ОҚБУРА ДАРЁСИНИНГ ОППОҚ МАВЖЛАРИ 18-суҳбат

Ҳар қандай йирик шаҳар катта бир дарё оқиб ўтадиган ерда бино бўлади. Ўшни обиҳаёт билан таъминлаб келадиган дарё Оқбурадир. Айрим энциклопедия ва бошқа маълумотномаларда унинг Оқбўйра деб ҳам аталиши келтирилган.

Бу дарёнинг узунлиги 185 км. бўлиб, ҳавзаси 4500 кв. км.га тенг келади (аммо бу маълумот Оқбуранинг Попон сув омбори билан тўсилганидан аввалги даврга тааллуқли). Ушбу тоғ дарёсида баҳор-ёз мавсумида сув тўлиб-тошиб оқади. Йил бўйи ўртача ҳар сонияда 21 куб метрдан ортиқроқ сув ўтади. Статистиканинг хабар беришича, 1966 йил 12 июнда сел маҳали ҳар сонияда 250 куб метр сув оққан.

Дарё Танги қисиғидан ўтганидан бошлаб турли каналларни сув билан таъминлайди, Ўш шаҳрининг этагига етганида эса катта-кичик тармоқларга бўлиниб, Ўш ва Андижон вилояти экинзорларини суғоради. Ушбу сув йўлининг асосий қисми – 60 км. га яқинида дарё чуқур дара ичида оқади.

Андижон шаҳри аҳолиси қадимдан Оқбура дарёси суви билан тирикчилик қилган. Бобур Андижон шаҳрини таърифларкан, “Тўққуз тарнов сув кирар. Бу ажабтурким, бир ердин ҳам чиқмас”, дея таъкидлаб кўрсатган. Улар ичида энг асосийси Оқбура дарёси эди. У пайтларда, ҳатто бу дарё номи ҳам Оқбура эмас, Бобур кўрсатганидай, “Андижон рўди” (Андижон дарёси) деб аталган. Аммо бундан икки асрча муқаддам Қўқон хонлиги томонидан Шаҳрихон шаҳрига асос солиниб, уни суғориш учун Кампирровот дарасига солинган тўғон орқали Шаҳрихонсой канали кавлаб ишга туширилгач, Оқбура дарёсининг сув йўлини Шаҳрихонсой кесиб қўйган, ана шундан кейин у Андижон шаҳрига етиб бормай, яқин-атрофдаги экинзорларни суғориш билан ўз йўлини тугатадиган бўлди. Шу боис, кейинчалик Шаҳрихонсойга параллел равишда, ундан икки чақиримча шимолдан Қорадарёдан яна бир янги канал очилди ва у, илгари Оқбура дарёси “Андижон рўди” деб аталгани каби, “Андижонсой” деб аталадиган бўлди.

Аммо изланишлар Оқбура дарёсининг тарихи борасида янги маълумотларни ҳам тақдим этаётир. Милодий 982-983 йилда ёзилган, муаллифи номаълум “Ҳудудул олам” асарида “Ўш дарёси Ўш ва Ўрашт оралиғидан ўтади ва Ўзганд дарёсига қуйилади” деб қайд қилинган. Ўзганд дарёси деганда Қорадарё кўзда тутилади, чунки Қорадарё Ўзган шаҳри ёнидан оқиб ўтади.

Бундан кўринадики, Оқбура дарёси қадим замонларда Қорадарёнинг чап ирмоғи бўлган ва унинг суви Қорадарёга қўшилгач, ҳозирги Наманган вилоятининг Чўжа қишлоғи этагида Норин дарёси билан бирлашиб, Сирдарёни ҳосил қилган. Бу эса Оқбура дарёсининг суви ҳам бир пайтлар Сирдарё ҳавзасига кирганини, бу сув ҳам ҳозирги Орол денгизига бориб қўшилганини кўрсатади. Эҳтимол, Бобур қайд қилганидек, Сирдарё ҳеч бир денгизга бориб қуйилмай, қумликлар бағрига сингиб кетгандир.

