“Адабиёт яшаса – миллат яшар”
(Чўлпон)
Ҳозирги Қирғизистон ҳудудида қадим-қадимдан яшаб келаётган ўзбек эли дунё маданияти, илм-фани, санъати ва адабиёти ривожига муносиб улуш қўша олган ижодкорларни, олимларни етказиб бера олган. Умумтуркий маданият ва адабиёт асосчилари Маҳмуд Кошғарий ҳамда Юсуф Хос Ҳожиб; ислом алломаларидан Сирожиддин Ўший; ўзбек мумтоз адабиёти вакиллари Хўжаназар Ҳувайдо, Сирожий, Салоҳиддин Соқиб ва Самарбону, адабиётшунос олим, драматург ва академик Иззат Султон, ёзувчилар Ёқубжон Шукуров, Мирзакалон Исмоилий, Марказий Осиё маъданлари харитасини яратган академиклар Ҳабаб Абдуллаев, Иброҳим Ҳамрабоев… бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Қолаверса, Қуръони Карим маъноларини илк бор тўлиқ таржима қилган Шайх Алоуддин Мансур.
Собиқ Иттифоқ даврида Тошкент янги ўзбек адабиёти вакиллари тўпланган марказга айланди. Янги ўзбек адабиёти мана шу шаҳарда шаклланди ва ривожланди. Асосий адабий нашрлар – газеталар ва журналлар, китоблар шу ердаги нашриётларда босилиб, Ўзбекистон ҳудудидаги ва қўшни республикалардаги ўзбекзабон муштарийларга етказиб берилди. Мана шу нашрларда ижод намуналарини эълон қилиш, китобларини нашрдан чиқариш ҳар бир ўзбекзабон ижодкор учун муваффақият, этироф мезони бўлиб қолди. Шунинг учун Ўрта Осиё ва Қозоғистондаги барча ўзбекзабон ижодкорлар Тошкентга кўз тикдилар, ўша адабий муҳит, адабий жамоатчилик назарига тушишга, Тошкент адабий жараёнида қатнашишга, эътироф этилишга интилдилар.
ХХ асрнинг 60–70-йилларида ва ундан кейин адабиёт майдонига қадам қўйган бир қатор қирғизистонлик адаибларнинг ижод намуналари Тошкент нашрларида эълон қилинди, китоблари обрўли нашриётларда нашр этилди.
Таниқли шоир Турсунбой Адашбоевнинг болаларга аталган ўндан ортиқ шеърий тўпламлари; шоир ва ёзувчи Жўрабой Қурашевнинг шеърий китобчаси; шоир ва ёзувчи Қўлдош Мирзонинг “Шарқ юлдузи” журналида босилган “Мубтало бўлдим сенга” қиссаси ва алоҳида нашр этилган “Қишлаб қолган қалдирғоч” қиссаси; шоир ва адиб Усмон Темурнинг шеър ва достонлари; ёзувчи Мирзоҳид Мирзараҳимовнинг “Шарқ юлдузи”да босилган “Висол” қиссаси, “Ойдин тунлар”, “Оқ булутлар”, “Чашма”, “Нурафшон олам” тўпламлари, “Ёзувчи” нашриётида 60 минг нусхада босилган “Куйган кеча” китоби, Абдул Ҳамиднинг шеърий тўпламлари; Хўжанд ва Тошкент адабий муҳитида шаклланган Авлиёхон Эшоннинг туркум шеърлари, “Тунги тиловатлар”, жорий йилда нашрдан чиққан йирик ҳажмдаги “Сирли пардалар” тўпламлари фикримизга далил бўла олади.
Илк ижодини Ўш вилоят ўзбек газетасида бошлаб, Тошкентда юксак такомилга етказган, “Чўлпон бошлаб берган ХХ аср янги ўзбек шеъриятини аср адоғида якунлаган” (адабиётшунос Умарали Норматов жумласи – М.С.), қайта миллий уйғониш даври ўзбек шеъриятининг дарғаларидан бири бўлган юртдошимиз Шавкат Раҳмоннинг бетакрор шеъриятидан фахрланамиз.
