1972 йилнинг ёз бошлари. Ўш кунботарида, Аравонга кетавериш йўлининг ўнг томонида, “Кенгаш” совхози ерлари рўпарасида қурилган пахта пункти раҳбари Турғунбой ака деган одам менга бир гапни тайинлади:
– Ука, журналистликка ўқишга кирибсиз, эшитдим. Энди, бир вақт топиб, мен билан суҳбатлашсангиз, сизга Ўш тарихини айтиб берар эдим. Уни менчалик биладиган бошқа одамни топа олмайсиз…
Билмадим, ёшлик қилибми, ё кундалик ишларга андармон бўлибми, ҳадеганда оқсоқол билан учрашиш насиб қилмади. Ҳолбуки, мен бу кишининг хотираси фавқулодда кучли эканини, ҳатто айрим одамларнинг ота-бобоси бошидан ўтган, бироқ орадан саксон-юз йиллар ўтиб, фарзандларининг ўзлари ҳам унутиб юборган нарсаларни айтиб бериб лол қолдиргани ҳақида эшитган эдим.
Орадан эллик йилча ўтиб, менга Ўш тарихи ҳақида китоб ёзиш насиб қилди ҳам (“Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” Бишкек – 2019 йил, 452 бет), бироқ бу пайтга келиб Турғунбой ота вафотига кўп йиллар бўлган эди. Шунинг учун, бу китобга кириши мумкин бўлган талай нарсалар қолиб кетди. Яъни, Турғунбой ота билан бирга Ўш тарихининг энг ноёб саҳифалари ҳам абадиян йўқликка юз тутди. Ўша йиллари фурсат топиб, бир-икки соат суҳбатлашганимда ҳам, қанча нарсаларни ёдимда олиб қолган бўлар эдим, албатта.
Йиллар ўтиб боряпти. Бугунги кунларимиз ҳам сезилиб-сезилмай, тарихга айланяпти. Уни кимдир ёдида сақлаб туради, кимлардир эса, ҳатто кеча қайси издиҳомда ўтирган, ёнида кимлар бор эди, шуни ҳам унутади.
Хайриятки, эл ичида закий одамлар бор. Уларнинг ёдида тарихий хотира сақланади. Новқатлик Сирожиддин ака деган одам ана шундай кишилардан бири экан. Бундан етти-саккиз йиллар аввал бояги китоб учун материал тўплаб, жумладан Новқат тарихини ўрганган чоғимда менга шу муҳтарам қария билан учрашиб, суҳбатлашишни тавсия қилишган эди. Мен у киши билан китоб ёзилишидан олдин икки бор кўришиб, гаплашдим. Бироқ афсуски, мен отахоннинг ёшини ҳам, ҳатто фамилиясини ҳам сўрамабман.
Сирожиддин ака оқиш юзли, ўртадан тикроқ бўйли, хипча қоматли одам экан. Касби тарих мутахассислигидан бир тош йироқ, ҳатто ўқитувчи ҳам эмас. Бир умр молия ревизори бўлиб ишлаб, пенсияга чиқибди. Саксон ёшларнинг нари-берисида. Бир умр чўт қоқиб, ҳисоб-китоб қилиб яшаган. Шунинг учунми, феъли нозик, инжиққина бўлиб кўринди. Аммо ревизор деганнинг ҳаммаси ҳам, Ўш тили билан айтганда, емахўр бўла бермайди, шу оқсоқолга ўхшаб, бир умр ҳалол ишлаб, камтарона ҳаёт кечирадиган тафтишчилар ҳам бор.
Бу гапимнинг далили шуки, Сирожиддин ака билан Саҳоба сайилгоҳига бориб, ундан сўнг ичкарилиб, Чилисой дараси ичида, сўнг Саҳобалар қабристони оралаб суҳбатлашиб, ниҳоят, қайтар эканмиз, аллақайси қишлоқда тўй бўлаётгани устидан чиқдик. Машина тиқилинчда секинроқ юргани учун кўча номига эътибор қилдим. Ҳозир унутибман, ишқилиб, “Фалончи Пистончиев кўчаси” деб лавҳа осилган экан. Бу одам ким бўлгани, Новқатни обод қилишга қандай ҳисса қўшганини Сирожиддин акадан билмоқчи бўлдим. Китобга Новқатнинг таниқли кишилари ҳам қўшилгани яхши деган фикр билан.
