ОДАМИЙЛИҒ ОЛАМИ

Яқинда Ҳотамжон ака деган Ўшлик қадрдонимиз оламдан ўтди. Ёши етмишдан ошган, иззат-обрўли одам эди. Тошкентда яшар эди. Кўп йиллар Тошкент экскаватор ремонти заводида хизмат қилди. Пенсияга чиқиб ҳам бирон кун тинмади, чунки қўли гул ҳунарманд эди, ишласа дам олиб, ишламаса чарчаб қоладиганлар хилидан эди. Ҳамшаҳар сифатида гап-гаштакларда учрашиб турардик. Бундай олганда, бу ёшда вафот этганлар ортидан, ошини ошаб, ёшини яшади, энди нариги дунёси обод бўлсин, деб дуои фотиҳа қилсак, кифоядай.

Аммо Ҳотамжон ака…

Мен эллик-олтмиш ёшларида ҳам жуда серзавқ, қақ-қаҳ уриб куладиган, давраларнинг гули бўладиган бу одамнинг бир сиридан хабардор эдим. У бошидан ўтган бу воқеани бировларга айтиб юрмас, мен ҳам бир тасодиф билан эшитиб қолгандим.

Тафсилоти шуки, Ҳотамжон ака кўп йиллар аввал, йигит чоғида биринчи рўзғоридан ажрашади. Сабаби бордир, албатта. Бирон йиллардан сўнг собиқ хотини эрга тегади, ўзи ҳам бошқа аёлга уйланади. Ҳаёт шу зайлда яна изга тушгандай бўлади. Аммо яна бирон йил ўтгач, кимдандир собиқ хотини эри билан бирга машина авариясида ўлганини эшитиб қолади. Ачинади, ахир нима бўлганида ҳам бирга яшаган, туз тотишган. Ўйлаб-ўйлаб, янги рафиқасига оғиз очади: “Хотин, шундоқ-шундоқ бўпти, фалокат-да, энди икков бирга бориб, фотиҳа ўқиб, ҳамдардлик билдириб келсак…”

Бориб қарашса, собиқ хотинининг қайнота-қайнонаси қари одамлар экан, ўзлари абгор бўлиб ўтиришган экан, ўғлию келинининг аварияда ўлгани етмагандек, улардан ёдгор бўлиб уч ойлик бир чақалоқ қолгану, унга қараб, парвариш қилгудек одам ҳам йўқ экан. Эр-хотин, кўнгил сўраб қайтишибди.

Орадан бир-икки кун ўтгач, Ҳотамжон ака яна кеннойига маслаҳат солибди: “Аяси, кўрдингизми бояги гўдакнинг аҳволини? Жуда увол-ку. Шу болани обкелиб, бир-икки ёшигача боқиб бермасак, ўлиб қолади. Савоб ҳам бўлар?”.

Келинойимиз ўйлаб қолиб, бу гапни ҳам маъқул топибди. Ўша уйга тағин боришибди, ўзларини бошқатдан танитиб, болани холис боқиб улғайтириб бериш ниятда эканликларини изҳор қилишибди. Чолу кампир осмондан тушгандай бу эр-хотинга, жон худо дея, чақалоқни бериб юборишибди…

Бу гапларнинг бўлиб ўтганига эллик йилдан ошди. Ўша бола ҳозир эллик ёшда. Гўдак пайтида ким тонг саҳарда магазинга бориб, навбатларда туриб сут обкелиб ўзини боққани, ким тунлари ухламай парваришлаб чиққани, тетапоя қилдирганию, тили чиққанида айтган илк сўзларини эшитганини, йўртмачоқ бўлган чоғида яна бобосию бувисига қайтариб берганини, балки билар, балки… билмас. Унга бу воқеани қариндош-уруғлари айтиб беришганми-йўқми, буёғи ҳам менга номаълум.