Бундан келиб чиқадики, ё “Ҳудудул олам” асари муаллифи Ўш сойини Қуршоб дарёсига бориб қўшилиб, сўнг Қорадарёга қуйилади, деганида хатога йўл қўйган, ё бўлмаса, бу асар ёзилганидан сўнг қай бир асрда сув етишмаслигидан азият чеккан Андижонликлар дарё Қуршоб томонга бурилишидан олдин канал қазиб, дарё ўзанини Андижон томонга бурган бўлиб чиқади. Бироқ асов тоғ дарёсини бу тарзда жиловлаш учун у даврда техника бўлмагани сабаби бу амри маҳол иш эди, демак, “Ҳудудул олам” муаллифи бу ўринда қандайдир хатога йўл қўйган. Башарти “Ҳудудул олам”да кўрсатилган фактлар тўғри бўлса, унда гидрографлар томонидан ўша Х асрларда Оқбуранинг суви қайси ерда Қорадарёга қуйилганини ҳам аниқласа бўлади.

“Ҳудудул олам” китобида “Ўш дарёси Ўш ва Ўрашт оралиғидан ўтади ва Ўзганд дарёсига қуйилади” дейилади. Ўш-ку, ҳозирги Ўш шаҳри, аммо Ўрашт қайси манзил бўлса экан? Бу борада иккита тахминни илгари суриш мумкин:

– агар бу икки шаҳар бир-бири билан рўпара турмаганида, “оралиғидан ўтади” дейилмас эди, бинобарин, ҳозирги Ўшнинг шарқий томони ўша замонларда Ўрашт деган алоҳида шаҳар бўлган. Чиндан ҳам, улкан ва ўта шитоб билан оқадиган асов тоғ дарёси (унутмаслик керакки, “Ҳудудул олам”да Ўш дарёси Марказий Осиёдаги энг йирик 17 дарёсидан бири деб кўрсатилган) устига кўприк қуриш бундан минг йиллар илгари амри маҳол бўлган ва бу икки манзил қадимда икки алоҳида шаҳар бўлиб, кейинчалик қўшилиб кетган;

 – бундан бир неча минг йиллар илгари шу атрофда ташкил топган манзилгоҳлардан бири ҳозирги Ўттизадир ҳудудида бўлган. Эҳтимол, бу ўша Ўраштдир. Бу шаҳарнинг энг ғарбий чеккаси Ўш яқинидаги Бувалашкар қабристони ўрнида бўлиши ҳам мумкин…

 

Унда, бир замонлар ҳозирги Ўттизадир ва унинг теварагида улкан бир шаҳар бўлгани ҳақида тарих китобларидаги қайдлар бу маълумот орқали ҳам тасдиқланиши мумкин. Демак, бугунги аэрофото имкониятларига таянган ҳолда, Оқбура дарёсининг ўша, Х асрдаги асл ва табиий ўзанини ҳам аниқлаш мумкин.

Бобур замонига келиб эса Оқбура суви Андижонга борган. Бундан шундай табиий хулоса келиб чиқади: агар Х асрдаги “Ҳудудул олам”да реал воқелик акс эттирилган бўлса, унда ўша Х асрдан кейин, бироқ мўғул истилосидан олдинроқ бир замонда Оқбура суви катта бирон сел оқими таъсирида Андижонга қараб бурилган бўлиши ҳам, ёинки унинг сувидан Андижонни суғориш учун чиқарилган канал бора-бора кенгайиши ва чуқурлашиши оқибатида дарё азалий йўлини ўзгартириб, тўлалигича янги издан оққан ва унинг эски ўзани бора-бора кўмилиб кетган бўлиши ҳам эҳтимол.

Албатта, бир мантиқий савол туғилади: ушбу тарихий манбалардаги маълумотларнинг бугунги кунда қандай аҳамияти бор?

Бу энг ибтидоий тарихимизни тўғри тасаввур этишимиз учун даркор. Масалан, қадимги манзилгоҳлар, энг аввалги шаҳарлар дуч келган жойда эмас, муқаррар суратда бирон дарё бўйида барпо бўлганини эсга олсак, тарихий-археологик қазиш ишларини дарёларнинг эски ўзанлари ёқасидан белгилаб олиб бориш мақсадга мувофиқ ва натижалироқ бўлади. Жумладан, “Ҳудудул олам”да битилган Ўрашт шаҳри харобаларини ҳам археологлар Оқбура дарёсининг ўнг соҳилидан, Қуршоб дарёсига яқинроқ бир манзилдан қидиришлари керак бўлади.

Ҳар ҳолда, жонажон шаҳримизнинг сирли ўтмиши қаърига қанча чуқур кириб борганимиз сари, янги-янги фараз ва тахминлар, маълумотлар, талқинлар юзага чиқа беради.