– Э, уми, колхозда ферма мудири эди, – деди оқсоқол. – Катта ўғирлик бўлган, неча йил йил давлат мулкини, халқ мулкини ўмаришган. Кейин, бу иш очилган, албатта. Жиноят кўламини аниқлаш учун мени тафтишга чақиришди. Келсам, ҳаммоёқни мелиса ўраб олган экан, йигирматача одамни қамаб ҳам қўйишибди. Ваҳима! Мен мелисаларни кетказдим, неча кун ўтириб, обдон тафтиш қилдим. Қўлимдан келганча енгиллик беришлари учун ҳаракат қилдим. Аммо энг баттол жиноятчилар қамалиши шарт эди. Бу кўча – ўша қамалган катта жиноятчининг номида ҳозир. Ўғиллари югуриб-елиб, ўғри отанинг табаррук номини қўйдиришган…
Сирожиддин ака баайни тирик энциклопедия. Ўтмишни ҳам, кечаги кунларни ҳам, бугунни ҳам обдон яхши билади. Ўринли таҳлил қилади. Саҳобалар қабристони юқорисида, тоғ этагига чиқиб борар эканмиз, тоғнинг жануби-шарқ томонидаги бир жойни қўл чўзиб кўрсатди.
– Ўша жойни Шалхама дейди. Новқатнинг эски ўрни. Бундан неча-неча юз йиллар илгари Новқат халқининг ота-боболари ўша ерда яшаган. Одамлар, “Шалхама” – “Шоҳи Алқама” деган сўзнинг қисқаргани, дейишади.
Эҳтимол шундайдир. Эҳтимол, бу кейинчалик ўйлаб топилган бир талқиндир. Аммо бир ёқда Саҳобалар қабристони бўлгач, ундан кўпам олис бўлмаган жойда машҳур саҳоба Алқамага нисбат берилган жой бўлиши ҳам ажабланарли эмасдир.
Биз, фурсат зиқлигидан, Шалхамага бора олмадик. Ким билади, бу жой араб фотиҳлари исмида эмас, бошқа, шунга ўхшаш бир сўз билан аталгандир. Чунки тоғ томонга орқа қилиб (орқадан келадиган душманлардан тоғ билан иҳоталанган) масканлар Ўрта Осиёда жуда кўп. Жумладан, Ўш шаҳри ҳам қадимда Сулаймон тоғи этагида барпо бўлган, тоғ томонда ҳимоя девори бўлмаган ва кўпинча тоғнинг қуз томонида – шимол ёғида шаҳар жойлашган. Шимол ёқда жойлашганининг сабаби шуки, ёғийлар асосан шимол тарафдан келган. Бу – Ўрта Осиёнинг туркийлашуви даври бошланиши. Жумладан, Шалҳамани ҳам, одамлар исломдан минг йиллар аввал маскан тутишган.
Саҳобага Сирожиддин ака бизни бошлаши бежиз эмас экан. Новқатлик шинаванда акаларнинг гапида у киши оқсоқол мақомида қатнашар, ҳеч ким эшитмаган ажиб ҳикоятлари билан ҳамманинг кўнглини ёриштириб, ҳар бир кишига ўзининг кимлиги, бу жойларнинг тарихи, шу ерда яшаб ўтган одамларнинг ҳаётида бўлиб ўтган қизиқ-қизиқ ҳангомаларни сўзлаб бериб, маърифат улашиб келаркан. Шунинг учун, сал бетоблигига ҳам қарамай, жамики жўралари у кишидан қаттиқ илтимос қилиб, даврага чорлашган экан, биз ҳам уларга меҳмон бўлиб, давраларида иштирок этдик.
Шу ёзда Қирғизистонлик ўзбек шоир ва ёзувчиларининг “Илҳом” адабий клубини нг ёзги анжумани ҳам бояги сўлим Саҳобада бўлиб ўтди. Бу йиғилишнинг аввалгиларидан фарқи – шоирлар шеър ўқиб, ёзувчилар ҳангама бозорини қизитибгина қўймай, Бобур театрининг Дилшодбек етакчилигидаги етти нафар созандаси ҳам иштирок этиб, қадим мумтоз куйларни машқ қилдилар, элликка яқин “Илҳом”чилардан ташқари, бу гўшага келиб ҳордиқ чиқармоқда бўлган ўзбеклар ҳам, қирғизлар ҳам ўзлари ўтирган чорпояларидан туриб келиб, муғаннийлар теварагида тизилиб, дилбар наволардан баҳраманд бўлишди. Ўтиришимиз шу клубнинг шунчаки навбатдаги бир анжумани эмас, қарийб сайил тусини олди.
