ҲАҚНИНГ ҚУЛИ – АБДУЛҲАҚ

    Бу йил Қирғизистонда ўзбек адабий муҳитида ўзига хос йил бўлди. Ўзбек замонавий шеъриятимизга салмоқли ҳисса қўшган АбдулҲақ, Элмурод Юсуф, Аъзам Раҳим каби шоирларимиз 50 ёшни қарши олишди. Ҳар учаласи ҳам шеърият ривожига оздир-кўпдир ҳисса қўшган, ўз ўрни, овози ва созига эга истеъдод соҳибларидир.

Инсоннинг исми унинг тақдири, истеъдоди ва яшаш тарзига дахл қилиши табиий экан, деган хулосага келганман. Атрофимдаги таниш ва нотанишларимни кузатар эканман, исмларига монанд ҳаёт тарзини танлаган экан, дея бора-бора хулосаларим ўзини оқлай бошлади. Шоир ва драматург Элмуроднинг исми ҳам ўзига яраша элнинг муродига монанд ўлмас асарлари орқали гўзал хотима топиши эҳтимол. Ўзидан кўра кўпроқ элининг орзусини қаламга олган, қоғоз юзида ўзининг шахсий орзуси эмас, элининг асрий умидлари акс этган Элмурод ҳақида “Сўздан Ватан қурган шоир” номли илмий рисола ёзганимдан мамнунман. “Ҳур кўнгилли шоир” Аъзам Раҳим ҳақида эса адабиётшунос олимамиз Хосият Бекмирзаева жуда яхши таҳлил ва талқинлар билан рисола ёздики, шоирнинг исмига яраша муаззам бир асар бўлди, яқин кунларга нашрдан чиқиши кутилмоқда.

Бугунги рисоламизнинг қаҳрамони шоир ва адабиётшунос АбдулҲақ Абдумаликов тўғрисида батафсил маълумот бериш менинг зиммамга тушганидан, аниқроғи менга ишониб топширганларидан ғоят хурсандман. Аввало одатимга кўра, қаҳрамонимнинг исмига эътиборимни қаратдим. Ҳақнинг қули қайси макон ва қанақа замонда яшамасин, Ҳаққа қул эканлигини қалбан ҳис этиб, унинг амрига сўзсиз бўйсуниб яшаётган бир мўминнинг қалбига секин мўраладим; “Умиддан умидни излаган” ёхуд “танаси тиконлар устида титраган” Ҳақнинг қули қўлига қалам олибдики, Ҳақ дилига солганини, Унинг буюрганини ёзди:

Саъмийдан ёлвориб сўрандим;

Бер менга ё сабр, ё қабр.

Саъмий эса на қабрни ва на сабрни раво кўрмади чоғи, шоир энг узун достонини ёзди. Бу ҳали ҳам шеъриятда учрамаган ҳодиса бўлиб, достон бор йўғи бир сатрдан, яъни тўрт дона жуда кучли, қудрати улуғ сўзлардан иборат бўлди:

Қалбим – қабр, васлинг кўмилган.

Қалбни қабрга ўхшатиш янгилик эмас, АбдулҲаққача бу ташбеҳ учраши мумкин, бироқ унга висолнинг кўмилиши, янгилик албатта. Кейинги достон ҳам худди биринчиси каби ҳам қофияси, ҳам мазмуни мос келадиган даражада ажабтовур тасвирга эга:

Кўзим – анҳор дийданг чўмилган.

Кўзни мовий денгизга, уммонга, анҳорга қисқаси сувга ўхшатиш ҳам адабиётимизда бор ташбеҳлардан бири. Шоирнинг янгилиги эса ўша ўхшатилган анъанавий анҳорда дийданинг чўмилишидир. Секин-асталик билан шоир бир сатрдан эҳтиёткорлик ила икки сатрдан иборат достонларга ҳам қўл уради:

Кўзимга санчилган ҳар киприк –

Васлинг-чун қурилган бир кўприк.