Аммо Ҳотамжон аканинг – ажрашиб, етти ёт бегона бўлиб кетган хотинининг бошқа бировга тегиб туққан фарзандини, шунингдек, яхшиликда ундан кам бўлмаган хотинининг эса – эрининг аввалги хотини бировдан кўрган болани бағирларига олиб, бир неча йил боқиб ўстирганини эсласам, ишонинг, ҳар гал, уларнинг бунчалар кенгбағирлигига ҳайрон қоламан. Ахир, эр учун, ажрашиб кетган хотиннинг нодўстлиги, хотин учун эса, эрнинг аввалги хотини ғайир кимса бўлиши бор гап-ку? Шу биргина воқеанинг ўзи бу эр-хотиннинг нечоғлиқ одамийлигини кўрсатиш учун етарлимикин дейман?

Яхшилардан бири – Ҳотамжон акамиз ҳам ўтиб кетди…

 

* * *

 

Маҳбубахон тўнғич қизини куёвга чиқардию, ётиб қолди. Тўй югур-югурларида санчиб-санчиб ўзини сездириб турган юрак оғриғи кун сайин зўрайди. Орадан бир ой ҳам ўтмай, етти боласини етим қилиб ташлаб кетди.

Қизи Матлубахон эса ёлчитиб келинлик даврини сура олмади, қирқ ёшга ҳам кириб улгурмаган меҳрибон онасининг қазо қилганига бир куйса, ҳали бешикда ётадиган кенжа укасининг аҳволини эслаб, баттар ўртанарди.

Дадаси Лутфулла ака далада ишлаётган тракторларга солярка ташийдиган машинани ҳайдар эди. Хотини ўлгач, дилтанг бўлиб, ўзига қарамай қўйди. Кир-чирини ювадиган одам йўқ, эгнидаги оқ нейлон кўйлаги мой босиб, қоп-қорайиб кетган, бошида яғир дўппи, соқолига ҳафтада бир устара тегмайди. Болаларнинг тўрттаси мактабда ўқийди, қолган иккиси ҳали мактаб ёшига ҳам етмаган – уйда. Кечқурун чарчаб ишдан қайтса, жунжикиб оч ўтиришган бўлади, уларга овқат пишириб берадиган одам қани? Айниқса бешикдагисига жуда жабр бўлди…

Хайрият, эл-юрт, қавм-қариндош бор экан, олти ой ҳам ўтмасдан, ёшроқ бир жувонни топиб, бошларини қўшиб қўйишди – аввалги эридан бола кўрмай ажрашган экан. Уйдаги аҳволни кўриб, янги хотин ачинганидан ўпкаси тўлиб, кўнгли юмшаб кетди, ўзидан қўрқиб, ётсираб турган болаларни бағрига босди. Лутфулла ака эса эртаси тонгда бошида ярақлаган янги дўппи, эгнида охорли кўйлак, машинасини гуриллатиб ишга жўнади.

Бундай олганда, ҳамма нарса изга тушгандек. Аммо сиртдан шунақа кўринаркан. Болаларнинг янги онага кўникиши қийин бўлди. Ҳожархон уларни оқ ювиб-оқ тарайди, сочларини ўриб мактабга кузатади, аммо пешин маҳали ҳаммаси, худди келишиб олгандай, бири қўлидан тортиб, бошқаси ортидан итариб, кўчага судрашади, бақириб йиғлашади: “Кет уйингга, бизга ўзимизнинг аямиз керак, сен йўқол!”

Ҳожархон саросимага тушиб қолмайди, бирининг бошини, бирининг кўзини силаб дегандай, аста юпатади: “Бўпти, болалар, мен кетаман, аммо ҳали даданглар ишдан қайтганида мени машинасида обориб қўяди, хўпми, унгача овқатингларни еб олинглар, қорнинглар ҳам очиб кетгандир?”.

Албатта, мактабдан қайтган болаларнинг қорни оч, иссиқ овқатни еб, бироз ухлаб, ё ўйнаб дегандай, бир маҳал қарасаларки, дадалари ишдан келиб қолибди. У кишининг олдида бояги тўпалонни бошлашга ботинмайдилар. Аммо эртасига яна бояги аҳвол такрорланади.