Аммо бир нарса аниқ. Юқорида баён этилган фактларга таянган ҳолда, айтиш мумкинки, агар Оқбура дарёсининг суви бормаганида Андижон шаҳри бино бўлмас эди. Чунки Андижон шаҳрининг асл ўрни ҳозиргидан ҳам чуқурроқда бўлган ва бу шаҳар ана шу чуқурликнинг тўлиши ҳисобига бино бўлган. Ҳар баҳорда Оқбура суви бир неча ойлаб қоп-қора бўтана бўлиб оқиб, ўз йўлидаги тупроқларни ювиб, улар билан Андижоннинг пастликларини, чуқурликларини тўлдира борган. Оқибат, ана шу оқизиқ туфайли Андижон шаҳри ўрни бир қадар текисланган, унумдор замин юзага келган. Айтиб ўтганимиздек, Оқбура дарёси етмиш километрли сув йўлининг асосий қисми – 60 км. га яқинида дарё чуқур дара ичида оқар экан, бу чуқур дара ўз-ўзидан юзага келмаган, балки юз йиллар давомида мазкур ўзандаги тош-тупроқларни ювиб, қуйига оқизган ва мана шу улкан ҳавзадаги юмшоқ, унумдор замин ҳисобига Андижон ўрнидаги чуқурлик тўлиб борган.

Бинобарин, унумдор Хоразм замини Амударёнинг бўтана суви билан борган лойқа туфайли, Бухоро шаҳрининг ўрни эса Зарафшоннинг оқизиқлари сабабли юзага келгани каби, Андижон шаҳри ҳам аслида Оқбура дарёсининг суви билан бирга борган тош-тупроқ устида барпо бўлган. Гарчи Оқбура сойи ўта узун дарёлар қаторига кирмаса ҳам, унинг баҳор-ёз ойларида нақадар тошқин солиб оққани ёдимизда. Бўтана сув бағрида нафақат тупроқ ва лойқа оқар, оқим шиддати туфайли юзага келган сувнинг бўғиқ гумбурлаши остида, ҳатто катта-катта тошлар бир-бирига қалдираб урилиб, сув йўли бўйлаб қуйига қараб сурилар эди. Ҳатто 1973 йилда, Попон сув омбори қурилиб, дами кесилмасидан салгина олдин Оқбуранинг сўнгги наъраларига гувоҳ бўлганмиз – ўшанда катта сув келиб, сой ўзанида турган юк ва енгил автомашиналарни бамисоли хас-хашакдай ўйнатиб, бир неча чақирим қуйига оқизиб кетган эди.

1980 йили сув сиғими 260 миллион куб метрлик Попон сув омбори қурилиб, ишга туширилгач, Оқбура тамоман жиловланди, унинг сувлари бошқа экин ерларини суғоришга олингани боис, эски ўзанида ҳозир озгина сув жилдираб оқиб ўтадиган бўлиб қолди. Сувнинг керак-кераксиз равишда ўзанида оқиб кета бериши ачинарли, албатта, бироқ дарё қирғоқлари тоза бўлиши, ҳар хил ахлат ва чиқиндиларга тўлиб кетмаслиги учун сувнинг тўлиб оқиши ҳам даркор экан – энди Оқбура дарёсининг киши кўнглини равшанлаштирадиган, одам қараб роҳат қиладиган тоза бирон-бир чақирими қолмади, ҳозир дарё бўйига билмасдан келиб қолиб, унинг аҳволини кўрган киши ранжидахотир бўлади.

Оқбура дарёси, Ўшликлар назарида, Танги деган жойдан бошланади. У Ўшдан қарийб йигирма чақирим жанубдаги икки улкан тоғ қояси орасидаги тор сув йўли бўлиб, Оқбура дарёси суви ўша жойда тоғдан шитоб билан отилиб Ўш водийсига тушиб келади. Дарҳақиқат, “танг” сўзи сўғд тилида – тор, қисиқ жой маъносини англатади.

(Оқбура дарёси Танги қисиғидан бошланади)

Аслида эса, бу дарё Попон сув омборидан эмас (у, ҳозиргина айтганимиздай, 1973 йилда ишга туширилган), Кичик Олой тоғ тизмаларидан бошланади. Кичик Олой тизмаларига мансуб Попон, Кўкбел каби тоғларни қоплаган қор ва муз сувларидан тўйинади. Аммо Тангидан Ўшга етиб келгунча Оқбуранинг суви ҳозир 15 та каналга тақсимланиб кетади. Улардан еттитаси дарёнинг ўнг ва саккизи чап томондан ўтказилган. Ўнг томондаги Хўжаариқ, Увом, Мўян, Яккалик, Жанубий деган каналлар, чап соҳилдан эса Аравон, Қайирма, Жўпас ва бошқа сув йўллари чиқазилган. Оқбуранинг юқори қисмидан сув оладиган “Аравон”, “Бешбўйноқ” (Жанубий) каби катта каналлар сабаб, дарё сувининг анчагина қисми Ўшнинг теварак-атрофидаги катта экин майдонларини суғоришга кетиб, учдан бир қисмигина Оқбуранинг азалий ўзанига ташланади.