“Киприк ҳақидаги достон”га эътибор берар экансиз, яна бир шоирнинг янгилигига дуч келасиз. Киприкни ўққа, қошни эса камонга ўхшатиш барчамизга таниш тасаввур, аммо уни ҳали кўприкка ўхшатганини шаксиз учратмагансиз. Ёрнинг киприги ошиқ кўзига санчилар экан, демак висол учун ўша киприкдан кўприк қурилиб бўлган. Гўзал ташбеҳ, мустақил сўзлардан тузилган мукаммал қофия ва чуқур фалфасага эга достон ўқувчисининг ҳайратига сабабчи бўлади.

Кейинги жуфт сатр шеър ҳам кишини беихтиёр ўйлантириб қўяди:

Азизим, бошингни асрагин ҳар кун,

Ҳали қурилмаган деворлар учун.

Барибир бир кунмас бир кун деворга урилиши муқаррар бўлган бош ҳақида достонмикин бу? Ёки киши ўз тақдири измидан қочолмасликка ишорами? Инсон яшар экан, тақдиридаги бор синовларини ўз бошидан ўтказиши, бошини деворларга уриши балки табиийдир. Бироқ, бошни деворга урай десаю, девор ҳали қурилмаган бўлса, ургани бош тополмасачи… Худди шоиримиз Муғанний ёзганидек, “Қочгани йўл кўп эди, чўккани кўл кўп эди…” Лекин бизнинг АбдулҲақда эса тасвир бўлакча. “Ҳали қурилмаган деворлар”и бор.

Абадийликка дахлдор асарларни ҳар ким ҳар куни ёзавермайди. Бироқ, адабий мезонларни сақлаган ҳолда рисоладагидек шеър ёзиш ҳам сўнгги 20 йилда мураккаб масалага айланиб кетди. Шоирлар кўп, шеърлар унданда бисёр… Аммо маърифатли шоир ва юракка озуқа бўладиган шеърлар эса жуда кам. Мана шундай камёб ижод намуналарини шоир АбдулҲақ ижодидан топамиз. Қувонч билан таъкидлашим мумкинки, ҳам мазмуни, ҳам шаклан мукаммал асарлар жамъ бўлган мўъжазгина китобни қўлимга олиб хурсанд бўлиб кетдим.

Бу китобда ёзилган шеърларни қайта қайта ўқиб чиқяпман:

Тун бўйи кездим дил тўла ғам,

Ҳар туним шундайин ўтади.

Аҳволим кўргач, оҳ туннинг ҳам

Ранглари оқариб кетади.

 Шу биргина шеърда худди севимли шоиримиз Рауф Парфида учратганимиз каби “Тонг отмоқда, тонг ўқлар отар. Бошларида яшил замбарак…” деганидек, табиатнинг бу гўзал ҳодисасини ўзгача бир ташбеҳ билан ифодалаган. Яъни, лирик қаҳрамон тонгнинг оқара бошлаган палласини тасвирлар экан, унинг дили тўла ғам бўлсада, тонг ўтаверади, тун ҳар куни ботаверади.

 

ҚОФИЯ

 

Қофия адабиётда мисраларнинг, байтларнинг охирларидаги ўхшаш бўлаклар бўлиб, «тўқ қофия»лар, «қулоқ қофиялар»га ажратилади. Тўқ қофиялар – мустақил сўзлардан тузилиб, равий деган ҳарфнинг аввалидаги таъсис, дахил, ишбоъ каби исмли ҳарфлар мажмуасидан иборат бўлади. Мумтоз адабиёт намоёндалари қофия шартларига қатъий амал қилганлар. «Қулоқ қофия”ларда эса фақат равий иштирок этиб, таъсис, дахил, ишбоъ каби исмли ҳарфларнинг иштироки шарт бўлмайди. Уларнинг эшитилиши оҳангдор бўлавергани сабабли ҳам «қулоқ қофия» дейилади. Халқ оғзаки ижодида, шоир бахшиларнинг қўшиқларида бундай қофияларни кўп учратиш мумкин.

