Ўшдаги гузарлар ва баъзи кўчалар ҳақида Ўшлик ижодкор ўқитувчи Одилжон Раҳимовнинг “Ўш даҳалари”, “Ўш ва Ўшликлар”, “Қатралар” номли машинкада босилган қўлёзма асарида ўтган асрнинг эллигинчи йиллари атрофидаги Ўш шаҳри манзаралари бирмунча батафсил тасвирланган. Чунки домла Ўш тарихиша, унда яшаб ўтган улуғ кишиларнинг ҳаёт йўлига беҳад қизиққан ва улар тўғрисида анча-мунча нарсалар ёзган. Биз эслаб ўтган қўлёзма шаҳримизнинг 3000 йиллик тўйи арафасида босмага ҳозирланган ва унга домланинг Абдураҳмон Маҳмудов исмли шогирди муҳаррир қилиб тайинланган ҳам. Бироқ китоб чоп этилмай қолган. Бунга асосий сабаб, назаримизда, унинг тугалланмаганлиги, сочиқ ҳолда эканлигидир. Бу табиий. Зеро бирон-бир қишлоқ ёинки нари борса, бир туманнинг тарихини бир киши баён қилиши мумкин, аммо Ўш сингари қадимий ва катта бир шаҳар тарихини мукаммал тасвирлаш амри маҳол. Иккинчи ёқдан, баён тугал эмас. Шундай бўлса-да, домла шаҳримиз, хусусан, унинг бундан етмиш йиллар аввалги кўринишлари хусусида бир талай маълумотларни ёзиб қолдиргани учун бу марҳум зиёлининг номини ҳурмат билан эслашга бурчлимиз. Шуни ҳам қайд этиш керакки, Ўшнинг уч минг йиллик юбилейи арафасида вилоят газетаси (“Ўш садоси”)да у кишининг “Кўҳна Ўшнинг даҳалари” деган лавҳаси чоп этилган ва бир қанча зиёлилар Одилжон Раҳимовдан ушбу мавзуни давом эттиришни илтимос қилишган, таклифлар айтишган. Мазкур қўлёзма ана шу даъватга жавоб бўлиб майдонга келган кўринади. Бинобарин, қуйида ушбу қўлёзма асаридан айрим қимматли, рационал мағизга эга бўлган ўринларини таҳрир этилмаган ҳолда, фақат бироз қисқартишлар билан курсив ҳарфларда келтириб ўтамиз. Қўлёзмада йўқ бўлган, биз томондан қўшилган фикр ва изоҳлар эса шу иқтибос ичида тик (курсив эмас) ёзувда берилади.
Одилжон Умаров домланинг ёзишича, “XIX аср ўрталари ва XX аср бошларида Ўш ўн икки даҳадан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири бошқасидан ўз чегарасига кўра яққол ажралиб турган. Улардан биринчиси Марғилондарвоза даҳаси бўлиб, у Ўшнинг шимоли-ғарб тарафидаги маҳаллаларни ўз ичига олган. Бу даҳа ери устидан Сулаймон тоғи этакларини айланиб оқувчи зилол сувли Кўдахона (айрим манбаларда – Кўҳикон) ва шаҳар ғарбидаги Қайирма кандалари ўтказилган. Буюк ипак йўлининг асосий тармоғидан бири айнан Марғилондарвоза даҳаси устида бўлган. Бу даҳа ери унумдор бўлгани боис, даҳа аҳли, асосан, деҳқончилик ва боғбонлик билан шуғулланиб, шаҳар аҳлини мева-чева, сабзавот, қовун-тарвузлар билан таъминлаган. Даҳа фуқароларининг аксари шаҳар ичидаги маҳаллаларда истиқомат қилишса ҳам, баҳор, ёз ва куз маҳали Ишкавон, Гулбаҳор қишлоқлари атрофидаги далаларда капа тикиб, экин етиштиришган.
Шу билан бирга, даҳанинг шаҳар марказига яқин маҳаллаларида кулоллик, пойабзалчилик каби ҳунарлар ҳам ривож топган эди.
Кексаларнинг эслашича, бир маҳаллар шаҳар қўрғони ёнида, ҳозирги Алишер Навоий кўчаси бўйлаб юрганда, Бўстон жамоа хўжалиги ерлари бошланишида жуда ҳашаматли ёғоч дарвозаси бўлган. Унинг эни етти, баландлиги эса тўрт метрдан ортиқ эди. Ҳар икки ёнида ярим доира шаклида қурилган жиловхоналари бўлиб, уларда қоровул дарвозабонлар яшаган.
Марғилондарвоза даҳасида қадимий бинолар кўп эди. Бироқ ХХ асрнинг биринчи чораги охирларида мазкур даҳадаги қанчадан-қанча масжид ва мадрасалар атеистик давлатнинг зўри билан бузиб ташланди. Айрим омон қолган ибодатгоҳлар эса турли хўжалик мақсадларида ишлатилди. Даҳа ҳудудидаги бузилмай қолган биргина масжид – ҳозирги кунда Боқий жоме масжиди деб юритилаётган Маюсуфбой ҳожи масжидидир. Маюсуфбой ҳожи ХХ аср бошларида Ялангмаҳалла аҳлидан Жўпас анҳори ёқасига масжид қуриб бериш учун изн сўрайди ва иморат тиклашга Қўқонлик усталарни таклиф этади. Орадан икки йил ўтиб, 1912 йилда усталар иштироки ва маҳаллалардан чиққан ҳашарчилар кучи билан масжид қуриб битказилиб, хутба ўқилади. Ҳозирда бу масжид яна эл билан гавжум.
Марғилондарвоза даҳаси ҳудудида, Сулаймон тоғи этагида Ғойибмозор қабристони бўлиб, бир қанча уламоларнинг турбати шу ерда. Жумладан, Беруний асарларига шарҳлар ёзган Жалолиддин махдум, забардаст уламо Холмирза охунд, етук қасидахон Солиҳ қорилар шу мозорга дафн этилган.
Сулаймон тоғининг шимоли-ғарбий этагида ўтган аср бошларида бир қанча ғорлар бор эди. Шулардан бирида Гўдакмозор қабристони ёнида Хол исмли бир мажнунтабиат киши ўз қўли билан ғор ичида ҳужралар бино қилган. “Айвон”у “ҳужра”ларни ясашда ёғоч, ғишт ишлатилмаган, чок босди усулида қиррали тошлар ғоят зўр маҳорат билан териб тикланган бу “уй”нинг меъморлиги кўп одамларни лол қолдирадиган даражада эди.
Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларига келиб Марғилондарвоза даҳаси ерларида ўнга яқин колхоз тузилди. Улуғ Ватан уруши йилларида бу хўжаликлар фронтни ғалла, чорва маҳсулотлари, қуруқ мева билан таъминлади. Даҳадан эл-юрт корига камарбаста бўлган кўп одамлар етишиб чиқди, афсуски, уларнинг баъзилари жанггоҳларда қолиб ҳам кетди. Кези келганда айтиш керак, Қирғизистону Ўзбекистоннинг довруғини оламга таратган аллома Ҳабиб Абдуллаевнинг болалиги айнан ана шу Марғилондарвоза даҳасининг Яланг маҳалласида ўтган.
Ана энди бундан юз йиллар аввал Эшонгузар, Сармозор деган номлар билан танилган яна икки даҳага тўхталамиз. Эшонгузар даҳаси Марғилондарвоза даҳасининг шимолий томонида бўлган, асосан, Жўпас ариғидан сув олган. Шу билан бирга, даҳанинг ғарбий қисмидаги ерлар Кўдахона кандасининг этак қисмидаги Шалдирама ариғи орқали суғорилган. Даҳа аҳолиси, асосан, деҳқончилик ва қисман боғбонлик билан шуғулланган.
Мазкур даҳага қарашли бўлган кўчалардан фақат биттасининг номи ҳозирда ҳам сақланиб қолган бўлиб, Шамшод деб аталади. Кексаларнинг ҳикоя қилишларича, мазкур Шалдирама ариғи ёқасида бир замонлар кўп шамшод дарахтлари ўсгани сабабли кўча Шамшод деб аталган эмиш. Мазкур даҳада Қилич Бурҳон номли мавзе бор эди. Айтишларича, Қилич Бурҳон ислом динини тарқатиш йўлида бу тарафга келган йирик уламо ва лашкарбоши бўлган экан. У дафн этилган жой теварагига кейинчалик бошқа майитлар ҳам қўйилиб, бу ер ҳозирги Қилич Бурҳон қабристонига айланган” (Қилич Бурҳон номи билан аталувчи асосий жой Ўзган шаҳрида, бироқ турли жойларни ўтмишдаги машҳур реал ва афсонавий шахсларга нисбат бериш ҳоллари кўп учрайди).
Даҳа нега Эшонгузар деб аталади, деган саволга тўхталиб, Одилжон Раҳимов домла кексаларнинг “Қилич Бурҳон ҳазратларининг яқинида юрган даъватчи одамлар эшонлар эди”, деган бироз шубҳали фикрни олға суради: “Эшонлар катта гузар қуриб, ўша ерда яшаган эканлар. Гузарда масжид ва хонақолар ишлаб турган. Кейинчалик шу даҳада яшаб ўтган забардаст уламо, ибодатни қўл меҳнати билан қўшиб олиб борган Мирзажон ҳожи ота, унинг фарзанди, кейинчалик колхоз раиси бўлиб ишлаган Файзулло Мирзажонов, шунингдек, Умар қори, Нурмуҳаммад Комилов, Эшонхон Раҳмонов каби шахслар мазкур даҳада истиқомат қилганлар.
Собиқ Бешкапа, ҳозирги Эшонхон Раҳмонов номидаги маҳалла ҳам Эшонгузар даҳаси ҳудудига кирган эди.
Сармозор даҳаси шаҳарнинг кунчиқар томонида, Увом каналидан сув ичади, аҳолиси асосан, деҳқончилик-сабзавоткорлик билан машғул. Бу даҳада қарийб уч юз йилдан бери Ҳувайдо эшон ва унинг одамлари элга исломий маърифат тарқатиб келганлар. Ўтмишда бу даҳа ўз шаҳристонига эга бўлиб, унда осори атиқалар кўп эди. Чунончи, Ҳувайдо эшоннинг невараси – файласуф, шоир Салоҳиддин Соқиб қурдирган қорихона кейинчалик мактабга айлантирилган. Сармозор бурчагидаги жоме масжиди ҳам бузилиб, ғиштлари колхоз клуби қурилишида ишлатилган. Замон зайлини қарангки, эндиликда бу клуб бошқатдан таъмирланиб, яна масжидга айлантирилди.
“Сармозор даҳасининг Қўштош мавзеида яшаб, мамлакат тараққиётига катта ҳиса қўшган одамлар бисёр. Ана шундайлардан бири Калинин колхози раҳбари Убайдулла Содиқов эди. Убайдулла раиснинг оддий меҳнаткашларга қайишиш учун қилган беминнат хизматларини то ҳануз эл миннатдорлик билан ёдга олади.
Ўш даҳаларидан яна бири Хўжалар гузари даҳаси деб аталади.
Оқбура дарёсининг шимоли-шарқий қисмига жойлашган Хўжалар гузари даҳаси Ўшнинг энг қадимги шаҳристонларидан бири. Ҳудуди каттагина – Жийдалик маҳаласининг шаҳарга туташган қисмидан бошланиб, тахминан, дарё узра солинган янги кўприккача келади. Даҳанинг тарихи Ўшда ислом динининг барқарор бўлиш даврига бориб тақалади ва Ўш шаҳри қозихона ҳужжатларида тез-тез “Хўжалар гузари” номи билан тилга олинади. Хўжалар гузарида қадимдан аҳоли зич яшаб келган. Хўжалар гузари Оқбура дарёсидан чиқарилган ариқлардан сув ичади. Бу даҳадаги осориатиқаларидан бири “Мулла Тош қози кўприги” бўлиб, у Хўжалар гузарини Марғилондарвоза даҳаси билан боғлаган. Кўприк XIX аср поёнида одил ва саховатли Мулла Тошмуҳаммад қози томонидан барпо этилган. Кўприк “яккачўп” усулида, яъни қучоққа сиғмайдиган даражада йўғон ва узун терак ёғочларини маташтириш орқали одамлар ва қўқонаравалар юришига имкон берадиган даражада бақувват қилиб қурилган. Мазкур кўприк эллигинчи йиллар охирида – заҳматкаш инсон, ажойиб зиёли Сиддиқ Исҳоқов бозор оқсоқоли бўлиб турган даврда темирбетондан қайта қурилган. Ўш бозори биқинида ўтган аср ўрталарида қурилган Олимбек додхоҳ мадрасаси ҳам даҳа ҳудудида эди.
