МЕҲРОБДАН ЧАЁН ЧИҚДИМИ?

Тарих фанлари доктори, профессор Рубен САФАРОВга очиқ хат

qatlnomaРубен Акопович! Бемаврид безовта қилаётган бўлсам, маъзур кўрасиз: мен сизни танимайман, қачондир бир кун келиб сиз билан бу йўсин муомала қилишим мумкинлиги етти ухлаб тушимга кирмаган. Аммо жумҳуриятимиздаги энг оммавий матбуот органларидан бири бўлмиш “Тошкент ҳақиқати” газетасида чоп этилган (1989 й. 21 ва 23 ноябрь сонларида) “Хўрликдан ўлим тансиқроқдир — Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижтимоий аҳволига доир янги маълумотлар” номли давомли мақолангизни кўрганимдан кейин улуғ ёзувчимизнинг Давлат Хавфсизлик қўмитаси архивида сақланаётган “Дело”си билан яқиндан таниш одам сифатида фикрларингизга муносабат билдиргим келди. Зеро, “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар” (Абдулла Қодирий).
Авваламбор, мақоланинг сарлавҳаси ажабланарли: “Хўрликдан ўлим тансиқроқдир”. Албатта, таржима муваффақиятсиз чиққан бўлиши мумкин (қўштирноқ ичидаги гап Қодирий бобога тегишли эканини камина кейинроқ билиб қолдим, узр: – Н.Б.), аммо ноўрин қўлланган шу “тансиқ” сўзи бир ривоятни ёдимга солди. Нақл қилишларича, эътиқод учун қизғин жанг кетаётган бир пайтда лашкарбошилардан бири душман ўқига чап бериб, жонини сақлаб қолади. Бу ҳолатни кузатиб турган азиз зот: “Бай-бай-бай, шундай тансиқ имкониятни бой берди-я!” деб бош чайқаган эканлар. Саҳобалардан бири: “Тақсир, нега бундай деяпсиз?” деб сўраса, “Лашкарбоши душман ўқидан ҳалок бўлганда борми, шаҳид бўларди — унинг жонини Оллоҳ таолонинг ўзи оларди”, деб жавоб берадилар. Бошқа бир ривоятга кўра, Оллоҳ ўз карамига сазовор бўлган марҳумларга қиёмат куни ҳаёт инъом этади ва уларга жаннатдан жой тайин қилади. Рубен Акопович, албатта, сиз атеистсиз — бундай гапларга ишонмайсиз, шунинг учун келинг, яхшиси янги маълумотларингиз билан танишайлик.
“Абдулла Қодирий ҳаёти ва адабий меросига оид манбалар билан машғул бўлар эканман, ёзувчининг ўғли Ҳабибулло Қодирий томонидан битилган китобчанинг “Ўткан кунлар” асари ёзиб тугатилиши кезларига тегишли саҳифаларига нигоҳим тушиб қолди” дейсиз, “салом-алик”дан сўнг. Кечирсинлар, Ҳабибулло Қодирий ўз хотираларини матбуотда эълон қилганида (“Шарқ юлдузи” журнали, 1965 й. 11-сони) туғилган чақалоқлар ҳозир энг камида икки-учтадан “янги меҳмон” топишган. Демак, Рубен Акопович, “янги маълумотлар” ҳам ўзбек ўқувчиси учун эски маълумотлардир.
