Жангу жадаллар ичида юрган ёш ҳукмдор Ҳиротдан келган мактубни ҳаяжонланиб, севиниб қўлига олди. Ушбу мактубни Самарқандга Навоий ҳазратлари ёзиб юборган эдилар, унда буюк шоирнинг Бобур Мирзога билдирган тилаклари акс этганди…
Заҳириддин Бобур бу муборак номани Мовароуннаҳрда кечаётган курашларда Самарқандни қўлга олган кунлари олар экан, севинчи ичига сиғмасди. Боиси, у ҳам эндигина шеърлар ёза бошлаган, гоҳида тахт учун курашлар билан бўлиб, ижод нечанчидир даражага тушиб қоларди. Ана шундай дамларда Бобур фақат сўзнинг боқийлигини ҳис этиб, ҳазрат Навоийнинг давлат амалдорлигидан бежиз истеъфога чиқмаганликларини англагандек бўлди. Бироқ тақдир ёзиғи уни Андижондан Самарқанд тахтига бошлаб келган, бу йўлда кўп қурбонликлар берилганди. Қолаверса, иккинчи бор Самарқандни қўлга киритиб турибди…
«Бу иккинчи навбат Самарқандни олғонда Алишербек тирик эди. Бир навбат манга китобати ҳам келиб эди. Мен ҳам бир китобат йибориб эдим. Орқасида туркий байт айтиб, битиб йибориб эдим», – деб ёзади Бобур.
Хуллас, улар китобат — мактуб орқали сўзлашдилар. Бу пайтда Хуросон пойтахти бўлмиш Ҳиротда яшаётган Навоий ҳазратлари «Мажолис ун-нафоис» тазкирасига хуросонлигу мовароуннаҳрлик шоирлар ижодидан шеърлар тўплаётгандилар.
Самарқанд тахтига чиққан ёш подшоҳ Заҳириддин Бобур ана шу зайл ҳазрат Навоий эътиборини тортган. Аммо… аммо Ҳиротдан «жавоб келгунча тафрика (ғалаён, парокандалик) ва ғавғо бўлди», дея «Бобурнома»да куюниб ёзган эди муаллиф. Чунки, Бобур Мирзо иккинчи бор Самарқандни Шайбонийхонга топширишга мажбур бўлган эди. Бу орада Навоий ҳазратлари ҳам вафот этдилар…
Орадан кўп вақт ўтмай, Бобур Мирзо салтанат учун кечган курашларда мағлублик аламини чекиб, Ҳиротга кетишга мажбур бўлади. Уни Хуросоннинг ўша вақтдаги ҳукмдори, Бойқаронинг ўғли Бадиуззамон яхши кутиб олди. «Бобурнома»да 1506-1507 йил воқеаларини ёзар экан, муаллиф бу ҳақида шундай эслайди: «Аввал менга Боғи Навда юрт тайин қилиб эдилар. Тонгласи келиб, Боғи Навда туштум. Боғи Навда бир кеча бўлдум, ани муносиб кўрмай, Алишербекнинг уйларини тайин қилдилар. Ҳирийдан чиққунча Алишербекнинг уйларида эдим».
Инжил анҳорининг ўнг тарафидаги Навоий ҳазратлари яшаган ҳашаматли ҳовли Бобур Мирзога Алишербекнинг нозик дидли меъмор бўлганларини ҳам англатди. Айниқса, девор бўйлаб экилган Самарқанднинг оқ тераклари унга Навоийдан мактуб олган 1499 йилни ёдга солди. Ўшанда у бу мактубни ажиб бир ҳаяжон билан ўқиган эди…
Навоий ҳазратлари Самарқандга йўллаган мактубларини ана шу ҳовлида, қўш табақали эшикдан кириб бориладиган, нодир китобларга тўла, нурафшон меҳмонхонада битганларини Бобур сезиб турарди. Етти-саккиз йилдирки, ҳовли ва ундаги хоналар ҳазрат Навоий ҳаёт бўлганларида қандай бўлган бўлса, шундай сақланиб келинарди. Бобур Мирзо ҳазрат Навоийнинг кўркам ҳовлиларида яшаб, у зот эккан мевали, манзарали дарахтлар оралаб юраркан, Алишербекнинг ғазалларини ёдига келтирар, ўзи ҳам рубоийлар битарди.
