Аъзам Раҳим: Балки шудир асли асл шеърият?

Мухлисларимизни яна бир қирғизистонлик истеъдодли ижодкор билан таништирамиз.

Истеъдодли шоир Аъзам Раҳим (Абдураззоқов) 1971 йили Ўш шаҳрида туғилган. Фарғона Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.
Сўнгра 1991 йилдан буён мактабда ўзбек тили ва адабиётидан сабоқ берди. Кўп йиллар маориф ва матбуот муассасаларида раҳбарлик лавозимларида ишлаб келди. Айни пайтда Бобур номли Ўш Давлат ўзбек академик мусиқали драма театрини бошқариб келмоқда. Қирғизистон маорифи аълочиси. Қирғизистон миллий ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Бунгача шоирнинг «Сабр чечаклари» (1995), «Ялдо карвони» (1999), «Шаҳсувор туйғулар» (2005), «Ҳурлик минори» (2021) шеърий тўпламлари нашрдан чиққан.

Шавкат Раҳмон номидаги (2005) ва Тўқтабўлўт Абдумўмунов номидаги (2021) мукофотлар соҳиби. Туркийзабон шоирларнинг халқаро ўнинчи анжумани иштирокчиси (2013). Шеърлари бир қатор ҳорижий тилларга ўгирилиь, Қирғизистон, Ўзбекистон, Украина, Қозоғистон ва Тожикистон нашрларида эълон қилинган.

ЭРКИНЛИК

Ҳар кун киядиган оппоқ яктагинг
Эгнингга иласан андиша билан.
Кўйлакка ҳам сенинг келади раҳминг.
Ранжитиб қўйишдан жуда қўрқасан.

Ёлғиз дардларингга ҳамдард хонангга
Хайр, деб чиқасан,
эшик ғичирлар.
… Ортингдан эргашиб қолар йўқчилик.
Соянг қулоғингга аста пичирлар.

Тўйиб-тўйиб, эркин нафас оласан.
Вужудинг эзилар,
кўнглинг тўлмайди.
Юрагинг орзиқар,
кутиб толасан.
Ичингда ўлмасинг – умид ўлмайди.

Атрофга қарайсан,
таскин излайсан.
Қўлларинг шалвираб тушар бўшлиққа.
… Изғиб елаётган дарбадар шамол
Овози ўхшайди мунгли қўшиққа.

Дарахтнинг учида қолган япроқ-чун
Илтижо қиласан,
бардош тилайсан.
Совуқда тентираб юрган кучукнинг
Бошини меҳр-ла секин силайсан…

…Қайтасан қадрдон хонангга охир,
Елкангга осилиб умид ухлайди.
Умидни кўтариб юрмоқлик оғир –
Кўча-кўйга ташлаб кетиб бўлмайди.

БЎСАҒА

Ҳайрат кўзларига қон тўлар бугун,
Бугун гупиради сокин ҳаяжон.
Гўёки зулматни енга олган нур
Ўлик сукунатга бахш этади жон.

Ўша кўҳна толнинг паҳмоқ сочлари
Қора рангга эмас,
оқ рангга дўнар.…
Ялтоқланаётган музнинг ҳайбати
Эркин хаёлларнинг тафтидан сўнар.

Гувала деворнинг ковакларидан
Асрий ғуборларнинг гуллайди барги.
Ёлғон эртакларин айтиб чарчаган
Тунни уйғотади нотаниш сезги.

Сийму зар тақади қонталаш рўё,
Йўйилган таъбири кенгликлар алвон.
Шиддат-ла қоришиқ руҳлар сасидан
Энг зарра гиёҳнинг тили ҳам бийрон.

Фақат лол чеҳралар мудрайди узоқ,
Минг бир титроғидан чиқмайди кори.
Фақат қувват берар,
қувват берар тонг,
Ёрқин ёмғирларнинг ўйноқи тори.

ЭВРИЛИШ

Азобин, толеин дунё деганлар
Изтироб тотини билмай кетарлар.
Кўнгилнинг ғамини танҳо деганлар
Манзилга нур ила бирга етарлар.

