Абдулла Қодирийдан кўплаб жиддий ва ҳажвий ҳикоялар, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари, “Обид кетмон” қиссаси мерос бўлиб қолган. ХХ аср ўзбек адабиётига мансуб асарлардан ҳеч бири “Ўткан кунлар”чалик кўп, чуқур таҳлил ва талқин қилинмаган. У ҳақда юзлаб мақолалар, тақризлар, ўнлаб илмий рисолалар, монографиялар ёзилиб нашр этилди, нафақат ўзимизда, балки чет элларда ҳам илмий тадқиқотлар номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Зотан роман ҳар бир давр ўқувчисини қизиқтира олади, унга маънавий-руҳий озуқа беради.
Саидакбар Махсумхонов,
филология фанлари номзоди
Хўш, биринчи ўзбек романи умрини боқий қилган омиллар нимада?
Ўз даврида “Ўткан кунлар” романи мазмунини шўро мафкурасига мослаштириб талқин этган ва шу “йўл” билан асарни оқлаб, қайта нашр қилинишига (кесиб ташлашлар билан) эришган академик Иззат Султон “Адабиёт назарияси” дарслигида романнинг пафоси “замонавийлик ва бадиийлик”да деб кўрсатиб берган эди.
“Ўткан кунлар”, дарҳақиқат, замонавий ва бадиий юксак асардир. Романнинг замонавийлиги шундаки, унда инсоният олдидаги азалий ва абадий муаммолар бадиий тадқиқ этилган. Жамият тараққиётига тўғаноқ бўлувчи, одамларни қон қақшатувчи, оилаларни пароканда қилиб тўзғитувчи бу мудҳиш муаммонинг, иллатнинг номи ноҳамжиҳатлик, ноаҳилликдир.
Романни ўқиганимизда Отабек ва Кумушнинг гўзал муҳаббати саргузаштларига маҳлиё бўламиз-да, эл-юрт тақдири, мамлакат келажаги билан боғлиқ муаммоларнинг бадиий тадқиқини назардан қочирамиз. Биз мана шу муаммоларнинг асардаги бадиий тадқиқига чуқурроқ, жиддийроқ назар ташласак, юртимиз бошига келган кўп балою фожиаларнинг туб сабабларини, омилларини теранроқ англай оламиз.
Тарихдан маълумки, “Ўткан кунлар” романи буюк адиб қалами билан қоғоз юзига туша бошлаганда, Туркистонн ўз мустақиллигини бой бериб, дунёдаги қолоқ бир ўлкага айланиб қолганига ярим асрдан ошган эди. Бир пайтлар дунёни титратган Амир Темур, Мирзо Бобурларнинг ворислари нега бунчалик ночор аҳволга тушиб қолган? Адиб мана шу саволга жавоб қидиради. “Мозийға қайтиб иш кўрган” ёзувчи жавобни Туркистон халқлари тарихининг “энг кирлик, қора кунлари бўлган кейинги “хон замонлари”дан топади. Яъни, инқирозимизнинг бош сабаби элимизнинг, хусусан, бошлиқларимизнинг ноаҳиллиги, ноҳамжиҳатлигида экан.
Қўқон хони Худоёр, қайнотаси Мусулмонқул оталиқ, Тошкент ҳокими Азизбек, Ниёз қушбеги каби эл бошлиқлари ўз шахсий манфаатлари, уруғчилик, маҳаллийчилик қарашлари йўлида қонли фожиаларга йўл очадилар. Эл-юрт тинчлигини, саодатини ўйлаган ва шу йўлда ҳаракат қилган Юсуфбек ҳожи, Отабек кабиларнинг уринишлари зое кетади.
Элни бирликка, иттифоққа даъват этиш романнинг етакчи ғоявий мотивларидандир.
“Манимча, ўриснинг биздан юқоридалиғи унинг иттифоқидан бўлса керак, – деди Отабек, – аммо бизнинг кундан-кунга орқага кетишимизга ўзаро низоъимиз сабаб бўлмоқда, деб ўйлайман, орамизда бу қўрқинч ҳолатга баҳаққи тушунадирған яхши одамлар йўқ, бильакс бузуғчи ва низоъчи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқурига қараб тортадилар. Бу кунги қора чопон ва қипчоқ низоъларини сизга тимсол ўрнида кўрсатайин: ўйлаб кўрилсин, бу низоълардан бизга қанчалик фойда ва қипчоқ оғайниларга нима манфаат ҳосил бўлмоқда? Фақат бундан фойдаланғучилар икки халқ орасига адоват уруғини сочиб юрувчи бир неча даъвогар бошлиқларгинадир”.
