БОБУР ВА ЎШ 14-СУҲБАТ

Тоғнинг аввалги номи Буракўҳ бўлгани Бобурнинг “Бобурнома” асари орқали маълум. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўш шаҳри, жумладан, ушбу тоғ ҳақида бундай деб ёзган эди: “Яна бир Ўш қасабасидур. Андижоннинг шарқи-жанубий тарафидур, шарққа мойил, Андижондин тўрт йиғоч йўлдур. Ҳавоси хўб ва оқар суйи фаровондур. Баҳори бисёр яхши бўлур. Ўшнинг фазилатида хели аҳодис ворид бўлубтур. Қўрғонининг шарқи-жанубий жонибида бир мавзун тоғ тушубтур, Барокўҳга мавсим. Бу тоғнинг қулласида Султон Маҳмудхон бир ҳужра солибтур, ул ҳужрадин қуйироқ – ушбу тоғнинг тумшуғида – тарих тўққиз юз иккида мен бир айвонлиқ ҳужра солдим. Агарчи ул ҳужра мундин муртафиъдур, вале бу ҳужра бисёр яхшироқ воқиъ бўлубтур: тамом шаҳру маҳаллот оёғ остидадур. (Яна бири Ўш шаҳарчасидир. Андижоннинг шарққа мойилроқ шарқи-жанубий тарафида. Андижондан тўрт йиғочлик (48 км. – З. И.) йўлдир. Ҳавоси яхши, оқар суви мўл. Баҳори жуда яхши бўлади. Ўшнинг фазилати ҳақида жуда кўп овозалар бор. Қўрғонининг шарқи-жанубида бир кўркам тоғ қад ростлаган, Барокўҳ деб номланади. Бу тоғнинг чўққисида Султон Маҳмудхон бир ҳужра солган. У ҳужрадан қуйироқда, ушбу тоғнинг тумшуғида тўққиз юз иккинчи йили (1497) мен бир айвонли ҳужра солдирдим. Гарчи у ҳужра юксакроқда бўлса-да, бу ҳужра ҳам кўп яхши жойда қад кўтарган: бутун шаҳар ва маҳаллалар шундайгина кўриниб туради).

Андижон рўди Ўшнинг маҳаллотининг ичи била ўтуб, Андижонға борур. Бу рўднинг ҳар икки жониби боғот тушубтур, тамоми боғлари рўдқа мушрифтур. Бинафшаси бисёр латиф бўлур. Оқар сувлари бор, баҳори бисёр яхши бўлур, қалин лолаю гуллар очилур.

Барокўҳ тоғи доманасида – шаҳр бирла тоғнинг орасида бир масжид тушубтур, масжиди Жавзо отлиғ. Тоғ тарафидин бир улуғ шаҳжўй оқар. Ушбу масжиднинг ташқари саҳни нишеброқ, себаргалик, пурсоя, сафолиқ майдон воқиъ бўлубтур. Ҳар мусофир ва раҳгузар келса, анда истироҳат қилур. Ўш авбошининг “зарофат”и будурким, ҳар ким анда уйқуласа, ул шаҳжўйдин сув қўярлар. Умаршайх мирзонинг охир замонларида қизил била оқ мавжлиқ тош ушбу тоғда пайдо бўлди: пичоқ дастаси ва такбанд ва баъзи нималар қилурлар, хийла яхши тошдур. Фарғона вилоятида сафо ва ҳавода Ўш чоғлиқ қасаба йўқтур (Андижон сойи Ўш маҳаллалари ичидан ўтиб, Андижонга кириб боради. Бу сойнинг иккала томони ҳам боғлар билан обод. Боғлар шундайгина сойга туташиб кетган. Бинафшаси беҳад нафис бўлади. Оқар сувлари бор, баҳори жуда яхши бўлади. Кўп лола ва чечаклар очилади.

Барокўҳ тоғининг этагида – шаҳар билан тоғ орасида бир масжид қад кўтарган, масжиди Жавзо номли. Тоғ тарафидан бир катта ариқ оқади. Ушбу масжиднинг ташқари саҳни нишаброқ, себаргалик, серсоя, сафолик майдондир. Ҳар мусофир ва ўткинчи ўша ерда истироҳат қилади. Ўш бебошларининг қалтис ҳазиллари буки, кимки у ерда ухласа, шу катта ариқдан унга сув очиб юборадилар. Умаршайх мирзо салтанатининг сўнгги пайтлари ушбу тоғдан қизил ва оқ товланадиган тош топилди, пичоқ дастаси, такбанд ва баъзи нарсалар қиладилар, анча яхши тошдир. Фарғона вилоятида ҳавоси тозаликда Ўш сингари шаҳар йўқ. – Ваҳоб Раҳмонов, Каромат Муллахўжаевалар табдили).

 “Бобурнома” ўзбек тилида 1948-1949 йилларда илк бор нашр этилгач, халқ ичида жуда машҳур бўлиб кетди. Ўшанга қадар ким томонидан бино қилингани мавҳум бўлиб келган тоғ устидаги “Оқ уй” деган бир хонадан иборат бино “Бобурнома”да берилган маълумотни тўғри тушунмаслик натижасида, ХХ асрнинг иккинчи яримларидан бошлаб “Бобур қурдирган уй” номи билан эл ичида янгича эъзоз топди.

