Истеъдодли шоир Абдул Ҳақ (Абдулҳақ Абдумаликов) 1971 йилнинг 14 январида, Қирғизистоннинг ҳозирги Жалолобод вилоятидаги Бозорқўрғон туманида туғилган.
Андижон давлат университетининг филология факультетини (1995) тамомлагач, туғилиб ўсган қишлоғида, мактабда ўқитувчилик қилди. Кейин Жалолобод давлат университетида, Халқлар Дўстлиги университетида ўзбек тили ва адабиётидан сабоқ берди.Бугунги кунда Бозорқўрғонда, Бобур номли 3-ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси. Қишлоқ кенгаши депутати.
“Яшил армон”, “Чайқалиб оқмоқда дунё” ва “Кўзларинг домига илиндим” шеърий тўпламлари ёруғ кўрган.
ВАТАН
*****
Кўзимни эзғилар, оғрийди кўзим,
Оҳ, бунчалар оғир хаёл оёғи.
Қалбда қон сизилар, бўғилар бўғзим,
Белимни синдирар қулдор таёғи.
Кетгим келар этак силтабон гоҳо,
Ўртанган дилимга яна ор қалаб.
Қон ютиб, қон қусган Ватанни ҳатто,
Шартта таг томири билан орқалаб.
Оҳ, қанчалар даҳшат, қанчалар оғир,
Бунда тамошабин каби ўтмаклик.
Борига чидаб сўнг сабр-ла охир
Ватанинг оғзига кўзгу тутмаклик.
ДУНЁ
*****
Чайқалиб оқмоқда бу дунё, гўё,
Лойқаланган сувда мудҳиш солланиб.
Разилга бахт берар Зуҳалу Зуҳро-
Олинганми бари билмам, ёлланиб.
Чайқалиб оқмоқда дунё, инчунун.
Юлдузлар қулаган кўлмакка бари.
Ҳавотирни ташир тинмайин қузғун,
Улғаяр ҳалокат, зулмат сафлари.
Чайқалиб оқмоқда бу дунё, чунон,
Мунг тўла кўзларда ёшлар сизилар.
Қувонч арқонини кемирар сичқон,
Шодликларнинг эса ипи узилар.
Чайқалиб оқмоқда бу дунё, оғир,
Мудҳиш эртакларга қитъалар-банди…
Оҳ, лаҳзалар-оғир, лаҳзалар-охир,
Йиғла, ўгай юртнинг ўгай фарзанди.
Чайқалиб оқмоқда бу дунё…
СЕН ЎШАСАН
*****
Сен ўшасан, ҳур маликасан,
Кўзларимга нигоҳ экасан.
Нигоҳимга ботади гоҳи,
Нигоҳларинг соҳир нигоҳи.
Юзларимни ёшим-ла қоргум,
Нигоҳларинг ҳар тун суғоргум.
Сен ўшасан, ҳур маликасан,
Сўқир дилга туғлар тикасан…
Дийдалари ўйилган тунлар
Манглайимга урилиб инграр…
Сўқир тунлар, сўқир-дил ичкин,
Оҳ ортидан оғулар ичкум.
Сен ўшасан, ҳур маликасан,
Кўзларимга соғинч экасан.
Кўзларимга ботади гоҳи,
Соғинчларнинг соҳир нигоҳи.
Юзларимни ёшим-ла қоргум,
Соғинчларни тун-кун суғоргум.
Сен ўшасан ҳур маликасан.