Шундай қилиб, болалар янги онага аста ўрганишди. Орадан ойлар, бир-бирини қувалаб йиллар ўтди. Ҳожархон – бу оилага кириб келган чоғида ёшгина, икки юзи бамисоли анор, бўйлари товусдай сулув шу аёл – бу фарзандларни менга худо берди, дея шукур қилиб, уларни ўстириб-улғайтирди, она бўлиб, кейинги икки қизни турмушга узатди, она бўлиб, ўғилларни уйлантириб, тўрт келинли бойвуччага айланди.

Бу орада вақти-соати етиб, Лутфулла акамиз қазо қилиб кетди. Йигитларнинг тўртови ҳам, ким кўрса ҳавас қиладиган, боодоб, топармон-тутармон бўлиб улғайишди. Бир пайтлар, гўдаклигига бориб, уни кўчага судраб чиқаришга чоғланган бу болаларнинг ҳар бири энди унинг қўлларидан тортгудай бўлиб, онам бизникида турсин, дея ўзаро талашишади. Учинчи ўғил Ҳамидулла ўтган йили Ҳожархон опани ҳажга обориб келди.

Мен бу гапларни қаёқдан биламан? Гап шундаки, юқорида эслатилган катта қиз Матлубахон менинг қайнонамга келин бўлиб тушган эди, яъни қайнимнинг хотини. Яқинда бир маъракада онамга: “Қуда хола, ичимдаги гапимни айтсам, бировлар айб қилади, деб қўрқаман, – деб дил ёриб қолибди. – Аммо Сизга айтсам тўғри тушунасиз. Шу… гоҳо, асли раҳматлик аям яхшимиди, ё ҳозирги онам яхшироқми, деб ўйлаб ҳам қоламан…”.

Албатта, бу дунёга ҳеч ким устун бўлолмайди, аммо шундай одамлар ҳам бўлар эканки, улар астагина, бировга билдирмай, намойиш қилмай, дунё биносига жўмардлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат… хуллас, одамийлик устунларини қўйиб кетишаркан.

 

* * *

 

Иккинчи курсга ўтганимизда каминага ҳам талабалар ётоғидан жой тегди. Пискентлик Собиржон ака, Урганчлик Бекназар, Фарғоналик Муҳаммадали деган курсдошлар билан ҳамхона бўлдим. Ёши биздан каттароқ Собиржон акани бир овоздан хонага “староста” қилиб сайладик.

– Укажон, нимага бир оёғингиз чўлоқ деб лоақал сўраб ҳам қўймайсиз, – деб қолди бир куни ёлғиз қолганимизда Собиржон ака.

Нима дейишимни билмай, елка қисдим. Ахир, кўнглига оғир олса-чи?

– Мен бир яшарлик суйгунчак вақтимда катта опам томга кўтариб чиққан экан, – дея ўзи ҳикоя қилиб қолди Собиржон ака. – Нарвондан томга ўтаётган чоғида оёғи тойиб, қўлидан мен тушиб кетибман. Товоним ерга қоқилган қозиққа тик урилибди. Кўп табибларга олиб боришди, нафи бўлмади. Масков, Ленинградларда ҳам ётганман, каравотда оёғимга тош осиб чўза-чўза, шунчалик юрадиган қилиб қўйишди…

Орадан яна бир йил ўтиб, хонамизга бир талаба қиз ора-чура кириб турадиган бўлиб қолди. Жуда одобли, бўйчан, гаплари бурро бу қиз Собиржон аканинг ҳамқишлоғи бўлиб, бизнинг факультетда, қуйироқ курсда ўқир экан. Бора-бора, икковининг гаплари қовушди шекилли, учинчи курсга ўтганимизда қарсбаданг тўйлари бўлди, мен ўшанда ичимда, дунёда қандай покдил қизлар бор, ўзи сарвиқомат, аммо акамизнинг оёғи майиблигини билдирмай, унга турмушга чиқди, ўзини фидо қилди, э барака топсин, деган эдим.