XIX асрнинг ўрталарида Туркистон халқларининг ноаҳиллиги, бир-бирини қириши оқибатида хонликнинг кучсизланиши Россия империяси босқинига, мустамлака домига йўл очган бўлса, 1917-18 йиллардаги ноаҳиллик, яъни халқнинг шўролар ва босмачиларга бўлиниши туфайли яна мустақиллик йўли тўсилди. Роман хотимасидан сўнг берилган ёзувчи изоҳида бунга ҳам ишора бор: Отабек ва Кумушнинг ўғли “Ёдгорбек ушбу асрнинг ўн тўққиз ва йигирманчи очлиқ йиллари миёнасида вафот қилиб, ундан икки ўғул қолибдир. Ўғуллардан биттаси бу кунда Марғилоннинг масъул ишчиларидан бўлиб, иккинчиси Фарғона босмачилари орасида экан. Бу кунда ному нишонсиз,ўлук-тириги маълум эмас, дейдилар”.
Тарихий шароит бизга XX асрнинг 80-йиллари охири 90-йиллари бошларида бирлашиш учун яна бир имконият берди. Биз эса бирлашиш ўрнига яна қирилишдик. Ўша йиллардаги Фарғона, Қува, Қўқон, Ўш, Ўзган воқеалари, 2010 йил Ўш ва Жалолободдаги воқеалар ва унга нисбатан муносабатлар фикримиз далили бўла олади.
Абдулла Қодирий ноаҳиллик, юрт бошлиқларининг ўзаро низолари мамлакатнинг, халқнинг фожиасига сабаб бўлишини нафақат тарихий воқеаларнинг бадиий тадқиқи орқали, балки ҳадиси шарифларини келтириш билан ҳам таъкидлаб ўтади. Роман персонажларидан бири Юнус Муҳаммад Охунд тилидан шундай дейилади: “Жаноби пайғамбари худо ҳадиси шарифларида айтадирларким: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим қола ан-набий алайҳиссалом: изо васада ал-амру ило ғайри аҳлиҳи фантазир ас-соата, яъни ул сарвари коинот марҳамат қилурларким, агар бир қавмнинг иши ноаҳил одамга топширилған бўлса, бас, ўшал қавмнинг қиёматини яқин бил, яъни ҳалокатига мунтазир бўл”.
Романда бу ҳикматнинг бадиий тасдиғи мавжуд.
Худди мана шу ноаҳилликнинг фожиали оқибатлари нафақат халқ тарихи, эл-юрт қисмати, балки жамиятнинг энг кичик бўлаги бўлган оила қисмати мисолида ҳам кўрсатиб берилади. Яъни Тошканднинг энг обрўли кишиларидан бўлган Юсуфбек ҳожи хонадонида ҳам ҳамжиҳатлик, аҳиллик бир мунча ночор эди. Оила бекаси Ўзбек ойимга адиб шундай тавсиф беради:
“Ўзбек ойим эллик беш ёшлар чамалиқ, чала думбул табиатлик бир хотин бўлса ҳам, аммо эрига ўткирлиги билан машҳур эди”. Мана шу “эрига ўткирлик”, баъзи масалаларда ўзбошимчалик, эрнинг маслаҳатига юрмаслик маълум маънода оила фожиаси учун замин ҳозирлади. Ўзбек ойим Ҳожининг Отабек келгунича бирор қизга “сан унашмай тур”, деб таъкидлаганига қарамай, Олим понсоднинг қизига унашиб келади ва буни эрига айтганида, Ҳожи лабини тишлаб қолади ва “Сенга сира ақл битмай кетар экан-да”, дейди.
Оқибатда эр ва ўғил ризолигисиз, ўзбошимчалик билан қилинган иш оилани фожиа сари судради: Кумуш заҳарлаб ўлдирилди, Зайнаб жинни бўлиб қолди, Отабек шаҳид бўлди, бола етим … икки ота, икки она қариган чоғида яккаю ягона фарзандларидан жудо бўлдилар. Дунёда бундан-да мудҳиш фожиа бўладими?!
