Марказий Осиёдаги бошқа ўлкалар қатори, Қирғизистон заминида ҳам Шўро ҳукумати ўрнатилгач, унинг тарихида янги давр бошланди. Бу замонда аввалги қолоқлик ва турғунликка кўникиб яшаш мумкин бўлмай қолди. Йигирма-ўттиз йил мобайнида аҳолини ёппасига саводхон қилиш, ўлкада текин тиббий хизмат кўрсатиш, бепул таълим тизимининг юзага келгани, аҳолининг энг қашшоқ қатламларига ҳар томонлама ёрдам бериш сингари, ҳар қандай замон ва исталган тузум шароитида ҳам энг эзгу, олижаноб иш сифатида баҳоланадиган талай ишлар амалга оширилганини ҳам рўй-рост эътироф этиш керак.
Бу ўлканинг, жумладан, Ўш шаҳрининг Қўқон хонлигидан аввалги даврдаги, мазкур хонлик тузумидаги, чор Россияси истило этганидан кейинги ва Шўро давридаги ҳаёти ўнлаб тарихчиларнинг асарларида батафсил баён қилинган. Фақат шуни унутмаслик керакки, тарихни ғолиблар ёзади, дегани аччиқ ҳақиқатдир. Совет даври тарихчилари томонидан мамлакат ва миллат тарихи қай тарзда баён этилмасин, унда оғаларнинг нафсониятига тегиб кетадиган бирон факт ё мулоҳаза келтирилмаслиги, шунингдек, “улуғ бирдамлик оиласида” барча миллат ва элатларнинг ёрқин келажак сари бораётганлиги руҳи етакчилик қилиши шарт қилиб қўйилган. Шунинг учун ҳам бу тарих ҳеч қачон объектив, холис бўлган эмас, ундаги талқин ҳамиша бирёқлама бўлган ва шундай бўлиб келаётибди ҳам.
Қирғизистон тарихи билан шуғулланган Владимир Тучковнинг талқинига кўра, “Ўш ва Ўш воҳасининг уч-тўрт минг йиллар аввал бу ерларда барқарор қўналғалар ташкил топганидан бошлаб XVII-XVIII асрларгача бўлган тарихини ёзма манбалар асосида қуйидаги асосий босқичларга бўлиш мумкин. Тарих шуни тақдир этдики, бу ҳудуд башарият тамаддунини белгилаб берган дунё аҳамиятига молик воқеликлар марказида бўлди.
Биринчидан. Ҳозирги Ўш вилоятининг ҳудуди Марказий Осиёнинг йирик тарихий-маданий бирлиги ҳисобланмиш Фарғона водийси ўрамида бўлди. Фарғона деҳқончилиги ва ҳозирги Жанубий Қирғизистоннинг тоғ водийлари тарихий тараққиётнинг бир хил босқичларини босиб ўтдилар ва қадимда ҳам, ўрта асрларда ҳам бир давлат қаламравида бўлдилар. Одамзот бу ерларда ибтидоий тузум бошларида – бундан 500 минг йиллар муқаддам пайдо бўлди. Демак, Қирғизистоннинг жанубий қисмини Марказий Осиёнинг башарият тараққий этган дастлабки масканларидан бири, деб айтиш мумкин. Бу ерларда бронза даврида яйлов-деҳқончилик билан шуғулланадиган қабилалар пайдо бўлди ва ўлка аҳолиси шу тариқа ҳозирги Қирғизистон шимоли, Қозоғистон, Оролбўйидаги андрон ва тозабоғ бирлигига мансуб бўлди.
Иккинчидан. Сўнгги бронза даврида, милоддан аввалги иккинчи минг йиллик охирларида кўп жойларда чуст маданиятига мансуб деҳқончилик воҳалари ташкил топган эди. Улар Ўзган, Қорасув ва Новқат туманларида топилган. Фарғона водийсидаги аниқланган саксондан ортиқ чуст маданияти қўнимгоҳлари Жанубий Қирғизистон ҳудудида топилган. Чуст қабилаларининг тарихи милоддан аввалги биринчи минг йилликка мансубдир. Бу пайтга келиб деҳқончилик, чорвадорлик, шунингдек, бронза ва мис металлургияси ривожланди, идишларга ранг бериб нақш солиш пайдо бўлди… Этник жиҳатдан аҳоли эроний тилли қабилаларга мансуб бўлиб, унинг шарқий қанотини ташкил этган.