Фақирнинг ўйлашича, “янги маълумотлар” қидирган олим Ҳабибулло Қодирийнинг 1988 йил 6 январь куни Ўзбекистон ССР Давлат Хавфсизлик қўмитаси раиси номига ёзган аризасини ҳам бир кўздан кечириб қўйиши даркор эди. Жумладан, улуғ адибимизнинг бетоб бўлиб ётган ўғли шундай деб ёзади: “Менинг отамнинг жиноий ишига доир дело билан танишиб кўришимга ёрдам беришингизни сўрайман. Ўша ишлардан сўнг ярим аср ўтиб кетди, ҳозир ҳамма нарсани эслаб бўлмайди; ёлғон ёзиш унчалик қизиқ эмас, бунга ҳаққим йўқ”. Коммунистик партиянинг ташаббуси билан 30—40 ва 50-йилларнинг бошларида ноҳақ қатл этилган кишиларни оқлаш бўйича амалий ишлар қилинаётганини биласиз: жумҳуриятимизда ҳам бу борада хайрлик тадбирлар қилиняпти. Шунинг учун Ўзбекистон ССР Давлат Хавфсизлик қўмитасининг масъул ходимлари ўша йилнинг 27 январидаёқ бемор Ҳабибулло Қодирий ҳузурига ташриф буюрадилар ва: “Аризада қўйилган масала бўйича қуйидагилар тушунтирилди; КГБ томонидан тергов қилинган кишиларнинг делоси танишиб кўриш учун шахсий қўлга берилмайди… Суҳбатимиз охирида Ҳабибулло Қодирий, агар отамнинг делоси билан танишиб кўришнинг иложи бўлмаса, начора, мен ўз аризамга олган жавобдан қониқдим, бу масала бўйича КГБга ҳеч қандай эътирозим йўқ деб жавоб берди”, деб изоҳ ёзилади. Албатта, биз КГБ ўз зиммасига юкланган вазифаларни адо этаётганини биламиз. Аммо ҳатто ўз ўғли ҳам танишиб кўриш имкониятига эга бўлмаган киши кўнглида аллақандай ғубор пайдо бўлиши табиий. Қолаверса, камина таржимон сифатида “Новий мир” журналида чоп этилган Елизавета Драбкинанинг “Горкидаги ўйлар” хотирасида В.И.Ленин оқ подшо томонидан ўлим жазосига ҳукм этилган акасининг махфий “делоси” билан танишаётиб, қандай аҳволга тушганини яққол кўз олдимга келтирганим учун ҳам, боз устига, жамиятимиз инсонийлик томонга (к гуманизаöию) юз бурганини эътиборга олган ҳолда ҳам беморнинг сўнгги истаги бажо келтирилса савоб бўларди деб ўйлайман. Сиз КГБдаги ўша сарғайиб кетган дафтарнинг охирги саҳифасига тикиб қўйилган Ҳ. Қодирийнинг аризасини ҳам, изоҳни ҳам пайқамагансиз.
“Эсингиздами? М.Горкий бир асарида…”, деб бошланадиган рубобий чекинишингиз бор мақолада. Эски гаплар.
“Горкий Италиядан қайтиб келгандан кейин нима учун умрининг охиригача афтодаҳол ҳаёт кечирганининг сабабини — адашганликдан, олғир бўлмаганлигидан қидириб юрардим. Бироқ, яқинда унинг 20-йиллардаги ёзишмалари эълон қилиндию тубан мақсадларни кўзлаб, ғаразгўйлиги туфайли шундай ҳаёт кечиришга маҳкум этилганини билиб олдим. Горкий Соррентода турган пайтида ажабки дунёга донг таратганини ҳам, пули кўплигини ҳам гўё ўзи билмайди (лекин уйи тўла хизматкор эди). Маълум бўлдики, агар пул керак бўлса ва шон-шуҳратини яна тиклашни истаса, Иттифоққа қайтиб бориши, барча шартларга рози бўлиши керак экан. Шундай қилиб, у ўз зоҳишига кўра Ягоданинг қулига айланиб қолди. Сталин уни ўз тинчини кўзлаб ўлдирмаганда ҳам бўларди: у ўттиз еттинчи йилни кўкларга кўтариб мақташдан ҳам тоймасди” (“Новий мир” журнали, 1989 й. 10-сони, 100-бет).
Александр Солжениöин “соöиалистик реализм методининг асосчиси”га худди шундай таъриф беради. Ғалати-а? Лекин, начора: “янги маълумотлар” шунақа экан?да!
Шу тобда хаёлимга қизиқ бир фикр келиб қолди: Рубен Акопович, сиз умрингизда дутор чертиб кўрганмисиз? Майли, ҳаддимдан ошмай. Аммо, ҳеч бўлмаса, гитара чалиб кўргандирсиз? Гитара чалмаган бўлсангиз ҳам, бирор куй ижро этаётган созандани яқинроқдан томоша қилганингизга шубҳаланмайман. Хўш, чолғувчилар куйнинг шўхлигига ёки маъюслигига мос пардани топганларини пайқаганмисиз? Афсуски, “янги маълумотлар”га монанд пардани тополмабсиз: “мавзуни мозийдан, яқин ўтган кунлардан, тарихимизнинг энг кир, қора кунлари бўлган” 37-йиллардан белгилабсиз-у, бироқ тўсатдан рубобий ашула айта бошлабсиз.
