марказий Осиёдаги у ёки бу давлат дарёларнинг юқориси ёки қуйисида жойлашгани ҳам эмас, балки, энг аввало, айтиб ўтилганидай, учинчи тарафнинг енг ичида иш юритиши билан боғлиқ. Уларнинг қутқуси бўлмаганида чегаралар ҳам, сув можаролари ҳам бунчалик мураккаблашмаган бўлар эди.
Бунинг далили сифатида оддий бир мисолга эътиборингизни тортамиз: мамлакат миллатларнинг ўзаро муносабати ниҳоятда таранглашган юрт “Марказий Осиёдаги энг демократик давлат” деб эълон қилинишининг ўзи олисдаги “дўст”ларнинг нияти қай даражада “холис” эканини кўрсатмайдими? Унда, шу минтақадаги бошқа бир мамлакатда қирғин ва тўс-тўпалон янада каттароқ кўламда бўлса, “демократия” ана ўша давлат томонга кўчиб ўтган бўлар экан-да! Демократия дегани беҳуда қирғин, миллий камситиш, инсон ҳуқуқларининг топталиши, вайронакорлик эмас эди-ку? Яқинда Қирғизистон раҳбарларидан бири ўз нутқида “Бизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш даражаси Ўзбекистондан ҳам, Қозоғистондан ҳам паст, аммо бизда сўз эркинлиги мавжуд”, дея берган баёноти бу мамлакатда Ғарб андозаларига мувофиқ бўлган “демократия”, яъни исталган шахс ва ташкилотни, исталган халқ ва гуруҳни, исталган қадрият ва удумларни ошкора ҳақорат қилиш, минг йиллардан бери шаклланиб келаётган миллий менталитетни, энг маъқул анъаналарни, одоб-ахлоқ ва андишани оёқости қилиб, ана шундай шиддатнинг инерцияси ўлароқ, дунёнинг ҳар қоронғи бурчидан етиб келган манфур миссионерлар таъсирида ҳатто ота-боболарининг динидан воз кечиб, улар тарғиб қилган ҳар турли тутуруқсиз “дин”ларга ўтиб, ўзини шу билан гўё тараққий этган эл чоғлаб юриб, оқибатда, асл халқона хислатларининг бир қисмини бой бериш ҳеч бир халқнинг ютуғи деб ҳисобланмайди, албатта.
Шу аснода, билибми-билмайми, ўшаларнинг тегирмонига сув қуяётган, уларнинг “грант”лари асосида даромад топиб, бунинг эвазига ўтмишни бузиб кўрсатаётган, тарихни сохталаштириш ҳисобига миллат фидойиси бўлиб кўриниб, “сиёсий очко” олишга уринаётган, депутат бўлиб сайланиш илинжида юрган, аслида эса, касби-мутахассислиги тарих ва сиёсат илмидан бир чақирим наридаги одамлар, ўз миллатини жаҳон тарихидаги энг қадимий, “биринчи сорт” эл қилиб кўрсатадиган, бошқа қардош элларни ошкора камситувчи “ватанпарвар”лар ҳам борлигини ёдга олсак, шонли Туркистон ватанимизнинг асл истиқболини ўйлаш, халқларимизни бўлинишга, ўзаро ёвлашишга эмас, дўстлашиб, иноқлашишга даъват этадиган илмий, оммабоп илмий ва бадиий асарларга эҳтиёж бугун ҳар қачонгидан ҳам ортганига амин бўламиз.