Учинчидан. Ҳозирги Эрон ҳудудида пайдо бўлган Аҳомонийлар давлати истилочилик ҳаракатлари натижасида кенгайиб борди. Милоддан аввалги VI аср бошларида Аҳомонийлар Марказий Осиёнинг анчагина қисмини эгаллаб олдилар. Уларнинг шимолий чегараси Сирдарё бўлган. Бироқ Фарғона ўз мустақиллигини бой бериб қўймади. Аҳомонийлар давлатини Искандар Зулқарнайн қўшинлари тор-мор этди. Бу истилочилар эрамиздан аввалги 329 йилда Сирдарё бўйларига етиб келди. Фарғона бу сафар ҳам тўла тобе қилинмади. Марказий Осиёнинг жанубида бўй кўрсатган Грек-Бақтрия давлати, эрамиз бошларида майдонга чиққан қудратли Кушон империяси каби даврлар ўлканинг бошидан ўтди.
Эрамиздан аввалги VII-VI асрларда темир қуроллар пайдо бўлди, кулоллик чархида ясалган сопол идишлар кенг тарқалди, шу тариқа, моддий маданият тамомила янгиланиб кетди. Эйлатон маданиятига хос белгилар (эрамиздан аввалги VII-VI асрлар) Фарғона водийсининг деярли ҳамма жойларида, жумладан, Ўш воҳасида ҳам кўплаб учрайди.
Тўртинчидан. Шўрабошат маданияти даври эрамиздан аввалги IV-I асрларни қамраб олган, бу пайтда Фарғона водийсида Довон давлати юзага келгани Хитой солномаларида кўп қайд этилган. Эрамиздан аввалги II асрда энг кўп тараққий этган Довон деҳқончилик давлатида етмишдан ортиқ шаҳарлар бўлгани маълум. Бу ўлка машҳур довон арғумоқлари билан донғ чиқарган эдики, Қирғизистоннинг бир неча жойидаги қоятошларга ўйиб ишланган от тасвирлари ҳанузгача сақланиб қолган. Аммо Буюк Ипак йўлида ўз таъсирини кучайтиришга интилиш Хитойни Довон давлатига ҳужум қилишга ундади. Довон давлати эрамиздан авалги IV-I асрлардан то янги эра бошига қадар жаҳон майдонида юз кўрсатдики, бу паллани археологлар Марҳамат маданияти деб аташади. Бу даврда шаҳарлар барқ уриб ривожланди, Фарғона водийсининг экин экишга яроқли, серсув жойлари тўла обод қилинди. Янги эранинг I минг йиллиги ўрталаридан бошлаб қарийб минг йилдан ортиқ вақтда деҳқончилик маданиятининг ворисийлик тарзида давом этгани аҳолининг этник таркиби бу даврда қарийб ўзгармаганини кўрсатади. Фарғона водийсининг қадимги аҳолиси шарқий эроний халқлардан бўлган. Довон давлати ҳукм сурганидан бошлаб янги эранинг дастлабки юз йилликларида алоҳида қадимги Фарғона элати шаклланган эди.
Бешинчидан. VI-VII асрлар ўрталарида Турк хоқонлиги Ғарбий ва Шарқий қанотларга ажралди. VII аср бошларида турклар Шимолий Фарғонани ўзларига тобе этдилар ва турк хоқони ҳозирги Косонни ўзига қароргоҳ этиб танлади; аҳолининг туркийлашиш жараёни бошланди. Бунинг исботи сифатида қадимги туркий (руник) ёзма манбаларни, Гулчадаги тошмўмиқ ҳайкалларни, Толдиқдаги тош ҳайкални, шунингдек, Олой ва Попон водийларидаги туркларнинг мозоротларини кўрсатиш мумкин. Аҳолининг этник таркибида кескин ўзгариш юз бериб, Фарғона водийсида туркий қабилалар унинг асосини ташкил этиб қолди.
Олтинчидан. IХ асрда Сомонийлар давлати (асосчилари Шимолий Афғонистоннинг Балх шаҳри яқинидаги Сомон қишлоғидан бўлгани учун янги давлат шундай деб аталган) пайдо бўлди. Сомонийлар 875-999 йилларда Марказий Осиё ва унга туташ ҳудудларни идора қилганлар, ҳозирги Жанубий Қирғизистон ҳам унинг таркибида эди. Марказий Осиёда шаҳарлар кенгайди, бошқа шаҳар ва мамлакатлар билан савдо-сотиқ алоқалари кучайди, фан ва санъат ривож топди. Ўш, Ўзган ва Хўжанд Фарғона водийсининг йирик шаҳарлари эди.