Адибнинг бу даъвати ҳозирги кунларимизда яна ҳам кучлироқ аҳамият касб этмоқда. Роман кейинги авлодларимизни ҳам ҳушёрликка, бирликка даъват этаверади.
Шунинг учун “Ўткан кунлар” – абадиятга дахлдор санъат асаридир.
(“Қирғизистонда замонавий ўзбек мактаби” журнали, 2004, № 4)
ИЗОҲ:
2004 йил “Қирғизистонда замонавий ўзбек мактаби” номи билан ойлик илмий-методик журнал чиқара бошладик. Мана шу журналда Абдулла Қодирийнинг 110 йиллигига бағишланган ва Сиз юқорида танишган мақола босилиб чиқди. Мақола тил ва адабиёт муаллимларида, жумладан, Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, Улфатхон Иброҳимова опада ҳам катта қизиқиш уйғотган, бироқ романнинг етакчи қаҳрамонларидан бўлган Ўзбек ойим образи талқинидаги фикрларимиз Опага оғир ботибди. Улфатхон опа мақолага жавоб мақола тақдим этдилар. Биз уни журналнинг 7-сонида эълон қилдик. Куюнчаклик билан ёзилган мақола менга ҳам ёқди. Мақолада муаллиф ўз соҳасини чуқур биладиган, бадиий асарни теран таҳлил ва талқин қила оладиган ижодкор ўқитувчи эканлигини намойиш қила олганди. Шунинг учун опанинг мақоласини ҳам сиз азизларга – “Алишер Навоий институти” мухлисларига илиндик.
Улфатхон Иброҳимова,
Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи
“ЎТКАН КУНЛАР”ДАГИ МИЛЛИЙ ТУЙҒУЛАР
“Улуғ адиб учун юксак даражада миллий
бўлишдан ўзга катта шараф йўқ,
чунки у бусиз улуғ бўлмайди”.
В.Г. Белинский
Миллий ифтихор туйғуси – ўз миллатидан фахрланишга, ўзлигини англашга ва асрашга даъват этувчи кучдир. Бу ўта нозик ва мураккаб ҳолат. Миллатга мансублик ҳислари инсоннинг қон-қонига сингиб кетган. Миллий орият ва шахс орияти, миллат қадр-қиммати ва шахс қадр-қиммати, ор-номуси юксак маънавий негизда уйғунлашиб кетгандагина халқнинг умумий миллий ифтихор туйғулари шаклланади. Ўзбек элининг қадриятлари эса неча минг йилликлар оша сайқал топиб яшаб келмоқда.
Мен “Ўткан кунлар” романининг миллийлик белгиси ҳақида сўз юритар эканман, ўзбек қодирийшунослигида қанча баҳс-мунозаралар қай йўсинда давом этган ва этиб келаётган бўлмасин, фақат бир масалада умумий якдиллик бор. У ҳам бўлса, романнинг миллий асар эканлигидир. Мана шу миллийлик асарнинг яшовчанлигига, умри узоқлигига кафолатдир. Ва айнан юксак миллийлик ёзувчининг қатағон қилинишига, унга миллатчи тамғаси босилишига унинг улуғлик шоҳсупасига кўтарилишига ҳам бош сабабдир.
ЎшДУнинг Ўзбек гуманитар-педагогика институти ўқитувчиси, филология фанлари номзоди, доцент Саидакбар Махсумхоновнинг мазкур журналнинг 4-сонида босилган “Ўткан кунлар” абадияти” мақоласи менинг ўйларимни жунбушга келтирди. Ҳурматли устоз асарнинг умрбоқийлигини таҳлил қилар экан, ўз хулосасида “Тошканднинг энг обрўли кишиларидан бўлган Юсуфбек ҳожи хонадонида ҳамжиҳатлик, аҳиллик бир мунча ночор эди. Оила бекаси Ўзбек ойимга адиб шундай тавсиф беради:
“Ўзбек ойим эллик беш ёшлар чамалиқ, чаладумбул табиатлиқ бир хотин бўлса ҳам, аммо эрига ўткирлиги билан машҳур эди”.