Ҳақиқат шулки, бу заминдан ўтмишда етишиб чиққан улуғ олимлар, адиб ва подшоҳлар кейинчалик қайси миллатга тааллуқли эканлиги борасида ўзларининг “торта-торт” бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаганлар, ҳатто яқингинада – совет замонида фаолият кўрсатган меҳнат қаҳрамонлари, шифокорлар, дин арбоблари ва бошқалар ҳам умуман, меҳнаткаш эл манфаатини кўзлаганлар, вассалом. Бу бежиз эмас, зеро “миллат” сўзининг асл луғавий маъноси бир дин ва бир мазҳабга мансуб кишилар деганидир, бир диндаги кишилар бир миллат вакиллари саналади…
Ушбу китоб юқорида биз орзу сифатида тилга олган фазилатларнинг барчасига даъво қилмайди, чунки унинг бош мақсади илмий ёки сиёсий ғояларни олға суриш ва уларни далиллаш эмас. Иккинчидан, у 2017 йилда Ўшда қирғиз, ўзбек ва рус тилларида нашр этилган “Қирғизистон равнақи фидокорлари” китобидаги каби Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари ва бошқа таниқли кишилар ҳақидаги маълумотнома ҳам эмас. Бу китобни ёзишдан мақсад – баён этилган қарашлар асосида Марказий Осиё минтақасининг жаннатмонанд бир гўшаси бўлган Жанубий Қирғизистон, бу ерларнинг ўтмиши, шаҳру кентлар ва уларнинг тарихи, айрим жой номларининг шарҳи, оддий одамларнинг турмуш тарзи кабилар юзасидан бир умумий обзор тақдим қилишдир.
Эътибор қилган бўлсангиз, мустақиллик арафасидаги ижтимоий ўйғониш сабаб бўлиб, барча минтақаларнинг, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларининг тарихчилари, адиблари, жамоат арбоблари, хуллас, ватани тақдирига бефарқ бўлмаган кишилар ўз она юрти тарихига янгича – истиқлол берган имконият ва эркинликлардан фойдаланиб, шу билан бирга, аввалги мустабид тузум даврида айтиш мумкин бўлмаган янги маълумотларни истифода қилиб, ҳар бир туман, шаҳар ҳамда вилоят тарихини кенгроқ ва теранроқ ёритишга интилиб, янги-янги китоблар битдилар. Бу китобларнинг аксарида ностальгия – ўтмишни соғиниш туйғулари яққол сезилиб туради. Ва бу бежиз эмас: ХХ асрда, хусусан унинг иккинчи ярмида “умумий ватан” деган мавҳумот тақдим этилиб, кишиларда киндик қони томган тупроққа эҳтиром ҳисларини йўқотишга ружу қўйилган эди. Ностальгия – ана шунга нисбатан қўзғалган реакциядир. Қўлингиздаги китоб ҳам ана шундай тамойилдан холи эмас, унда Қирғизистон ва айниқса, Жанубий Қирғизистоннинг сўнгги асрдан сал аввалги лавҳаларини тиклашга уринилган. Китобда, шунингдек, мозийда ўтган улуғ сиймолар,шунингдек, ХХ асрда мазкур мамлакатда яшаган турли миллат (ўзбек, қирғиз, рус, дунган…) вакиллари бўлган айрим машҳур кишилар ҳақида ҳикоя қилинади. Бу одамларнинг барчаси ўз умрлари давомида бутун эл билан қўлни қўлга бериб меҳнат қилган ва, албатта, шунинг орқасида эл-юртга танилганлар. Қайд этиш керакки, Қирғизистон мустақиллигига чорак асрдан ошган йилда чоп этилаётган бу китобда ҳозирги Қирғизистон заминида азалдан истиқомат қилиб келаётган ўзбек халқи вакилларининг турмуши, тарихи, ҳозирги авлоднинг ҳаётини ёритишга кенгроқ ўрин берилди. Бунга сабаб – умуммиллий тараққиётда бу элга мансуб кишиларнинг ҳам ҳиссаси катта эканини таъкидлаб кўрсатишдир.
Мақсадимиз, уларнинг ибратли ҳаёт йўлини кўрсатиш, қадимий юртимизнинг тарихини талқин этиш орқали ёшларимизда мамлакатнинг муносиб ўғил-қизлари бўлишга интилиш туйғусини уйғотишдир. Шоядки, ёшларимизда ўз ватанларидан ифтихор туйғулари барқ урса, бу заминнинг тарихини теранроқ билишга интилиш ҳисси парвариш топса, фарзандларимиз улуғ заминдошлари ва замондошларига ҳавас қилиб, илму билимда, ният ва амалларида ўшалардай бўлишга интилсалар…..(2019 йил)
Мана бу – ҳар бир суҳбат олдидан, сарлавҳа остида бериладиган текст:
“АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”
САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА
Азиз дўстлар!
Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг 2019 йилда чоп этилган “Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.
Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”, деган эди.
Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.
“Алишер Навоий институти” сайтининг таҳририяти.