“У янги йил арафасида — 1937 йилнинг 31 декабрида ҳибсга олинди. НКВД терговчиси байрамни ўз оиласи даврасида нишонлашдан уни маҳрум этди”, дейсиз “янги маълумотлар”ингизда. Агар сиз “Ёшлик” журналини варақлаб кўрсангиз, марҳум Ҳабибулло Қодирийнинг хотираларига кўзингиз тушарди: муаллиф отасининг айнан 1937 йил 31 декабрь куни ҳибсга олинганини батафсил баён этган эди. Демак, сизнинг яна битта “янги маълумотингиз” ўз-ўзидан эскириб қолади. “Байрамни ўз оиласи даврасида нишонлаш” масаласига келсак, Рубен Акопович, сиз билибми ёки билмайми, тарихий ҳақиқатни сохталаштирибсиз: Абдулла Қодирий ваҳшиёна тергов чоғида ҳам, “Ла иллаҳа иллаллоҳу Муҳаммадар росулуллоҳ” деганини жуда яхши биламиз. Қолаверса, 1956 йил январь ойининг 16 куни Туркистон Ҳарбий округи Прокурорининг ёрдамчиси адлия подполковниги Гришченко томонидан гувоҳ сифатида сўроқ қилинган Ғафур Ғулом: “Абдулла Қодирий мутаассиб художўй-мусулмон эди, у барча диний расм-русумларни сидқидилдан адо этарди. Шунинг учун турмушимиздаги ҳамма янгиликлар унга номақбул туюларди; масалан, хотин-қизларнинг паранжи ташлашига ҳам у салбий муносабатда бўлган эди”, дейди. Сир эмаски, мусулмон киши Исо пайғамбарнинг “мавлуд ҳайити”ни, яъни 1 январни ўз оиласи даврасида нишонламайди.
Қолаверса, мақолангизда: “Ҳибсга олиш ҳақидаги хабарнинг орқасига Абулла Қодирий мана шундай деб ёзиб берган: “Қарор менга эълон қилинди (ўқидим), қўйилган айбларга қўшилмайман ва ўзимни бегуноҳ деб ҳисоблайман”, деб таъкидлайсиз-у, аммо устоз Қодирийнинг дастхати ўзбек тилида, араб имлосида ёзилгани тўғрисида лом-мим демайсиз. Албатта, сиз ҳам араб имлосидаги хатни ўқий олмаган бўлишингиз мумкин, бироқ Туркистон Ҳарбий округи Ҳарбий прокуратураси таржимони Зверев матнни 1956 йил 1 март куни рус тилига ўгирганини айтиб қўйишингиз ва сиз Абдулла Қодирийнинг сўзларини айнан эмас, рус тилидан таржима қилиб келтираётганингизни билдириб ўтишингиз лозим эди. Негаки, 38-йилда жумҳуриятимиз “оқсоқол”лари ўзбек ёзувини рус алифбосига кўчириш ҳақида қарор қабул қилган эдилар, аммо бир қатор илғор зиёлилар лотин имлосида қолишни ёқлаб чиққанлар; Абдулла Қодирий, Файзулла Хўжаев каби ўзбек халқининг атоқли фарзандлари эса араб имлосига қайтишни (тиклашни) ҳимоя қилганлар. Агар кўзингиз тушган бўлса, Абдулла Қодирийнинг 4269-сонли делосининг 62-63-бетларида Файзулла Хўжаев 1933 йил 17 май куни Берегинга кўрсатма сифатида ёзган хат бор. Бу хат ҳам рус тилига таржима қилинган — уни Абдулла Қодирийнинг терговчиси бўлмиш Ўзбекистон Ички Ишлар Халқ Комиссарлиги давлат Хавфсизлиги лейтенанти Триғулов русчага ўгирган. Ажабки, арабча имлони ўқиш борасида у ҳам чаласавод бўлган экан. У ҳатто санани ҳам нотўғри “ўқийди” — 1932 й. 10 апрель, деб “таржима” қилади. Аслида, Ф. Хўжаев хат-кўрсатмаси остига араб рақамида “1933 йил 17 май”, деб ёзиб қўйган экан. Ишонмасангиз, ўша хатчанинг фотонусхасини олиб бирорта саводли кишига ўқитиб кўришингиз мумкин. Хўш, мен бу билан нима демоқчиман?