Мана шу “эрига ўткирлик”, баъзи масалаларда ўзбошимчалик, эрнинг маслаҳатига юрмаслик маълум маънода оила фожиаси учун замин ҳозирлади…
Демак, ноаҳиллик, ноҳамжиҳатлик ҳам оилани, ҳам жамиятни, давлатни фожиа сари олиб борувчи иллатдир. Адиб ўз даврида юртдошларини ана шу мудҳиш иллатдан халос бўлишга, бирликка, иттифоққа даъват этган эди”, – дея мулоҳаза юритади. Менимча, адибнинг нияти – “ана шу фожиага олиб борувчи иллатдан, ўзбекона урф-одатлардан халос бўлишликмикин, ёки миллий қадрият, ор-номус, ризолик, яъни ота-она ризолиги каби фазилатлардан четлаб ўтишнинг оқибати ҳақида огоҳ этишмикин? Агар Юсуфбек ҳожи хонадонидаги ҳамжиҳатликнинг, аҳилликнинг ночорлигига Ўзбек ойим сабабчи бўлса, нега ёзувчи уни ўзбек аёллари хислатларининг умумлашмаси сифатида “Ўзбек ойим” деб номлади? Унга берилган тавсифнинг давомида “қиз чиқаратурған, ўғул уйлантирадирған, суннат тўйи қиладирған хотинлар ўз тўйларини Ўзбек ойим кенгашидан ташқари жўната олмас эдилар. Ўзбек ойим аралашқан тўйлик хотинларнинг кўнгилларидаги орзу ҳаваслари ҳам эрлари томонидан камчиликсиз бажарилар, чунки “Ўзбек ойим шундоғ буюрдилар” деган сўз эрлар учун ҳам фарз каби эшитилиб, Ўзбек ойимнинг айтканича ҳозирлик кўрила бошланар эди”, дея таъриф қилади? Бу ўринда “фарз, иқрор” сўзлари бежиз келтирилмагандир?
“Ўткан кунлар” романи Ўзбек ойимнинг “чала думбуллиги” билан “эрига ўткирлиги”ни оламга овоза қилиш ниятида ёзилган асар бўлганида, ўқиш ман этилиб, ёзувчига миллатчи тамғаси урилармиди? Бу асарни қайта-қайта ўқиганимизда юрак ором олади. Ўзбекона урф-одатларимиз, биргина сўзимиздаги маънонинг ўткирлиги, мағзининг тўлиқлигидан дил таскин топади. Қодирий асарларидаги сеҳрли жозиба унинг тилидадир. Адибнинг маҳорати шундаки, асарни ўқиётганингизда, у қўллаган бирорта сўз, иборани назардан соқит қилолмаймиз. Ҳар бир сўзнинг муҳим, зарур юки борлигини ҳис қиламиз.
Масалан, Юсуфбек ҳожи: “Нима қил дейсан, энди? Нима қилсанг ўзинг бил… яхши ваъда ҳам берайин, аммо сан унашмай тур”.
Ўзбек ойим:
– Унашмайман, лекин ўғлингизга унашдик, деб эшиттирамиз. Тузукми?
– Маъқул”.
Мана шу суҳбат эр-хотиннинг ноаҳиллигими, хотиннинг ўткирлигими? Эрнинг “…Маъқул” деган сўзини олишга эришиш чала думбулликми? Ўзбек ойим совчиликка борганида, “Бек отангиз билан мен сўзни бир жойга қўйдик, фақат иш Отабекнинг келишига қолди…” дейиши, ўғил ота-она ризолигисиз уйланиб олганда, ёлғиз ўғил ўстирган, барча орзу-ҳаваслари фарзанди орқали рўёбга чиқишини ният қилган она, ўғли келганда олинадиган ризоликни қудаларга билдириши ибратомуз эмасми? Юсуфбек ҳожи: “…лекин бизни ҳам ҳақсиз қилиб қўйма, бизни сендан бошқа умид нишонамиз, ҳаёт қувончимиз йўқ. Дунёда кўриб ўтатурғон барча орзумиз, ҳавасимиз фақат сенгагина қараб қолган. Онанг кўнгли учун мен ҳам орага тушиб сендан сўраймиз: Сен хоҳишинг йўлида уйланган экансан, рафиқанг санга муборак бўлсин. Эслилик даъвосида юрган ота-онанг тилаги, албатта, шундан бошқа бўлмас”.
