Кўнглум ўртансун агар ғайрингға парво айласа,
Ҳар кўнгул ҳамким сенинг шавқунгни пайдо айласа.
Ҳар киши васлин таманно айласам навмид ўлай,
Ҳар киши ҳамким сенинг васлинг таманно айласа.
Ўзгалар ҳуснин тамошо айласам чиқсун кўзум,
Ўзга бир кўз ҳамки ҳуснунгни тамошо айласа.
Ғайр зикрин ошкора қилса лол ўлсун тилим,
Қайси бир тил ҳамки зикринг ошкоро айласа.
Рашкдин жонимға ҳар наргис кўзи бир шуъладур,
Боғ аро ногаҳ хиром ул сарви раъно айласа.
Йўқ оғиздин нукта айтур маҳвашимдек бўлмағай,
Гар қуёш ҳар заррасидин бир Масиҳо айласа.
Офият жонимға етти, эй хуш ул муғким, мени
Бир қадаҳ бирла харобот ичра расво айласа.
Келтурунг дафъи жунунумға парихон, йўқ табиб
Ким ул ансабдур пари ҳар кимни шайдо айласа.
Субҳдек бир дамда гардун қўймағай осорини,
Ногаҳ аҳли сидқ кўнгли меҳрин ифшо айласа.
Даҳр шўхиға, Навоий, сайд бўлма нечаким,
Кун узори узра тун зулфин мутарро айласа.
Навоийнинг бу ғазали аввало ваҳдоният васфи билан музайян бўлгани жиҳатидан эътиборни тортади. Ёрга чексиз муҳаббат, унга илтижо, ошиқона қасам, аҳд ва ҳижрон азобидан бетоқатлик мотивлари асар мазмунини ташкил этади. Ошиқнинг наздида ёр бор ва ўзинигина бор, бошқа бари – бекор. Энди ғазални байтма-байт табдил этишга ва шарҳлашга уринамиз:
Кўнглум ўртансун агар ғайрингға парво айласа,
Ҳар кўнгул ҳамким сенинг шавқунгни пайдо айласа.
Кўнглим сендан ўзгага эътибор қилса, куйиб-ўртансин, бошқа бирон кўнгил ҳам сенинг орзумандлигинг билан бўлса, ёниб кетсин.
Оллоҳ-таоло инсон кўнглини ўзи учун миръот – ойина қилиб танлаган. Демак, асл тасаввуфга кўра, кўнгилда ёр (Оллоҳ)дан ўзга нарса жилва қилиши – гумроҳлик; бундай кўнгилнинг йўқ бўлгани, ёниб-ўртаниб кетгани яхши. Шу билан бирга, ошиқ рашк азобида ҳам ўртанади, у ёрнинг жамоли ўзганинг эмас, ўзининг кўнглида тажалли топишини истайди, бошқанинг кўнглида ўзиники қадар муҳаббат бўлса, ундай кўнгил ҳам ўртанишга лойиқ.
Ҳар киши васлин таманно айласам навмид ўлай,
Ҳар киши ҳамким сенинг васлинг таманно айласа.
Бошқанинг висолидан умидвор бўлсам, умидимга етмайин ва мендан бошқа ҳар кишики, сенинг висолингни тиласа, умидига етмасин.
Исломда ширк (Оллоҳ-таолога шерик топиш) энг катта гуноҳдир. Шунинг учун ошиқ қасам ичади, фақат сенинг висолинг умидидаман, деб. Яна, тасаввуфда Оллоҳнинг васли – жаннатдан ҳам аъло, деган қараш ҳам борки, шоир фақат хос бандаларга насиб бўладиган бу неъматдан умидвор бўлиб, бошқалар – хос бўлмаганларга бу висол лаззатини манъ этади.
Ўзгалар ҳуснин тамошо айласам чиқсун кўзум,
Ўзга бир кўз ҳамки ҳуснунгни тамошо айласа.
Ўзгаларнинг ҳуснига боқиб томоша қилсам, кўзим чиқсин ва бошқа биров ҳам, агар ҳуснингни томоша қилар бўлса, кўзи чиқсин.