Демоқчиманки, Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижтимоий аҳволига доир “янги маълумотлар”ни шов-шув кўтаришга мўлжалланган мақолада акс эттириб бўлмайди, балки 4269-жиноий ишни тарихий “контекстдан” юлиб олмаган ҳолда батафсил ўрганиш лозим. Бунинг учун ростакамига тер тўкишга, 30-йиллардаги Ўзбекистон ижтимоий ҳаётини илмий асосда ўрганишга, жумҳуриятимизда рўй берган қатли омга “бош-қош” бўлишиб туришган партия-совет идоралари раҳбарларининг фаолиятига холис баҳо беришга тўғри келади. Бир сўз билан айтганда, чинакам тарихий мавзудаги фожиали воқеаларни “бақироқ сарлавҳали” мақолада тўла-тўкис ёритиб бўлмайди. Устига устак, ўқувчи кўнглида ҳар хил шубҳа уйғотиш мумкин, холос.
Энг ажабланарли жойи шундаки, сизнинг мақолангиз айнан газетхонларни чалғитиш учун ёзилгандек таассурот қолдиради. Масалан, “Қамоққа олиш билан худди ўша март ойида бўлиб ўтган биринчи сўроқ оралиғида нималар рўй берганлиги бизларга қоронғи. Сўроқ протоколларини айнан келтираман. Улар билан мени Ўзбекистон Давлат Хавфсизлиги Комитетида таништиришди”. Рубен Акопович, кейинги пайтларда ҳатто СССР Давлат Хавфсизлиги Комитетининг раиси Крючков ҳам Марказий телевидениега интервью берганини, қўмита “махфий ишлар”дан кенг жамоатчиликни хабардор этаётганини биласизми? Сиз негадир 38-йилдан буёғидаги “текшириш материаллари” ҳақида миқ этмайсиз: “…Нималар рўй бергани бизларга қоронғи”, деб яна-тағин КГБ юзига “паранжи” ёпмоқчи бўласиз. Бунинг нима кераги бор? Ахир, Абдулла Қодирийни қонунга хилоф равишда тергов қилган Триғунов 1956 йилда уч ой мобайнида “нималар рўй берганини” очиқ-ойдин айтган-ку! Ёки 38-йилда Давлат Хавфсизлиги Қўмитасида “маҳбусларни судга тайёрлайдиган” махсус 47-хона борлигини, у ерда Абдулла Қодирий каби минглаб “халқ душманлари” ваҳшиёна равишда калтакланишини, сўнг терговчиларнинг ўзлари ёзган “протоколлар”га имзо чектирилишини билмайсизми? Абдулла Қодирий матонатли, эътиқоди собит зот бўлгани учун ҳам сўнгги нафасигача туҳматларни тан олмаганини, худодан қайтмаганини, охир-оқибатда жаллодлар протоколга Қодирийнинг сўзини (“Я сам верю в бога!”) қайд этишга мажбур бўлганларини сезиб олиш қийин эмас-ку!
“Инқилобдан мамнун бўлар экан, у ҳали Маркс ва Ленинни тўлиқ ўзлаштиришга улгура олмайди, Оллоҳга ишонади… Лекин булар А.Қодирийни сиёсий жиноятларда айблаб, халқ душмани деб эълон қилиш учун асос бўла оладими? Албатта, йўқ!” Рубен Акопович, Сиз масалани худди шу тарзда қўясиз ва худди шу тарзда осонгина ҳукм чиқарасиз. Менимча, масаланинг бу тарзда қўйилиши нотўғри. Эсингиздами, А. П. Чехов: “Энг муҳими — ёзувчи масалани тўғри қўя билиши лозим, лекин унга тўғри жавоб топиши шарт эмас; тўғри жавобни ўқувчининг ўзи топиб олаверади”, деган эди. Хўш, масалани қай тарзда қўйиш керак? Ҳозир биз Абдулла Қодирий қонунга хилоф равишда жазоланди, деяпмиз. Шундоқ экан, марҳамат қилиб нима учун қонунга хилоф равишда жазо белгиланганини исботлаб бериш даркор эди. Яъни, а) СССР Конститутöиясида И. В. Сталин замонида ҳам “виждон эркинлиги” тақиқланмаган, демак ҳар бир совет граждани ўзи истаган динга эътиқод қўйиши мумкин, жумладан, Абдулла Қодирий ислом динига эътиқод қўйган бўлса, бу унинг айби эмас, балки бу Конститутöияда муҳофазага олинган ҳуқуқидир, холос; б) “Маркс ва Ленинни тўлиқ ўзлаштириш” ҳеч қачон мажбурий бўлган эмас, қолаверса, Маркс билан Ленин таълимоти раҳбарларни мамлакатга қарши жиноят қилишдан сақлаб қололмайди. Буни исботлаш учун фалсафа сўқиб ўтирмайман, ўзингизнинг 1982 йилда чоп этилган В. И. Ленин ҳақидаги мўъжаз китобчангиздан олинган ўша замонлардаги “миллат отаси” Л. И. Брежнев сўзларини кўчирма сифатида келтираман: “Инсоният қанчалик юксакликка кўтарилишидан қатъи назар, коммунистик маданият чашмаси бошида донишманд, инқилобчи Лениннинг баҳодирона сиймоси тургани учун Ленин курашган келажакни яқинлаштиришга бутун куч-ғайратини, ақл-идрокини, иродасини сарфлашдан ҳам муқаддасроқ иш йўқдир” (Рубен Сафаров, “Вечно живой”, Таш. 1982 год, 109 стр.). Оғизда Ленин таълимотини “дастак” қилиб олган Л. И. Брежнев етовида қандай “келажакка” яқинлашиб қолганимизни бугун ҳаммамиз жуда яхши биламиз.
