“БУРАТОҒ” ва “СУЛАЙМОНТОҒ” 17-СУҲБАТ

 

Ана энди тоғнинг “Бобурнома”да келтирилган номи ҳақида тўхталайлик. Ўш шаҳрини олам аро машҳур қилиб турган, “Бобурнома”нинг 1948 йилда ва ундан кейинги барча нашрларида “Барокўҳ” деб дарж этилган тоғ номининг маъноси нима бўлса экан? Тожик тилида “кўҳ” – тоғ эканини ёдга олсак, тоғнинг ўзбекча номи “Баро+тоғ” бўлганини англаймиз. Хўш, “баро”нинг ўзи нима?

Ўзбек (туркий) тилида ҳам, юртимиздаги аксар жой номларига асос бўлган сўғдий ҳамда ҳозирги тожик тилида ҳам “баро” деган сўз йўқ. Демак, ё бу тоғнинг асл номи талаффузда ўзгариб, Бобур даврида “Барокўҳ” номини олган ёинки мутахассислар Бобур асарини ҳозирги ёзувга табдил қилишда янглишган бўлиб чиқади. Дарвоқе, “Бобурнома”ни нашрга тайёрлаган профессор Порсо Шамсиевнинг ўзи ҳам шундай деб эътироф этган эди: “…қилинган шунча жиддий ишларга қарамасдан, “Бобурнома” нашрида бир мунча нуқсонлар мавжудлиги аниқ. Жумладан, айрим сўзлар, … жўғрофий номлар, киши исмлари, ўсимлик ва ҳайвонот отлари ва бошқа хил атамалар ёзилишини батамом тўғри ва аниқ деб бўлмайди”.

Биз эски ёзувимизда унлилар ифодаси жуда чалкаш эканини таъкидлаган ҳолда, тоғнинг номи Бобур замонасида Барокўҳ эмас, Буракўҳ бўлган, деган тахминни илгари сурмоқчимиз. Бура (бувра) туркий тилларда эркак туя деганидир. Янада аниқроқ айтсак, бир ўркачли эркак туя – нортуя, қўш ўркачли эркак туя – бура (буғра, бувра) деб аталади. Хўш, тоғ номининг қўш ўркачли туяга нима алоқаси бор?

Ўтмишда чорвадор бўлган туркий халқларда кўпгина жойларни турли ҳайвонларга алоқадор равишда номлаш кўп учрайди (Олабуқа, Туяошув, Жетиогуз, Оқбайтал, Ғулжа, Туямўйин, Қоратой, Туябўғиз …).

Бутун Жанубий Қирғизистонда ва, хусусан, Ўш шаҳри ҳамда унинг теварак-атрофида кейинги бир неча аср ичида илгари энг катта транспорт воситаси бўлган туяларнинг, айниқса, икки ўркачли бура туянинг йўқолиб кетгани ҳам Буратоғининг маъносини мавҳумлаштиради, диний туйғулар кучайиб боргани сари исломий номлар, жумладан, Сулаймон пайғамбарнинг исми шаҳар ўртасидаги тоққа, демакки, шаҳарнинг ўзига ҳам шараф келтириши боис, Буракўҳ номи тезда ўзгариб, “Сулаймон тоғи”га айланади.

Энди яна “Бобурнома”га мурожаат қиламиз. “Қўрғонининг шарқи-жанубий жонибида бир мавзун тоғ тушубтур…” (Ўш қўрғонининг шарқи-жанубий томонида бир чиройли тоғ бор…), дейди Бобур. Яъни тоғ Ўш шаҳрининг шарқи-жанубий томонида бўлар экан, демак, шаҳар бу тоғнинг шимоли-ғарб томонида жойлашган бўлиб чиқади. Бундан, Бобур замонида Ўш шаҳрининг қалъа деворлари, жанубда Сулаймон тоғига туташган ҳолда, ҳозирги Жўпас (Жўйи паст) атрофидаги маҳаллалар, Шаҳиддепа яқинидаги жойларни ўз ичига олган, деб тахмин қилса бўлади.

Демак, Ўш халқи бу тоққа ана шу нуқтадан – тоғнинг шимоли-ғарб тарафидан назар солгани ва уни бура (икки ўркачли эркак туя)га ўхшатгани ҳолда, Буракўҳ деб атагани маълум бўлади. Дарҳақиқат, айтайлик, Шаҳидтепа мавзеидан туриб бу тоққа қарасангиз – бугунги кўз билан эмас, ота-боболаримизнинг поэтик тасаввури заха емаган давридаги қарашларидан келиб чиқиб назар солсангиз – у бошқа бирон жониворга қараганда шарқ томонга тумшуғини чўзган ҳолда чўккан икки ўркачли бура туяга жуда-жуда ўхшашига ўзингиз ҳам амин бўласиз.