Мадрасанинг қурилиш тарихига тўхталган Одилжон Раҳимов домланинг ёзишига кўра, “Андижоннинг ёш ҳокими Олимбек додхоҳ саводли, адолатли ва саховатпеша инсон бўлган. У Олой томонларга тез-тез саёҳат уюштириб, сайру саёҳат қилиб, кези келганда ов билан машғул бўлишни ёқтирган.
Қурбонжон додхоҳ
Ана шундай сафарларининг бирида у Қурбонжон исмли ёш ва шаддод қирғиз қизини кўриб, ёқтириб қолади. Нусратбону тахаллуси билан ғазаллар битган Қурбонжоннинг қалбида ҳам ёш, виқорли додхоҳга нисбатан муҳаббат уйғонади. Ўртада фарзандлар туғилади. Кейинчалик Худоёрхон Олимбек додхоҳни пойтахт Қўқонга олиб кетиб, уни девонбеги қилиб тайинлайди. Қўқон хонлигини руслар истило этганидан сўнг қувғинда юрган Олимбек додхоҳ, тахминан, 1880 йилларда қўлга олиниб, рус айғоқчилари томонидан ўлдирилади.
Додхоҳ она ўғилларидан бири билан
Таассуфки, Олимбек додхоҳ қурдирган мадрасанинг тақдири ҳам фожиали бўлди. У машъум қатағон йиллари бузиб ташланди. II Жаҳон уруши тамом бўлганидан сўнг мадрасанинг ўрни ва унга ёндош бўлган мўъжаз Оқер қабристони ўрнини обод қилишга уринишлар бўлди.
Олимбек додхоҳ қурдирган мадраса
Ленин номли колхоз раиси, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Турсунали қори Сулаймонов билан унинг биродари Саттибойвачча шу ерда чойхона ва боғча барпо этишган эди. Ҳозир бу ерда чоғроқ бозор ишлаб турибди.
Олимбек додхоҳ мадрасасидан дарё бўйлаб юқори томон юрилганда Хўжалар гузари келар, бу гузарнинг қоқ ўртасида Барановнинг маҳаллий аҳолини ўқитиш учун очилган рус-тузем мактаби ва Маъдихон домла очган қорихона қад ростлаган эди. Ҳозир улардан ном-нишон ҳам қолмади, Ўшнинг яқин тарихидан хабар берувчи тилсиз шоҳидлар ана шу тариқа маҳв этилди.
Мазкур даҳада яшаб ўтган кишилардан айримларини тилга оладиган бўлсак, ёзувчи ва журналист Фозил Тожи, Ўшликлар орасидан чиққан биринчи журналист ва муҳаррир Муродхон Собиров, нозиктаъб зиёли Мадаминхўжа Тўрахўжаев, ислом аҳкомлари билимдони Нўъмонхон қори, ҳалол ва покдомон уламо Шоюнус қори, мусиқа ихлосмандларининг кўпларига устозлик қилган Мўъминжон қориларни эслашга тўғри келади.
Бу даҳанинг Жим мавзеида номи ардоқланиб Тўра дада деб аталадиган бир уламо умр кечирди. Ислом мафкураси зўр бериб таъқиб қилинган машъум замонларда ҳам Тўра дада давр сиёсатидан асло тап тортмай, ёшларга, айниқса, гўдак болаларга шариат аҳкомларидан дарс беришдан чарчамади.
“Қирғизистон булбули” деб эътироф этилган Республика Халқ артисти Тожихон Ҳасанова ҳам Хўжалар гузари даҳасининг фарзанди эди”.
Одилжон Раҳимов қўлёзмаси мутолаасини шу ерда яна бир муддат тўхтатиб, бир-икки қайдни ҳавола этиш лозим кўринади. Аввало, Қурбонжон додхоҳ шеър машқи билан шуғуллангани, боз, мумтоз Шарқ адабиёти руҳида, ўз тахаллусига эга бўлган бир шоира сифатида қалам тебратгани рост бўлса, шу пайтга қадар унинг шеърлари жиллақурса парча сифатида етиб келган бўларди. Иккинчидан, баъзи манбаларда Қурбонжон додхоҳ Нусрат эмас, Зийнат деган ном билан шеър ёзгани ҳам айтилади. Янада ажабланарлиси, Шимолий Қирғизистон тарафларда “додхоҳ” унвонига эга бўлган яна бошқа бир қирғиз аёли ўтган ва у Зийнат тахаллуси билан шеърлар ёзган, деган маълумотлар ҳам мавжудки, бунинг асл ҳақиқатини аниқлаш келажакнинг иши бўлиб қолади, чунки ҳозирча ҳар бир томон ўз фикрини чин деб тақдим этган.
“Аммо Хўжалар гузари кейинги йилларда ўзининг файзу тароватдан айрилди. Сершовқин Ўш бозорини айтмаганда, аввалги обод ва шинам Хўжалар гузари даҳасини эслатадиган ҳеч нарса қолмади. Оқбура дарёси қирғоқлари ташландиқ аҳволда. Асрий тол ва тераклар кесилиб битди. Илгари одамлар яйраб ҳордиқ чиқарадиган Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳам ўз чиройини йўқотиб боряпти. Шуларни таассуф билан қайд қилган ҳолда, таъкидлашни истар эдикки, Ўшни обод қилиш мақсадини кўзлаб тузилган “Ўш-3000” концепциясида шаҳримизнинг келажакда янада кўрк очиши хусусида бир талай яхши гаплар айтилган. Эндиги масала – шу эзгу ниятларни амалга оширишдан иборат.
Ўшда, шунингдек, Ачамозор ва Шайхларгузар даҳалари ҳам бор эди.
Ачамозор даҳаси Сулаймон тоғининг жануби-ғарбий тарафида жойлашган, майдони каттагина бўлган. Илгари бу ерда бир неча тепаликлар бор эди, кейинчалик улар текислаб ташланган. Ачамозор ҳақида илмий-тарихий маълумотлар деярли йўқ. Даҳанинг нима сабабдан Ачамозор деб аталишига келсак, одамлар орасида, ўтмишда бу ерда Ачахон отин деган покдомон, маърифатли аёл яшаганини, у қизларга савод ўргатиб, дин илмидан сабоқ берганини, вақти қазоси етиб оламдан ўтгач, отинойи дафн этилган қабристон “Ачахон отин мозори” à “Ачамозор” деб аталиб кетганини нақл қиладилар. Эҳтимол, шундайдир. Аммо мазкур мозор ўтган асрда текислаб юборилди, қабрлар устидан йўл чиқарилди, йўл атрофига уйлар, идоралар қурилди. Ачамозорлик кексаларнинг айтишлари ҳамда Ўш ўлкани ўрганиш музейидаги бир фотосуратдан маълум бўлишича, Ачамозор Сулаймон тоғидаги ҳозирги жанубий қабристонга туташиб кетган ва ҳудуди учбурчак шаклида бўлган. Ачамозор ҳозирги “Южводстрой” трести автокорхонаси билан Панфилов номидаги мактаб оралиғида бўлиб, шу атрофдаги ҳозирги маҳаллалар ўрни илгари қабристон эди.