Манзил.
У йўлларнинг интиҳосимас,
Кўнгилнинг тозарган оппоқ либоси.
Дунёнинг ташвиши енгил – гўё хас,
Иблис нағмасига жўр бўлар сози.

Дунё азоблари тирмашган руҳим
Парчалаб ҳорийман,
етмайди кучим.
Чилвир сочларига осилиб қолган
Қўлларим кесаман,
кесаман тилим.

Хаёлан бу мажруҳ жисмим кўтариб,
Узоқ югураман,
кўзим тинади.
Беҳуш йиқиламан,
ҳушимда кўнгил
юрак ярасига малҳам суради.

Қушдай енгил бўлиб учиб юраман,
Симобий товланган кенгликлар аро.
Тепамда бир қаср равоқлари оқ
Ўзига чорлайди мунаввар зиё.

Бутун ташвишларим унутган кези,
Эсладим.
Дарчалар қолганди очиқ.
Бир марта ортимга қарадим, афсус,
Ҳаммасин йўқотдим.
Хаёлим сочиқ.

Мен энди икки қутб исканжасида
Дарбадар кезаман қари мусофир.
Оралиқ оламнинг сирлари энди
Таажжубга солмайди.
Ҳаммаси зоҳир…

КАЙФИЯТ

Ҳали хаёлимда орзулар тирик,
Бардошнинг бошига ёққан эмас қор.
Юракнинг қатига қадалган гулнинг
Югурик ўйлари тўқийди ашъор.

Отаётган тонгнинг ҳарир пардаси
Мудроқ туйғуларни турар силкитиб.
Тунлар сочларини таратиб ойга…
Интизор кўзлар-ла туради кутиб.

Фараҳ ой юзидан бўсалар олиб,
Ровийлар кўшкидан келтиради нур.
Демак, умидимнинг йўллари равон,
Тонгнинг насимида туғилажак ҳур.

Демак, кўзларимга сурур бахш этган,
Кунларнинг сафига сафдошдир шукуҳ.
Орзулар рахида ўсгувчи гулнинг
Бугуни сўлимдир, эртаси ёруғ.

***

Ўзим ясаган мўъжаз узлатни

Ортда қолдириб йўлга отландим.

Мажҳул кайфиятим кўтармоқ учун

Ўзимни қидирдим, топдим, топмадим.

Ташрифим кимгадир ёқди, ёқмади.

Унсиз сўроқларим топди жавобин.

Ҳатто унутибди баъзи дўстларим,

Ечишга улгурмай қолди ниқобин.

Мен билган майсалар қамиш бўлибди,

Тилларини  бурро қилибди ботқоқ.

Қурбақа хониши ҳамма маст-аласт,

Ҳамма бир-бирига яқин ва узоқ…

Ўнг қўли кўксида анув кимсанинг

Улкан кек ичида ётар тўлғониб,

Гўё омадсизлик сабабчиси мен –

Кўрибоқ алами кетди уйғониб.

Ҳаво ҳам бўғилар, нафасим қайтар,

Минг битта ниқобли каслар ёнида.

Ортимга тисланиб йўлим қидирсам,

Туман қуюқлашар ғафлат онида.

Битта нажотим бор, агар етолсам,

Юракнинг хуружи солмаса даҳшат.

Омонликка сари йўлим узаяр

Ассалом, ҳаловат! Ассалом, узлат!

ШЕЪРИЯТ

Онам бошидаги кумуш толалар,

Ўғлим кўзидаги уммоний ҳайрат,

Бир тутам сеҳрга дўнган болалик,

Балки шудир асли асл шеърият.

Мажнунтол сочига илашган сирлар,

Кўзим пардасини забт этган сийрат.

Ялдо кечасида ёққан лайлакқор,

Балки шудир асли асл шеърият.

Бир нигоҳ тафтини туйганим маҳал,

Қалбим сўқмоғини тутган ҳидоят,

Юрагим зарбига эврилган забон,

Балки шудир асли асл шеърият.

Аъзам Раҳим.