ҚЎМСАШ

(Публицистика)

 

Умр – оқар дарё деганларидек, йиллар ўтиб йигирманчи асрни ҳам ортда қолдирдик ва бугун чорак қисмини яшаб қўйган йигирма биринчи аср воқеаларини кўраяпмиз. Биз тенги 80-85 ёшли авлод икки ижтимоий тузум – социализм ва капитализмнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Кекса авлод вакили сифатида босиб ўтган ҳаёт йўлларига назар ташлайман. Хотирамда қолган ижобий ва салбий воқеалар бир-бир ёдга тушади ва буни билиш ўсиб келаётган авлод учун фойдадан холи бўлмаса керак. Айниқса ҳозир 70-90 ёшлар атрофидаги авлод ота-боболар ва момолар қолдирган бой мерос – миллий урф-одатлар, расм-русумлар ва халқ ўйинларнинг гувоҳи бўлдик ва афсуслар бўлсинким, бугун уларнинг кўпчилиги унутилиб, узоқ ўтмишда қолаётгани, йигирманчи асрда яшаган ажойиб инсонлар бунёд этган мерослар йўқ қилинаётгани ёхуд қаровсизликдан ҳароб бўлаётгани изтиробга солади кишини.

Халқимизда меҳр-оқибат, шафқат, диёнат ва одамийлик сингари ришталарни боғловчи қадимий расм-русумлар кўп бўлган. Ана шулардан бири гап-гаштакнинг аввалги ва бугунги кўриниши хусусида ўз мулоҳазаларимни баён этмоқчиман.

Ўтган асрнинг олтимишинчи йиллари биз ҳали мўйлови сабза урмаган йигитчалар эдик. Бешбўзчи деган маҳалламиздаги Мухаммадали ака оиласи билан бошқа томонга кўчиб, кенг ва файзли уйи бўшаб қолди. Бу уй маҳалла меҳмонхонасига айланди. Маҳалланинг ёшу қарилари ҳафтанинг белгиланган куни шу хонадонга йиғилиб гап-гаштак ўтказар эдик. Тенгқурларим Тўхтасин, Нўъмон, Ғуломжон, Ғанижон, Мўминжон, Рўзибой, Сотволди ва бошқалар шу гуруҳ аъзоси бўлганмиз. Орамиздаги ёши улуғ оқсоқоллар гапхонага алоҳида файз киритиб турган. Гап-гаштакнинг энг муҳим жиҳати шунда эдики, унда ўзаро меҳр-оқибат, одамийлик, самимий муносабатда бўлиш, ёмонликни ҳеч кимга раво кўрмаслик, ибо-ҳаёни сақлаш, тўй-маъракаларда бир-бирларига кўмаклашиш, йўллар, кўприклар, уй-жойларни ҳашар қилиб қуриш муҳокама қилинар, олдиндаги ишлар маслаҳатлашиб олинарди.

Жўралар меҳмонхонага зарур рўзғор буюмларини келтиришган. Кимнинг навбати келса бисотида борини келтириб, дастурхон устига ташлаган. Ароқ, вино ва бошқа спиртли ичимликлар ичишга йўл қўйилмаган. Аксинча, улар ўрнига инсон саломатлиги учун зарур бўлган хуштаъм, сервитамин қора ва тилларанг майиз, ёнғоқ, туршак каби мева-чевалар, қанд-қурслар қўйилган. Биз, ёшлар, давра суҳбатидан бир олам маънавий озиқ олардик. Товоқларга тоғдай уюб келтирилган палов еб бўлинмагунча ҳеч кимнинг қўл тортишига изн берилмаган. Кейин аччиқ кўк чой тўла пиёлалар қўлдан-қўлга ўтган, ширин суҳбат, латифабозлик авжига чиққан.

Энг мароқлиси “Подшоҳим, ўғри тутдим” ўйини бўлиб, ичакузди ҳангомалардан завқланар эдик. Бу ўйинда қўлга тушган “ўғри” подшо ҳукмига итоат этмай иложи йўқ. Ўйин-кулги ярим тунгача, хатто тонггача давом этиб, палов қандай сингиб кетганини сезмасдик.

Катталар биз, ёшларни аяр ва ғоят ҳурмат қилишган. Кўпни кўрган, кўпни билган маҳалладошлардан биз энг ибратли фазилатларни олганмиз. Бугун бой маънавий озуқа берадиган, ёшлар қалбига яхши фазилатларни сингдирувчи гап-гаштаклар борми? Бор, аммо уларда ота-боболаримиз қолдирган кўп жиҳатларни кўрмайсиз. Бугунги гап-гаштак алоҳида меҳмонхонада эмас, гап берувчининг хонадонида ёки чойхона, ресторанларда ўтади. Иккинчидан, уларда қадимий миллий руҳни сезмайсиз. Бундай гуруҳларга маҳалла ёшлари ёки синфдошлар йиғилади, ораларида ичкиликка берилганлар ҳам бўлади. Дастурхон йиғилгач хонанинг бурчак – бурчагида тўп-тўп бўлишиб карта ўйнашади, нохуш воқеалар содир этилган ҳоллар йўқ эмас.