Оқбура йўлида турли йилларда айрим кичик ГЭСлар ҳам қурилган эди. Жумладан, 1957 йилда ишга туширилган колхозлараро ГЭС ўша йиллари ўн учта колхоз ва Ўш шаҳри бир қисмининг эҳтиёжини қондирган.

Бу дарё ҳавзасидаги тотли сув 1956 йилдан бошлаб сувқувурга олинган ва дастлаб янги шаҳар (“Город”) аҳолисига етказиб берилган. Ариқлардан сув ичишга эса 1970 йилларнинг ўрталарига келиб бутунлай барҳам берилди.

Бу дарёнинг нима сабабдан Оқбура деб номлангани аниқ эмас. Эҳтимол, баъзи китобларда ёзилганидай, “оқ бўйра” деган маънодадир. Чунки ўзбек эртакларида дарё сувининг ялтираши ойдинда йилтираб турган бўйрага кўп ўхшатилади, шоирлар ҳам дарё мавжини “бўйра-бўйра тўлқинлар” деб ташбеҳ қилишади. Қолаверса, Оқбўйра деган сойлар Фарғона, Самарқанд вилоятларида ҳам бор. Унинг “Оқ” деган сифатдан бошланишига сабаб тоғ дарёси экани туфайли бўлса керак, маълумки, тоғдан бошланган дарёлар Оқсув, Оқдарё қабилида, ер сизот сувларию булоқлардан тўйинадиган сойлар эса Қорасув, Қорадарё деб номланади. Оқ сўзига қўшиладиган бура нима маънони англатиши эса жумбоқ, албатта.

Бу дарёни аксар кишилар Оқбўйра эмас, Оқбура деб аташади.

Ана энди нима сабабдан Оахшо, кейинчалик эса Андижон рўди деб аталган бу наҳрнинг номи кейинчалик тамоман ўзгариб, ҳозиргидай Оқбура деб атала бошлаган, деган савол юзага келади. Тўғри, Оқбура деган дарё Бошқирдистонда ҳам бор, Татаристонда эса Оқбура деган қишлоқ мавжуд, Қозоғистонда Оқбура ота деган авлиё яшаб ўтган, дейдилар ва ҳозирги кунга келиб ул зотнинг маҳобатли турбати тикланган. Шу билан бирга, Қирғизистонда Қорабура деган гидронимлар ҳам учраб туради.

Бизга, дарё номи Оқбўйра эмас, Оқбура эди-ку, деб савол беришлари мумкин. Бизнингча, агар дарёнинг асл номи бўйрадан келиб чиқмаган бўлса, у Оқ бура бўлади, яъни дарёнинг номи унинг ўзани йўлидаги энг катта географик объект бўлмиш Бура тоғи (Буракўҳ) номига боғлиқ равишда келиб чиқади. Бу ҳол ҳам мантиққа зид эмас, чунки тоғ дарёларининг суви оҳиста ва текис оқмайди, бир пайтлари пишқириб оқаётган бу дарёни оқ бурага – бўз тусли қўшўркач туяга қиёслаб номлаган бўлишлари ҳам мумкин. Одатда, тоғ дарёси тасвирланаркан, унинг мавжларини туя ўркачига менгзаб, “ўркач-ўркач тўлқинлар” дейилиши ҳам сўз санъатимизга хос ҳодисадир.

Оқбура дарёси оқиб ўтиши биланоқ, унинг муайян жойида шаҳар бино бўлиб қолмайди, албатта. Бунинг учун етарли сув бўлиши лозим. Ўш шаҳрининг теварагига эътибор берсак, тарихнинг хийла олис замонларидаёқ дарёнинг шаҳар юқори қисмининг қулай ўрни бўлган Танги дарасидан бир неча каналлар чиқарилганини кўрамиз. Улар дарё ўзанининг ўнг томонидан ҳам, чап томонидан ҳам олинган бўлиб, Увом, Мўян, Жаннатариқ каби номлар билан аталади, Бобур ёзган дарёдан баланддаги боғлар ана шу каналларнинг суви билан сероб бўлган эди.

Азиз дўстлар!

 

Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.