Ўтган асрнинг 90-йилларида юз берган ижтимоийсиёсий ўзгаришлар, давлатлараро алоқаларнинг сусайиши ва чигаллашуви, Ўзбекистоннинг лотин ёзувига ўтаётгани кби омиллар адабий алоқаларга ҳам салбий таъсир этди. Тошкент адабий нашрларининг қўшни ўлкалардаги ўзбекзабон аҳолига етиб келиши камайди ва секин-аста барҳам топди. Бу ҳол қўшни мамлакатлардаги ўзбекзабон ижодкорларни бироз пароканада қилган бўлса-да, оққан дарё оққани ёки илдизлари бақувват дарахт қайта кўкаргани каби бадиий ижод, адабий жараён яшашда давом этаверди. Собиқ Иттифоқ даврида Ўш вилоят ўзбек газетаси қошида ташкил этилган “Илҳом” адабий клуби янги-янги иқтидор эгалари бошини қовуштирди. Мирзоҳид Мирзараҳимов, Усмон Темур, Қўлдош Мирзо, Ғанижон Холматов (Муғанний) каби қалами чархланган ижодкорлар ёшларга устозлик қилдилар, бадиий ижод сирларидан сабоқ бердилар. “Ўш садоси”, “Жалолобод тонги” каби давлат, “Мезон”, “Демос таймс”, “ДДД”. “Дийдор”, “Ахборот”, “Олам” каби хусусий газеталарда ижодкорларнинг бадиий асарларидан намуналар бериб борилди. Бу яхши, лекин мезонлар ўзгарган эди. Чунки китоблар бурунгидек минг бир чиғриқдан ўтказилмасдан, талабчан муҳаррирлар томонидан пухта таҳрир қилинмасдан, сараланмасдан ёки бирор адабий кенгашда муҳокама қилиниб, рухсати олинмасдан муаллифнинг ўз ҳисобидан ёки бирор ҳомий кўмагида нашрга берилди. Оқибатда, янги аср бошларида ҳақиқий бадиий сўз санъатига дахлдор китоблар билан бирга, мазмунан саёз, бадиий бўш “ижод намуналари” кўпайди. Уларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратадиган, таҳлил ва танқид қиладиган адабий танқид эса йўқ эди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўш Давлат университети таркибида ташкил этилган ўзбек филологияси кафедраси “Қирғизистондаги ўзбек адабиёти” номли курс ташкил этиб, филолог талабаларни юртимиздаги таниқли ўзбекзабон ижодкорлар ва уларнинг асарлари билан таништириб борди. Кафедра катта ўқитувчиси, шоир ва ёзувчи Қўлдош Мирзо ушбу предмет учун “Ўш адабий муҳити” (2001) қўлланмасини яратди. Мазкур курс дастурига Самарбону, Алихонтўра Соғуний, Маҳжурий, Турсунбой Адашбоев, Жўрабой Қурашев, Усмон Темур, Қўлдош Мирзо, Мирзоҳид Мирзараҳимов, Муғанний, Авлиёхон Эшон каби ижодкорлар киритилди.
Ўтган аср адоғида академик Муҳаммаджон Мамасаидаов ва профессор Олмосбек Худойбердиевлар ташаббуси билан Қирғиз-Ўзбек Халқаро университети қошида Ўзбек мактаблари учун дарслик яратиш маркази ташкил этилди. 20 йилдан ортиқ тарихга ва тажрибага эга бўлган бу марказ ўрта умумтаълим мактабларининг 5–11-синфлар учун тайёрлаган ва Республика Таълим ва фан министрлиги тасдиқлаган “Ўзбек адабиёти” дарслик-мажмуаларига ўзбек адабиётининг катта вакиллари билан бирга Қосимжон Раҳмиев – Шодмон, Арслон Расул, Аъзам Раҳим, Абдул Ҳақ, Абдусаттор Сотволдиев, Матлуба Мусабоева каби қирғизистонлик шоир ва ёзувчиларнинг ижодидан ҳам намуналар киритилди.