 

Тоғлар — нортуялар абадий чўккан,

қуриган йилларни чайнаб, кавшаниб.

(Шавкат Раҳмон)

Бура туя

Туяни, айниқса, биз томонларда ҳозир деярли йўқолиб кетган қўш ўркачли туяни, демакки, унинг чўкиб ётган ҳолатини умрида кўрмаган ҳозирги замон одами буни тасаввур қилиши ҳам маҳол. Эркин Воҳидов ўринли қайд қилганидай, “одамларда тафаккур кучи ортгани сари тасаввур кучи камайиб бормоқда. Завқ-шавқ ўрнини совуқ ҳисоб-китоб эгалламоқда. Ақл ва юрак баҳсида ҳиссиёт енгилиб, қуруқ мантиқ ғалаба қилмоқда”. Аммо яхшилаб разм солсак, “Оқ уй” турган қоя – туянинг калласига, ғарбга қараб чўзилган ва ўртада пастликлар узра юксалган икки баланд қоя эса унинг икки ўркачига ва, ниҳоят, тоғ этагидаги тарам-тарам тошли қоя танасининг охири ва калтагина думига жуда ўхшайди… Тоғ, албатта, улкан нарса, шу сабабли ҳам уни моя (урғочи туя)га эмас, баҳайбат бура – эркак туяга қиёслаганлар.

Маълумки, қайси халқда турмушнинг қайси соҳаси кўпроқ ривожланган бўлса, шу халқнинг тилида айни соҳага оид сўз ва атамалар кўпроқ ривожланган бўлади. Чорвачилик билан туркий халқларга қараганда камроқ шуғулланган сўғдлар тилида катта ёшли қўш ўркачли нортуянинг алоҳида номи бўлмагани боис, туркий тилдан “бувра” олиниб, унга форсий “кўҳ” (тоғ) қўшилган ва “Буракўҳ” номи пайдо бўлган.

Демак, бизнингча, Бобур ҳам уни Буракўҳ деб ёзган, бироқ араб алифбосига асосланган эски ўзбек ёзувида “бар… ”, “бур… ” деб бошланадиган сўзларнинг ҳаммаси “б” ва “р” деган икки ҳарф билан битилади, талаффузини уқмаган одам уларни тўғри ифодалашда қийналади.

Бинобарин, ушбу тоғнинг номи Бобур замонида ва ундан аввал ҳам Барокўҳ эмас, Буракўҳ бўлган.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин: нима сабабдан туркий “бура” сўзига тожикча “кўҳ” сўзи қўшилган, Буракўҳ дейиш ўрнига Буратоғ, Буратов деб аталса бўлмасмиди? Бўлар эди. Аммо ўтмишда тил қўллашда бундай “қизғаниш” туйғуси бўлмаган. Масалан, “кент” (канд) қўшимчасини олинг. Кент асли форсий “кандан” – ковланган жой деган маънони англатган (қадимда одамлар уй қурганида ерни кавлаб, том ёпиб истиқомат қилганлар. Бундай уй ёзда салқин, қишда илиқ бўлган). Шундай манзилгоҳлар илгари “…канд”, бора-бора тилга мослашиб “…кан”, “…кент” деб номланган. Туркий+форсий шаклда ясалган Тош+кент, Ўз+ган (илгари Ўзганд, Ўзгант деб аталган), Янги+кент, Янги+обод каби кўплаб жой номлари бунга мисол. Ўш ва унинг теварагида ҳам форсий, ҳатто сўғдий тилдан мерос бўлиб қолган жой номлари жуда кўп.

Ўшликлар Таҳти Сулаймонни шу қадар яхши кўришадики, унинг ҳар бир чўққиси, ҳар бир ёнбағри айрим номлар билан аталади: “Узанги”, “Эгар”, “Келинчак”, “Чаккатомар”, “Қилкўприк”, …

Аммо Бобурнинг “бу ҳужра бисёр яхшироқ воқиъ бўлубтур: тамом шаҳру маҳаллот оёғ остидадур”, деган тавсифидан яна бошқа маъно ҳам келиб чиқади – Ўш аҳолиси қадимги, девор билан ўралган қисми (шаҳристон) ичига сиғмай, ўша пайтлардаёқ ундан ташқарида ҳам ривожлана бошлаган (“шаҳру маҳаллот” деган жумлани шундай тушуниш лозим). Бобур Қўрғон ичини – “шаҳар”, ундан ташқарини эса “маҳаллот” (маҳаллалар) деб атайди.

 

Азиз дўстлар!

 

Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.