ислом дунёси афсоналаридаги мифик қушлар ҳақида Зуҳриддин Исомиддинов
Қанот қоқиб осмонда учиб юрган қуш – инсон хаёлотига ҳам парвоз бахш этган. Ерда ризқини териб пийпаланиб юрган паррандалар қандайдир пастроқ бир махлуқ сифатида, баланд кўкда юрганлари эса олижаноб ва мағрур жонивор сифатида тасаввур қилинган. Аммо ҳар қандай қуш ҳам одамдан қочиб қутула олмайди – сор бургутлар ҳам тутилган, қўлга ўргатилган, ов қилишда қўлланган, товус ва қирғовуллар боғда солланиб юришган, каклик, ҳилол ва беданаларнинг сайроғи уларнинг ўзини қафасга туширган. Борлиқнинг тирикчилигидан асло қониқмайдиган одам эса бургуту қирғийлардан ҳам баландда, кўз етмас юксакликларда ва эҳтимолки, бу дунё билан нариги олам ўртасида уча оладиган қушлар ҳақида хаёл қилган, эртак ва нақллар тўқиган. Алишер Навоий “Лисонут тайр” достонида барча қушларнинг Симурғ қошига боришга жаҳд қилганларини тасвирлаган.
Улуғ шоир Ҳамид Олимжон эса “СЕМУРҒ (ёки Паризод ва Бунёд)” деган шеърий эртагида ана шундай улкан (“чангалида зўр арслон”) бўлган Семурғ ҳақида гўзал достон ҳам ёзган. Чунки Ҳамид Олимжон ўзбек халқ оғзаки ижодини чуқур билган, оғзаки ижод намуналарини тўплаш ва ўрганишга бош-қош бўлган, ҳатто кўп достончи бахшилар билан ота-бола тутинган.
Бу каби улуғ қушлар биз ўзбекларнинг руҳий оламимизда кўп парвоз қилгани боис, ҳатто мустақил Ўзбекистоннинг гербида ҳам ҳумо қуши тасвирланган – унинг қаноти эпкинида бу қадим ва файзли юртга бахт-иқбол, барака келиши каби эзгу умидлар мужассам этилган. Тилимизда ҳам Анқо, Семурғ, Ҳумо каби афсонавий қушларнинг барчаси номи бор. Баъзан энг яхши тилаклар билан боласига Анқо (Анқабой) деб от қўйган кишилар бор.
Албатта, ўта реаллашган ва ҳамма иш-ташвиш билан андармон бўлиб қолган ҳозирги шароитда уларнинг бир-биридан фарқи ва хислатларини билавермаймиз. Сирасини айтганда, кўп жиҳатдан бу хаёлий қушлар ўзаро эгизак – чунончи, Анқо билан Ҳумони бир-биридан ажратиш ўзи ҳам мушкул. Аммо давлат гербида тасвирланган Ҳумо қуши ва унинг “шериклари” ҳақида ҳеч нарса билмаслик ҳам жилла яхши эмас. Бинобарин, ёшларга бу борада озми-кўпми тушунча бериш мақсадида биз шу мавзудаги бир интернет материалини таржима қилиб, сизларга илиндик.
1. Анқо. Тасаввуф дунёси ва адабиётда Анқо ва Семурғ деб, туркларнинг оғзаки ижодида эса кўпинча Зумрудуанқо деб аталадиган қуш. У яна Бахт қуши, Тўғрул, Ҳумо, Анқойи муғриб, Сиренк, Зумрад қуш деб ҳам аталади.
2. Афсоналарга кўра, Анқо қуш Қоф тоғининг чўққисида яшайди. Қора ёғоч ва сандал дарахтидан саройга ўхшаш ин қуради. Бу жуда улкан қуш, учганида ёруғ осмон қоп-қорайиб кетади, тошқин сел пишқиради, момақалдироқ гумбурлайди. Унга қараган одамнинг кўзи кўр бўлади. Бу қуш одам каби ақлли, гаплаша олади. Бундан ташқари, Анқо донишманд ва билимли. У ҳукмдорлар ва қаҳрамонларга йўл-йўриқ кўрсатади, жароҳатларни даволайди. Анқо қушда ўттиз парранданинг патлари ранги, қилиқлари ва хислатлари жамулжам бўлган.
