АДИБЛАРИМИЗ АСАРЛАРИНИНГ АЛЬМАНАХИ НАШР ЭТИЛАДИГАН БЎЛДИ

Бундан олти-етти асрлар аввал бугунги Қирғизистон ҳудудининг катта қисми Мўғулистон таркибига кирган. Аммо бу сўз англатган маъно ҳозирги Монголияга бевосита боғлиқ эмас. Биргина алоқадорлиги – Чинггизхон империяси парчалангач, Ўрта Осиёнинг шарқ томонидаги ҳудуди унинг иккинчи ўғли Чиғатойга улус қилиб берилгани, холос. Юртнинг ўзи мўғул истилосидан сўнг мўғуллашиб қолмаган. Амир Темур замонидаги Мўғулистон ҳокимининг исми Қамариддин бўлганининг ўзиёқ бу фикримизни далиллайди. Аммо жой номлари дарров ўзгармагани боис, кўп нарсалар ана ўша “мўғул” сўзига боғлаб номланган. Чунончи, бир қатор шарқ мумтоз куйлари “мўғулча…” деб номланади (“мўғулчаи дугоҳ”, “мўғулчаи савти наво”…). Ҳолбуки, унинг монгол мусиқасининг ритм ва усулларига сира ҳам алоқаси йўқ, шарқона мумтоз мақом шўъбаларидан иборат.

Бинобарин, илмий асарларда Чиғатой тили, Чиғатой адабиёти терминлари учраса, эски ўзбек тили,  ўзбек мумтоз сўз санъати тушунилади.

Ҳозирги Қирғизистон ўзбек адабиёти ва санъати бир маҳаллар чиғатойча, мўғулча деб аталган ана шу улкан маданиятнинг бевосита давоми, тўла ҳуқуқли меросхўридир. У Қирғизистоннинг ўзбеклар яшайдиган барча жойларида – шарқда Тўқмоқ (Болосоғун)дан тортиб, ғарбда Исфана шаҳрига қадар – эни 300, узунлиги 1000 чақиримлик улкан ҳудудда ривожланиб келади. Х-ХII асрларда шеърият дин билан пайваста равишда тараққий этган бўлса, сўнгроқ тасаввуф адабиёти тарзида шаклланган.

Бизга бирмунча яхшироқ маълум бўлган даврларни қарасак, Наманган билан Қашқар орасида кезаркан, ҳар икки ёққа Ўш орқали бориб келган Машраб ижодини, унинг муҳиби бўлган Ҳувайдо эшоннинг дилбар назмини, ХХ аср бошларида ўзбек поэзиясида инқилоб ясаган, Ўшдаги боғ ҳовлиларида кўп бор бўлиб, ижод билан шуғулланган Чўлпон шеъриятини, Мирзоҳид Мирзараҳимовнинг латиф ҳикояларини, Қирғизистон ҳалқ ёзувчиси Абдуғани Абдуғафуровнинг кулгига омухта бўлган ҳаётнинг бадиий йўсиндаги фалсафасини, Шавкат Раҳмоннинг ўтли шеърларини, Авлиёхон Эшоннинг маърифат руҳидаги манзумаларини нафақат Қирғизистон ўзбек адабиётининг, балки бутун ўзбек сўз санъатининг ҳам энг нурли саҳифалари десак, муболаға бўлмайди. Зеро буларнинг ҳаммаси бутун ўзбек сўз санъатининг муштарак мулки ҳисобланмоғи дуруст.

Ана шу бадиий анъана ҳозир ҳам бирда тез, бирда суст дегандай, баҳарҳол, ривожланиб келади. У гоҳо шоир-ёзувчиларнинг, гоҳо табъи назмга мойил дин аҳлларининг, турли ҳунар эгалари бўлган ҳамкасабалар (ўқитувчилар, хонанда-созандалар, бадиий ҳунармандлар)нинг зарофатли давраларида тараққий топди, турли вақтли матбуот органлари саҳифалари, гоҳ-гоҳ нашр этилган альманахларда ўзидан из қолдирди.