Ошиқ учун энг асосий нарса – кўнгил, ундан кейингиси – кўнгилдаги ният. Юқоридаги икки байтда кўнгил ва бу кўнгилдаги умид изҳор қилингач, кўзга (кўнгил кўзига) ўтилади: ўзга нарсага майл қилиб, унга муҳаббат кўзи билан боқиладиган бўлса, бу кўз чиқсин (кўр бўлсин) ва албатта, бояги рашку қизғаниш бот такрорланади – ёрнинг ҳуснини ағёрлар томоша қилса, кўзи чиқсин. Шу ўринда қайд қилиб ўтиш керакки, мумтоз шеъриятимизда рақиблар – ошиқ ва ағёр мавзуи хийла кенг ишланган; бу мангу учлик – ёр, ошиқ ва ағёр деярли ҳар бир ғазалда учрайди (булардан ағёр гоҳ ошкор, гоҳ эса яширин тарзда намоён бўлади).
Ғайр зикрин ошкора қилса лол ўлсун тилим,
Қайси бир тил ҳамки зикринг ошкоро айласа.
Бошқанинг номини айтадиган бўлса, тилим тутилсин ва ўзга бир тил ҳам сенинг номингни зикр этадиган бўлса, тутилсин.
Кўрамизки, навбат ошиқнинг кўзидан сўнг тилига етиб келди; бу эса имон шартларидан бўлган тил билан иқрор қилиб, дил билан тасдиқ этиш формуласини ёдга солади. Байтда, ўзганинг номини айтадиган тил соқов бўлиб қолсин ва ёрнинг зикрини айтган ағёрнинг ҳам тили тутилсин, дейилар экан, ағёр деганда ҳақиқий эмас, ёлғон ошиқлар (исломда – мунофиқлар) кўзда тутилгани маълум бўлади.
Рашкдин жонимға ҳар наргис кўзи бир шуъладур,
Боғ аро ногаҳ хиром ул сарви раъно айласа.
Ногоҳ боғ аро ул сарвқад, гул юзли ёрим сайр этса, унга боққан ҳар бир наргис гули рашкимдан жонимни ёқадиган аланга бўлиб кўринади.
Албатта, лирик қаҳрамон ёлғон ошиқлардан безор, шу боис, раъно каби гул юзлик, қадди эса бўстондаги сарвдай хушқомат бўлган ёр ногаҳонда боғу чаман ичра сайр айлайдиган бўлса, чаман ичра унга тикилган ҳар бир наргис гули (у кўзга ўхшайди) ошиқнинг жонига аланга солувчи бир оловдай бўлиб кўринади.
Йўқ оғиздин нукта айтур маҳвашимдек бўлмағай,
Гар қуёш ҳар заррасидин бир Масиҳо айласа.
Агар қуёш ҳар заррасидан бир Масиҳо (чақалоқ чоғидан сўз айтган Исо алайҳиссалом) пайдо қилса ҳам, у йўқ оғзидан маъно айтган ой юзлигим каби бўла олмайди.
Ёрнинг юзи анъанавий тарзда ойга менгзалади. Бироқ, ой деса оғзи бор, кун деса кўзи бор, деган маталда айтилганидай, ойнинг оғзи йўқ. Шу каби, мумтоз адабиётда васф этилганидай, маҳваш (ой юзлик) ёрнинг оғзи шу қадар кичкинаки, йўқ деса бўлгудай. Биламизки, қуёш нури зарраларининг сон-саноғи йўқ (Қуёш нурининг зарралардан иборат эканини баён қилиш билан Алишер Навоий ҳозирги замон квант механикасиининг илмий ютуқларига яқинлашиб келади). Ва мана шу беҳисоб зарраларнинг ҳар бири миқдори қадар Исо алайҳиссаломлар пайдо бўлса ҳам, уларнинг ҳаммаси бир бўлиб, шоирнинг маҳваши даражасига ета олмас экан, ўз-ўзидан, Алишер Навоий қай зотни ҳамд этаётгани ўз-ўзидан англашилади…
Офият жонимға етти, эй хуш ул муғким, мени
Бир қадаҳ бирла харобот ичра расво айласа.