Еттинчидан. Х аср охирига келиб Сомонийлар давлати кучсизлана бошлагач, Марказий Тиёншон ва Еттисувда кучли давлат тузилмаси барпо этган Қорахонийлар бу заминнинг Амударёгача бўлган қисмини эгаллашга киришдилар, дарё орти эса Ғазнавийлар қўлига ўтди. Қорахонийлар давлати Х аср сўнгида барпо бўлди. Пойтахти Ўзган шаҳри эди. Ўзган меъморий ёдгорликлари ва Шоҳ Фозил обидаси ХI-ХII асрларда бу давлатда қурилиш ва ободончилик ишларига алоҳида эътибор қаратилганидан далолат беради.
Саккизинчидан. Ўзган кейинчалик амалда бўлган Чиғатойлар давлатида ҳам муҳим сиёсий марказ ролини ўйнади. Аммо бу тузилма ХIV асрнинг қирқинчи йилларига келиб бир қанча феодал мулкларга бўлиниб кетди. Фарғона Амир Темур қаламравига ўтганидан сўнг орадан ярим асрча вақт кечиб, ўзаро ёвлашган бир қанча ҳукмдорлар ўртасида талаш бўлди.
Тўққизинчидан. ХVII аср ва ХVIII асрнинг биринчи ярми ҳозирги Қирғизистон Жунғор хонлигининг ушбу ҳудудни эгаллашга уриниши билан кечди. ХVII асрнинг иккинчи ярмида Жунғор (қалмоқ) бийлари Шарқий Туркистонни эгаллаб олдилар, қозоқларнинг бир қисмини бўйсундириб, Еттисув қирғизларининг бир қисмини енгиб, уларни Фарғона водийсига сурдилар. Аммо жунғорларнинг Фарғона ерларини ҳам эгаллашга бўлган интилишлари бекорга кетди. Ўзбеклар билан қирғизлар биргалашиб жунғор босқинчиларига зарба бердилар. Орадан кўп ўтмай, Фарғонада Қўқон хонлиги ажралиб чиқди ва унинг ҳукмдорлари ХVIII аср ўрталаридан бошлаб қўшни ҳудудларни ўзлаштиришга киришдилар”.
Шу ўринда, юқоридаги қайдлар муаллифи Владимир Тучковнинг Қирғизистон тарихига оид энг муҳим икки воқеани “фаромуш қилгани”ни эслатиб ўтиш жоиз. Бу – қирғиз халқининг Ўрта Осиёга, ҳозирги Қирғизистон ҳудудига қачон кўчиб келиб ўрнашгани масаласидир. Тарихчиларнинг аксари – В.В.Бартольддан бошлаб то профессор Анвар Мокеевга қадар – қирғизлар XVI асрдан бошлаб ҳозирги ерларига кўчиб кела бошлашган, деб кўрсатишади. Бунда кўп муаррихлар қайд қилмайдиган яна бир воқеликни ҳам қайд этиб ўтиш жоиз. Гап шундаки, қирғиз эли ушбу заминга кириб келиш асносида бирон-бир қаршилиқ ёки ғайирликка дуч келмаган – айни замин ўша олис даврларда деярли кимсасиз бўлган ва бир кўчманчи чорвадор элнинг ерлашиб, умумиқтисодий жараёнга қўшилиши фақат ижобий ҳодиса сифатида қаралган. Бу гапларга қўшимча бир асос сифатида яна шуни ҳам илова этиш мумкинки, қирғизларнинг машҳур “Олтинбешик” афсонасига кўра ҳам ҳозирги ҳудудга кўчиб кириб келаётган қирғизлар билан бу ердаги азалий аҳоли ўртасида ҳеч қандай ихтилоф бўлмаган, чунки эл сийрак, ер-сув эса, ҳаммага етарли бўлган.
Яна айтиб ўтайлик: “Манас” эпосининг бир вариантида “Олтойдан кўчиш олдидан ота-боболар ерини ёвдан тозалаш” деган кичкина боб бор. Асар матнидан бехабар одам бу гапдан, қирғизларнинг Марказий Осиёга кўчиши олдидан бу ердаги аҳоли билан жанг-жадаллари тасвирланган экан, деб хулоса чиқаради (аслида, асар матнида бундай мавзу умуман йўқ – З.И.).
Ўнинчидан. Ўш шаҳри Шарқни Ғарб билан боғлайдиган қадимги савдо йўли – Буюк Ипак йўли устида жойлашган. Фарғона шаҳарлари билан Шарқий Туркистон ўртасидаги савдо-сотиқ Ўш шаҳри ва унинг йўлдош шаҳарчаси бўлган Моди ва ундан нари Олой орқали амалга оширилган. Бироқ Ўш ва Ўзган шаҳри орқали Марказий Тиёншон ва Иссиқкўл орқали ҳам Шарқий Туркистонга борилган. Бу эса ўрта асрларда Ўшнинг савдо маркази ва транзит маскан сифатидаги аҳамиятини янада оширган.
