Ўш адабий муҳити, ўзбек тили дарсликлари ва Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид.
Кўринган тоғларнинг қояларидир,
Ул ота-бобомнинг сояларидир.
Осмонга интилган баланд чўққилар
Эрк дея юксалган ғояларидир.
Сирожиддин Саййид
Улуғ ёзувчи, шоирларни дунёга келтирган, ўзига хос адабий муҳитга эга бўлган Ўш шаҳри негадир охирги йилларда замондан, адабиётдан ортда қолаётгандай. Бу сўзларни шунчаки айтмадим, дарсликларимизни бир қараб чиқиб шундай фикрга келдим.a
Адабиётимизда охирги 30 йил деярли йўқ! 30 йил – бу ахир оз муддат эмас! Сзўим қуруқ бўлмаслиги учун айрим синфларнинг адабиёт дарслари соати ва иш режасини қуйида келтириб ўтаман.
8 синф: “Орзу ва армоннинг сархадларида”, Абдурауф Фитрат. “Қўрқоқликнинг тўлови”, Асқад Мухтор (“Чинор” романидан). “Қочоқ”, Саид Аҳмад (“Уфқ” романидан).
“Рух билан суҳбат”, Саида Зунунова. Хуршид Давроннинг “Ватан ҳақида етти ривоят” туркумини бир дарсга, икки соатга қайси мезонларга асосан тиқиб қўйишган тушунмадим.
Садриддин Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими” қиссасидан парча, хўп майли, шунчалар дарсимиз кўп бўлса.
Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” комедияси, Ўзбекистоннинг ўзидаги дарсликларда йўқ. Майли эди, шунчалар дарс соатларимиз кўп бўлса, лекин ҳозир жуда зўр ижод этаётган шоир ва ёзувчилар Сирожиддин Саййид, Сирожиддин Рауф, Назар Эшонқул, Исажон Султон, Эркин Аъзам, Луқмон Бўрихон, Усмон Аъзимлар қани? Ҳатто ўқитувчиларимиз ҳам, ўқиш тугул эшитмаган бу номларни. Ҳар тугул Муҳаммад Юсуфга бир соат ажратишибди.
10 синф адабиёти мумтоз адабиётга бағишланган экан, лекин Бобурга бир соатгина берилган. Тушунаман, дарс соатлари оз, барчасини сиғдириш керак, лекин ўшанда ҳам ўзбек адабиётининг устунлари бўлган Навоий ва Бобурдан ортса, менимча.
11-синф адабиёти учтагина шоир билан деярли чекланган: Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Шавкат Раҳмон…
Охирги 30 йилда Иқбол Мирзо, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид, Сирожиддин Рауф, Зебо Мирзо, каби кўплаб шоирлар, Эркин Аъзам, Назар Эшонқул, Исажон Султон, Бахтиёр Абдуғофуров, Зулфия Қуролбой қизи каби ёзувчилар адабиётимизнинг юксак чўққиларини эгалладилар. Қирғизистонлик ёш авлод ҳам юқоридагилар ижоди билан танишса, ўқиб-ўрганса яхши бўлар эди. Шуларнинг орасидан энг севимли шоирим Сирожиддин Саййид ҳаёти ва ижодига бир назар ташлашни маъқул топдим.
Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раиси Сирожиддин Саййид турли йилларда “Тошкент оқшоми” (1980-89), “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” (1989-90; 1991-96) газеталари ва “Муштум” журналида (1990-91) адабий ходим, бўлим мудири сифатида, кейинроқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқарувида раис ўринбосари (2001-03), биринчи ўринбосари (2003 йилдан) лавозимларида ишлаган.
Илк шеърлар тўплами — “Руҳим харитаси” (1985). Шундан кейин унинг “Салқин харсанглар кафтида” (1987), “Севги мамлакати” (1989), “Асрагил”, “Меҳр қолур, муҳаббат қолур” (1990), “Куйдим” (1994), “Ватанни ўрганиш” (1996), “Ватан абадий” (2001), “Устимиздан ўтган ойлар” (2003), “Қалдирғочларга бер айвонларингни” (2000) ва бошқа тўпламлари нашр этилган.