Айниқса, Қирғизистонда ўзбек матбуотининг пайдо бўлиши, эллигинчи йиллар охирига келиб пойтахт Фрунзе шаҳрида республика миқёсидаги “Қирғизистон ҳақиқати” деган ўзбекча газетада, сўнгроқ эса Ўшда катта ададларда чиқиб турган “Ленин йўли” (ҳозирги “Ўш садоси”) газетаси саҳифаларида бадиий адабиёт материалларига кенг ўрин берилар эди. Чунончи, “Қирғизистон ҳақиқати” газетаси таҳририят ходимлари (уларнинг аксари шоир-ёзувчилар эди) 1958 йилда “Манас” эпосини илк бор ўзбек тилига таржима қилишга киришдилар ва унинг бошламаси газетанинг бирнеча сонида ёруққа чиққан.

Кейинчалик ҳам Қирғизистонлик ўзбек адибларининг аксари турли ўзбекча газета таҳририятларида ишлаб, асарларини шу нашр органларида эълон қилиб туришган. Кузатсангиз, бу ҳудудда бадиий ижодиёт шу газеталарнинг таъсис этилиши, гуриллаб чиқиб туриши ва замона зайли билан ёпилиши ёхуд аввалги шиддатининг сўнишига боғлиқ равишда, гоҳ баланд авж билан, гоҳо эса сокинроқ ривожланган…

Саксонинчи йилларда бир гуруҳ ижодкорлар таъсис этган “Илҳом” адабий клуби бугунги кунда ҳам ўз ишларини матонат билан давом эттириб, Қирғизистон ўзбек адибларининг бошини қовуштириб, уларни руҳлантириб турганига 2023 йилнинг ёзида Новқатнинг Саҳоба сайилгоҳдаги мароқли учрашувда амин бўлдик.

Оққан дарё оқмасдан қолмас, дейдилар. Бугунги кунда Қирғизистонлик ёш шоир ва ёзувчиларнинг бутун бир авлоди етишиб чиқяпти. Улар Ўшда, Новқату Аравонда, Жалолободу Исфанада, Ўзган ва Сузоқда, қўйингчи, Жанубий Қирғизистоннинг деярли ҳамма жойида ижод қиладилар.

“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти уларнинг асарларидан ташкил топган альманахни чоп этишга киришар экан, икки мамлакат орасидаги дўстона алоқалар кучайиб бораётганига таянган ҳолда, бундай мажмуаларни ҳар замонда бир бора эмас, ҳар беш йилда бир марта бўлса-да, нашр қилдириб, бу ҳудуддаги ижодкорларнинг асарларини мажмуа ҳолида бутун Ўзбекистон аҳли таъблари эътиборига ҳавола қилишга ҳозирлигини билдиради.

Тошкентда фаолият юритадиган “Ватандошлар” жамоат фонди ушбу альманах нашр этилишига кўмагини аямаслигини билдирдики, биз бунинг учун айни фонд раҳбариятига миннатдорчилик билдириб ўтишга бурчлимиз.

Пировардида шуни ҳам айтиб ўтайлик: ошиғич равишда тайёрланган бу тўпламга номи, асарлари кирмай қолган шоир ва ёзувчилар ҳам бўлиши мумкин, албатта. Бинобарин, ушбу китоб ўқувчиларидан илтимос шуки, ана ўшандай адибларнинг номи, қисқача биографияси ва бир неча асари  альманах тўпловчиси Саидакбархон Махсумхоновга етказилса, юқорида айтилганидек, кейинги тўпламларга киритилади.

Қирғизистондаги барча ўзбек мактабларининг раҳбарлари ҳамда тил ва адабиёт ўқитувчиларидан яқинда босмдан чиқадиган ушбу нашр ҳар бир мактаб кутубхонасида камида икки нусхадан бўлишига эришиш лозимлигини ёдда тутишни сўрар эдик.

 

Зуҳриддин Исомиддинов,

 

“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раиси