Ўша дамларда мен давр-давронларнинг омонатлигини ўйладим, ёдимга шу Новқатлик эски қадрдонимиз Сирожиддин ота тушди. Албатта, Ўзганда, Бозорқўрғонда, Исфанада, Учқўрғонда, Гулчада… яна бошқа жойларда ҳам ўз қишлоғию кентининг тарихини ободон биладиган закий одамлар – Сирожиддин отанинг биродарлари яшаб турган бўлса ажаб эмас. Уларнинг билганлари, айтганлари ва айтадиганлари илм-фан учун нақадар керак эканлигини уларнинг ўзлари ҳам тўлиқ тасаввур этишлари маҳол.
Исфаналик ўқитувчи Ҳабибулла Абдуллаев 20 йил меҳнат қилиб, 720 бетли “Асфанакент тарихи” деган капитал бир асар ёзди. Унда бу шаҳарнинг милоддан авалги зомонлардан то бугунги кунигача батафсил ҳикоя қилинган. Ёқубжон Хўжамбердиев “Сузоқнома”, “Алихонтўра Соғуний” маноқибларини битди, Арслонбоблик Улуғбек ака Абдусаломов “Арслонбоб тарихидан лавҳалар” бунёд этди, Аравонлик ёзувчи Ҳабибулла Идрисов бу жойнинг тарихи қаламга олинган бир неча китоб ёзиб чоп эттирди. Бундай фидойи кишилар яна бор. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам қўлига қалам олиб, лавҳа нақш этиш устаси эмас, Сирожиддин ота сингари, бошқа касб-кор эгалари ҳам талай…
Саҳоба сайилгоҳида кунни кечлатиб, Ўш сари қайтар эканмиз, Эскиновқатлик шоир, ғазал устаси Қосимжон ака Раҳмиев (тахаллуси – Шодмон)дан Сирожиддин отанинг ҳолини сўрадим.
– Бор, аммо хийла қариб қолди, кўчага чиқа олмаяпти, деб эшитдим, – деди Қосимжон ака.
Ёш ўтиши, қариликинг бостириб келиши – табиий нарса. Аммо ёмони шуки, кўп одамлар, кексайгач, бир маҳаллар ўзи яхши билган, ипидан игнасигача ҳикоя қиладиган нарсаларини кейинчалик унутадилар, чала-чулпа эслайдилар. Шунинг учун ҳам ҳар бир гўшадаги Сирожиддин оталарни топиш, улар ҳоли ҳаёт вақтларида оғизларидан эшитган ўтмишимиз саҳифаларини қоғозга тушириб олишнинг зарурати катта.
Бу кўҳна тарих, бу оқсоч мозий биздан кунма-кун узоқлашиб, қайтмас бўлиб кетиб боряпти. У асло ортига қайтмайди. Демак, ҳар бир кун – ғанимат. Донишманд шоиримиз Ғафур Ғулом ёзганидек:
Бир оннинг баҳосин ўлчамоқ учун
Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз.
Нурлар қадами-ла чопган секунднинг
Барини тутолмас айюҳаннос овоз.
Одам бошқа махлуқотлардан нутқи борлиги билан ажралиб туради, деган гап бор. Навоийнинг ҳам бу борада “Сўз айлади инсонни жудо ҳайвондин”, яъни одам боласи сўзлаша олиши билан ҳайвондан тафовут қилади, деб ёзгани ёдимизда. Бу ҳақ гап, аммо бани башар, менимча, бошқа жонзотлардан хотираси билан, ўтмишини унутмаслиги билан ҳам фарқланади. Магар бу гап рост деб топиладиган бўлса, яшаган манзил-маконининг, дўсту қадрдонларининг хотирасини дил тўрида аввайлаб асраётган, ардоқлаб келаётган, уларнинг ҳар биридан не-не қимматли хулосалар чиқара оладиган Сирожиддин ота каби ашрафий инсонларнинг қадри, қиймати айниқса юксак қўйилиши керак.
Ватанни, ўтмишни эъзозлаш ҳисси ана шундай кишилар шарофати билан ёшлар қалбида жўш уради, ҳикояларини тинглаган, ўгитларини қулоққа олган ўсмирлар ватанпарвар, элпарвар шахс бўлиб камол топади.
Қадрдоним Сирожиддин ака, соғ-саломат бормисиз? Ҳамиша омон бўлинг, қариликка ҳали-бери бўй берманг.
Ҳамиша таъзим ила:
Зуҳриддин Исомиддинов