Лирик чекиниш: “Атоқли жамоат арбоби, олим Ю. Афанасьев яқинда матбуотда қуйидагича фикр баён этди: биз шу пайтгача барпо этган жамият — соöиализм эмас, келажакда соöиализм қуришимиз керак. Агар шундай бўлса, жамиятимиз олдида турган вазифа, тараққиётимиз истиқболи равшан: носоöиализмдан — соöиализм сари бориш лозим. Хўш, биз етмиш йил мобайнида қандай жамият барпо этдик?..” (“Новий мир” журнали, 1989 й. 10-сон 161-бет).
“Муҳтарам газетхонлар! Мана, сиз Қодирийнинг терговда берган жавоблари билан танишиб чиқдингиз… Юзлаштиришлар бошланади. Ўзбекистон Тил ва адабиёт илмий текшириш институтининг ходими, доöент Қаюм Рамазонов, адабиётшунос Абдулҳамид Сулаймонов (Чўлпон), Чирчиқ қурилиши бошлиғининг маъмурий-хўжалик ишлар бўйича ўринбосари Ғанихон Ҳомитхонов, Икромов номидаги Педагогика институти Тил кафедрасининг профессори Ғози Олим Юнусов ва яна бир неча киши Қодирийнинг “миллатчи ташкилотларга аъзо бўлганлигини, туркпарастликни ёйишга ҳаракат қилганлигини айтадилар… Айрим ёзувчилар эса Қодирийни “фош этишда” айниқса “ғайрат” кўрсатадилар. Улардан бири терговда шундай дейди… Иккинчиси: “Қодирий мунофиқ, Советларга қарши кайфиятдаги одам”, деб, ҳисоблайди. Учинчиси терговда батафсил маълумот беради. Уни тўлиқ келтираман… Тўртинчиси шундай кўрсатма берадики, унда Қодирийни ҳам, ўзини ҳам аямайди… 1937 йилнинг ёзида жумҳурият Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган бир мажлисда Қодирийга Советларга қарши одам, Советларга қарши унсурлар, руҳонийлар билан яқин алоқада бўлган. Советларга қарши йиғинларда қатнашган, Совет ҳокимияти ҳақида норозилик гаплари айтган, деб айблар қўйилади… Аммо Абдулла Қодирий ўзининг айтганларидан тонмайди… Кейинчалик баъзи бир адабиётчилар — Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари сирасига кирувчи баобрў адиблар тергов органларига “Ўткан кунлар” романининг буржуа-миллатчилик мазмуни ҳақида расмий хулоса берадилар… Натижада Абдулла Қодирийни қоралаш учун анчагина айблов далиллар тўпланади… Абдулла Қодирий шу тариқа “халқ душмани” деб эълон қилинди ва отиб ташланди…”
Рубен Акопович, мақолангиздаги талқин “муҳтарам газетхонлар”ни атайлаб чалғитишга қаратилганга ўхшайди. Чунки сиз сабаб-моҳиятни эмас, баҳоналарни баён этасиз: қатли ом жараёнини теран идрок этолмайсиз ва беихтиёр ўзингиз ҳам ёлғон кўргазмаларга “қул” бўлиб қоласиз. Мақолангизнинг бир жойида (“Абдулла Қодирий… табиати мураккаб бўлиб, тинмай одамлар, ҳатто республика раҳбарларига қалтис ҳазил — тегажоғлик қилади”) масалага яқинроқ келасиз-у, аммо “лангарчўп” яна-тағин сизга панд беради — тўғри йўлдан тойиб кетасиз. Оқибатда ўқувчида: “Ҳа, Абдулла Қодирий “ўзининг айтганларидан тонмаган” бўлса, демак оз-моз айби бор экан… Тирик қолган ёзувчилар уни беармон “сотишган” экан. Оббо, ярамаслар-эй, ёзувчилар орасида соғи йўқ экан-да!” деган қатъий фикр пайдо бўлади. Ҳақиқатан ҳам, Сиз қатор-қатор кўчирмалар келтирган гувоҳларнинг — ёзувчиларнинг сохта кўргазмалари туфайли Абдулла Қодирий “отиб ташланган”ми? Биринчидан, Абдулла Қодирийни қамоққа олиш ташаббуси Ўзбекистон ССР Ички Ишлар Халқ Комиссарлиги Давлат Хавфсизлиги Бошқармаси 4-бўлимнинг бошлиғи Давлат Хавфсизлиги лейтенанти Агабековдан чиққан эди”, дейди Н. Триғулов 1956 йилда сўроқ қилинган пайтда.