Шоир АбдулҲақнинг шеърларида эса асосан мустақил сўзлардан ташкил топган тўқ қофияларни учратамиз. Қофиялар шеърнинг мазмунига ёрдамчи маъно бериш билан бирга уни жилолантиради. Шаклини гўзал ва қулоққа куйдек ёқимли кириб боришини таъминлайди:

Ғамзада ғунчалар ғуж-ғуж ғунчалар,

Бўғзимни куйдирар фарёд-унчалар,

Чечагим, бинафшам, билсанг, шунчалар

Соғиндим, Соғиндим.

Шеърнинг илк сатриёқ ўқувчини ўзига тортиб олади. Ғамза, ноз ўзи ғунчага қиёс қилинган, ўша ғунчалар – от сўз туркумига мансуб бўлиб, кейинги сўзда феълга айланади. Ғунчалар – ғунчалайди каби. Бу шеърий маҳорат ҳусни таълил санъати каби, чиройли далиллашдир. Кейинги сатрларда ҳам фарёднинг кичикроғи ун-товуш ҳам ўзининг ажиб тасвирини топган. Соғинган қалбнинг бўғзига фарёд тиқилмайди, у одатда дод сололмайди, фарёднинг кичикроғи – унчалар ошиқ бўғзини тўлдиради ва шунчалар маъшуқасини соғинади.

Ғунчалар, унчалар, шунчалар сўзлари юқорида таъриф берганимиз каби тўқ қофиялар бўлиб, мустақил сўзлардан ташкил топган.

Бўлаклаб бағримни минг ва юз мингга,

Узун-узун шеърлар битдим исмингга,

Гоҳи буддийлардек, жоним, расмингга

Сиғиндим, Сиғиндим.

Шеърнинг кейинги мисралари ўз-ўзидан динамик тарзда ривожланиб боради. Ошиқ бутун бағрини мингга ва юз мингга бўлаклади, маъшуқа исмига узун шеърлар битди, бўлмади. Охири чидамай, худди буддийлар каби ёр расмига сиғинишгача борди. Бу, албатта муболаға санъатини ичига олган бир шеърий санъат тури бўлиб, лирик қаҳрамон ҳолатини тасвирлашда шоир ўринли фойдаланган.

Юз минг, исминг, расминг сўзлари юқорида таъкидлаганимиз сингари мустақил сўзлардир.

Дунёнинг не-не чўнг тошин кўтардим,

Ғанимнинг эгилган бошин кўтардим,

Севгимнинг руҳсиз бир лошин кўтардим,

Йиғладим, Йиғладим.

Мисралардан мисраларга қадар лирик қаҳрамоннинг қанчалар мард, қанчалик сабрли эканини билиб борамиз. Энди шоир лирик қаҳрамон тилидан унинг тарихини баён қилмоқда; дунёнинг оғир тошларини кўтарган, ҳатто ғанимининг ҳам эгик бошини кўтаришга журъати етган, севгисининг руҳсиз жасадини ҳам кўтариб йиғлаётган ошиққа қўшилиб сизнинг ҳам йиғлагингиз келади, беихтиёр. Мана энди ўз-ўзидан аён бўлдики, йўқлик оламига сингиб кетган севгилисининг расмига қараб сиғинган ошиқ аҳволидан хабар топдингиз. Унгача ўқувчининг юраги бир қалқиб, сесканиб тушгандек бўлди, нега сиғинади бу, деб. Ҳар қандай шароитда ўзини буддийлардек тутиш муртадликка олиб келмайдими, дея ёқа ушлаган ўқувчиларга Алишер Навоийнинг “Шайх Санъон қиссаси”ни эслатиш жоиз. Муҳаббатнинг синовлари турлича, ўзига хос. Ким нимадан қўрқса, ўша билан кўпроқ синалади, деганларидек, сон – саноқсиз муридларини ҳайратда қолдириб, насроний қиз Тарсонинг ишқида чўчқабоқарлик қилган шайхнинг қисматини кўпчилик ўқиган.