Шу ўринда, мазкур даҳанинг номи нима сабабдан Ачамозор эканлиги ҳақидаги суриштирувларимиз натижасида одамлар яна бир асосни ҳам ўртага ташлаганини айтиб ўтайлик. Ача, дарҳақиқат, ўзбекча сўз, “аяча”нинг қисқартирилган шакли. Наманган тарафда кўпроқ қўлланади. Аммо мазкур мозор жойлашган ҳудудда қадимда арча кўп ўсган, шу сабабли “Арчали мозор à Арча мозор à Ачамозор бўлиб кетган, деган талқинлар ҳам бор.
Ачамозор даҳасидаги маҳаллаларда бир пайтлар йигирмага яқин масжид ишлаб турган, жума намозидан бошқа ибодатлар ана шу масжидларда адо этилган, масжидлар қошидаги мактабларда болаларга хат-савод ўргатилган. Ҳозирда даҳанинг марказий қисмида жойлашган ва бир мўъжиза билан омон қолган Холхўжа эшон масжидининг ташландиқ ҳолга келган биноси яна таъмирланиб, ишга туширилган.
Ачамозорда бундан бошқа тарихий обидалар деярли йўқ. Бу даҳа аҳолиси илгари деҳқончилик билан шуғулланган, маълумки, деҳқон одамларда дала ишларидан бўшаб, пишиқ ғиштли бежирим иморатлар қуришга фурсат бўлмайди. Ушбу даҳа ерларини неча юз йиллаб сув билан таъминлаб келган қадимий Кўдахона ариғи ҳеч бир сабабсиз бузиб ташланди, оқибатда, бу анҳор атрофидаги боғ-роғлар қуриб битди.
Шу билан бирга, айни даҳа заминидаги бунёдкорлик ишларини ҳам тилга олиб ўтиш керак. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида ташкил топган “Намуна” қишлоғи теварагидаги колхозларда бош режа асосида янги маҳаллалар бунёд этилди ва маданий-маиший бинолар қурилди. Эллигинчи йилларнинг охирига келиб “Черёмушки” шаҳарчаси барпо бўлди. Бу ерда автокорхона, “Рембиттехника” идораси, вилоят туғруқхонаси, вилоят асаб касалликлари шифохонаси, вилоят сил касалликлари диспансери, ҳунар-техника билим юрти ишлаб турибди, қирғиз-турк лицейи очилган.
Бу даҳада Раимбува раис Султонов, Мулла Абдукарим ота сингари эл назаридаги одамлар яшаб ўтдилар. Ачамозор даҳасининг Шайхларгузар даҳасига туташган жойида, ҳозирги вилоят босмахонаси яқинида ўтган аср бошларида Нурмат тилмоч деган киши яшаб ўтди. Асли Тошкентлик бўлган бу одам рус тили ва Чор Россияси қонунларидан яхши хабардор бўлган, Ўшликлар томонидан бу ерларга маҳаллий аҳоли билан давлат идоралари ўртасидаги муомалани йўлга қўйиш учун чақириб олинган. Нурмат тилмоч оиласи билан Ўшга кўчиб келиб, шу ерда яшаб қолди. Кексаларнинг эслашларича, Нурмат тилмоч нафақат Ўшда иш юритган, балки шароит тақозо этса, олис Олой яйловларига қадар отда бориб, одамларнинг мушкул можароларини қўлдан келганича бартараф этишга ҳаракат қилган, тил билмаслик ва қонунлардан бехабарлик сабаб беихтиёр равишда келиб чиққан муаммоларни содда эл фойдасига ҳал этиш учун бор билим ва маҳоратини ишга солиб, фаолият юритган.
Ачамозор даҳаси турғунларидан Ўринбой Нурматов, Насриддин Фозилов, Норихон Бобоева, Роҳилахон Мўминова каби ўз азиз умрини мактабга, халқ орасида маориф тарқатишга бағишлаган ўнлаб фидойилар бор эди. Бетакрор раққоса, Ачамозорнинг Чуқуркўча маҳалласида яшаган Қирғизистон Халқ артисти Розияхон Мўминова ҳануз одамларнинг ёдида, у саҳналаштирган ўнлаб рақс усулари ҳамон ижро этиб келинади.
Шайхлар гузари даҳаси Ўшнинг энг кўркам бир ўрнида жойлашган бўлиб, унинг шарқий томони Оқбура дарёси қирғоқларига бориб туташади. Шаҳримиздаги аксар маориф масканлари ана шу даҳада. Жумладан, катта Жоме масжиди, Осаф ибн Бархаё мозори, Работи Абдуллахон жомеси, тоғ жанубидаги улкан қабристон, кўплаб диний мактаблар, карвонсаройлар, бошқа маданий-маиший бинолар, бир қанча устахона ва ҳунармандчилик буюмлари сотиладиган дўкон шу ерда бўлган. Бундан ташқари, айни даҳа бир қанча қадамжолар маскани сифатида ҳам азалдан машҳур.
Даҳа аҳолиси асосан, ҳунармандчилик билан шуғулланган, этикдўзлик, маҳсидўзлик, амиркончилик қилган, маҳалла аёллари кийим-кечак, кўрпа-тўшак тикиш борасида тенгсиз чевар бўлишган…”
Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўш тарихига оид қўлёзма муаллифи Одилжон Раҳимов “Шайхлар гузари” номининг келиб чиқишини қадимги араб халифалигига, унда жорий этилган шайхулислом, шайхурраис каби лавозимларга боғлаб талқин этишга ҳаракат қилган. Бу ҳам бир тахмин, албатта.
“Ўшдаги машҳур даҳалардан яна бири Имомота деб аталади, – деб давом этади О.Раҳимов. – Шаҳримизнинг шимоли-шарқидаги бу маскан Сармозор даҳасининг шарқий қисмидан бошланиб, ҳозирги Амир Темур шаҳарчасига қўшилиб кетган. Увом каналининг шарқий қирғоғидаги баланд тепаликлар, дўнгликлар ва сайхонликлар ўзига хос ландшафтни юзага келтирган. Ўтмишда бу даҳанинг лалми ерларида ғалла экилган, чорва моллари парваришланган, суғориладиган ерларини эса экинзор, боғ-роғлар қоплаб турарди. Бу даҳада, шунингдек, майда ҳунармандчилик ҳам хийла тараққий этган.