Ўша йиллари КГБда “Ким кўпроқ халқ душманини фош этиш ва ким каттароқ мансабли одамларни, обрўли зиёлиларни қамоққа олишу олий жазога ҳукм этиш бўйича ўзига хос соöиалистик мусобақа” ташкил этилган эди, “ғолиблар” ҳам маънавий жиҳатдан, ҳам моддий жиҳатдан рағбатлантириларди. Шунинг учун ўзбек адабиётининг, илм-фанининг атоқли намояндаларини жувонмарг қилган Леон Агабеков уч йил мобайнида Давлат Хавфсизлиги майори унвонига сазовор бўлади. Тўғри, у 1941 йили “бегуноҳ совет кишиларини қонунга хилоф равишда репрессия қилгани учун” жарима батальонига жўнатилади; натижада Улуғ Ватан урушининг дастлабки палласидаёқ ўлиб кетади. Иккинчидан, Ўзбекистон ЖКнинг 64-, 67-моддалари бўйича ўн йил (10) муддатга озодликдан маҳрум этилган Иброҳим Назиров жазо муддатини ўтаётган жойда 1955 йил 21 декабрь куни гувоҳ сифатида тергов қилинганда қуйидагиларни айтади: “Ғози Юнусов раҳнамолик қилган — ёзувчиларни ўз сафига уюштирган аксилинқилобий ташкилот ҳақида мен ҳеч нарсани билмайман. Ўзбекистонда аксилинқилобий ташкилот мавжудлиги борасида мен матбуотда эълон қилинган мақолалардан билганман, лекин уни ким бошқарганини айтолмайман; чунки мен у пайтларда жуда ёш эдим; қолаверса, куракда турмайдиган бундай гапларга жиддий эътибор бермасдим. Дастлабки тергов пайтида берган кўргазмаларим ҳақиқатга мос келмайди: чунки Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган аксилинқилобий миллатчилар ташкилотига ҳеч қачон аъзо бўлмаганман; ҳатто Ўзбекистонда шундай ташкилот борлигини ҳам билмайман; дастлабки тергов пайтидаги кўргазмаларга эса терговчилар — катта лейтенант Андреев ва сержант Сааковлар томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилгани туфайли имзо чекканман; улар ўзлари ёзган протоколларга мени имзо чекишга мажбур қилишган эди. Қамоқдан кетаётган пайтимда, аниқроғи, судга чақирилишимдан аввал Андреев мени огоҳлантирди: “Агар сен судда, ўзимни айбдор деб ҳисоблайман десанг, сенга бир йилдан ортиқ қамоқ жазоси белгилашмайди; мабодо сен судда, ўзимни айбдор деб ҳисобламайман деб айтсанг борми, мен шу заҳотиёқ судга характеристика ёзиб бераману сени зудлик билан отиб ташлашади”. Ўртамизда ана шундай суҳбат бўлган чоқда хонада Андреев икковимиздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Мен ҳали Андреев билан гапимни тугатмасимдан бурун, хонага иккита солдат кириб келишдию мени судга олиб кетишди… Мен тергов жараёни тўғрисида ҳам баъзи бир гапларни айтишни истардим: Андреев мени фақат кечқурун сўроқ қиларди, агар у чарчаб қолса, унинг ўрнига Сааков келарди. Сержант Сааковни мен илгаритдан танирдим; биз Тошкент педагогика институтининг комсомол ташкилотида бирга ишлаган эдик. Ундан тергов пайтида менга қанақа айб қўйилган, деб сўрадим. “Бу ерда биз ҳеч нарсани ҳал қилолмаймиз; чунки сенинг номинг ҳам рўйхатга тушиб қолган экан, энди барибир сени суд қилишади; шунинг учун энг яхшиси, сен ҳадеб пайсалга солавермай кўргазмага имзо чекиб бергин, вассалом”, деб жавоб берди Сааков. Лекин мен қандай рўйхатга тушиб қолганимни Сааков барибир айтмади; бир неча марта ундан қаттиқ илтимос қилсам ҳам, аммо қандай рўйхатга тушиб қолганимни Сааков айтмади”.