Нима сабабдан Ўшликлар Султон Маҳмудхон қурдирган бу ҳужрани “Оқ уй” деб аташар эди, деган савол ҳам бўлиши табиий. Бу ҳужранинг асл намунаси – ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига қадар камида тўрт аср қад ростлаб турган бу бино кимнингдир ташаббуси билан “замонавий”лаштириб, оқлаб қўйилар, узоқ-узоқлардан оппоқ бўлиб кўзга ташланиб турар эди. Демак, бу атама деворларни бўрлаш урф бўлган даврларда пайдо бўлган. Аммо афсуски, тоғ устидаги “Оқ уй” 1963 йилда – атеизм ва атеистик тарғибот ғоят кучайган бир пайтларда “бу жой шайхлар томонидан хурофот тарқатиш маскани бўлиб қолди”, деган баҳона билан буздириб ташланди. Ушбу вандализмнинг ташаббускорлари ва амалга оширувчилари кимлар бўлганини кўплар яхши билади, шу боис, ҳозир уни тафтиш қилиб, фош этиш жилла шарт бўлмаса керак. Ҳақиқат шуки, элимиз бундай “фидойи” коммунистларни дил-дилидан қоралаб, қарғаб турган, аммо замоннинг зайлига қарашга мажбур бўлиб, очиқ қаршилик кўрсатишга ҳеч кимнинг юраги дов бермаган. У пайтларда сал бош кўтариб чиққан одамни қатағон қилиш, оиласи ва бола-чақаларини бадном этиш, ҳар қандай миллий ҳаракатга нисбатан террор уюштириш оддий, ҳамма кўниккан иш эди. Бироқ орадан қанча замонлар ўтмасин, уни қайта тиклаш одамларнинг армони, тилаги бўлиб келган. Чунки қадим шаҳримизнинг энг баланд нуқтасида жойлашган ва асрлардан бери ота-боболаримиз ардоқлаб, ихлос қўйиб келган

“Оқ уйимиз кўркини субҳи содиқда кўринг;

“Оқ уй”нинг вайрон қилиниши халқнинг руҳини синдириш, қадриятларини поймол қилиш экани ойнадай равшан эди.

Шу билан бирга, атеист бузғунчиларнинг вайронкорлик ҳаракатига йўл очиб берган таъмагир кимсаларнинг қилмишини ҳам сира оқлаш мумкин эмас. Катта ёшли одамлар яхши билади, ўша йиллари тоғнинг этагидаги баъзи маҳаллаларнинг одамлари ўзларини шайх дея эълон қилиб, Фарғона водийси ва унинг теварагида Маккаи Ажам (Арабистондан ташқаридаги ерларнинг Маккатиллоси) деган шарафли ном олган шаҳримизга ихлос билан зиёратга келган одамларнинг ишонч-эътиқодини суиистеъмол қилиб, уларнинг бор-будини шилиб оладиган юлғичлар бисёр эди. Яъни шундай муттаҳамларнинг кирдикори туфайли бу азиз жойлар амалда хурофот тарқатиш масканига айланиб қолганлиги ҳам бор гап…

Шу ўринда кокил қўйиш ва “кокил кесиш” удуми хусусида ики оғиз тўхталсак. Нима сабабдан Ўшга зиёратга келганлар болаларининг кокилини

шу жойда кестиришган? Биз мурожаат қилган аксар кексалар ана шундай удум мавжудлигини билганлари ҳолда, унинг келиб чиқиши сабабидан хабарсиз эканликларини айтишди. Назаримизда, бу маросим ҳам Ўшнинг “Маккаи Ажам” деб таърифланиши билан боғлиқ кўринади. Маълумки, Маккага ҳажга борган ҳожиларнинг – хоҳ у эркак киши бўлсин, хоҳ аёл – сочининг учидан бир қисмини кесиш анъанаси бор. Ҳаж амалларини ўташ ана шундан кейин бошланади. Ўшда эса, катта ёшли зиёратчиларнинг сочига дахл қилинмагани ҳолда, ёш болаларнинг кокилини кестириш урфга айланган. Энди, умуман, кокил кесиш анъанасининг келиб чиқишига тўхталсак, соч – тананинг бир қисми эканлиги, унинг бир қисмини кесиш тарихнинг кўз илғамас даврларида тананинг бир қисмини қурбон қилиш сифатида шаклланган бўлса, эҳтимол. Кўрамизки, бир ёқдан – қадимги инонч-удумларга кўра, Оахшо худога тананинг бир қисми бўлган сочни (сочнинг қурбонлик учун атаб махсус ўстирилган қисми бўлган кокилни) қурбон қилиш билан бирга, иккинчи ёқдан – жума куни “Ҳажжул масокин” деб таскин берилгани сингари, Маккага бориб ҳаж амалларини бажаришга қурби етмаган одамлар учун кокил кестириш ҳам “Бу ёқларнинг Маккаси” бўлган Ўшга келиб “кичик ҳаж” амалини бажариш, деб ҳисобланган. Бу эса диний эътиқоднинг синкретик, тўғрироғи – бинар (икки нарсани аралаштириб қўллаш) тарзда бўлганини кўрсатади. Ҳатто айрим манбаларга кўра, ўзининг мурабба шакли билан Каъбаи муаззамани эслатадиган “Оқ уй”нинг ичига “Ҳажарул асвад”га ўхшатиб бир катта қора тошни олиб чиқиб, ўрнатганлари, бу жойни сиғиниш масканига айлантиришга астойдил жаҳд қилганликлари ҳам маълум…

