Қирғизистонда муаллима шоиранинг яна бир янги китоби тақдимоти бўлиб ўтди.Бозорқўрғонлик муаллима ва шоира Марҳабатхон Қўчқорова ўзининг навбатдаги «Алла айтдим ўзимга…» номли китобини унинг тақдимотида қўлга олди. Кутилмаган бу совғанинг тақдимоти муаллиф ишлаган мактабда ўтказилди.
Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон шаҳридаги Бобур номли ўрта мактабда Марҳабатхон Қўчқорованинг «Алла айтдим ўзимга…» номли китоби тақдимоти унинг ҳамкасби Матлубахон Жалолованинг меҳнат фаолиятини қадрлаш муносабати билан биргаликда «Эътироф» номли адабий-мусиқий кечада ўтказилди.
Кечага Қирғизстон жанубида истиқомат қилувчи адабиёт муҳиблари, “Илҳом” адабий клуби аъзоларидан Қосимжон Раҳмиев, Арслон Расул, Абдулҳақ ва Моҳирахон Абдумаликовлар, Барно Исоқова, Одилжон Дадажонов каби ижодкорлар ва меҳмонлар ташриф буюришди. Арслонбоб, Новкент, Ўш, Жалолобод ва Новқат томонлардан келган меҳмонларга тадбир манзур бўлди.
Рақслар ва куй қўшиқларга ҳамоҳанг бўлган шеърларни мактабнинг ёш журналистлар тўгараги аъзолари ифодали ёд айтиб бердилар. Икки меҳнаткаш, билимдон устозлар – Марҳабатхон ва Матлубахон опа билан бирга меҳнат қилган ҳамкасблари, устозлари ва шогирдлари бирма бир сўзга чиқдилар, ҳадялар топширдилар. Мактабда узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган жуда гўзал устоз-шогирдлик анъаналарининг яна бир навбатдаги кўриниши барчага бирдек ёқди.
Энг аввал юбиляр Марҳабатхон Қўчқорованинг янги нашрдан чиққан китоби сюрприз сифатида эгасига тақдим этилди. Китоб адабиётшунос Барно Исоқованинг қуйидаги сўз бошиси билан бошланган:
“Инсон жисми руҳ ила жонлангандан буён уни қалби бошқаради. Жисмнинг талаби шаксиз руҳнинг талабидан ожиздир. Жисмимиз бу дунё безакларига баъзан қувонар ёки азобларига дош бера олар, аммо руҳимиз чинқирганида дунёларга сиғмай кетамиз. “Дийдасининг устига қировлар инган” аёлнинг руҳий ёзмишлари ўзига хос. Гоҳ исёнкор, гоҳида эса маъсум. Фикрлари тиниқ, қалами равон муаллима Марҳабатхон Қўчқорованинг “Армон тўлғоғида дунёга келган қалб нолалари” ҳеч бир ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Чунки шоиранинг бадиий тасвир воситаларидан ўринли фойдалана билиши, фикрларнинг якуний ечими гўзаллиги ҳар бир шеърида мавжуд:
…Биламан…
Мен ҳам Ҳақ олдида осий бир қулман,
Фаришта эмасман – қусурдан ҳоли.
Юрак ғижимланиб, тиришиб кетди,
Қуруқ туҳматларга қолган маҳали…
…Куламан…
Ўзимнинг устимдан ўзим куламан…
Шоира ўз руҳий кечинмаларини рўйи рост баён қилади. Ортиқча жимжимадор сўзлар билан безамайди. Адабиёт муаллимаси бўлгани учундир балки, сўзларни исроф қилмайди. Содда, юракка яқин бир руҳ бор шеърларида. Ҳар бир шеърнинг ўз тарихи мавжудки, ўқувчи буни дарҳол илғай олади. Қисматига рози бўлган ожиз банданинг қалбидаги кечинмаларига ошно бўлади. Аксар ҳолларда маҳзунлик қамраб олган сатрлар ўқувчини ўйга толдиради. Ҳаётнинг пасту баландини Аллоҳнинг иродаси, дея босиб ўтаётган ижодкор баъзан бу дунё ташвишларидан жуда толиққанини тан олади:
Толиқиб кетдим бирам,
Тинч қўйинг, ухлаб қолай.
Алламдан олиб ором,
Машҳар куни уйғонай.
Мусулмоннинг бу дунёга фақат имтиҳон учун келгани, кимларгадир шу синовлар оғир келиши табиий ҳол. Бироқ, қазои қадарига рози бўлмоқлик, ҳар қандай синовларга дош бериб яшаш ҳар кимга эмас. Шоиранинг маҳзунликка йўғрилган сатрларининг индаллосида Маҳшар тонгининг умидли қуёши барқ уради.
“Аллоҳдан бе амр чивин ўлмайди.
У он қачон келишин банда билмайди”.
Одамлар орасида деярли ҳар куни айтиладиган гаплар ҳам шеърда ўз аксини топганки, китобхон дилига яқин келади, лирик қаҳрамоннинг руҳияти.
…Чил-чил бўлди ишончнинг тиниқ кўзгуси.
Кўзларимдан нур сўнди,
Муздан ранг олиб,
Лабларимда титрар
Алам кулгуси…
Одатда, кўнгилни шаффоф шишага ўхшатишади. Шоирада эса Ишонч тиниқ кўзгу эди ва уни синдиришди. Ишончсизлик – энг оғир дард, синса, қайта ямаб бўлмас идиш каби. Кўзлардаги совуқликни шоира муздан ранг олган деб, қатъий ифодалайди. Аламли, истеҳзоли кулгу ҳам ўша совуқ нигоҳлар билан бирга титрайди.
Шоиранинг япон хоккуларига ўхшаш учликлари ҳам ўзига хос:
Юм-юм йиғлаб, бошини эгди ҳақиқат,
Ёлғоннинг пойига елкасин тутиб.
Чунки у қул букун. Риё эса – шоҳ.
Шоира қалбсиз, дарди йўқ кимсалардан озор чеккан. Юраксизлар мамлакатида ўзини танҳо сезган. Албатта, бу туйғуларини шеърлари орқали ифода этган:
Ёрилгин тош ёрил-ей,
Мен бағрингга кетайин.
Қалбсизлардан безиган
Бу жонимни нетайин?
Бандасидан, дунёлардан ҳафсаласи пир бўлган лирик қаҳрамон сўзсиз Аллоҳга мурожаат қилади:
Вақтим бўлиб, кўчадиган кунимда-соатимда,
Фариштангни юбор Роббим, онамнинг суратида.
Охират учун тайёргарлик кўрар экан, инсон шаксиз Аллоҳга ёлборади, фақат Ундангина нажот бор, дейди. Шоиранинг бу муножоти киши қалбини ларзага келтиради.
Бир сўз билан айтганда, адабиёт муаллимасининг руҳияти шеърларида гўзал аксини топганки, сизларга ҳам илиндим.
Сокина, Оқбура, Бозорқўрғон-Ўш
Расмлар муаллифники