Мана шунақа гаплар, Рубен Акопович! Афсуски, Абдулла Қодирийнинг иши бўйича кўргазма берган гувоҳларнинг кўпчилиги ҳам олий жазога ҳукм этилади. Улар орасида фақат Ғафур Ғулом қамалмайди, холос. Боз устига, у 1956 йили гувоҳ сифатида тергов қилинган чоқда яна 1938 йилдаги гапларини деярли айнан такрорлайди. Лекин бу сафар суд Абдулла Қодирийни оқлаб ажрим чиқаради. Демак, битта Ғафур Ғуломнинг гувоҳ сифатидаги “кўргазмаси” тўғри ёки нотўғри бўлса-да, аммо суд ҳукмига таъсир этмаслиги мумкин экан-да! Демак, Ғафур Ғуломнинг оғзаки гаплари ҳеч қандай салмоққа эга эмас экан-да! Хўш, нега бўлмаса барибир Абдулла Қодирийни отиб ташладилар? Бу саволга “ашёвий далил” ёрдамида жавоб бериш мушкул, албатта. Чунки “ашёвий далил” ҳам сохта. Лекин, “шахсга сиғиниш даврининг — сталинизмнинг ҳақиқий душмани соöиалистик тузумга ёт бўлган аллақандай таълимот эмасди, балки танқидий руҳ сталинизмнинг барқ уриб гуллаб-яшнашига тўсқинлик қиларди, шунинг учун танқидий руҳдаги инсонлар, ақл-идрок соҳиблари териб-териб олинди”, деб хулоса чиқарсак, мушкулимиз хийла енгиллашади, шекилли.
“Абдулла Қодирий ижодини мураккаб ва кўп маъноли дегувчиларнинг фикрига қўшилиш мумкин. Ёзувчи меҳнаткашларнинг инқилобий руҳдаги қисми билан бирга бўлмаган, инқилобий ҳаракатлардан четда турган деган гаплар ҳам бир қадар тўғри дейлик”, деган жумлаларни ўқиганимдан сўнг, беихтиёр “ғоя билан қуролланган” адабиётшуносларнинг эски ашуласи эсимга тушди.
Рубен Акопович, сиз ҳам “янги маълумотлар”ингизда ўша эски ашулани хиргойи қиласиз, холос. Устоз адибимиз ўлмас романларидан бирини нима учун “Меҳробдан чаён” деб номлаганини биласизми? Бир пайтлар меҳробга тегишли ибратли ҳикоя ўқиган эдим (бу ҳикояга Абдулла Қодирийнинг назари тушган бўлса ҳам ажаб эмас).