Отанинг тилаги кишини изтиробга солади. Қодирий нега ўғли севиб, муҳаббат билан уйланганига шукр келтирадиган сўзлар айттирмади отага. Нега “эслилик даъвосида юрган ота-онанг” сўзларини ишлатди? Ёки “Унинг орзусига ҳақ берасанми, йўқми, ихтиёр ўзингда”, дейди Ҳожи. “Ҳақ” сўзининг масъулияти, юки бор. Биз ўзбекларда ота-она ризолигининг муҳимлиги жуда муҳим нарса. Яна, ота-она ҳаққи ҳақида “Қуръон” тафсирида, пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида кўп ўқиганман.
Отабек ҳам шу муҳитнинг бир ўғлони бўлиб бу одатга қарши чиқишга куч тополмай, сукут-розилик берган. Кумуш ҳам келинлик вазифаларини, бурчини адо этиш имконига онасининг қарши, норозилиги учун Отабекнинг уйланишига минг бир изтироб ила, айрилиқ азобини юракка ютиб, севгилисини ўзга чимилдиққа узатишга розилик беради. Бу билан ёзувчи Кумушни улуғлайди. У шайтон васвасаларини улоқтириб “муҳаббат тимсоли”га айланди. Муҳаббат муқаддас, ҳар нарсадан устун эканлигини бир оғиз “Мен рози” жумласи билан ифода этди. Ёзувчининг бу маҳорати диний эътиқодни мукаммал идрок қилишда эмасми? Қодирий ўзбек халқининг маиший ҳаётини яхши биладиган ёзувчи эди. Шунинг учун ҳам киши руҳиятига тегишли майда урф-одатлар, икир-чикирлардан йирик маъно англатадиган воқеалар билан боғланган ҳолда асарни фожиавий якунлайди. Мана шундай урф-одатлардан бири ота-она орзуси билан боғлиқ воқеа. Буни ҳар ким ўзича тушунар экан ёки давр сиёсатига мослашиб фикр юритар экан. Таниқли адабиётшунос Матёқуб Қўшжонов 1982 йил чоп этилган сайланмасининг 1-китобида “А. Қодирий қаҳрамонлар фожиасини, ота-она орзуси, ҳаваси аталмиш чиркин одатларни ниҳоятда санъаткорона тасвирлаган”, деб кўрсатади.
Мен бу фикрни ҳам рад этиб, қадимий, асрлар оша сайқаллашиб келган миллий қадриятларимизни илоҳийлаштириб, адибнинг маҳорати ота-она розилиги, дуоси билан муқаддас оила остонасига, чимилдиққа кирмаган “ичкуёв”нинг муҳаббати охир-оқибат завол топишини, фожиали якунланишини ишонарли кўрсатиб бера олганлигида ҳамдир, деб биламан.
Тошкент Давлат университети филология факультетида бир неча йиллар декан вазифасида ишлаган Анвар Шомақсудовнинг отаси Абдулла Қодирийнинг яқин дўсти бўлган. У кишининг Қодирий ҳақидаги хотираларида шундай далиллар бор: “Нега Отабекни Тошкентдан, Кумушни Марғилондан танладингиз?” деб сўраганларида, ёзувчи: “Биласизми, мен асли ўзбекнинг миллий романини уларнинг ўз ҳаётидан олиб ёзмоқчи бўлдим. Ўзбекларнинг туб миллий урф-одатлари, анъаналари, ўзига хос хусусиятлари энг яхши сақланган ери – Тошкент билан Марғилон. Асардаги образлар ҳаёти фаолиятида ўзбекнинг барча миллий фазилатларини кўрсатмоқчи эдим”, деб жавоб беради.
Мана шундан Қодирийнинг романда кўзлаган асл ният-мақсадини англаб олса бўлади. Зеро, бадиий асар миллийлиги билан юксак экан, бунга асардан жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, “Қизлар мажлиси”. Кумушнинг тўй кечасидаги изтироби, бир йигитни севиб қолганлигини ҳатто онасига ҳам айтишга тортингани, кимга узатилаётганини билмаслиги, бу – бизнинг энг қадимий одатларимиздан бири. Қиз-йигит бир-бирини чимилдиқда кўриб ҳам меҳр-муҳаббат билан аҳил оила қуриб умргузаронлик қилганлар-ку. Менинг фикримча, йигит билан қиз бир-бири учун сирли бўлишлари муҳим, сирли воқеа-ҳодисаларга эса интилиш кучли бўлади. Фарзандларимизда ота-она, катталар маслаҳатига ҳамиша эҳтиёж туйғусини шакллантириш зарур.