Шу тахлит у Ҳиротдалик пайтида Музаффар Мирзо, Бадиуззамон Мирзолар яратиб берган шарт-шароитлар туфайли азим шаҳарни зиёрат қилди. «Бу йигирма кунда машҳур сайргоҳлардин бир Султон Ҳусайн Мирзонинг хонақоҳидин ўзга ер кўрулмаган шояд қолмади экин. Гозургоҳ ва Алишербекнинг боғчаси ва жувози қоғоз ва Алишербекнинг ўлтурур уйлариким, «Унсия» дерлар, мақбара ва масжиди жомеъниким, «Қудсия» дерлар», дея Бобур Мирзо Ҳиротда Алишер Навоий барпо эттирган масканларни бир-бир санаб, уларни зиёрат қилганини айтади.
Мирзо Бобур Навоий ҳазратлари ҳақида шундай битик ҳам ёзган: «Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтубтурлар, ҳеч ким онча кўб ва хўб айтқон эмас. Алишербекнинг мизожи нозук била машҳурдир. Эл назокатини давлатнинг ғуруридан тасаввур қилур эрдилар. Андоқ эмас экандур, бу сифат анга жибиллий экандур. Самарқандта эканда ҳам ушмундоқ нозук мизож экандур».
Бу пайтга келиб, Мовароуннаҳрни забт этган, Самарқанд тахтини Бобур Мирзо қўлидан тортиб олган Шайбонийхон Хуросонга ҳам зарба ҳозирлаётган эди. Рақибига қарши куч тўплаш ниятидаги Бобур бундай таҳликали вақтда Ҳиротда ортиқ қололмасди.
«Яна Ҳирийниким рубъ маскунда андоқ шаҳар йўқтур ва Султон Ҳусайн Мирзонинг замонида мирзонинг тасарруфидин ва такаллуфидин Ҳирийнинг зеб ва зийнати бирга ўн, балки йигирма тараққий қилиб эди…» Мирзо Бобур ана шу тараққий этган шаҳарда атиги йигирма кун бўлганидан афсусланса-да, ҳазрат Навоийнинг ҳовлиларида яшаганидан қалби ғурурга тўлган, у зотнинг руҳи поклари ўзига мададкор бўлишидан умидвор эди. Шу умид билан у Кобулга кетиб, ўксик кўнглини кўтариш мақсадида турли жойларда бўлди. Бу ҳақида у шундай ёзган: «Чанор боғининг эшигида солғон суратхонанинг шарқи-жануб сари ёнида кичикроқ оққина уй тикилиб эди, гоҳи анда ўлтурур эдим, анда мажлис бўлди. Сўнгра Ғиёс масхара келди, неча қатла мажлисдан мутояба тарийқи била буюрилдиким, ихрож қилдилар. Охир шалойин бўлуб, масхаралиқ била мажлисда йўл топди». Яъни, Мирзо Бобур бу ерда Кобул яқинидаги Чинор боғида бўлиб ўтган Ғиёс масхарабоз иштирокидаги машварат тўғрисида тўхталган. Бобур Кобулда 1505 йилда бўлган. Навоий ҳазратлари эса 1497-98 йилларда яратилган «Мажолис ун-нафоис» тазкирасида ҳам (Сайид Ғиёсиддин) Ғиёс масхарабоз иштирокидаги сайллар ҳақида ёзган эдилар.
Хуллас, Мирзо Бобур тақдир тақозоси билан Ҳирот ва Кобулга Навоий ҳазратларининг вафотларидан сўнг келган, у зот билан дийдорлашиш бахтига мушарраф бўлолмаган эса-да, Алишербекни кўрган, у киши билан суҳбатдош бўлган кишилар билан дийдорлашди. Бироқ бу дийдорлашувлар ҳам кўпга бормади – бу томонларга рақиби от суриб келаётган эди. Бобур Мирзо Ҳиндистон томон кетди…
Умид БЕКМУҲАММАД
mgpress.org