Бу жойлар қай сабабдан Имомота деб аталиши маълум эмас. Мавжуд ривоятларнинг аксари бу ерларда ислом динининг қарор топишига бориб тақалади. Бинобарин, бу даҳа қайсидир бир таниқли имом хотирасига шундай деб аталиб кетган, дейиш мумкин. Даҳада эски қабристонлар, дахмалар, қўрғон қолдиқлари борки, улар бу жой қадимги бой ўтмишининг тилсиз гувоҳларидир”.
Одилжон домла Раҳимовнинг ёзишича, Ўшда ўтган аср охирларида Чейлитко (Владимир Рафаэлович) исмли бир археолог одам яшаган. Кексайган чоғида Ўшнинг тарихий харитасини тузган. Ҳали Ўшнинг 3000 йиллиги далилланмасдан бурун у киши савқи табиийсига асосланиб, бу шаҳарнинг жуда қадимий маскан эканини одамларга уқтиришга ҳаракат қилган. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Ўш ўлкани ўрганиш музейига асос солган. Айнан унинг ташаббуси билан Ленинграддан келган археолог ва этнографлар Имомота даҳасининг юқорисида, Дам олиш уйи этагида бир дахмани очишга муваффақ бўлишди. Тош тахталар билан қуршалган бу қабр Искандар Зулқарнайн саркардаларининг бирига тегишли бўлиб чиқди. Бу эса айни жойларда бундан икки ярим минг йил муқаддам ҳам одамлар яшаганини далилловчи ашёвий далил эди. Дахмадан топилган ашёлар Ленинградга олиб кетилган.
Яна бир тафсилот шундан иборатки, тилга олинган археолог Чейлитко ҳақидаги яна бир маълумотни келтирсак. Фарғона водийси археологиясини тадқиқ этиш билан шуғулланган В.Р.Чейлитко кўпдан-кўп кашфиётларидан бири қаторида Ўшнинг Қатламатоғ массивидаги ғорлардан биридан жуда ҳам яхши сақланган туркий “Алға” қабиласининг тамғаси туширилган бир тангани топиб, Давлат Эрмитажининг нумизматика бўлимига топширган.
Яна қўлёзмани варақлаймиз. “Имомота даҳасида касб-ҳунари от билан боғлиқ бўлган карвонлар, олис жойларга бориб ишловчилар кўп эди (масалан, узоқ йиллар давомида Дараутқўрғон гидрометеорология станциясида ака-укалари билан ишлаган Султонхон ака). Хусусан, қадимда от билан Сарандиб (Цейлон)га ўн уч марта бориб келган, Хитой ва Ҳиндистон, Эрону Туроннинг талай ўлкаларини қезиб чиққан Йўлдош ота, шунингдек, қирқ йилга яқин Ўш, Бухоро, Истанбул ва Қоҳира мадрасаларида илм хатм қилган, эл ичида Эшондада номи билан танилган Бобохўжа эшон каби кишилар яшаб ўтишдики, бу зот тариқатда харобот аҳли сулукига мансуб бўлгани боис, қўлида ортиқча мабағ тутмай, отасидан қолган ер-сув, қатор дўконларни муҳтож кишиларга хатлаб берганини, шу даҳанинг ўзида бир неча масжид ва қорихоналар бино қилганини, кўп ёшларни ўз маблағи ҳисобидан олис мамлакатларга илм таҳсил қилишлари учун юборганини, ўнлаб от сотиб олиб, отсизларга бериб, уларга бу давлатни кўпайтиришни тайинлаганини нақл қиладилар. Афсуски, йиллар ўтиб, бир пайтлар мамлакатлараро саёҳат ва тижоратлари тафсилоти билан Ўшдаги машҳур дам олиш уйи сўриларида ҳамсуҳбатларини мароқлантириб ҳикоялар сўзловчи нуроний отахонлар энди орамизда йўқ. Оллоҳ уларни раҳмат қилган бўлсин.
Энди икки оғиз сўз мазкур даҳадаги Ўш дам олиш уйи ва унинг тарихи хусусида. XIX аср охирларида босқинчи генерал Скобелев шу ерлардан туриб, Шарқий Туркистонни эгаллаш учун тайёргарлик кўриш мақсадида Ўшда ҳарбий ва маъмурий биноларни кўп қурдирган. Ўш дам олиш уйи ўрнида дастлаб ҳокимият қароргоҳи қурилади. Икки сув оралиғида жойлашган, авваллари халқ сайил ўтказиб, ҳордиқ чиқарадиган бу сўлим маскан ўшандан сўнг рус зобитлари ва уларнинг болалари яйрайдиган жойга айлантирилади. Бу ҳақсизликдан жунбушга келган Имомоталиклар мазкур ҳудуд ичига кирмоқчи бўлганида, уларни Сибирга сургун қилишларини айтиб, йўл беришмаган.
Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида кўпга келган тўй дегандай, Имомоталикларнинг ҳам ер-сув, мол-ҳол, от-арава, жувозу тегирмонлари мусодара этилди, ўзлари эса янги тузилган колхозларга тортилди. Колхозга кирмаганлар Ўш ипак комбинати қурилишига ҳамда унинг фабрикаларида ишлашга сафарбар қилинди. Бинобарин, шаҳримиздаги дастлабки саноат ишчиларининг аксарини Имомоталиклар ташкил этар эди.
Бешкўприк, Сойгузар ва Жалалик даҳалари ҳам, гарчи бошқаларидан кичикроқ бўлса-да, шаҳримиз тарихида ўз ўрнига эга.
Бешкўприк Ўшнинг шимоли-шарқида. Оқбура дарёсининг юқори қисмидан сув олган наҳрлар шу ерда бир-бирига яқинлашади ва кичик тўғончалар, кўприклар орқали яна шимолий ҳамда шарқий тарафларга бўлиниб кетади. Бешта кўприк орқали ўтган ариқлар даҳанинг қуйи қисмидаги боғ-роғлар, экин ерлари, маҳаллалардаги томорқаларга обиҳаёт етказиб берган. Бу даҳанинг ҳозирги кунда йўқолиб кетган чегараларини хаёлан тиклайдиган бўлсак, у шимол ёқдан ҳозирги Наримон қишлоғи, шарқдан Сармозор даҳасининг Қўштош мавзеи, ғарбдан Хўжалар гузари даҳасига туташиб кетади.