Ўш ва унинг теварагида бир неча минг йилдан бери яшаб келаётган аҳоли диний дунёқарашининг шаклланиши ва тараққиёти ҳам, бу элнинг ўтмиши каби, олис мозийга бориб тақалади. Гарчи қарийб бир ярим минг йилдан бери Жанубий Қирғизистонда ислом дини узил-кесил етакчи эътиқод тарзига айланган бўлса ҳам, авом наздида қадимги анимистик ва тотемистик тушунча ва тасаввурлар то ХХ аср охирига қадар у ёки бу тарзда яшаб келди. Чунончи, исломга ёт диний-мифологик образлар – ёлғиз йўлга чиққан одамларни адаштирадиган Озиқти, кишини алдаб сувга тушириб юборадиган, аммо эпчил киши, агар унинг китоби ёки тароғини тортиб олса, унга хизмат қиладиган Алвасти, эс-ҳушдан айирадиган Пари, ёмонликка рўпара қиладиган Ажина ва ҳоказоларга боғлиқ афсоналар, уларга йўлиққан одамларнинг бошига тушган шўришлар ҳақидаги уйдирмалар ҳам одамларнинг мавҳумият олдидаги ожизликлари самараси ўлароқ, ҳамиша элни қўрқувда сақлаб келган. Чунончи, юз шамоллаши туфайли кишининг жағи ё оғзи қийшайиб қолса, у муқаррар равишда “жин (ажина) чалиб кетган” одам саналган. Шунинг учун ҳам, фақат ХХ асрнинг сўнгги чорагига келибгина бундай хурофотлардан қутула бошладик, деб айтсак бўлади.

Орадан кўп сувлар оқиб ўтди.

“Қайта қуриш” замони келиши биланоқ юраги уйғоқ одамлардан бўлган оддий соатсоз уста Рустам ака Мираҳмедов “Оқ уй”ни қайта қуриш ташаббуси билан чиқди. Унинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлаган таниқли тадбиркор Маҳаммадамин Эшматов Хоразмга бориб, қадимий шаклдаги ғиштларни тайёрловчи усталар билан шартнома тузиб келди. Сўнг иморатнинг фотосуратларига таяниб, архитекторлар ёрдамида янги лойиҳаси тузилди. Ўзбекистонлик усталар бир неча ой давомида “Оқ уй”нинг эски пойдевори теварагида аввалгисидан ҳам баландроқ, кўркамроқ қилиб янги “Оқ уй”ни қуриб беришди. Бу бинонинг тикланиши амалда халқнинг қадим тарихга муҳаббати, оталар руҳини эъзозлаши рамзига айланиб кетди. Буни шундан ҳам билиш мумкинки, иморат қурилиши бошланган кундан то у тўла қад ростлагунича Ўшдаги ҳар бир маҳалла аҳли усталар ва ҳашарчиларнинг овқатланишини бир кун-бир кундан қилиб талашиб тақсимлаб олди, қурилиш материалларини тоғ устига одамлар қўлма-қўл қилиб фийсабилиллоҳ ташиб етказиб бериб туришди. Ҳатто айрим мункиллаб қолган чол ё кампирларнинг савоб умидида биттагина ғиштни қўлтиқлаб, бошқаларнинг ёрдамини рад этган ҳолда, ҳарсиллаганича тоғ устига олиб чиққанларини кўрганлар бор. Чунки “Оқ уй”нинг қад ростлаши, одамлар наздида – диний, миллий ва маҳаллий қадриятларнинг яна тикланиши рамзига айланиб қолган эди.

(Оқ уй”ни қайта тиклаш учун ҳашар. Ҳар бир одам қурилаётган бино учун тоғ устига бир дона бўлса ҳам ғишт ташиб чиқариш илинжида)

 

Мазкур Оқ уй фақат Жанубий Қирғизистон ва унга ёндош бўлган Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидагина эмас, балки олис исломий юртларда ҳам маълум ва машҳур. Бунга мисол сифатида 1995 йилнинг сентябрь ойида Покистон Ислом Республикасининг Бош вазири Беназир Бхутто хоним махсус ташриф билан Ўшга келгани ва мазкур Оқ уйни томоша қилиб, бу иморатни Бобур қурдирган, дея эслаб, ўзи ҳам Бобурийлар наслининг вакили эканини эътироф этганини ёдга олиш кифоя.

АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”

САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА

 

Азиз дўстлар!

 

Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.