“ОҚ УЙ”НИ БОБУР ҚУРДИРГАНМИ? 15-СУҲБАТ

Ўш шаҳри ўртасидаги Сулаймон тоғи устида қурилган “Оқ уй” ҳақида кенг омма эътиборига унчалик тушмаган бир ҳақиқатни айтиб ўтайлик.

Ҳозирда Мирзо Бобур қурдирган уй деб айтилаётган, нафақат айтилаётган, балки кўпчилик назарида аксиома равишини олган бу иморатни аслида Бобур қурдирган эмас. Бу бино Бобурнинг ўзи эслатиб ўтган амакиси, Тошкент ҳокими Султон Маҳмудхон солган “ҳужра”дир.

Бунинг далили шуки, мазкур Оқ уйдан баландроқда бошқа ҳужра солиш мумкин бўлган бирон текис жой, умуман, йўқ – тоғнинг энг қир учи, холос. Иккинчидан, Бобур ўз иморатини “айвонлиқ ҳужра” деб атайди. Оқ уйнинг бутун архитектоникасида эса айвон билан пайваста бўларли ўрин йўқ – тўртала томони ҳам ташқи девор сифатида шакллантирилган. Бузиб ташланган асл Оқ уй ҳам айнан шундай эди; кейин қурилган ҳозирги иморатнинг тарҳи аввалги Оқ уйнинг фоторасмларига қараб тайёрланган.

Бобур эса ундан анча қуйида – “тоғнинг тумшуғида” бир “айвонлиқ ҳужра” солган. Хўш, Бобур қурдирган “айвонлиқ ҳужра” қаерда? Афсуски, Марказий Осиёда Бобур бино этган бирдан-бир бу иморат кейин бузилиб кетган, ундан ном-нишон ҳам қолмаган ва ҳатто у айнан тоғнинг қаерида бўлганини ҳам ҳозир биров билмайди. Биз бу тўғрида муайян изланиш олиб борарканмиз, Бобур айтган уч сўзга таяндик. Яъни биринчидан, Бобурнинг айвонлиқ ҳужраси Султон Маҳмудхон ҳужрасидан анча қуйида, аммо иккинчидан, тамом шаҳр ва маҳаллотдан юксакликда бўлиши ва учинчидан, у тоғнинг тумшуғида қад ростлаган.

Бизнинг назаримизда, Бобурнинг ҳужраси, сиз ушбу суратда кўриб турган жойга қурилган.

Демак, Бобурнинг ҳужраси ҳозирги оқ ўтов шаклида тикланган магазиннинг орқа томонида бўлган. “Древний Ош” китобида ёзилишича, бундан икки юз йил муқаддам, 1814 йилда Россиянинг Қўқон хонлигидаги элчиси Филипп Назаров Ўшга сафари вақтида тоғда икки қадимги иморатни кўрганлигини, энг пастда эса бир ғор борлигини, аммо бу ғор кимсасиз эканини қайд этган (Мазкур ғор эҳтимол ўша суратга олиш пайтида кимсасиз бўлгандир. Аммо тоғ ёналаридаги айрим ғорларда таркидунё қилган зоҳид одамлар доимо узлатда яшагани кўп манбаларда қайд этилган. Ўшлик айрим кексаларнинг айтишича, бутун Сулаймон тоғи ва бутун Ўш шаҳри ҳам эмас, балки айнан ана шу тоғнинг шарқий бурчидаги ғор атрофлари “Маккаи ажам” деган ном билан машҳур бўлган). Орадан яна юз йил ўтиб, академик В.В.Бартольднинг шогирди, шарқшунос Л.Зимин бир фотосуратни эълон қилган; унда тоғ устига қурилган бир бино ҳамда ундан анча қуйидаги яна бир иморат акс этган эди. Ана шу иккинчи, хийла қуйидаги иморат – ўн уч яшарлик подшоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фармонига кўра, “таърих тўққуз юз иккида” (1496 йилда) қурилган “айвонлиқ ҳужра» бўлган, албатта.

