Бир неча кундан бери Қирғизистондаги расмий ОАВ қирғиз ҳукумати газ масаласини қўшни Ўзбекистон, яъни, ушбу энергия ресурсини мамлакат жанубига доимий етказиб берувчиси ҳузурида тиз чўкмай ҳал қила олгани ҳақида хабар бермоқда.[1] Мақолаларда Ўзбекистон қирғиз ҳукуматидан Қамбар ота ГЭС-1 қурилишини тўхтатиш ва Қирғизистон ҳисобидан ўзбек анклави Сўхга йўлак очишни талаб қилиб, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз Қирғизистон жанубига газ етказиб беришни тўхтатиб қўйгани ҳақида сўз юритилади. ОАВ Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг яқинда айтган нутқ сўзларидан иқтибос келтиради: “…бундан буён Қирғизистон ҳеч кимнинг қаршисида тиз чўкмайди, барча билан тенгма-тенг гаплашамиз”. Қирғизистон ОАВ хабарларида мамлакат жанубига газ етказиб берувчиси сифатида “Gazprom Schweiz AG” компанияси қайд қилинмоқда. Мазкур компания 2014 йил 30 декабрдан мамлакат жанубига газ етказиб бера бошлади. Шу тариқа, қирғиз ОАВ Қирғизистон ушбу масалани Ўзбекистон шартларига рози бўлмай ҳал қила олгани ҳақида хулоса чиқармоқда.
Бироқ қирғиз ҳукумати ва ОАВ муғомбирлик қилмоқда. Бинобарин, “Gazprom Schweiz AG” компанияси Қирғизистон жанубига газ етказиб беришни Ўзбекистон ҳисобига тиклаган. “Бунга “Газпром” ва “Ўзбекнефтегаз” компанияси ўртасида 2015 йил учун битим тузилгани туфайли эришилди. Битимга мувофиқ, мамлакатнинг жанубий ҳудудларига йилига 100 млн кубометргача табиий газ етказиб бериш кўзда тутилган”, — дейилади компания хабарномасида. [2]
Афтидан, қирғиз ҳукумати, жумладан, президент Атамбаев ва қирғиз ОАВ Ўзбекистон нима учун Қирғизистон жанубига газ етказиб беришни тўхтатиб қўйганининг ҳақиқий сабабларини яхши англаб етолмаган. Қирғиз ҳукумати мамлакатдаги бутун газ соҳасини Россия гиганти “Газпром” га сотди. 2014 йил 10 апрелда “Газпром” ва “Қирғизгаз” ўртасида тузилган олди-сотди шартномасига кўра, “ҚирғизгазПром” (“Газпром Қирғизистон” МЧЖ сифатида қайта номланган) низом жамғармасидаги 100 фоиз улуш Россия компаниясига тегишли ҳисобланади. Шундан бери “Газпром Қирғизистон” Қирғизистонга табиий газ етказиб бериш бўйича эксклюзив импортёрга айланиб, республикадаги барча газ транспорти ва газ тақсимлаш тизимининг мулкдори саналади. Қирғиз ҳукумати ва ОАВ шундай бир ҳолатда ҳам республика газ мустақиллигига эришгани ҳақида бонг ураётгани мутлақо тушунарсиз. Худди шу даврда Россия Қирғизистон ва Тожикистондаги йирик гидроэнергетик лойиҳаларга сармоя кирита бошлади ёки тез орада шундай бўлишини ваъда қилди. Шунингдек, имтиёзли шартлар асосида Қирғизистон ва Тожикистон қуролли кучларини қуроллантира бошлади. Эслаш жоизки, ўша пайтдаёқ Ўзбекистон худди шу сабабларга кўра қўшни Тожикистонга газ етказиб беришни тўхтатиб қўйган эди. Россиянинг яна Марказий Осиёда хўжайинлик қила бошлаши, қўшни Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари эса сиёсий жиҳатдан узоқни кўра олмаётгани нафақат Ўзбекистонга, ишонч билан айтиш мумкинки, қўшни Қозоғистонга ҳам ёқмаслиги аниқ эди. Ўзбекистон 2014 йилнинг бошида Қирғизистон жанубига ва Тожикистонга газ етказиб беришни тўхтатиб қўйишига ҳам айнан шу сабаб бўлган дейиш мумкин.
Қирғиз ҳукумати мамлакат жанубига газ етказиб беришни тиклаш масаласи уларнинг иштирокисиз, Россия ва Ўзбекистон раҳбарларининг яқинда бўлиб ўтган музокаралари жараёнида ҳал қилингани тўғрисида “чурқ” этиб оғиз очмагани ҳам тушунарли. Қирғизистон газ тармоғини Россиянинг “Газпром”ига сотгач, қирғиз ҳукумати бундай музокараларда иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқини деярли йўқотган. Чунончи, шунга ўхшаш масалаларда Қирғизистон бундан буён ҳеч кимнинг қаршисида тиз чўкмаслиги ҳақида баралла эълон қилиш бемаъниликдек туюлади. Шуниси аниқки, Ўзбекистон қўшни Қирғизистон ва Тожикистонга газ етказиб беришни яна тўхтатиб қўйишига яқин келажакда ҳеч ким ва ҳеч нарса ҳалақит беролмайди. Шунда яна Россия ўртага тушиб, газ етказиб беришни тиклаш бўйича Ўзбекистон билан музокара юритиши керак бўлади.
Ўтган ҳафта қирғиз президенти Алмазбек Атамбаев йил якуни бўйича матбуот анжуманида Қирғизистон ўзини-ўзи табиий газ билан таъминлаш имкониятларига эга экани ва шу йўналишда ишлар бошлангани ҳақида маълум қилди. Бундай баёнотларга ишониш қийин. Чунки Қирғизистон айни пайтда кўплаб халқаро инвесторлар билан судлашишга мажбур бўлмоқда. Яқин келажакда мамлакатдаги бу каби лойиҳалар учун сармоя киритишга тайёр муносиб халқаро инвесторлар топилиши амримаҳол. Халқаро инвесторлар томонидан Қирғизистонга нисбатан қўзғатилган халқаро даъволарнинг умумий миқдори ҳозирга келиб қарийб 1.5 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. Қирғизистон ҳукумати халқаро арбитражда чет элликлар даъвоси бўйича деярли барча жараёнларда мағлуб бўлмоқда. “Газпром” компанияси орқали Қирғизистондаги газ тармоғини тўлиқ назорат қилаётган Россия Қирғизистонда табиий газ захираларини қидириш ва қазиб олиш учун маблағ киритиши мумкин. Лекин бу ҳам эҳтимолдан йироқдек туюлади, чунки Россия ҳам айни пайтда ўз молиявий муаммоларини ҳал қилиш билан банд.
Алишер Навоий Институти
[1] Қаранг: http://www.gezitter.org/economics/36271_kyirgyizskaya_vlast_smogla_reshit_vopros_gaza_ne_vstavaya_na_koleni / ва http://www.paruskg.info/2015/01/03/111093
[2] Қаранг, http://itar-tass.com/ekonomika/1681012 ва http://www.akm.ru/rus/news/2014/december/31/ns_5041823.htm