IX аср охири ва X аср бошларида Ўш Фарғона водийсидаги шаҳарлар ва қасабалар орасида алоҳида ўринни эгаллаган. Ўша давр тарихчи ва географлари уни Сомонийлар давлатининг Фарғона қисмидаги пойтахт шаҳар бўлган Ахсикент ва йирик шаҳар ҳисобланган Қубо (Қува)дан кейинги учинчи йирик шаҳар, деб кўрсатганлар.
Ўш шаҳрининг уч минг йиллик тарихи борлигини ва қандай талотўп замонлару қирғинларни бошдан кечирмасин, даврлар оша тобора кенгайиб, ривож топиб борганини ҳисобга олсак, уни ҳам, худди Рим сингари, МАНГУ ШАҲАР деб шарафласа бўлади. Ягона фарқ – Рим шаҳри, асос солинганидан бери ҳамиша Италия мамлакатига пойтахт бўлган бўлса, Ўш ҳам ўшанча узоқ мозийга эга эканига қарамай, ўз тарихида бирон марта ҳам пойтахт мақомини олмаган. Уч минг йиллиги арафасида Қирғизистондаги мавжуд ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни бартараф этиш ниятида, унга “иккинчи пойтахт” деган шартли ном берилган ва буни далиллаш учун айрим вазирлик ва республика идоралари Ўшга кўчириб келтирилган, холос.
Гарчи расман пойтахт мақомига эга бўлмаса ҳам, Ўш бутун Жанубий Қирғизистоннинг маркази сифатида ҳамиша эътибор топган. Ҳатто ҳозир, алоҳида вилоятлар саналган Жалолобод ва Боткен ҳудудлари учун ҳам Ўш иқтисодий ва ижтимоий-маданий марказ сифатида эътироф этилади. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Ўшга яқин жойлашган бир қанча шаҳар ва қишлоқлари ҳам, то ХХ асрнинг тўқсонинчи йилларига қадар, Ўш билан ҳар тарафлама инфраструктуравий боғланишда бўлиб келган.
Ўш, географик жойлашуви ҳамда ландшафтига кўра, нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда ҳам энг ноёб шаҳарлардан биридир. Аввал айтилганидай, Ўш шаҳри Фарғона водийсининг шарқи-жанубида, 72,47 даража шарқий узунлик ва 40,32 даража шимолий кенгликда, денгиз сатҳидан қарийб 1000 м. баландликда жойлашган бўлиб, иқлими мўътадил.
Ўшнинг ўртасидан Оқбура дарёси кесиб ўтади, шаҳарнинг қоқ марказида Сулаймон тоғи қўр тўкиб туради, шаҳар жойлашган замин дарё томонга қараб сезилиб-сезилмай қиялаб боради, тоғ этакларига қараб яна кўтарилади. Кунботиш ва шимоли-ғарбида Какликучар ҳамда Сураттош тоғлари ястанган бўлса, жанубида Помир тоғининг энг ғарбий учи бўлган Попон ва Кўкбел тоғликларидаги оппоқ қорлар жилоланиб, Ўшга бетакрор гўзаллик бахш этади.
Бу эса шу заминда такрорланмас даражада гўзал шаҳар барпо этиш имконини беради. Тўғри, ўтган аср ўрталарида бутун шаҳар бўйлаб ягона концепция асосида маълум бино ва иншоотлар қурилган эди. Бунга Ўш пединститути биноси ва унинг дарё шарқий томонидаги филиали бинолари орасидаги уйғунлик мисол бўла олади. Аммо бугунги кунга келиб тикланаётган иморатларнинг тарҳи ва архитектурасида Ўш учун махсус ишлаб чиқилган ягона концепцияни илғаб олиш қийин, гарчи қурилаётган объектлар, алоҳида олиб қараганда муҳташам ва замонавий бўлса-да, улар шу атрофдаги бошқа объектлар билан архитектоник уйғунликка эга эмасдай.
Ўртасидан тошқин тоғ дарёси оқиб ўтадиган, марказида эса улкан қояли тоғ мағрур қад кўтарган, атрофи серҳосил экинзор ва боғ-роғлар билан қуршалган, ҳам жануб, ҳам шимолида қорли тоғлар ястаниб ётадиган бу шаҳарни (агар тўғри ва оқилона режалаштирилса) дунёнинг энг гўзал шаҳрига айлантириш мумкин. Чунки, такрор айтамиз, бундай ландшафт имконияти бошқа ҳеч ерда йўқ.
Азиз дўстлар!
Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг 2019 йилда чоп этилган “Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.
Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”, деган эди.
Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.