Орадан бир йил ўтиб, ҳаммамиз бир сўм-бир сўмдан йиғиб, бир коляска сотиб олдик-да, яна Пискентга бордик – курсдошлар ичида туғилган илк фарзандни, ўғилчани муборакбод қилиб қайтдик.

Кейин… ҳаш-паш дегунча “олтин давр” ҳам тамом бўлди, ҳар биримиз ҳар ёққа учирма бўлиб, ўз ишимиз, ўз ташвишларимизга андармон бўлиб қолдик. Орада ўтган бирон йигирма йил ҳар ким қаддини тиклаб оладиган давр бўлди, табиийки, курсдошлар бир-бирмиздан сал узоқлашиб ҳам қолдик.

Кейин, ажойиб кунларнинг бирида, деганларидай, курсдошимиз Олимжон ўғлининг тўйига Собир акани таклиф этиш учун Пискентга борибди, у кишининг уйини сўроқлаб топибди, аммо буни қаранг – Собиржон акамиз Олимжонни танимай турган эмиш. Йиллар бизни қанчалик ўзгартириб юборади ахир. “Собир ака, – дебди буниси, – танимаёпсизми дейман, ман Олимжон-ку!” “Ия, буни қаранг, – дебди Собир ака, – қани ука, ўрнингдан тур, бир бағримга босай!”. Ачом-ачом қилиб, қайтадан топишиб олишибди.

Олимжон бу гапларни кулиб айтди-да, сўнг мендан “Собир аканинг хотини Сайёра опа бор эди-ку, курсимизнинг биринчи кеннойиси, ёдингиздами? – деб сўради. Тасдиқ ишорасини олгач, ачиниш билан қўшиб қўйди: – Анчадан бери бемор экан, юра олмас экан, ўзим ичкари кириб, кўришиб қайтдим…”

Шундан кейин бир неча курсдош Пискентга бориб, Сайёра опани зиёрат қилиб қайтдик. Бир маҳаллар нигоҳидан ақлу закоси, хулқу ҳаёси барқ уриб турган дуркун, кўҳликкина келинойимизни дард бир бурдагина қилиб қўйганини кўриб, тўғриси, бирон нима деб далда беришга ҳам ярамай қолдик. Улар икки ўғил, икки қиз улғайтиришибди, болалар ота-онанинг измида, ўқимишли, бари ройиш. Аммо Сайёра опа… Унинг ревматоидли полиартрит деган оғир касалга чалинганига нақ йигирма етти йил бўлибди. Ўшандан буёғига тўшакка михланиб қолибди. Йигирма етти йилки, ҳатто у ёнбошидан бу ёнбошига ағдарила олмас экан, Собиржон акамиз уни боладай парваришлар, тунлари бир “оҳ!” дейиши билан ўрнидан туриб, дардига малҳам топиш кўйида бўларкан. Уйқуси ўчиб кетса, рафиқасининг оромини бузмаслик учун ён хонага чиқиб, қоғоз қоралаб ўтириркан. Туман газетасида ишлайдиган Собиржон ака Иномов ана кундузги ишлари камдай, шундай уйқусиз тунларда жонини эговлаб меҳнат қилиб, ўнга яқин ҳикоя ва қиссаларини китоб қилиб чоп эттирибди. Ҳозир бир романи босилиб чиқиш арафасида экан. Ўртадаги аҳиллик, бир-бирини тушуниш ҳатто ана шу ҳастаҳол Сайёра опамизга ҳам ботиний бир қувват бахш этибди, опамиз худо берган дардни матонат билан енгиб ўтишга ҳаракат қилиб, ҳикоя ва бадиалар тўпламини нашр эттирибди…

Туриб-туриб, акамизга бекорга Собир (сабрли) деб исм қўйишмаган экан, дейман. Холис айтинг, хотини йигирма етти йил тўшакка михланиб қолиш тугул, олти-етти ой мазаси қочиб қолса, жанжал чиқариб онасиникига жўнатиб юбориб, бошқага уйланиш кўйига тушадиган валломатлар камми?