Халқ удумларининг яна бири – ҳашар хусусида ҳам икки оғиз айтиб кетмоқчиман. Ҳашар қадимдан ҳар бир маҳаллада кенг урф бўлган. Уйга тош териш, гувала, ғишт қуйишдан тортиб, том устига тупроқ ётқизгунча барча ишлар кўпчилик иштирокида бажарилган. Маҳаллада йўл ёки кўприк носоз бўлса ҳам ҳашар қилиб ўнгланган. Йигитлик пайтимизда уй қуришга қийналган дўстларимиз Сотволди, Тўхтасин кабиларга бир ёқадан бош чиқариб ёрдам берганмиз. Томга ҳавоза билан тупроқ тўла қопни орқалаб кўтариб чиқардик. Бу иш кўп ҳолларда кечқурунлари бажарилган. “Полвон” қоп кўтарганлар алоҳида тақдирланган. Бу сингари ҳашардан ҳеч ким четда қолмаган. Биз, ёшлар, хонадон эгаси янги уйга кўчиб ўтгунча барча ишларига қаралашганмиз ва уларнинг қувончларига шерик бўлганмиз. “Кенгашли тўй тарқамас”, деганларидек, кўпчиликнинг кучи ва маслаҳатида ҳикмат кўп. Бундай одат ва удумлар ёшларни мустақиллик, ишчанлик, меҳроқибатлилик руҳида тарбиялашда катта аҳамият касб этган.

Тўғри, бугун ҳам ҳашар уюштириш одати йўқолгани йўқ. Аммо у ҳозирги иқтисодий қийинчиликни енгиш учун корхона, ташкилот, муассасаларда кенг қўлланилиб, мактаб, касалхона ва бошқа маъмурий бинолар қуришда фойдаланиб келинмоқда. Давлатимиз мустақилликка эришгач кўп ёшлар, қурувчи ёки техника бўйича касби борлар Россияга, бошқа чет давлатларга бориб, пул топиб уй ёки бирон ишхона қуриш учун алоҳида усталарни ёллаб ишлатадиган бўлишди.

Биз яшаган маҳалла ўртасида ажриқзор майдон бўлиб, ўқишдан ёки ишдан қайтгач, шу жойга тўпланар эдик. Ўйинларимизни хатто катталар ҳам завқланиб томоша қилишган. Кураш, от ўйин, пойга, “зув-зув”, соққа, қулоқчўзма, “бўри-бўри”, “даста-чиллак”, байрам кунлари тухум уриштириш каби ўйинлар билан андармон бўлиб дам олардик, жисмоний чиниқардик. Атрофга қоронғу чўккач, бекинмачоқ ўйини авжига чиққан. Шабада юриб қолса, тайёрлаган варракларимизни учириб, кимники энг баланд чиқиши бўйича мусобақа кетган. Қатор миллий ўйинларда кўкраклари бўртиб қолган қизлар ҳам ҳеч нарсадан хавфсирамай биз билан ўйнайверишган. Ўйлаб кўрсам, ўша пайтларда йигитларда инсоф ва диёнат бор экан.

Ҳозирги болалар, ёшларимиз мен юқорида тилга олган ўйинларнинг биронтасини билишмайди. Чунки бугунги тили чиқмаган гўдакдан тортиб вояга етган ўғил-қизларимизнинг кўп бебаҳо вақтини телефон ўғирлаб қўймоқда. Бу ҳолатнинг пайдо бўлишига бир жиҳатдан биз ота-оналар ҳам айбдормизми, деб ўйлайман. Сабаби, фарзандлар қалбига боболаримиз қолдирган меросни сингдириб бормадик. Бундан 30-40 йиллар муқаддам Бозорқўрғон қишлоғи марказидаги “Оқтайлоқота” чойхонаси энг гавжум гўша бўлиб, кун-тун чойхўрлик, паловхўрлик давом этар, кўпчилик бўш вақтини мароқли ўтказарди. Аҳмаджон қори, Тўрахон бува, Нишонбой бува, Сотволди бува, Ортиқбой ота, Сайдулла бува каби нуроний отахонлар чойхонага файз қўшишган. 90-йиллар бошида бу чойхона қайта қурилди. Бу ишда уста Турғунбой ака Эргашевнинг хизматларини алоҳида тилга олмоқ керак. Мустақиллик йилларигача туман марказида энг соя-салқинли чойхона шу эди.

Афсуски, шундай хашаматли чойхона бугун хувиллаб қолди. Туш пайтида 5-10 чоғли киши келиб тамадди қилмаса, оқшом чўкмай туриб ҳеч ким қолмайди. Давр ўзгариб қишлоқнинг ҳар бир кўча, маҳалла ваа бозорларда шахсий чойхоналар кўпайди, хар бирида 10-15 тадан ўчоқ бўлиб, турли таомларни буюртма қилганлар эртадан то ярим тунгача шу чойхоналарда овқатланишиб дам олишади.