Фариддиддин Аттор “Малик Динор зикридан” рисоласида нақл қилишича, кунларнинг бирида жамоат ҳазрат Маликка янги уй ҳадя этибди. Уйнинг қарама-қарши томонида иуда (Исо пайғамбарга хиёнат қилган Яҳуд Искариотнинг қавмидан бўлган бедин) яшар экан. Ўчакишгандек, Малик Динор уйининг меҳроби Яҳуднинг дарвозасига қараган эди. Яҳуд буни билиб қолибдию қўшнисини калака қилишни кўнглига тугиб қўйибди ва айнан меҳроб рўпарасидан битта хандақ қазибди; ҳожатхона қурибди. Малик Динор номоз ўқиётган вақтларда Яҳуд ҳожатхонага кириб ўтирар экан ва ўзича қўшнисининг устидан куларкан. Бироқ, Малик Динор бу ҳақда ҳеч нарса демаётгани учун Яҳуднинг жаҳли чиқиб кетибди ва қўшнисини кўчада учратиб: “Эй мусулмон, меҳробингдан уйингга ифлос нарсалар кирмаяптими?” деб сўрабди. “Киряпти-ю, аммо мен супурги билан курак харид қилганман. Агар уйимга ҳаром ораласа, дарҳол супурги билан куракни қўлимга оламану хонадонимни тозалашга тушаман”, деб жавоб берибди Малик Динор. “Жаҳлинг чиқмаяптими?” деб сўрабди Яҳуд ҳайратланиб. “Жаҳлим чиқади, лекин дарҳол: “…Жаҳлини жиловлай олган одамларнинг гуноҳини кечирадиган зотлар, ҳақиқатан ҳам яхшилик қиладиган кишилар Оллоҳнинг муҳабабтига сазовор!” эканини эслайман. Шундан кейин Яҳуднинг кўзи очилибди ва…
Меҳроб — муқаддас жой. Улуғ ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг китоблари эса хонадонларимизнинг меҳробларидан ўрин олган. Бас, шундай экан, Қодирий ҳақида енгил-елпи, арзон-гаров “янги маълумотлар” тарқатишга чек қўяйлик. Қодирий эътиқод йўлида ўз ҳаётини қурбон берди, шаҳид бўлди. Шаҳид зот тўғрисида биз — гуноҳкор бандалар сафсата сотиб ўтирсак ярашмайди: тарихчи бўлсак, илм билан шуғулланайлик, журналист бўлсак, “сенсаöия”га бошқа мавзу топайлик. Ёки Абдулла Қодирий ҳақиқатини бузмасдан, сохталаштирмасдан, бор бўйича акс эттирайлик!
Рубен Акопович, агар бемаврид тинчингизни бузган бўлсам, яна бир бор узр сўрайман. Аммо сизга бу мактубни ёзмасдан бурун шу пайтгача ёзган “тарихий” асарларингизни кўздан кечириб чиқдим. Сарлавҳаларнинг ўзиёқ кўп нарсалардан дарак бераркан: “Қишлоқда коммунистик меҳнат” (1965 й.), “Пахта далалари гвардиячиси Манноп Жалолов” (1963 й.), “Тошкентдан гапирамиз ва кўрсатамиз” (1977 й.), “Доброе слова — ключ к сердöу” (1977 й.), “Партийное руководство средствами массовой информаöии” (1979 й.), “Велено жить” (1979 й.), “Пресса Узбекистана в коммунистическом строителстве” (1973 й.), “Шарофат бесстрашная” (1966 й.), “Виждон бурчи” (1964 й.), “Мўл пахта учун” (1963 й.), “Ҳақиқатнинг ўзидек оддий” (1980 й.), “Матбуот ва халқлар дўстлиги ғояси тарғиботи” (1967 й.) каби илмий-оммабоп асарларингиз орасида “Вечно живой” (1982 й.) унвонли чўнтакбоп китобчангиз ҳам бор (дарвоқе, юқорида келтирганимиз Л. И. Брежневнинг сўзларини ўша китобчадан олган эдим). У ерда сиз В.И. Лениннинг 1922 йил 27 февраль куни Академияга ёзиб юборган ибратли хатини илова қилган экансиз. Жумладан, ўшанда доҳий шундай деб ёзган экан: “Бағоят миннатдорман! Афсуслар бўлсинки, бетоблигим туфайли Соöиалистик академия аъзосининг зиммасига юкланадиган бурчни кўнгилдагидек бажара олмайман. Кўзбўямачилик қилишга эса виждоним йўл қўймайди. Шунинг учун номимни рўйхатдан ўчириб қўйишларингни ёки менинг номимни аъзолар рўйхатига ёзмасликларингни илтимос қиламан”.
Рубен Акопович, ўйлайманки, сиз Ленин таълимотини “тўлиқ ўзлаштиришга” улгурган бўлсангиз керак. Шунинг учун…
Булар каминанинг шахсий фикрлари, албатта.
Ўзингиз нима дейсиз, Рубен Акопович: тарих — илмми ёки тарғибот-ташвиқот воситасими?..

Набижон БОҚИЙ

(“Муштум”, 1990 й., № 1)