Ўзбек шеърияти ҳақида гап кетганда, беихтиёр ғазал мулкининг султони Алишер Навоий сиймоси кўз олдимизда гавдаланади. Асрлар оша Навоий шеърияти нозиклиги, пурмаънолиги билан барчани ҳайратга солади.
Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеърияти эса дардчиллиги, ўйноқи вазнларга эгалиги билан қалбларга хушнудлик бахш этади.
Бадииятнинг асосий қирраларидан бири бўлган қофия Навоий ва Бобур шеърларида алоҳида жозиба бахш этади. Ҳар икки шоир шеърларининг қофияси маънавий теранлиги, оҳангдорлиги билан бошқалар ижодидан ажралиб туради.
Бу икки шоир қофияга ва қофия санъатига алоҳида аҳамият берган. Шунинг учун Алишер Навоий Отойи ғазалига таъриф беришда «қофиясинда айбғинаси бордур» деб бежиз айтган эмас. Ҳатто қўшимчаларни ҳам қофия сифатида қўллашган. Навоий ва Бобур шеърларида бундай камчиликлар кузатилмайди. Ҳар икки шоир ҳам қофияни сўз ўзагидан ясаган.
Фалак кўрмади мен киби нодире,
Низомий каби назм аро қодире.
Алишер Навоий “нодире-қодире” сўзларини қофия тарзида қўллар экан, қофияни сўз ўзагидан бошлаб берган.
Ким кўрибдир, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ?
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.
Бобур ҳам ушбу ғазалида “жаҳондин-ондин” сўзларини ўзаро қофия қилиш жараёнида оҳангдошликни ўзакдан ўстириб чиқарган.
“Нодире-қодире” қофияларида “р” ундоши, “жаҳондин-ондин” қофияларида биринчи “н” ундоши равий сифатида қўлланган.
Маълумки, равий арабча «раво» сўзидан олинган бўлиб, юкни туяга боғлайдиган арғамчи маъносини билдиради. Равий қофияланувчи сўзлар таркибида такрорланиб келувчи ҳарфдир. Бошқача айтганда, туб сўзларда ўзак охирида, ясама сўзларда негиз сўнгида келувчи чўзиқ унли ёки ундош.
Кечди умрим нақди ғафлат бирла нодонлиғда ҳайф,
Қолғони сарф ўлди андуҳу пушаймонлиғда ҳайф. (Навоий).
Навоийнинг ушбу байтидан “нодонлиғда-пушаймонлиғда” сўзлари қофия бўлиб, сўз ўзаги охирида «н»товуши равий ҳисобланади.
Мумтоз адабиётимизда қофия тузилишига кўра тўрт турга бўлинади: мужаррад, мурдаф, муқаяд ва муассас. Кенг қўлланган қофия турларидан бири мужаррад қофиядир. Бунда равий ўрнида чўзиқ унли иштирок этиб, бошқа ҳарф бўлмайди.
Кўнглимда не маъни ўлса эрди пайдо,
Тил айлар эди назм либосида адо,
Ул назмга жонин қилибон халқ фидо,
Солурлар эди гунбази гардунга садо. (Навоий).
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидир,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидир.
Яхши киши кўрмагай ёмонлиқ ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидир. (Бобур).
Келтирилган байтларда “пайдо-адо”, “фидо-садо”, “вафо-жафо-жазо” сўзлари қофия бўлиб, сўз ўзаги сўнгидаги “о” унлиси равий ҳисобланади.
Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқу келмади. (Навоий).
Кўз ёшим ғалтон борур ул орази дилжу сори,
Тифлдекким, ағнабон майл айлагай кўзгу сори. (Навоий).
Байтлардаги “гулрў-уйқу”, “дилжу-кўзгу” қофияларидаги равий вазифасини “у” чўзиқ унлиси бажарган ва мужаррад қофияни ташкил этган.
Мужаррад қофиянинг иккинчи тури ундош билан тугалланиб, шу ундош равий ҳисобланади. Равийдан олдин эса исталган қисқа унли келиши мумкин. Бу унли тавжиҳ деб юритилади.
Ёр ҳолидин менга ваҳким хабар йўқтур бу кун,
Бу жиҳатдин ақлу хушумдин асар йўқтур бу кун. (Навоий).
Шукрилиллоҳ, айш юзланди-ю меҳнат қолмади,
Етти айёми висоли, шоми фурқат қолмади. (Бобур).