Ўтган юз йиллик бошларида Ўшнинг тўртта дарвозаси бўлган ва улар шаҳар посбонлигидан ташқари, унинг кўркига кўрк қўшиб, ўзига хос мавқе қозонишида муҳим роль ўйнаган “Шаҳар бедарвоза эмас”, деган маталнинг зимнида ҳам, агар диққат қилсак, шаҳар дарвозасиз бўлмаслиги, дарвозаси йўқ маскан шаҳар деб аталмаслигини англаймиз. Ўш дарвозаларидан бири бўлган Қорасувдарвоза мана шу Бешкўприк даҳасида, қадимий ва ҳозирда ҳам сақланиб қолган ҳаммом биносига ёндош қилиб қурилган эди. У ХХ асрнинг эллигинчи йилларига қадар сақланиб турган ва кейинчалик бузилиб кетган. Ана шу дарвозадан “ташқари”даги ерлар Ўш ҳудудидан четда ҳисобланган, асосан, экин-тикин ерлари бўлган, шунингдек, бу жойда мойжувоз, обжувозлар ишлаб турган. Даҳа аҳли деҳқончилик, чорвачилик, боғбонлик билан шуғулланган.
Бу ерда қадимий иморатлардан деярли ҳеч нарса сақланиб қолмаган. Фақат юқорида зикр этилган ҳаммом борки, ёзувчи Мирзоҳид Мирзараҳимовнинг падари бузруквори Мирзараҳим ака қурдирган бу иншоот, мана, қарийб етмиш йиллардан бери одамларнинг корига яраб келяпти. Бу даҳада яшаб ўтган Умаржон Қосимов, Ғанижон Қосимов, Муҳибжон Мирсоатов, Ҳалимжон Ҳамидов, Ғанижон Холматов (Муғанний) каби кўплаб инсонлар Ўш халқининг хотирасидан узоқ йиллар ўчмайди”.
(Одилжон Раҳимов лавҳаларининг шу ўрнида, нима сабабдандир, Сойгузар ва Жалалик даҳалари ҳақида маълумот берилмай, “Тахти Сулаймон атрофидаги осори атиқалар” деган боб бошланиб кетади. Чамаси, муаллиф етарли маълумот тўплаб, шу қисмларни кейинчалик тўлдиришни ният қилган, аммо бу амалга ошмай қолган кўринади).
“Ҳатто яқин ўтмишда ҳам Сулаймон тоғи атрофи осориатиқаларга бой бўлган. Халқимиз неча асрлар бўйи уларни авайлаб асраган, янгиларини бунёд этган. Улардан кўпларининг қайси даврга мансуб эканлигини аниқлаш ҳам амри маҳол. Афсуски, қаттол замонанинг зайли билан бу обидаларнинг баъзилари барбод этилди ҳам.
Тахти Сулаймон атрофидаги осори атиқаларнинг бири – XVII асрда Қўқон хони Абдуллахоннинг фармони ва маблағи ҳисобидан қурилган Работи Абдуллахон жоме масжидидир.
(Ўқувчиларда янглиш тушунча шаклланиб қолмаслиги учун айтиб ўтишга мажбурмиз – марҳум О.Раҳимов домла шу ўринда хато маълумотга таянган кўринади. Зеро биринчидан, XVII асрда Қўқон хонлигининг ўзи йўқ эди, бу хонлик 1810 йилда, яъни XIX аср бошидагина пайдо бўлган, иккинчидан, Қўқон хонлиги тарихида Абдуллахон деган одам ўтмаган, мазкур бинони эса Шайбонийлар сулоласидан бўлган ўзбек хони Абдуллахон (1534-1598) қурдирган. Интернетда (“Исторические памятники Кыргызстана”) эса ушбу работ, ҳатто юқоридаги маълумотларда кўрсатилганидан ҳам аввалроқ – XVI асрнинг охири-XVII асрнинг бошларида қурилгани айтиладики, буниси ҳам хато, албатта).
Тарихдан маълумки, работлар масжид эмас, балки давлат тасарруфидаги қўналғалар бўлган. Аммо шароит тақозоси билан, айрим работлар кейинчалик масжид ва ҳатто жоме масжидга айлантирилган.
Работи Абдуллахон ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида ҳукумат томонидан мусодара этилиб, бу ерда намоз ўқиш, бинони зиёрат қилиш тақиқлаб қўйилди. Бироқ аввало, яратганнинг инояти, қолаверса Шафоат ҳожи Холиқназар ўғли каби юраги ўтли уламоларнинг дадил ва асосли саъй-ҳаракатлари туфайли 1943 йилда масжид яна диндорларга қайтариб берилди. Шу билан мазкур иморат бошидаги шўришлар тугамади. Олтмишинчи йилларга келиб, масжид яна ёпилди ва талай йиллар ўтгач, иккинчи бор қайтариб олинди…
Шу ўринда Одилжон домланинг қўлёзмаларидан бир дам кўз узиб, ўзимиз гувоҳ бўлган яна шу каби воқеаларни эслашга уринайлик. Илгари Ўшнинг ҳар бир маҳалла-кўйида камида бир, йирик ва узунроқ кўчаларда эса бир нечта масжид бўлар эди. Эллигинчи йилларнинг охирларига келиб, атеизм кучайиб кетди. Фрунзе шаҳридан Ўшга “ихрож” этилган ва “Ленин йўли” деган ном билан чоп этила бошлаган вилоят газетасида деярли ҳар ҳафтада диндорларни “фош” этадиган, табаррук зиёратгоҳ масканларнинг “ҳеч қанақа азиз эмас”лигини иддао қиладиган материаллар босилиб турар, “Мен нега диндан воз кечдим” каби сарлавҳалар билан замонасоз муллаларнинг иқрорномалари чоп этилар эди. Ғ. Қосимов ва ҳамфикрларининг “Бизда ҳали-ҳамон феодализм сарқитлари, диний жаҳолат сақланиб келмоқда. Бу ҳол Ўш шаҳрида ҳам сезилади, чунки бу ердаги одамларнинг бир қисми ҳалига қадар диндорликдан қутулмаган. Сулаймон тоғини, “азиз” жойларни зиёрат қилишдан батамом воз кечилганича йўқ. Бу ҳол айниқса, ҳайит кунлари яққол сезилади, чунки бошқа туман ва вилоятлардан ҳам зиёратга келишади”, дея қаҳр билан ёзганлари борки, ана шу баттол атеизм “Оқ уй”ни вайрон этишга олиб келди, боя айтилган – ҳар бир кўчадаги катта-кичик масжидлар ёпиб ташланиб, “Маҳалла кутубхонаси”га айлантирилди, шу кўчадаги аёллар учун “Чаласаводликни битириш курслари” очилди, бироқ бу тадбирларнинг ҳам вақтинчалик экани аён бўлгач… Худонинг уйи – Байтуллоҳ бўлган муқаддас масжидларимиз Европа миллатига мансуб айрим ночорроқ оилаларга бошпана қилиб берилди ҳам. Ва яна гувоҳмизки, ундай оилалар бу жойда рўшнолик кўрмай, йигитлари қирчин ёшида қийилишди, қолганлари касаллик ва муҳтожликдан бошлари чиқмай, ноилож, бошқа жойдан бошпана топиб кетиб қолишди…