Кузакнинг ўрталарида яна Пискентга бордим. Собир ака атрофи узумзор кенг, баҳаво ва файзли ҳовли сўрисидаги қалин кўрпача юқорисига тахланган болишларга бағрини бериб гап қўшяпти, шундоқ ёнгинасида эса Сайёра опа акамизнинг ҳангомасини эшитиб, ногиронлар аравачасида кулибгина ўтирибди экан. Баайни… бир жуфт беозор мусича.

 

* * *

 

Қўқон ёқларда бир яхши анъана бор: кимдир ўғил уйлантирса, яқин қадрдонлардан бўлган бир оила уларни ҳомийликка олади, эр – вакил ота, хотин – вакил она қилиб тайинланади. Улар бу янги рўзғорнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлишади, оёққа туриб олишига баҳолиқудрат кўмаклашади. Албатта, бунинг ўзига яраша оворагарчилигу қийинчиликлари ҳам бор. Аммо бундай шарафга дуч келган хонадон лойиқ кўрилавермайди ҳам-да.

Қишни Тошкентда ўтказамиз деб астойдил келган қудамиз Салимжон акага тунов куни телефон қилсам, Яйпандамиз, деб қолди. Овози негадир дилтанг. Ажабланиб, сўрасам, улар вакил ота-вакил она бўлган бир келин ўттиз бир ёшида қўққисдан вафот этган экан, шу хабар келиши билан эр-хотин шошилинч жўнаб кетишган, ҳозир ўша азали уйда эканлар.

Вақти қазо қачон етади, буни бандаси билмайди. Аммо ўттиздан энди ошганида уч норасидасини етим қолдириб оламдан ўтган бу келинга биз ҳам ачиндик, албатта. Ҳайрон бўлиб, суриштирсам, кўпдан бери унинг жигари оғрир, талай жойларга бош уриб, шифо топа олишмаган экан. Ниҳоят, икки ой бурун Ҳиндистонлик шифокорлар билан алоқа боғлашса, улар, кимдир бу аёлга ўз жигарининг бир қисмини ажратиб беришга рози бўлса, марҳамат, келишсин, биз шундай операция ўтказишга ҳозирмиз, аммо иккала одамнинг жигари бир хил бўлиши керак, қон гуруҳи ҳам, ҳужайра тузилиши ҳам, дейишибди. Текширтиришса, йигирма олти яшар синглисининг жигари баайни эгизакдай экан. Синглиси эса, жигаримнинг қанча қисми керак бўлса, опамдан айлансин, майли, мен ҳам бориб, операция столига ётишга розиман, деб айтибди. Шунга тайёргарлик кўриб, йўлга чиқишларига уч кун қолганида бояги бемор келин битта ёстиқни тахмонга кўтариб жойламоқчи бўладими. Шугина ҳам оғирлик қилиб, ўша ернинг ўзида қон қусиб, омонатини топширибди-қўйибди…

Боя айтдик, қазо муқаррар. Бугун ўлмаган одам бошқа вақтда чин дунёга йўл олиши бор гап. Ўша келин ҳам, агар яна юз йил яшаса-да, бу фоний дунёни тарк этиши тайин эди. Албатта, ундан қолган норасидалар ҳам худо берган кунини кўриб кетади, чунки замонамиз, худога шукур, тўкинчилик.

Аммо мени шу вафот этган аёлнинг синглисидаги жўмардлик, жонфидолик ҳайратга солди. Бир парча ерни талашиб, ё бир кийимлик матоҳни деб ака-ука, опа-сингиллар юзкўрмас бўлиб кетишаётган ҳозирги даврда бу валломат қиз опасига, керак бўлса, жонини ҳам беришга тайёр экан! Ахир, жигарининг ярми кесиб олинадиган операциядан қай аҳволда чиқишини ўзи ҳам билмас эди-ку?

Мен ана ўша қизни кўрмаганман, отини ҳам билмайман. Аммо кеча оқшом ўтириб, унинг ҳаққига дуолар қилдим, умри узун бўлишини астойдил сўрадим. Умидворман шу тилакларимнинг ижобат бўлишидан…