Романдаги ҳар қайси воқеа-ҳодиса олдидан ёзувчи қўллаган деталь ёки рамзий образлар китобхонни жиддий ўйлашга ундайди. Романнинг илк жумласи – “теваракдан шом азони”нинг эшитилиши, Отабекнинг таҳорат олиши, роман якунида Отабекнинг шаҳид кетиши туфайли Юсуфбек ҳожининг хатми қуръон қилиши. Зеро, тириклик, ҳаёт азон билан бошланиб, азон айтиш (жаноза ўқиш) билан якунланиши мусулмонлар учун имонлилик белгисидан далолат эмасми? Адиб мана шу миллий туйғуларни сингдиришдан огоҳ этмаяптими? Асарга сингдирилган энг чуқур ғоя, бу – Ризолик ва Норизолик. Бунинг замирида кишини кўкларга кўтарадиган ҳам, дунёни ағдар-тўнтар қиладиган ҳам маъно бор. Ёр-ёр билан келинни ўз уйидан олиб чиқиб кетилаётганда тўхтатилиб, бир дақиқа сукунатга чўмиб, отанинг ризолик дуоси олинади. Бу дунё билан видолашиш вақти етганда, Оллоҳ дилига солганлар яқинларига “Рози бўлинглар, мен розиман”, дейди. Инсофли сотувчи “Рози бўлинг” дейди. Ҳар бир яхши иш олдидан “Оллоҳ рози бўлсин” деймиз. Шундай экан, дунёга келишимизга, яшашимизга дахлдорларнинг розилигини олиб бормоғимиз зарур. Отабекнинг фожиаси ана шу “ризолик-қарздорлик бурчини” унутиб қўйишида. Айтишади-ку: “Билмайин босдим тиконни”, деб. Биринчи норизолик: ота-она ризолигисиз уйланиши, иккинчиси, Зайнабнинг норизолиги – уни рози қилмаслиги. Отабек иккаласига ҳам адолатли бўлиши керак эди, “ҳайкал”дек туриб эмас. Бу борада кўп жиҳатдан Кумуш адолатли йўл тутди. Ҳадисларда “Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди” дейилади. Яратганнинг ҳукми – шу.
Отабекнинг фожиаси фарзандлик бурчини ҳис қилмаслик, урф-одатларимизни қадрламаслик, ўз хоҳишига кўра иш юритиш. Қўш никоҳлиликда адолат мезонига риоя қилмаслик. Бу сабоқ минг бора ҳаётийдир ва бизни огоҳликка чорлайди. Кумушбибини Зайнаб Отабекнинг хатолари, атрофдан олган норозиликлари эвазига ўлдирди. Айтишади-ку: хато-гуноҳларимизнинг касри энг азиз, асраган кишимизга тегади деб. Отабек ўзининг инсоний муҳаббати билан ўрнак бўлса-да, жамият ҳаётидаги хатти-ҳаракатлари билан ўрнак бўларли даражада эмас.
ХХ аср ўзбек адабиёти тарихида Қодирийни дунёга машҳур қилган “Ўткан кунлар” биринчи бор эълон қилинганига 80 йил бўлибдики, ҳамон таҳлил-талқинда бир-бирига зид фикрлар айтилиб келинмоқда. Ҳар бир давр китобхони асарни бир-иййи, беш-ўн бор ўқиб чиқаркан, ҳар сафар янги-янги ғоя, мазмун, хислат топади, маънавий озуқа олади ва Абдулла Қодирийнинг том маънода миллатнинг ифтихори, имон-эътиқодда собит, келажак авлод учун масъулликни тўла идрок эта олган инсон-ижодкор эканлигидан фахрланади, миллатни миллат даражасида идрок этиш туйғулари уйғонади. “Ўткан кунлар” мана шу миллийликнинг кучлилиги билан асрлар оша китобхонлар қалбидан абадий жой олиб бораверади.
“Қирғизистонда замонавий ўзбек мактаби” журнали, 2004 йил, 7-сон.