Ўтган асрнинг 50-60 йилларига келиб ғаддор атеизм авж олдирилди. Шу даражадаки, ҳатто рус олимаси, Ўш шаҳрининг уч минг йиллик тарихга эга эканини илк бор исбот қилган Елена Васильевна Дружининанинг ўтмиш осори атиқаларни сақлаб қолишга даъват этиб, 1972 йил бошида “Ленинский путь” газетасида эълон қилинган “Аждодларимиздан қолган Ўш” сарлавҳали туркум мақолаларидан ҳам “исломий руҳ” топадилар. Дружинина ўз мақоласида: «Турли нашрларда Ўш масжид, мадраса ва мозорлари ҳақидаги маълумотларни учратамиз. Аксар ҳолларда масжидлар 100 та, мадрасалар сони эса 54 та бўлгани айтилади…. Ҳатто қирқинчи йиллар бошида тузилган ўтмиш ёдгорликлари рўйхатида ҳам Ўшдаги 123 масжид ва 7 мадраса биноси борлиги кўрсатилган эди. Аммо афсуски, ҳозир бундай бинолар сони йигирмага ҳам етмайди, уларнинг аҳволи ҳам ҳавас қилгудек эмас», деб ёзган эди.
Аммо газетанинг кейинги сонида “юқори” идора кўрсатмаси билан шу муаллиф аввалгиларига тескари руҳдаги “мақола” ёзиб чиқаришга мажбур бўлади. Унда, жумладан, қуйидаги сўзлар ҳам бор эди: «Диндор одамлар, мен аввалги очеркларимда тилга олган ҳамма динга алоқадор осори атиқалар архитектура ёдгорлиги сифатида қандайдир қийматга эга, деб тасаввур қиладилар. Мутлақо ундай эмас! Археологияда тарихий, социал жиҳатдан прогрессив аҳамиятга эга бўлган ёдгорликларгина чинакам қийматга эга бўлади”, “Дин йўлида қурилган иншоотлар илмий атеизмни пропаганда қилиш учун мўл-кўл материал бўлиб хизмат қилади”, каби тумтароқ жумлалар бор эди. Чунки олимани ўзи ишлаб турган Тарих музейидаги иш жойидан мосуво этиш билан қўрқитишган.
Қарангки, мафкура учун ҳақиқат қурбон қилинган мудҳиш бир замонда ҳатто энг фидойи олимлар ҳам, гарчи, дилида ўз эътиқодига содиқ қолса-да, муросаи мадора йўлини тутишга мажбур бўлишар экан.
“Тоғ этагидаги осори атиқалардан яна бири Осаф ибн Бархаё қабри деб аталадиган мақбара биносидир, – деб ёзилади Одилжон Раҳимовнинг қўлёзмасида. – Унинг пештоқ қисми ҳозирда таъмирланган, лекин бу “таъмир” унинг ўзига хослигини йўққа чиқаришга, исломий шарқона услубини бузишга олиб келган, таъмир ишига тарихни, миллий меъморчилик анъаналарини мутлақо билмайдиган кишилар жалб этилган.
Тоғ этагида қурилган, одамлар Каттамозор деб атайдиган жоме масжидининг асл номи “Масжиди жузъа” бўлган (эътибор қилинг, Бобур бу масжид номини “Масжиди жавзо” деб кўрсатган. – З.И.) бу масжид қошида қорихоналар ҳам бўлиб, кўплаб муллаваччалар қироат ўрганишган. ХХ аср бошларига қадар Фарғона водийси уламоларининг анжуманлари авваллари, асосан, шу масжидда бўлиб ўтганини нақл қиладилар.
Шу билан бирга, тоғнинг шимоли-шарқий томонидаги мозор ўртасига қурилган яна бир масжид бор эдики, одамлар уни “Маккаи ажаб” (Макаи ажам) деб аташган. Қатағон йилларида вайрон этилган бу ибодатгоҳнинг ғиштлари кейинчалик Шафоатхон ҳожи Работи Абдуллахон масжиди жомесида имомлик қилган даврда шу ерга ташиб келтириб, масжиднинг қўрғон деворларига ишлатишган. Ҳозирги уламолар, яна, бу масжиднинг асл номи Масжиди ақсо (Оқ масжид) бўлган экан, деб ҳам айтишади.
Тахти Сулаймон тоғи теварагидаги ҳар бир қарич ер – тарих. Тоғдаги ғорлар, чўққилар, қабрлар, сўқмоқларнинг ўз ўтмиши бор. Кейинги йилларда ўтказилган археологик қазишлар тоғ этагида ҳаммомлар, қўрғонлар бўлганини кўрсатди. Бу ерда ҳозир ўлкани ўрганиш музейи ишлаб турибди.
Бироқ афсус билан қайд қилиш керакки, Сулаймон тоғи атрофи ҳозир ташландиқ аҳволда. Жуда кўп хонадонлар тоғ “ҳисобидан” ўз ҳовлисини кенгайтириб олган, бошқа жойларга ахлат тўкиб кетилган, тоғ этагига тираб автомашина созлаш устахоналари қалаштириб қуриб ташланган. Хуллас, манзара кўнгилсиз, экологик вазият издан чиққан. Бундан ўттиз ё эллик йиллар муқаддам Ўшга келган кишилар яна шаҳримизга ташриф буюрса, ўша дилтортар манзараларни соғиниб, тоққа чиқадиган, унинг атрофларини кўздан кечирадиган бўлсалар, аҳволни кўриб, ҳафсалалари тамомила пир бўлиши турган гап…” (Қўлёзма ўқишни шу ўринда бир муддат тўхтатамиз, мавзу тақозо этган ҳолларда яна мурожаат этилади).