Ҳозир колхоз тузуми барҳам топди. Бозорқўрғон туман марказидаги Дзержинский номли колхознинг икки қаватли идораси бугун Бозорқўрғон шаҳар мэриясининг идорасига айланди. Ўтган асрнинг 80- йилларигача шу идора олдида каттакон ҳовуз бўлиб водопровод йўқ йиллари қиш ойларида аҳоли шу ховуздан сув ташиб ичган. Ҳовуз ёнида ҳар бирига тўрт кишининг қулочи етмаган бир жуфт қайрағоч ўсган. Учига қарасанг, дўппинг тушади, қишлоқнинг энг олис жойидан ҳам у савлат тўкиб кўриниб турган. Ўша пайтдаги колхоз раиси Аҳмаджон Нишонбоевни катта авлод яхши эслайди. Аҳмаджон ака даврида ҳовуз бўйи роса обод бўлган. Ҳовуз бўйига қўшқават сўри қурилди, атроф электр чироғидан нурафшон бўлган. Колхозчилар ярим тунгача чойхўрлик қилишиб, телевизор кўришган. Ёз чилласида ҳовуз томондан елган шаббода дилларга ором бахш этган.

Рахматли раис колхозни обод қилишда, меҳнаткашларга шарт-шароит яратишда тилга олгулик ибратли ишларни қилиб кетди. Колхозга 15 йил раислик қилган Аҳмаджон ака ҳар бир бригадага замонавий типда шийпонлар қурдирди, уларга электр нури, телефон алоқаси ўтказилди. Ҳаммом, болалар боғчалари, магазинлар, маданият саройи, кутубхона халқ хизматида эди. Чорва молларига механизациялашган молхоналар, қўйхоналар қурилди. Деҳқон қаноти бўлган техника ардоқланиб янги машина трактор парки бунёд этилди. Колхоз барҳам топгач у қурган бинолар, техникалар сотилиб хусусийлашиб кетди. Қайрағоч қуриди, ҳовуз қуриди. Ҳовуз атрофи мэриянинг парковкасига айланди. Мустақилликка эришганимиздан сўнг ҳаётимизга бозор иқтисодиёти кириб келди. Бугунги бозорларга бир назар ташланг. Бизнинг Бозорқўрғон шаҳар бозоримиз иттифоқ давридаги бозордан ўн баравардан кўп кенгайди. Иккинчи Қорасув бозорига айланди. Нималарни топмайсиз бу бозорлардан. Авваллари эски-туски, темир-терсакларни бозорда сотиш ориятли ҳисобланган. Қўни-қўшнилар зориқса, бир-бирларига гугурт, туз, қатиқ, совун, хатто нонни бекор беришган. Қўшнилар бир-бирларини овқат билан йўқлаб туришган.

Ҳозир бу сингари одатлар барҳам топган. Ота-онани, ака-укани, опа-сингилни, умуман қариндош-уруғларни йўқлаш тобора сийраклашмоқда. Қишлоқда ишлаб чиқариш корхоналари, фабрика, заводлар йўқлигидан ишсизлар кўп, улар тирикчилик ўтказиш учун бозордан жой топиб олибсотарлик билан шуғулланишга мажбур бўлишяпти. Одамларнинг асосий мақсади пул топиш бўлиб қолди. Аллома айтганидек, алдамчилик, юзсизлик, номуссизлик либосига ўранган кимсалар виждон ҳукмидан қўрқмай қолди. Оилаларда мерос, мол-мулк можароси туфайли ака-укаликдан, опа-сингилликдан ажралаётганлар ёки отасининг ёқасидан олаётган йўқми? Ёшларда кексаларга нисбатан ҳурматсизлик авж олди.

Мен бу гаплар билан ўтмиш ҳаётимизни кўмсаётганим йўқ. Аксинча, халқимиз эъзозлаб келган урф-одат, удумларимизни кўмсаб, улар тобора мозий қаърида қолаётганидан афсусланмоқдаман. Бугунги ҳаётимизда меҳрсизлик, оқибатсизлик, диёнатсизлик чуқур илдиз отаётгани менигина эмас ўнлаб замондошларимизни ташвишлантирмоқда. Ислом динига йўл очилган, ибодат қилишга шароит яратилган дориломон замонда халқимизнинг бой маънавий меросини сақлаш, қадр-қимматини юқори тутиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эмасми?

Баъзилар мен таъкидлаганларга эътироз билдиришлари мумкин. Эски, сийқаси чиққан удумларнинг бизга не кераги бор, уларсиз ҳам яшаб келаяпмиз-ку, дейишлари эҳтимол. Менимча, ўтган даврнинг бугунги ҳаётимиз учун муҳим ва фойдали бўлган жиҳатларини олиб, улар ҳисобига маънавиятимизни бойитсак, тўғри бўлади. Тарихни унутган халқнинг келажаги бўлмайди. Шу боис ҳам бугун ўтмишга бир назар ташладик.

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ, журналист