3. Ўлими яқинлашганини сезса, Анқо қуруқ ёғочларни тўплаб, устига ўтиради. Қуёш нурининг ҳарорати билан ўтин қизиб, олов туташса, қуш ҳам ёнади, кейин эса шу алангадан қолган кул орасидан қайта дунёга келади.
4. Бутун дунёда Анқо қуши бир донадир.
5. Анқо ҳақидаги нақллар дастлаб Мисрда тўқилган, дейдилар. Аммо бу қуш тўғрисида афсоналар Хитойдан ториб, то Эронгача жуда катта географик ҳудудда тарқалган. Тасаввуф маданиятида эса анқо бир маънони ўзида мужассам қилади: “Борлиқда Худо яккаю ягонадир. Барча нарса уникидир ва унинг тажаллийсидан иборат. Барча тирик нарсалар ўлимга маҳкум. Бироқ, худди Анқо кул ичидан қайта туғилгани каби, бизни ҳам фанодан кейин абадий ҳаёт кутади”.
6. Ҳумо (Ҳумой)ни бахт қуши, дейдилар. Унинг қаерда эканини ҳеч ким билмайди – шунчалар юксакдаки, кўриб ҳам бўлмайди. Яна, Ҳумо – жаннат қушидир. Кўпинча Анқо билан Ҳумони бир нарса деб ўйлашади, аммо бу хато. Ҳумо Қоф тоғида эмас, жаннатда яшайди. Ҳумо вақти-вақти билан етти қават осмондан пастга иниб, юлдузлар каҳкашонида сайр қилади.
7. Ҳумо – толе ва ҳукмдорлик рамзидир. Агар у бирон кишининг бошига қўнса, у одам ё подшоҳ бўлади, ё жуда бойиб кетади.
8. Ҳумо сира ерга тушмайди, учиб юрган чоғида тухум қилади ва тухумлари ҳам ерга тушгунича очилиб, полопонлари ҳам учиб юксакка чиқиб кетади. Шу сабабли ҳам бу қушнинг оёғи бўлмайди.
9. Қақнус қуш эса жуда ранг-баранг бўлади, тумшуғида 360 та тешиги бор. У тоғ чўққисига қўниб, тумшуғи тешикларидан хилма-хил товушлар чиқариб, атрофдаги парранда ва ҳайвонларни ўзига алдаб яқинлаштирар ва уларни тутиб ер эмиш. Қақнус минг йил яшаркан.
10. Умри поёнига етган чоғда Қақнус кўп ўтин тўплаб, устига ўтирар экан-да, ўзига ўзи марсия ўқиб нола қиларкан. Фиғони таъсирида жазавага тушиб, қанотларини қарсиллатиб қоқаркан, бундан чиққан учқун ёнғин пайдо қилиб, аланга кўкка кўтарилар экан. Қуш куйиб кул бўлар, кул остида эса тухум пайдо бўлиб, ундан Қақнус полопони очиб чиқаркан.
11. Попишак, албатта, ҳаётда бор қуш. Бироқ ислом маданиятида у алоҳида жонивор мифик хислатларга эга парранда, деб қаралади.
12. Попишак Қуръони каримда ҳам эсланган. У Сулаймон алайҳиссалом ва Билқиснинг хабарчиси экан. Попишак бу ҳукмдорнинг қўшинига йўл кўрсатиб борган, дейилади.
13. Попишакнинг яна бир хислати шуки, у қайси жойда ер остида сув борлигини кўра оларкан, боз, ўз жуфтига жуда вафодор бўлиб, шериги ўлса, бир умр танҳо яшайди. Ота-онасини ҳамиша ҳурматларкан, мабодо онаси ўлса, кўмиш учун бирон чиройли ер топмагунича, бошига қўйиб кўтариб учиб юрар экан.
[embeddoc url=»http://alishernavoiy.org/wp-content/uploads/2022/11/anka.doc» viewer=»microsoft»]