«Бир минг сарт бир ўрис солдотининг этигининг пошнасиға арзимайдир»
(Фарғона губернатори Иванофнинг сўзи)
1916 йил июль ойларида, рўза вақти, кунлар иссиғ, ҳар ерда иш, дала жонланғон, пахталар чопиладир, бедалар ўриладир, қовунлар узиладир, бозорда қийматчилик бошланғон, халқни очлиқ даҳшати қўрқутмоқда, деҳқонларнинг энг яхши отлари подшоҳ ҳукумати томонидан олинғон. Ҳар ерда очлиқ аломатлари кўринадир.
Худди ана шу жойда халқнинг оғзида ғивир-шивир сўзлар:
— 19 ёшдан 40 ёшғоча мусулмонларни аскарликка олар эмиш.
— Йўқ. Аскарликка эмас, мардикорга олар эмиш. Рўзномада шундай ёзилибдир.
Халқ орасида ҳаяжон, бутун фикр шу масала устида йўнатилган. Баъзи кишилар ўз ўғлининг оёғини синдириб аскарликка (мардикорликка) яроқсиз қилмоқчи, баъзилари агарда ҳукумат рўйхатга олмоқ учун келса, рўйхатчининг қорнига пичоқ солмоқчи.
Пичоқлар, тешалар, болталар, ханжарлар қайралған. Мачитларда, хонақоҳларда йиғи-сиғи, оналарнинг бағри қон, кўзлари ёшли.
Подшоҳ учун бошланғон урушнинг охири кўринмайди. Қийматчилиқ, жабр-зулм, миллий қисинқилиқ, халқнинг бутун тилаги ҳар нечук бўлсада, подшоҳ хукуматининг оғдорилиши. Бунинг устига «подшоҳ ҳазратлари»нинг «фармон олий»лари: «Урушнинг орқасидоғи ҳар хил қора ишларини ўташ учун Туркистонда 19 ёшдан 43 ёшгача бўлғон барча эркак зоти сафарбарликка чақирилсин!»
Кўп ўтмасдан 19 ёшдан 43 ёшғача бўлғон кишиларнинг рўйхати бошланди. Шунинг билан бирга халқнинг юрагига 30 йилдан бери подшоҳ истибдодига қарши ҳозирлонғон исён оловланди, ҳар ерда ташвиқот:
— Подшоҳ энг аввал отларимизни олиб пиёда қолдирди, бизни кучсизлантирди. Энди 19 ёшдан 43 ёшгача бўлғон бутун йигитларимизни олиб, бизни бутунлай битирмакчи. Мамлакатимизни ўрис унсури билан тўлдирмоқчи!
Буни зиёлилар сўзлайди.
Имомларнингда бир фикри бор:
— Мусулмонларнинг душмани бўлғон подшоҳ бизнинг наслимизни қурутиб, ислом динини йўқотмоқчи.
Эртага рўйхат бошланади… деган хабарга халқ мана бу хилда жавоб берадир:
— Биз рўйхат қилдирғоли қўймаймиз. Подшоҳга болаларимизнинг тирноғини-да бермаймиз!
Тонг отди; бу кунги иссиғлиқ бошқа кундагиларга қарағонда иссироқ. Шамол ҳам йўқ. Қушлар ҳам сайрамайдилар. Бу дунё аллақандай даҳшатлар кутадир.
Ана пристаф, мингбошилар, палисалар маҳаллага халқни рўйхат қилиш учун чиқдилар, лекин маҳаллаларда, уйларда ёш болалар, қари хотинларгина қолғон; ёш кишилар ҳаммаси ҳукуматга қарши кураш учун бир жойга тўплонғон. Ҳамманинг ёнида пичоқ, болта, ханжар ва бошқа ўқсиз қуроллар.
Йиғилғон халқ орасида сўфийлар, зокирлар ҳам бор, улар зикрисамоъ билан халқнинг диний ҳаяжонини ортдирадирлар.
Мана ҳозир халққа қарши солдотлар, милтиқлар, пулимутлар келадир. Лекин халқ қўрқиш даражасидан ўтган.
Ҳоким томонидан буйруқ:
— Тарқалинглар!
Халқ жавоб беради:
—Сен солдотларинг ва пулимутларинг билан кет, сўнгра биз тарқаламиз.
Кўп-да ўтмади. Эллик мингдан ортиқ халққа қарши пулимутлар ва милтиқлардан отиш бошланди. Халқ бошда ўлганига қарамасдан пулимутни қўлга киритишга уриниб кўрса-да, ундан ёмғир сингари ёғилиб турғон ўқлар халқни яқиниға келтирмади. Пичоқлар милтиқ билан пулимутга қарши кураша олмади. Халқ енгилди. Халқ қочди. Солдотлар, палисалар уларни орқасидан қувлаб бориб кўрган жойда отти, чопди, майдонда, кўчаларда йигитлар, чоллар, ўспиринлар қонларга бўялиб ётадир. Икки қат хотунларнинг қоринлари устида подшоҳ солдотларининг найзаси санчилиб турадир. Йиқилғон гўдакларнинг қизил лаблари кўкарган, ёш қизларнинг кесилган бошларидаги қора сочлари юзларига ўралиб, уларнинг бетларини қонхўрларнинг кўзларидан сақлайдилар. Ярадорларнинг инграган товушлари яқинда оқиб шовуллаб турғон сувга қўшилиб оқадир. Шаҳар қон ичида. Халқ қилар ишини билмайдир. Майдонга чиқмоқ учун қўлида қурол йўқ.
Лутфулло Олимий, Фарғона
«Ер юзи», 1926 йил, 11-сонидан олинди.