Албатта, Ўшдаги кўча-кўйларнинг сони юқорида кўрсатилган 160 нафар маҳалла билан чекланмайди. Яна юзлаб кичикроқ кўчалар, оракўча ва тупиклар ҳам борки, уларнинг ҳар бири ҳамшаҳарларимиз учун кичик бир ватандир. Имкон борича ҳар бир кўчанинг номи, рельефи ва ҳоказоларини ўрганиш ҳам Ўшнинг умумий тарихини ёритишга муайян ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз. Бу масалалар ушбу китобнинг кейинги нашрларида ҳам ўз аксини топса, ажабмас.
Қайд қилиб ўтиш керакки, Ўш шаҳрининг ҳозирги ҳудуди масаласи бирмунча баҳсли: ХХ аср ўрталарида Ўш маҳаллалари, уларнинг айримлари шаҳарнинг четида эмас, ҳатто ички кўчаларини ташкил этган бўлса ҳам, шаҳар “прописка”сидан расман чиқарилиб, Қорасув тумани тасаруфига берилган, бунинг “ўрни”га, Ўшдан қарийб ўн километрча наридаги айрим қишлоқлар – ўртадаги далалар ва бошқа қишлоқларни ҳисобга олмаган ҳолда – “шаҳар” ҳисобига киритилган. Бунга эса, Ўш шаҳри аҳолисининг этник таркибида ўзбеклар нисбатини бирмунча камайтириб кўрсатиш зарурати сабаб бўлган. Башарти шаҳарни шаҳар деб, қишлоқни қишлоқ дейдиган бўлсак, унда ҳужжатларга кўра эмас, ҳақиқий аҳволга кўра, Ўш аҳолисининг камида етмиш фоизини ўзбеклар ташкил этади; бу ҳолда эса шаҳар бошқаруви, шу билан бирга, турли катта-кичик идораларда ушбу миллат вакиллари ҳам эътиборли лавозимларни эгалашларига тўғри келадики, буни ҳозирги шароитда, ҳатто тасаввур ҳам этиб бўлмайди.
Албатта, Ўшдаги кўча-кўйларнинг сони юқорида кўрсатилган 160 нафар маҳалла билан чекланмайди. Яна юзлаб кичикроқ кўчалар, оракўча ва тупиклар ҳам борки, уларнинг ҳар бири ҳамшаҳарларимиз учун ватандир. Имкон борича ҳар бир кўчанинг номи, рельефи ва ҳоказоларини ўрганиш ҳам Ўшнинг умумий тарихини ёритишга муайян ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз. Бу масалалар эса ушбу китобнинг кейинги нашрларида ўз аксини топса, ажабмас.
Қайд қилиб ўтиш керакки, Ўш шаҳрининг ҳозирги ҳудуди масаласи бирмунча баҳсли: ХХ аср ўрталарида Ўш маҳаллалари, уларнинг айримлари шаҳарнинг четида эмас, ҳатто ички кўчаларини ташкил этган бўлса ҳам, шаҳар “прописка”сидан расман чиқарилиб, Қорасув тумани тасаруфига берилган, бунинг “ўрни”га, Ўшдан қарийб ўн километрча наридаги айрим қишлоқлар – ўртадаги далалар ва бошқа қишлоқларни ҳисобга олмаган ҳолда – “шаҳар” ҳисобига киритилган. Бунга эса, Ўш шаҳри аҳолисининг этник таркибида ўзбеклар нисбатини бирмунча камайтириб кўрсатиш зарурати сабаб бўлган. Башарти шаҳарни шаҳар деб, қишлоқни қишлоқ дейдиган бўлсак, унда ҳужжатларга кўра эмас, ҳақиқий аҳволга кўра, Ўш аҳолисининг камида етмиш фоизини ўзбеклар ташкил этади; аммо бу ҳолда шаҳар бошқаруви, шу билан бирга, турли катта-кичик идораларда ушбу миллат вакиллари ҳам эътиборли лавозимларни эгалашларига тўғри келадики, буни ҳозирги шароитда ҳатто тасаввур ҳам этиб бўлмайди.
Гарчи Ўш бутун Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳар бўлса-да, Ўш аҳолисининг тирикчилиги то ўтган асрнинг эллигинчи йилларига қадар, асосан, деҳқончилик билан ўтган. Колхозлаштириш даврига келиб деҳқонлардан ер олиб қўйилди ва томорқа ерлари йириклаштирилди. Аммо шунда ҳам, то олтмишинчи йилларга қадар Ўшнинг бир неча чақирим теварагидаги ерлар шаҳарликларнинг чорбоғи ҳисобланган, аксар шаҳар аҳолиси қишни шаҳарда, ёзни эса ана шу дала-боғларда ўтказган. Етмишинчи йилларга келибгина шаҳар ичидаги икки-уч сотихли уйлар ҳар бир оилада улғайиб вояга етган фарзандлар ва уларнинг оилалари учун тор кела бошлади, натижада, аксар шаҳарликлар уйлантирган ўғилларидан бир-иккитаси учун бу чорбоғларга уй-жойлар солиб, уларга мустақил истиқомат қилишлари учун шароит яратиб беришга мажбур бўлди.
Ўш яқинидаги анвойи боғ-роғлар ана шундай қилиб йўқликка юз тутди. Ҳозир бу боғларда гуркираб ўсган ва шираси тил ёрадиган қовун-тарвузлару мева-чеваларнинг, ҳатто навлари ҳам қолмади, аксар ерларда сирти чиройли, ташишга қулай, “бозорбоп”ларигина гегемон нав сифатида қолди.
Аслида, бу ҳолат машъум ўттизинчи йилларда бошланган эди. Ҳамма жойга ғўза экилди. Кеч кузакда аранг очиладиган “амиркон” пахтанинг кўсаги қор-ёмғир остида терилар, ҳар бир хонадонга олиб келиб чувилар, заводга топшириш учун обдон қуритиш лозим бўларди. Бунинг учун ҳар бир пахтачилик бригадаси шийпонида “сушилка” тикланган. Бригада аъзоларидан бир нечаси кечаю кундуз сушилкага олов ёқиб, уни тинимсиз қиздириб, жиққа ҳўл пахтани қуритишга уринар эди. Не-не лазиз мевали дарахтлар кесиб, сушилкаларга қаланди, машҳур оқ ўрикларнинг фақат оти қолди, ана шу тариқа, миллий ҳаёт тарзи ҳам батамом ўзгариб кетди.
Азиз дўстлар!
Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг 2019 йилда чоп этилган “Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.
Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”, деган эди.
Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.