Шу ўринда юртимиздаги ўзбекзабон адабий жараённинг умумий ҳолати ва келажаги ҳақида қуйидагича мулоҳаза юритиш мумкин:
Шеърият ҳар доим миллий адабиётимизнинг етакчи соҳаси бўлиб келган. Кейинги йилларда ўлкамизда ўртамиёна шеърият билан бирга интеллектуал шеърият ҳам шаклланди ва ўсди. Адабиётни, жумладан, шеъриятни санъат деб тушунган шоирлардан Муғанний, Абдул Ҳамид, Авлиёхон Эшон, Қосимжон Раҳмиев – Шодмон, Элмурод Жусупалиев, Абу Ҳумоюн, Аъзам Раҳим, Абдул Ҳақ, Даврон Ҳотам, Раҳимжон Али, Абдулло Юсуф; шоиралардан Нигора Нуъмонова, Барно Исоқовалар фикр, ҳис-туйғу ва кечинмаларини образли ифодалашга интилдилар ва бунга эришдилар. Сўзни беҳуда қўлламаслик, уни ўз ўрнида, кўп маънода, образли ишлатиш, фикрни, кечинмани яширин, тагматнда беришга интилиш улар шеъриятининг устивор хусусиятидир. Умуман, илм ва санъат асосига қурилган шеър ўз талабчан мухлисини топади ва умри боқий бўлади.
Маҳжурий домла давом эттирган ғазалнавислик анъанасини шоир Муғанний бирмунча юксакка кўтарди. Унинг ўнлаб шеър ва ғазаллари ўзбекистонлик таниқли ҳофизлар назарига тушиб, қўшиқ бўлиб парвоз этди. Бошқа шоир ва шоиралар ҳам ғазал жанрида шеърлар яратишга интилдилар. Бироқ бу соҳада муваффақиятга эришганлари кам. Уларнинг аксар ғазалларида шакл ва мазмун мутаносиблиги, вазн равонлиги, бадиийлик, образли ифода, самимийлик етишмайди. Ҳатто, Муғанний, Авлиёхон Эшон каби баланд даражадаги шоирларимизнинг айрим ғазалларида ҳам арузий вазн масаласида “айбғинаси” учраб қолади. Миқдор жиҳатидан ҳижо ва рукнлар мукаммал бўлса ҳам, гоҳида сифат жиҳатидан нуқсонли мисраларга дуч келамиз. Фикримизча, бу борада тилимизга кириб келган арабий ва форсий сўзларни меъёрида, изоҳи билан қўллаб, арузий вазн мукаммаллигига эришмоқ мумкин. Чунки ғазал бармоқда эмас, арузда битилиши шарт. Бу борада новқатлик шоир Қосимжон Раҳмиев – Шодмоннинг аруздаги, ғазалнависликдаги тажрибалари эътирофга ва таҳсинга лойиқдир.
Юртимизда ўзбекзабон носирлар ҳам анчагина бор. Мирзоҳид Мирзараҳимов, Жўрабой Қурашев, Усмон Темур, Қўлдош Мирза, Абдусаттор Сотволдиев каби насрий асарлари билан танилган адиблардан сўнг Раҳим Карим, Ҳабибулло Идрисов, Матлуба Мусабоева, Боқижон Ҳайдар, Гулшода Абдукаримова, Бегижон Аҳмедов, Эгамберди Парпиев, Абдусамад Ҳожибобоев каби носирлар улар анъанасини давом эттириб, ҳикоя, қисса, романлар яратишга ҳаракат қилмоқдалар. Бироқ насримиз Мирзоҳид Мирзараҳимов ва Қўлдош Мирзолар эришган даражага ета олгани йўқ. Бу соҳада изланишлар давом этмоқда. Ёзувчи ва шоир Раҳим Каримнинг “Комила” романини, Ҳабибулло Идрисовнинг ҳикоя ва қиссаларини, кейинги йилларда адабиёт майдонига кириб келган ёзувчи ва публицист Бегижон Аҳмедовнинг “Сайёҳ” қиссасини ҳозирги Қирғизистондаги ўзбекзабон насрнинг эътироф этилган асарлари сифатида қайд этиш мумкин.
