7 мингдан ортиқ ноқонуний Қирғизистон фуқаро паспорти атрофида давом этаётган можаролар бўлғуси Жогорку Кенешга сайловлар (2015 й.) ва мамлакат президенти сайлови (2017 й.) жараёнида овозларни ҳисоблаш шаффофлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда.
Бу ҳақда Қирғизистон ОАВ илк марта жорий йилнинг 12 февралида мамлакат ИИВ маълумотларига таянган ҳолда хабар тарқатган эди. Персонал идентификация рақамлари ўзгартирилган ҳолда Қирғизистон фуқаро паспорти ноқонуний берилишига оид кўп сонли далиллар ҳақида маълум қилиниб, бунга Ижтимоий фонд ва Давлат регистрация хизмати (ДРХ) ҳамда уларнинг шериклари алоқадор экани ҳам айтилган. Агар 12 февралдаги хабарларда бундай фуқаролар сони 2200 дан кўпроқ экани таъкидланган бўлса, жорий йилнинг 24 февралида айрим ОАВ Қирғизистон фуқаро паспорти 7 мингдан кўпроқ шахсларга ноқонуний берилгани ҳақида хабар қилишди. Ҳозирча ноқонуний паспорт берилиши юзасидан тергов ишлари тугашини кутишимизга тўғри келади. Қирғизистон паспортини ноқонуний олган фуқаролар орасида аввал судланганлар, қидирувда бўлган ва хорижий мамлакатлар ҳудудидан депорт қилинган Қирғизистон фуқаролари ҳам бор. Хабар қилинишича, хорижий мамлакатлар ҳудудидан депорт қилинган, аввал судланган, қидирувда бўлган ёки бошқа жиноий унсурга эга ушбу шахслар Ижтимоий фонд ва ДРХнинг мансабдор шахслари ёрдамида ноқонуний равишда персонал маълумотлар ўзгартирилган янги паспорт олишган, фамилия ва персонал идентификация рақамларини (ПИР) ўзгартиришган. Қирғизистон фуқаро паспортларини ноқонуний бериш ҳолатлари 2012 йилдан 2014 йиллар давомида қайд қилинган. Қандай бўлмасин, 2000 та ҳам, 7000 та ҳам 2015 ва 2017 йилда бўлиб ўтадиган сайловлар жараёнида овозлар сони бузиб кўрсатилиши эҳтимолига анча жиддий ишора деб айтиш мумкин.
Қалбаки паспортлар билан боғлиқ бундай найранглар Қирғизистонда биринчи марта қайд қилинмаяпти, аслида бу сурункали ҳодиса бўлиб, вақти-вақти билан юзага қалқиб чиқади. Маҳаллий давлат органлари орасида коррупция даражасини ҳисобга олганда, муаммонинг ҳақиқий кўламини баҳолаш жуда қийин. Агар ушбу сурункали ҳодисага бошқа нуқтаи назардан ёндашилса, шунга алоқадор мансабдор шахсларнинг ўзи шундай ҳаракатлари билан ҚР аҳолиси сонини, ўз навбатида, сайловчилар сонини ҳам номаълум миқдорда сунъий ошириб юборган бўлиб чиқади. Агар жорий йилда қирғизистонликларни Жогорку Кенешга (парламент) навбатдаги сайловлар кутиб турганини назарда тутсак, бу сайловчилар сонини олдиндан ҳисоблаш ва уларни маҳаллий сайлов округлари бўйича тақсимлаш билан боғлиқ жиддий чалкашликларни юзага келтиради, шунингдек, сайлов натижаларини бузиб кўрсатиш учун замин ҳозирлайди.
Эслатиб ўтамизки, 2014 йил 15 апрелда Қирғизистонни барқарор ривожлантириш бўйича Миллий Кенгашнинг IV мажлисида навбатдаги сайловларнинг муҳим аҳамиятини алоҳида қайд қилган ҳолда мамлакат президенти Алмазбек Атамбаев шундай деган эди: “Қирғизистон ривожланиши учун сайловлар ҳалол ўтиши жуда муҳим. Ахир 2005 ва 2010 йилги воқеалар айнан сайловлар шаффоф эмаслиги туфайли бошланган. Бизнинг халқимиз бутунлай бошқача, бизнинг фуқаролар адолатсизликка тоқат қила олмайди. Агар ҳалол сайловлар ўтказилганда, 2005 ва 2010 йилги воқеалар юз бермаган бўларди”.
2014 йилда эса Қирғизистонда референдум ва сайловлар ўтказиш бўйича марказий комиссия раиси Туйғунали Абдраимов шундай баёнот берди: “Бошқа давлатларга таққослаганда Қирғизистондаги сайловлар йилдан-йилга шаффофлашмоқда, бугунга келиб Қирғизистонда сайловчилар рўйхатининг 90% и аниқлаштирилган”. Фикримизча, бундай баёнот асл воқеликка унчалик ҳам мос келмайди. Маълумки, 2010 йилги сайловдан сўнг кўплаб экспертлар сайловчилар сони қўпол равишда бузиб кўрсатилгани ва овозларни ҳисоблашда қаллобликлар ҳақида хабар қилишган эди. Шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш натижалари нотўғрилиги, мамлакат ташқарисида бўлган қирғизистонлик меҳнат ва бошқа тоифали муҳожирлар, шунингдек, икки фуқароликка эга фуқароларнинг аниқ сонини белгилашда қўпол хатоликларга йўл қўйилгани ҳақида маълумотлар тарқатилган[1].