Бу шеърда бутун бир воқеликни баён этиш билан бир қаторда шоир қофия ва радифдан ҳам маҳорат билан фойдаланган: тош, бош, лош – мустақил сўзлар бўлиб, кўтардим жумласи – радифдир. Радиф шеър мазмунига ёрдамчи деталь қатори қайта-қайта тош кўтарган полвоннинг ҳолатини тасвирлагандек маънони берган.

Орзулар сўнгида гуноҳ яралар,

Гуноҳлар сўнгида бир “оҳ” яралар,

Мен ғарибга қачон паноҳ яралар,

Билмадим, Билмадим.

Лирик қаҳрамоннинг орзулари сўнгида гуноҳ яралгани ва билиб-билмай қилган гуноҳлари ортидан оҳ тортиши табиий. Инсон гуноҳ қилиб, ортидан тавба қилгувчидир. Шоир гўзал сўзлар тизмасини қофияга жо этади: Гуноҳ, бир оҳ, паноҳ сўзлари қофия бўлса, яралар феъли – радифдир.

Худди, юқорида таҳлил қилганимиз каби шоирнинг бошқа шеърларида қофия айбларини учратмадик.

Элмурод Жусупалиев ўзбек шеъриятига “вариация” жанрини олиб кирган бўлса, Абдулҳақ яна бир кичикроқ мусиқани ўз ичига олган вариацияни қоғозга туширган. Бунгача вариация жанри Глосса деган ном билан Португалия ва Испания адабиётида мавжуд бўлган. Шунингдек, мусиқада ҳам “Вариация” жанри мавжуд. Глоссада шоир ўз шеъри учун бир эпиграф танлаб олади. Шеърнинг ҳар тўртлиги охирида ўша эпиграфнинг бир сатри моҳият ва қофияга мос равишда қайта такрорланади. Мана бу ажойиб шеър ташбеҳларга бойлиги, қофиялари қуйилиб келганлиги, шеърий вариациянинг ўзига хос кўриниши билан эътиборимизни тортди:

Умиддан умидни изладим,

Умидим елларда тизилди,

Қайғулар шамсида музладим,

Юрагим ёмонам эзилди.

Имкондан имконим изладим,

Имкондан имконни кўзладим,

Имконда имконим музлади,

Юрагим ёмонам эзилди.

Чиқармай зарра ун дили хун,

Дили хун чиқармай зарра ун,

Дилимга югурар тийра тун,

Юрагим ёмонам эзилди.

Музларда иситдим юракни

Музларда иситдим тилакни,

Музларда иситдим билакни,

Юрагим ёмонам эзилди.

Умиддан умидни изладим,

Умидим елларда тизилди,

Қайғулар шамсида музладим,

Юрагим ёмонам эзилди.

Шеърни ўқир экансиз, ажиб бир куй билан оҳанг жўрлигида такрорий сўзлари, ярашиқ қофиялари ила маҳзунгина қўшиқ эшитгандай бўласиз. Умиддан умидни, имкондан имконни излаган лирик қаҳрамоннинг эзилган юрагини ҳис қиласиз. Музларда исинган юрак ўзи ҳақида маҳзун бир қўшиқ куйлайди, унсиз, дили хун, қоп қора (тийра) тун бағридаги қайғули ҳолат… мазкур шеърни бўлаклаб, майдалаб таҳлил қилишга ҳожат йўқ, бизнингча. Сабаби, яхлит қўшиқ, куй, мазмун чамбарчас боғлиқ бўлиб, қофиялар ҳам аввал эслатганимиз, мустақил сўзлар тизмасидан иборат.

