НОВҚАТДА БИР ШОИР БОР…

Бугунги меҳмонимиз – мумтоз шеърият шайдоси, арузий ашъор устаси Қосимжон Раҳмиев.

Қосимжон Раҳмиев (Шодмон) 1955 йил 30 декабрда Ўш вилояти, Новқат туманининг Эскиновқат қишлоғида таваллуд топган. Кўпдан буён шеърлар машқ қилиб келади.

Шеърлари Ўзбекистонда («Марказий Фарғона», «Ҳамроҳ» газеталари), Тожикистонда («Маънавият» газетаси, «Шарқнома» журнали), Қирғизистонда («Ўш садоси», «Суҳбатдош «, «Жалолобод тонги», «Дийдор», «Демос таймс, «Хушхабар» газеталари ва «Ойдин» журнали)да чоп этилган.

2012 йили «Неки десам, дилдан дедим», 2018 йили “Изҳори йил”, 2022 йили “Ишқ баёзи” китоблари ёруғ кўрган.

Қуйида шоир ижод намуналаридан бир чимдимини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

 

МЕН ИСТАГАН ДИЛБАР

 

Не шаклу, не шамойилда экан мен истаган дилбар,

Не дилбар? Дилбари хушқад. Не хушқад? Қадди гулчамбар.

Хаёл этдим сенга ўхшаш эканму деб моҳитобон,

На моҳтобон бўлур нисбат, бўлур нисбат на моҳпайкар.

Сенинг лаълингга тенг эрмас асал ҳатто ширинликда,

Ширинликда на новвоту, на новвот ва на шаккар.

Мухолиф бўлмағай сенга малоиклар ажаб ҳусну,

На ҳусну, на малоҳатда, малоҳатда ўзинг яксар.

Нигорим бўйини туйдим, таралди шундайин хуш ис,

Не хуш ис? Хуш исин сочди. Не сочди? Сочди мушк-анбар.

Дилим ўртандию, ҳижронда ҳам топдим ажиб лаззат,

Не лаззат? Лаззати шарбат. Не шарбат? Шарбати нектар.

 

Умид бор – топқуси Шодмон, муҳаббат мулкидан маъдан,

Не маъдан? Маъдани ишқдир. Не ишқдур? Ишқидур гавҳар

 

КОНИ ИШҚ

(Алишер Навоий ҳазратларига)

Кўз очиб оламни ҳайрон айлади бир кони ишқ,

Кони ҳайратда бу дунë, то ҳануз ҳайрони ишқ.

Дили поку, тили поку, пок хаёл, ёрқин шуур,

Чун фасоҳат мулкига шоҳ айлади хоқони ишқ

Шеърият майдонида от сурди ул чобуксувор,

Тутди сўз оҳуларин сайд айлабон жавлони ишқ.

Уч баҳодир панжасига панжа урди паҳлавон,

Битди туркий тилда «Хамса» – беш асл достони ишқ.

Тўрт фасл гулзорининг ҳар биридин бир даста гул

Ким, «Хазойинул маоний» тузди, хуш девони ишқ.

Сирри пинҳонин билурға дўсти нодон қилди қасд,

Етмади ақли анинг, чун ул эди осмони ишқ.

«Ўзгалар хуснин томошо» этгали майл этмади,

Ўзга кўздин дилрабосин сақлади пинҳони ишқ.

Кечди умри пок муҳаббат, чин ҳақиқат йўлида,

Қолғони сарф ўлди андоқ, ҳар нафас, ҳар они ишқ

Одамийлик кўргузиб, эл ичра топди эҳтиром,

Топди комиллик мақомин, шавкати ишқ, шони ишқ.

Ҳамд этиб аввал Худони, ул буюк зот қошида,

Тиз чўкиб таъзимда Шодмон, ассалом, Султони ишқ.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Деюрни гул юзини бадзабондин асрағил, ё раб,

Қадини суқназар, нафси ëмондин асрағил, ё раб,

Қадам босса, оёғин тош, тикондин асрағил, ё раб,

Ул ойнинг гулшани ҳуснун хазондин асрағил, ё раб,

Гулу шамшодин осеби замондин асрағил, ё раб.

Ўқуб Фарҳоду Мажнун изтиробин илмайин кўзга,

Не дей? Кўнглим мисоли тифли қайсар, кирмагай сўзга,

Бўлиб майхонада сархуш неча шабни улар рўзга,

Балойи ишқ ногаҳ учрар, ушбу телбадин ўзга,

Улусни бу балойи ногаҳондин асрағил, ё раб.

Кимики бўлса ошиқ, оҳ-фиғонлар чекмайин найлар,

Ютиб гоҳи, кутиб гоҳи, қотиб ун, ёрини сайлар,

Боқиб зор, кўз тикиб интиқ, ўтар ҳар йўлини пойлар,

Ул ой ҳар ёнки айлар майл, ишқ аҳли ҳужум айлар,

Менга сўз буки: ани барча ёндин асрағил, ёраб.

Муҳаббат тақвими ҳижрон дамини қайд этиб йилдек,

Сабрнинг расмини Қофдек, садоқат расмини қилдек,

Риёзат муддатин – чексиз, вафонинг вазнини – зилдек,

Ниҳоний дарди онинг муҳлик эрмиш заҳри қотилдек,

Жаҳон аҳлини ул заҳри ниҳондин асрағил, ё раб.

Боқиб ул золи афсунгар нигоҳидин чақин қилди,

Олиб хуш, жону кўнглимни адоватга яқин қилди,

Хаёлда нағмасин акси садосин чинни чин қилди,

Менга номеҳрибонлик бирла ул бут қасди дин қилди,

Бори элни бути номеҳрибондин асрағил, ё раб.

Таковар ўйнатиб чиқди ўшал чобуксувор моҳир,

Қарашма бирла боқди бори элга кўзлари соҳир,

Хаёлин олди кўпларни, синовда ҳийласи вофир,

Халойик дини торожига чиқди маст ул кофир,

Қаён майл этса, ислом аҳлин ондин асрағил, ё раб.

 

Қаён борғумни билмасмен кўнгилнинг майлидин кочиб,

Ўзумни куч билан тутдим кўзим маржонларин сочиб,

Мени ёзғирмангиз борсам ул ойга бағрими очиб,

Чиқармен телба итдек офият кўйидин ўт сочиб,

Жамиъи яхшиларни мен ёмондин асрағил, ё раб.

Жаҳонда аҳли одам аксарин айри забон кўрдим,

Вафони гоҳи гоҳ илғаб, жафони ҳар қачон кўрдим,

Кулиб ким бағрини очди, енг ичра тиғ ниҳон кўрдим,

Жаҳон аҳлига қилдим жон фидою қасди жон кўрдим,

Не маҳзун жонки бор, аҳли жаҳондин асрағил, ё раб.

Муҳаббат можароси қошин уйдирди жаҳон аҳлин,

Ажаб, Шодмон хитоби вола туйдирди жаҳон аҳлин,

Кўзидин ёш тўкиб қон, бағрин уйдирди жаҳон аҳлин,

Навоийнинг фиғони ўти куйдурди жаҳон аҳлин,

Малак хайлини ул ўтлуғ фиғондин асрағил ё раб.