Мазкур иморатнинг сақланиб қолмагани сабабларини изоҳлаш йўсинида “Древний Ош” китобининг муаллифлари В. Галиций ва В. Плоских юқоридаги ҳужра (Султон Маҳмудхон ҳужраси) қоя панасида бўлгани сабабли ХХ аср ўрталаригача сақланиб келган, аммо Бобурнинг ҳужраси очиқроққа қурилгани учун шамол ва ёмғир таъсирида бузилиб кетган, деб уқтирадилар. Ажаб, уларнинг ибораси билан айтадиган бўлсак, “ХХ аср ўрталаригача сақланиб келган” бу иморат нега энди айнан шу аср ўрталарида бирдан йўқ бўлиб қолади? Султон Маҳмудхон қурдирган “Оқ уй”ни совет атеистлари томонидан бузиб ташлаганлигини айтиш наҳот мумкин бўлмаса? Янада таажжублики, Бобур қурдирган “айвонлиқ ҳужра” ҳам 1913 йилга қадар (420 йил) турган эмиш-да, орадан йигирма йил ҳам вақт ўтмай, “шамол ва ёмғир таъсирида” изи ҳам қолмасдан йўқолиб кетган эмиш.

Ундай эмас. Ўшлик кексалар яхши хотирлашади: шарқона услубда қурилган (Осаф ибн Бархаё мақбараси деб айтиладиган) иморат қирқинчи-эллигинчи йилларда омборга айлантирилиб, ишлаб чиқаришда фойдаланилган эди. Бу – бир мисол. “Мусулмонча” қурилган ё мусулмончиликни эслатадиган ҳар қандай иншоотни шўролар эл кўзи ўнгида таҳқирлаб, совет идораларига хизмат қилдиришган, унинг иложи топилмаса, Бобурнинг ҳужраси каби, яксон қилинган. Афтидан, Амир Темурнинг панневараси (Заҳириддин Муҳаммад мирзо ибн Умаршайх мирзо ибн Султон Абусаид мирзо ибн Султон Муҳаммад мирзо ибн Мироншоҳ мирзо ибн Амир Темур Тарағай) – буюк ўзбек шоири, саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўн уч ёшида қурдирган “айвонлиқ ҳужра” ХХ асрнинг жаҳолат авж олган, моддий оғир ва маънавий шафқатсиз йилларида ими-жимида бузиб ташланган…

Ажабки, “Оқ уй”ни 1963 йилда бузиб ташлаганларни оқлаш, лоақал унинг ваҳший атеистлар ташаббуси ва зўрлиги билан бузилганини яширишга интилиш ҳатто ҳозир – ХХI аср бошида, мустақиллик замонида ҳам бор экан. Интернетдаги “Турмуш” сайти бу ҳужра 1963 йилда хароба, вайрона аҳволга келиб қолгани учун ноилож бузилган, деб ёзади. Унинг қолган-қутган ускунасидан эса 1990 йиллар арафасида (чорак аср ўтиб-а?) ўша иморат қайта тикланган эмиш. Ундай эмас. Пишиқ мусулмон ғиштларидан тикланган “Оқ уй” қилт этмай тўрт юз йил турган ва унинг бирон жойи нураган эмас эди. Бунга мазкур бинонинг аввалги ҳолатини кўрган барча одам гувоҳ. Нега энди тўрт аср сарбаст турган бино 1963 йилга келиб бир йилнинг ўзида хароба аҳволга келар экан? Ҳатто унинг бузилишини талаб қилган худосизлар ҳам бундай даъвони қилмаган эдилар. Кўринадики, нафақат Совет ҳукуматининг жангари атеистик сиёсати, шу билан бирга, мана шундай лоқайд одамларнинг ҳар бир бузғунчиликни оқлайдиган “сабаб” топиб беришлари ҳақиқий тарихни йўққа чиқаришга олиб келар экан. Янги замоннинг “янгича фикрлайдиган” кишилари касрига биргина Ўшнинг ўзида Шўро ҳокимияти йилларида бузиб ташланган иморатларнинг умумий сони, мутахассисларинг айтишларича, уч юз ўн биттани ташкил этади. Бунинг ярмидан кўпроғи эса масжидлар эди.

АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”

САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА

 

Азиз дўстлар!

 

Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.