 

БАДИИЙ САНЪАТЛАР

«Сўз санъат даражасига кўтарила борганда пайдо бўлган биринчи санъат – ташбеҳ дейиш мумкин”, – деб ёзади Атоуллоҳ Ҳусайний. Зеро ташбеҳсиз шеърнинг оддий гапдан фарқи йўқ. Бундай шеър на бадиий гўзаллик, на эстетик таъсирчанликка даъво қила олади. Бирон нарсани ҳар қанча таъриф-тавсиф этманг, уни ўхшашига қиёсламасангиз, диққатни тортмайди.

Абдул Ҳақ ижодини кузатар эканмиз, ўхшатиш ва ўхшатилмишнинг гўзал намуналарини учратамиз:

Мен тупроғмен, вужудим – замин,

Суякларим қоядир гўё.

Қалбгинамда қуёш яширин,

Қон томирим мисоли дарё.

Сочларим-чи?

Сочларим – ўрмон,

Бир булоқдир кўргувчи кўзим.

Бор заминни тебратгувчи жон,

Бу шамолдир – гулдурос сўзим.

Олам-олам ташбеҳ, қойилмақом қиёслар… Ўқувчининг кўз олдига суяклари қоядек мустаҳкам, танасини заминдек улкан, кичик қалбига қуёшни яшириб, томирларида дарёдек қони оқаётган жўшқин образ гавдаланаркан, асосий мақсадга эса кейинги сатрлар етаклайди. Сочлари ўрмон, мажнунваш шоирнинг кўзлари булоқдек, заминни титратадиган энг асосий қуроли – гулдурос СЎЗдир:

Соғинчим синиқди, сарғарди, синди,

Руҳим суягига қайғулар қўнди,

Йўлинг пойлаб дилим кўзлари тинди,

Мен сенга барибир етмадим, гулим.

Синиққан, синган, сарғайган соғинчнинг аҳволи кўз олдингизга келаркан, руҳнинг суягига қўнган қайғуга қойил қолмай бўлмайди. Лирик қаҳрамоннинг дилининг кўзлари тиниб кетгунича йўл пойлаб туриши ҳам ўзига хос ўхшатиш.

Ёки ўша биргина соғинчнинг бошқа кўриниши:

Яшил умид яшиндек, оҳ, хазон бўлди,

Киприкларим ёшларимда маржон бўлди.

Томчи соғинч томиб-томиб уммон бўлди,

Соғинчлардан киприкларим тўкилади.

Энди биринчи мисолдаги сарғайган соғинч томчига айланади ва томиб уммон ҳосил қилади. Киприкларнинг тўкилиши ҳам шеъриятимизда энг кам қўлланилган ташбеҳдир.

Англадим мен барин кечикиб,

Чидай олмам энди ғашликка.

Соғинар дил зор-зор ичикиб,

Надоматлар бўлсин ёшликка!

Яна соғинч мавзуси. Лекин шеърхон зерикмайди. Биргина соғинч туйғусини турли кўриниши ўқувчини ўйлантиради. Ошиқ қалбини тушунишга ёрдам беради.

Умумий хулоса қиладиган бўлсак, шоир шеърларининг деярли барчаси шунчаки ёзилмаган. Унда гўзал шакл ва сермаъно мазмун мужассам. Шоирлар орасида шоирини, шеърлар орасида шеърни излаб қолганимиз ҳозирги ўтиш даврида ғалвирни кўтарсак, сувга айланиб кетмайдиган асарлар сирасига киради, деб баралла айта оламиз. Абдулҳақнинг яна бир ўзига хослиги шундаки, феъли каби шеърияти ҳам сокин ва ўйчан. Шеърий санъатларини санаб ўтиш билан шоирнинг сўзга чеварлигини исботлаб бўлмайди. Биргина йўли бор, шеърларини ўқиш ва уқиш.

 

Барно Исоқова, адабиётшунос.

Қирғизистон, Ўш шаҳри