Келтирилган байтлардаги “хабар-асар”, “меҳнат-фурқат” сўзлари қофия бўлиб, биринчи қофиядаги “р”, иккинчи қофиядаги “т” товушлари равий, равийдан олдин келган қисқа “а” унлиси тавжиҳдир.
Навоий ва Бобур шеъриятида мурдаф (ридфли) қофия алоҳида ўрин эгаллайди. Икки забардаст шоир ижодидаги қофияларда равийдан олдин чўзиқ унлининг маҳорат билан қўлланишига гувоҳ бўламиз.
Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил,
Шуълайи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ, яшил. (Навоий).
Байтдаги “жонон-ён” сўзлари қофия бўлиб, сўз ўзаги сўнгидаги “н” товуши равий, равийдан олдин келган чўзиқ “о” унлиси ридфдир. Мурдаф қофияли шеърлар ўқилиши жараёнида ҳам кишига завқ бағишлайди.
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, каъба вайрон бўлса обод айлагай. (Навоий).
Сендек манга бир ёри жафокор топилмас,
Мендек санга бир зори вафодор топилмас. (Бобур).
Мурдаф қофиянинг ридфи зойидли мурдаф қофия деб аталувчи туридан Алишер Навоий ўзгача маҳорат ва ўзгача юмшоқлик билан фойдалана олган.
Сени доно демак ёхуд хирадманд,
Демакдурким ачиғ майдур, чучук қанд.
. . . Силоҳи разм аро ул навъ ўлуб ғарқ.
Ки ондин то қуёш чарх айламай фарқ. (Навоий).
“Хирадманд-қанд”, “ғарқ-фарқ” қофияларида “д” ва “қ” товушлари равий, равийдан олдин келган “н” ва “р” товушлари ридфи зойид “н” ва “р” товушларидан олдин келган “а” товуши ридфи аслий деб номланади. Қофияда ридф, зойид қатнашганлиги учун бу қофия ридфи зойидли мурдаф қофия деб юритилади.
Муқаяд қофияда қўш ундош қисқа унлидан сўнг келади.
Кел эй соқий, мени мажнунни маст эт,
Сочинг занжири билан пойбаст эт. (Навоий).
Муассас қофияда эса чўзиқ “о” унлиси билан равий ўртасида бир ундош ва ундан сўнг бир унли келади. Бу ҳолат ҳам шеърга ўзгачалик бахш этади.
Гар етар ағёрдин юз минг жароҳат, эй кўнгил,
Чунки бордир ёр учун бор айшу роҳат, эй кўнгил. (Навоий).
Байтда “жароҳат-роҳат” сўзлари қофия бўлиб, қофиядаги “о” унлиси таъсис, кейинги “ҳ” ундоши доҳил, кейинги “а” унлиси эса ишбоъ деб номланган. Шунга кўра, бундай қофиялар таъсисли, яъни муассас қофия деб аталган. Қофия равий билан тугалланса муқайяд қофия, равийдан сўнг ҳам давом этса мутлақ қофия деб айтилган.
Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб чун сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур. (Навоий).
Баҳор айёмидур доғи йигитликнинг овонидур,
Кетур соқий, шароби нобким, ишрат замонидур. (Бобур).
Навоийдан келтирган байтда “бошиндадур-ёшиндадур” сўзлари қофия бўлиб, унда “ш” товуши равий, кейинги “и” товуши мажро, «н» товуши васл, «д» товуши ҳуруж, «а» товуши нафоз, «д» товуши мазид, “у” товуши нафоз, «р» товуши нойира. Бундай қофия нойирали мутлақ қофия деб аталади.
Бобур ғазалидан келтирган байтда эса “овонидур-замонидур” қофия бўлиб, ундаги “н” товуши равий, равийдан кейинги “и” товуши мажро, мажродан кейинги “д” товуши васл, васлдан кейинги “у” товуши нафроз, нафроздан кейинги “р” товуши ҳуруж деб номланади. Бу қофия ҳуружли мутлақ қофия деб аталади.
Қофия турларига икки шоир ижодидан кўплаб мисол келтириш мумкин. «Айбғинасиз» қофиялар ишлатган ҳар икки шоир ижоди ҳали ўқувчиларни кўп асрлар ҳайратга солишига аминмиз.
Абдул Ҳақ.
(Жалолобод вилояти, Сузоқ тумани)