Ўшда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номида академик мақомдаги давлат ўзбек мусиқали драма театримиз фаолият кўрсатаётган бўлса-да, ўзбекзабон драматургия яшашдан тўхтаб қолаётгандек. Қачонлардир Абдуғани Абдуғафуров, Абдуқаҳҳор Маннонов, Умаржон Олимжонов кабиларнинг драматик асарлари, пьесалари театр саҳнасини безаган бўлса, ушбу кунда Эркинжон Бойназаров ҳамда журналистика ва шеърият соҳасига кўпроқ рағбат кўрсатаётган Элмурод Жусупалиев драматургиямизнинг сўнгги вакиллари бўлиб қолмоқдалар.
Равшанбек Турсунов ҳамда Давронбек Мўйдиновлар Қирғизистондаги ўзбекзабон ижодкорлар ҳақида “Адабиёт гулшани” (2015) номида альманах нашр эттириб, савобли ишни амалга оширдилар. Китобга элликдан ортиқ шу ўлкада туғилган ва асосан шу маконда яшаб ижод қилган адиблар ҳақида маълумотлар берилиб, ижодидан намуналар киритилган. Катта авлод вакиллари бўлмиш Жўрабой Қурашев ва Турсунбой Адашбоевлар билан бошланиб, кенжа авлод Раҳимжон Али ва Абдулло Юсуф номлари билан тугаган ушбу альманахга киритилган ижод намуналари бадиий савия жиҳатидан, албатта, бир хил эмас. Унда юксак санъат намуналари билан билан бирга жўнгина машқлар ҳам бор. Ҳартугул, тузувчилар улар ижодининг энг сара намуналарини китобга киритишга ҳаракат қилганлар.
Энди икки оғиз сўз Қирғизистондаги ўзбек адабиётининг эртаси, келажаги ҳақида. Истиқбол борми? Фикри ожизимча, шубҳали. Биз мақола бошида ўзбекнинг фидоий, миллатпарвар шоири Абдулҳамид Чўлпоннинг “Адабиёт яшаса, миллат яшар” деган сўзини бежиз келтирмадик. “Адабиёт гулшани” тўпламидаги маълумотларга кўра, энг кенжа авлод вакиллари ёши ҳам 30дан ошиб 40қа яқинлашиб қолибди.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ёш ижодкорларнинг Зоминда бўладиган анъанавий семинарида иштирок этиш учун Қирғизистон ўзбек адабиёти вакилларига 2 ўрин ажратди. Ушбу семинарга юбориш учун ёши 18дан 29гача бўлган ва адабий жамоатчиликка танилган атиги икки нафар иқтидорли ижодкор топиш амри маҳол бўлди. Ахир Жанубий Қирғизистон олий ўқув юртларида қачондир мавжуд бўлган ўзбек филологияси факультетлари 7-8 йил бурун талаба йўқлиги сабабли ёпилган, шаҳарлардаги ўзбек аҳоли фарзандларининг 80%дан кўпи рус мактабларида ўқиётган бўлса, шоиру ёзувчи қайдан топилсин?! Иштибоҳимизни Қирғизистон миллий статистика қўмитаси ахборотларида эълон қилинган мана бу рақамлар ҳам далилласа керак: 2007-2008 ўқув йилида ўлкада таълим ўзбек тилида юритиладиган мактаблар сони 128 та бўлиб, уларда 70.780 та ўзбекзабон ўқувчи таълим олган бўлса, 2017-2018 ўқув йилида мактаблар сони 33 тага тушиб, уларда 11.653 та ўқувчи ўқиган, холос. Аҳоли сони ортганини ҳисобга олмаганимизда ҳам 2018 йилда 60 мингдан зиёд ўзбекзабон ўқувчи таълим рус тилида олиб бориладиган синфларда ўқиган.
Бундай ҳолатда қандай қилиб Турсунбой Адашбоев, Шавкат Раҳмон, Муғанний каби шоирлар, Мирзакалон Исмоилий, Мирзоҳид Мирзараҳимов каби носирлар етишишидан умид қилиш мумкин? Қирғизистон рус тилли ўзбек адабиётининг келажагидан умид қилсак – бошқа гап…
Саидакбар Махсумхонов,
филология фанлари номзоди.