Осудаҳоллик жонимга тегиб кетди, майхона соҳиби бир қадаҳ билан майхона ичра расво даражага етказса, қандай яхши эди.
Соғ-ҳушёрлик ҳам кўнглимга уриб кетди, – дейди шоир. – Яхшиси, майхоначи мени бир қадаҳ май бериб, шул харобот (майхона; кўчма маънода эса – дунё) ичра расво этса, қанийди.
Бу байт Навоийнинг тасаввуфий армони – Оллоҳ ишқида ўзни унутиш даражасига етиш орзусининг лўнда баёнидир. Албатта, бу алоҳида маънавий ҳолат бўлиб, мосиваллоҳга етишиш – энг юксак даража ҳисобланган.
Келтурунг дафъи жунунумға парихон, йўқ табиб
Ким ул ансабдур пари ҳар кимни шайдо айласа.
Жунунимни даф этиш учун парихон келтиринг, табиб эмас, зеро кимники пари шайдо қилган бўлса, бунинг муносиб давоси шудир.
Ўтмишда жинниларни даволайдиган парихонлар бўлган. Улар жин теккан, пари теккан беморларни даволаган. Аммо мазкур байтнинг стилистикаси шундай мураккабки, дафъатан, парихон эмас, табиб келтиринг, дейилгандай туйилади. Аммо мазмунига кўра, парихон тақозо этилади. Зеро, дейди шоир, ҳар иш ўз устасига топширилгани каби, кимни пари шайдо қилган бўлса, унга парихон керак…
Субҳдек бир дамда гардун қўймағай осорини,
Ногаҳ аҳли сидқ кўнгли меҳрин ифшо айласа.
Башарти сидқ аҳли – содиқ дўстлар меҳрини ошкор қилса, унда тонг сингари бир дамда гардуннинг излари қолмайди.
Бу байт, аввало, баъзи адабиётшунослар қайд этгани каби, “бегона байт” бўлиб, вазни ва қофияси ҳамда радифини ҳисобга олмаса, руҳан, ғазалнинг умумий мазмунидан бир қадар четга чиқади. Аммо шоирлар аксар ҳолларда ана шундай “бегона” байтда асл муддаони ихчам ҳолда баён қилишган, асарнинг бутун таркиби ва бадиий маъноси эса ана шу фикрни “пардалаш”га хизмат қилган.
Иккинчидан, бу байтда бадиий санъатлар бисёр: тонгда қоронғулик – соялардан из ҳам қолмаслиги айтилади. Дўстлар меҳри қуёшга ўхшатилиб, бу меҳр ошкор бўлгач, гардун осори – дунё юракка солган из-ажинлар бартараф бўлиши баён қилинади. Қуёшнинг зидди бўлган энг кичик модда – зарра эса гард (гардун) тарзида тавсифланиб, инсоний меҳр қаршисида барча ёмонликлар қуёш олдидаги зарра янглиғ ожизлиги уқтирилади. Содиқ дўстлар ўз меҳрини бир-биридан аямаслиги лозимлиги таъкидланади. Зеро сарвари олам – Муҳаммад мустафонинг “Эй умматларим, бир-бирларингизга бўлган меҳр-муҳаббатларингизни бир-бирларингизга ошкор қилиб турингиз”, деган ҳадисига ҳам ишора бор…
Даҳр шўхиға, Навоий, сайд бўлма нечаким,
Кун узори узра тун зулфин мутарро айласа.
Эй Навоий, ҳарчанд кун юзига тун сочларини ёпиб, атрлар сепадиган бўлса ҳам, сен бу давр шўхига асир тушиб қолма.
Бу байт – бутун ғазалнинг хулосаси. Шоир хитоб қилади: жилвагар ва ҳийлагар дунё гўзалликларига мафтун бўлиб қолма, зеро у фонийдир. Кун ботса, қоронғулик тушиши аниқ бўлгани каби, умр ҳам ўткинчи. Унинг ҳам шоми аниқ. Бу дунёнинг юзи қуёшдай ёрқин, сочи эса тундай муаттар. Аммо сен унга алданиб қолма, зеро ҳақиқий ёр – фақат биру бордир.
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ
Адабиётшунос олим