Шунга қарамай, Қирғизистонда сайловчилар сонини аниқлаш ҳамда овозларни аниқ ва шаффоф ҳисоблаш механизмларини таъминлаш муаммоси ҳанузгача долзарблигича қолмоқда. Аниқланган ва аниқланмаган (уларнинг қанчалиги номаълум!) ноқонуний паспорт соҳиблари эса сири фош бўлиб қолишидан ҳадиксираб, бўлғуси сайловларда иштирок этмаслиги эҳтимолдан йироқ эмас. Қирғизистон ИИВ маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда 2913 Қирғизистон фуқароси хориждаги озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо муддатини ўтамоқда. Уларнинг салмоқли қисми Россияда (2549 та одам) бўлса, Қозоғистонда 303 та ва Тожикистонда 262 та маҳбус бор.[2] Ўз-ўзидан маълумки, сайлов куни хориждаги озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлган Қирғизистон фуқароларининг овозларини ҳеч ким тўплаб юрмайди.
Парламентга адолатли сайловлар қанчалик алдамчи тасаввур уйғотишини партиялар рўйхати ва депутатларга мандат топширилгандан сўнг Қирғизистон қонунчилиги бўйича ўрнатилган нисбатларда кўриш мумкин. Тўғри, сайловда номзодлар рўйхатини аниқлашда барча сиёсий партиялар амалдаги қонунчилик меъёрларига, хусусан, Қирғизистон Республикасининг “Қирғизистон Республикаси Президенти ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенешига депутатлар сайлови тўғрисида” ги қонуннинг 60-моддасида келтирилган вакилликка талабларга риоя қилган ҳолда рўйхат топширишади. Лекин сайлов натижаларига кўра депутатларнинг умумий сони 120 та бўлгани ҳолда, уларнинг 114 таси асосий миллат вакилларидан иборат бўлади. Қирғизистондаги сайловларни ўрганаётган ҳеч бир ғарблик кузатувчи ёки эксперт бундай номутаносиб нисбатга эътибор қаратмайди. Масалан, USAID бошлиқ ўринбосари Марк Фиерсин қуйидагича баёнот берган: “Қирғизистон нафақат ўз минтақасида, балки бутун дунёда демократик давлат намунаси бўлиши учун имкон бор. Қўлга киритилган барча ютуқлари билан мамлакат фахрланишга тўла ҳақли”.[3] Аммо ғарб экспертлари қандай мезонлар асосида Қирғизистон сайлов тизимига бундай юқори баҳо бераётгани деярли тушунарсиз.
Яқинда Россиянинг Қирғизистондаги элчиси ҳам айни вақтда Россия ҳудудида бўлган, сайлов ҳуқуқига эга Қирғизистон фуқаролари ҳақида эътиборга молик маълумотларни айтиб ўтди. Россия Федерал миграция хизматининг расмий маълумотларига мувофиқ, 2015 йил январь ҳолатига кўра Россияда қарийб 545 минг Қирғизистон фуқароси бўлган. Бундан ташқари, Россия ФМС маълумотларига асосан, 1992-2014 йилларда 516 мингдан зиёд қирғизистонликлар Россия фуқаролигини олган.[4] Тахмин қилиш мумкинки, 516 минг қирғизистонликнинг аксарияти амалдаги Ватан паспортини ҳам сақлаб қолган ва ҳалиям сайловчилар рўйхатида туради. Сайловларда улар қанчалик фаол овоз бериши ва уларнинг овози Қирғизистон ҳукумати томонидан қандай ҳисобланиши — бошқа масала.
Биз Қирғизистон ҳукумати ва халқаро кузатувчиларни сайловчиларнинг ҳақиқий сонини ҳисоблаш ва 2015 йилги сайловлар шаффоф ўтишини таъминлашда юқорида санаб ўтилган муаммоларга ҳам жиддий эътибор қаратишга чақирамиз.
Алишер Навоий Институти
[1] “Ҳукумат ва партиялар сайловларга тайёрланмоқда – бу сайловлар миллий озчиликка нима беради”, Алишер Навоий Институтининг аналитик маърузаси, 2014 йил 13 декабрь.
[2] “2 минг 913 нафар Қирғизистон фуқароси хорижда жазо муддатини ўтамоқда”, 2015 йил 14 февраль, Бишкек – ИА 24.kg
[3]“Қирғизистон нафақат ўз минтақасида, балки бутун дунёда демократик давлат намунаси бўлиши учун имкон бор”, – USAID бошлиқ ўринбосари. Манба: Kabarlar.org.
[4] «Посол РФ в Киргизии: оттока мигрантов из-за падения рубля не будет», 18 февраля 2015 г., см. http://www.inozpress.kg/news/view/id/44171