Шоир Сирожиддин Саййид шеърияти бадиятида ўзбек мумтоз шеърияти анъаналари билан бирга халқ оғзаки ижодига хос хусусиятлар — халқчиллик, соддалик, тилнинг ширалиги, ўзбек халқ шевасига хос лексик ва мусиқий товланишлар етакчилик қилади. Шунинг учун унинг аксарият шеърлари ашулага айланган.
Сирожиддин Саййид ўз ижодида ўзбек шеъриятининг сўнгги бадиий ютуқларини ўзлаштирган ҳолда ҳозирги воқеликда ва кишиларнинг руҳий оламида юз бераётган ўзгаришларни акс эттирган.
А. Вознесенскийнинг “Мангу ризқ” (1990) асарини ўзбек тилига таржима қилган. “Дўстлик” ва “Меҳнат шухрати” орденлари билан тақдирланган.
Сирожиддин Саййид севги-муҳаббат, садоқат, юрт-ватан ҳақида гўзал ашъорлар битади. Умр, табиат, инсонийлик шоир шеърларида ўз жилоси ва ўзгача кўринишда ифодаланади. Унинг шеърлари турли-турфа, жумладан ҳазил-мутойиба шеърлари ҳам бор.
Мансабда яхши инсон ҳам ўтириши мумкинлигини Сирожиддин Саййид тимсолида кўрдим. Шоир кўнгли соф ва кенг.
Ёзувчилар уюшмасининг тарихи давомида, ҳамма даврда уюшмага аъзо бўлиш анчагина қийин эди. Ўрта Осиёда ўзбек миллати кўп сонли бўлганига мос шоир, ёзувчилари ҳам кўп бўлган. Сирожиддин Саййид охирги йилларда кенгфеъллик билан минтақадаги жуда кўп шоир ва ёзувчиларни уюшмага аъзо қилиб, уларга келажак ижодларига рағбат бермоқда.
Инсоннинг қалби Аллоҳга кўриниб туради, яқинда шоир Ўзбекистон президенти, Ўзбекистон муфтийси ва бир неча расмий кишилар ҳамроҳлигида умра сафарида бўлиб, ибодат қилиб қайтганини ахборот воситаларида кўриб, хавас қилдим. Замонамиз қаҳрамонларини ёшларимиз таниса, ўқиб ўрганса, келажагимиз албатта порлоқ бўлади.
Сўзимнинг якунида Афғонистондаги Навоий зиёратида шоир Сирожиддин Саййиднинг дилимда ҳам, тилимда ҳам айланаверган, шу кунларимизда жуда долзарб бўлиб турган шеърини келтирмоқчиман.
Улуғ бобонг Навоийнинг
Ётар жойи Ҳирот бўлгай,
Валекин билмасанг ул
Зотни сен, оғир уёт бўлгай.
Сенга муҳтож эмас ҳазрат,
Улуғ мақсад, улуғ меҳнат
Билан дил кўзларин очким,
Ҳаётинг ҳам ҳаёт бўлгай.
Завол эрмас, камол келтир,
Она юртингга ҳар соат.
У сенга ҳам она, ҳам юрт,
Сенга икки қанот бўлгай.
Нечун ёлқинланиб кезгай
Бу тўфонзода тойчоқлар?
Улар фарзандларингга
Бойчибору ҳам Ғирот бўлгай.
Бу тупроқ узра инсон бор,
Ва иймон — икки мансаб бор,
Агар жуздир ва ё қарлуқ,
Ўғиз ё қўнғирот бўлгай.
Кетар, жисминг муваққатдир,
Ватан — мангу муҳаббатдир,
Агар кимда муҳаббат йўқ,
Жаҳонда номурод бўлгай.
Келибсан гар сурур келтир,
Ҳавас бирлан ғурур келтир,
Ки сен кетсанг ҳам ортингдан
Эл ичра ному ёд бўлгай.
Навоий назми — иймондир,
Агарчи Сўзни сотгайсан,
Унинг бир сатри охир
Таъби назмингга сирот бўлгай.
Менинг бу норавон шеърим
Ёзилди бир ният бирлан,
Ёзилсин шеър ҳам токи
У шеърдан бир мурод бўлгай.
Сирожиддин Саййид
Хосият Бекмирзаева, Ўш шаҳри.
Расм муаллифники