ЭЗГУ АМАЛЛАР СИЛСИЛАСИ

Зуҳриддин Исомиддинов

Миллатлар бир-бирининг ривожланиши учун омил бўладилар. Масалан, XIX аср ўрталари – Қўқон хонлиги даврида очилган кўплаб диний мактаб ва мадрасаларда ўзбек миллати вакиллари билан бирга қирғиз болалари ҳам таълим олган; ҳозирги Жанубий Қирғизистон ҳудудида қирғиз халқининг дастлабки интеллигенцияси ана шу тарзда шаклланган. Ва айнан ана ўша илмли, ўқимишли зотлар, маърифатли кишилар кейинчалик атоқли уламо бўлиб етишишган, миллат маърифатининг чароғбонлари бўлиб майдонга чиқишган. Қирғиз ёзма адабиётининг илк саҳифаларини ҳам ана шундай мадраса кўрган оқинларнинг асарлари тўлдиради. Уларнинг аксари ўзбек ва татар мактабдор муллалари ва мударрисларидан таълим олишган.

Бундай кишилардан бири қирғиз халқининг вакили Мулла Тошқози (Тошмуҳаммад қози) бўлган. Ҳозирда Ўшликлар бу зотнинг фақат исмини, шунда ҳам у кишининг маблағи ҳисобига қурилган Оқбура дарёсининг устидаги кўприк орқалигина биладилар, холос. Мулла Тошқози Ўшнинг қайсидир даҳасида қози бўлиб ишлаган ва даромади ҳисобидан бирмунча ободончилик ишларини амалга оширган, жумладан, бояги кўприкни қурдирган. Бу ёғоч кўприк ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидаёқ оғир юк машиналарини кўтаришга ярамаслиги сабабли бузилиб, ўрнига темир ва бетон конструкцияли янги кўприк солинди, орадан чорак асрча вақт ўтиб, янада кенгайтирилди. Аммо савобли, эл корига ярасин деган ниятда амалга оширилган ишларнинг умри бу кори хайр соҳибининг умридан ҳам, ҳатто у қурдирган иморатларнинг умридан ҳам узоқроқ бўлар экан – ўша эски кўприк ўрнида қурилган энг янги кўприкни ҳам одамлар ҳозиргача Мулла Тошқозига нисбат бериб келадилар.

Шу ўринда ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб одамларнинг бир-бирига меҳр-оқибати ҳақида бир мисол.

Қирғиз ҳокимларидан бири машҳур Мирзақул бўлис (волостной – волост бошқарувчиси) эди. Мирзақул бўлис барчага баробар қараган, одамларни миллатига қараб ажратмаган. Айтишларича, Мирзақул бўлис Ўзганда бир хонадонда меҳмондорчиликда ўтирса, шу ерда мардикорлик, аравакашлик қилиб юрган асли Марғилонлик Йўлдошали деган бир йигит унга арз қилиб келади. Бу энди ўтган асрнинг бошлари, тахминан 1910- йиллар. Йўлдошали аллақайси бойнинг гуручини Қорадарёдан олиб ўтаётган экан, тошқин сув кучидан арава ағанаб, ўнлаб қоп гуруч сувга ивиб қолибди. Бечора аравакаш бунча гуручни тўлаб беришига йўл бўлсин! Одамлар “Мирзақул бўлисга айт, зора бойни инсофга келтирса”, дейишади. Можарони эшитган Мирзақул бўлис, шунча гуруч, от-арава харажатини ўзи қоплаб беришини айтади. Йигит миннатдор бўлиб, раҳматлар айтиб чиқиб кетади. Бўлиснинг ёнида ўтирган одамлар ажабланиб, “Тақсир, мунча иззат қилдингиз бу ялангоёқни?” деб сўрашса, “Билмадим, бир хислати бор йигитга ўхшайди, ҳали кўрасизлар”, деб жавоб қилади. Ҳақиқатан ҳам, орадан ўн беш йилча вақт ўтиб, бояги аравакаш йигит Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси этиб сайланади. Халқ оқсоқоли Мирзақул бўлис ўз ҳимоясига олган ва унинг сиймосида келажакда юрт отаси бўлгудек кишини кўра олган бу қарол 1925-1944 йилларда Республиканинг биринчи Президенти деб аталган Йўлдош Охунбобоев эди. 

Ким билади дейсиз, агар ўшанда Мирзақул бўлис аравакашнинг додини эшитмай, эшитганида ҳам, ёрдам бермай чиқариб юборганида, хасис бойнинг ҳаққини тўлаб беришга қурби етмайдиган бу камбағал қаролнинг кейинги тақдири на аҳволда бўлар эди?

Кейинчалик улар кўришишади, Йўлдош ота ҳам Мирзақул бўлисни хўп сийлаб, иззат-икром қилади, тегишли кенгашлар бериб, уни бой сифатида муқаррар сургун бўлишдан ҳам сақлаб қолган, дейдилар.

Мирзақул бўлис, аввалги саҳифаларда айтиб ўтганимиздек, мол-давлатини эл учун сарфлаган, жумладан Жалолобод шаҳри юқорисига – муқаддас саналадиган Айюббулоққа олиб борадиган тош йўл солдирган, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида эса ўз ҳисобидан мадраса қурдирган. Бу икки иншоот ҳозирга қадар эл хизматида. Бирон юртга ҳоким ё подшоҳ бўлмаган эса-да, Мирзақул бўлис ўзидан жуда яхши ном қолдирди. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларига қадар ҳам ота-оналарнинг туғилган фарзандлари яхши ишлари билан ўзига юксак ҳайкал тиклаб кетган Мирзақул бўлис каби донғдор, мард ва саховатли инсон бўлишини орзулаб “Бўлишбой” (ўзбеклар ичида), “Болушбек” (қирғизлар ичида) дея исм қўйишлари урф бўлган.

Элимизда, яхшилик ерда қолмайди, деган мақол бор. Бу – яхши иш унутилиб кетмайди, вақти келиб, албатта мукофоти бўлади, дегани. Қарангки, бир ўзбек мардикорига қирғиз бўлиси кўрсатган бояги мурувватнинг эвазига бўлсамикин, орадан қирқ йилча вақт ўтиб, тағин бир эзгу амал бўй кўрсатди.
Тафсилоти шуки…

1940 йилда Қирғизистон Компартияси МКнинг Биринчи секретари Алексей Власович Вагов Ўзбекистон КП Марказқўмига телефон қилиб, “Усмон Юсупович, сизларда бир қирғиз йигит бор дейишади, Госпланда ишларкан, шу кадрни бизга берсангиз”, деб илтимос қилибди. “Тўғри, шундай бир мутахассис бор, Исҳоқ Раззоқов деган. Хўш, Сиз уни сизга юборадиган бўлсак, қайси ишга мўлжаллаяпсиз?”. “Қирғизистон Госпланини бошқарса, дегандик”. “Йўқ, бу иш учун уни сизга бера олмаймиз”, деб гапни калта қилибди Ўзбекистон раҳбари. “Нега, сабабини билсак бўладими, Усмон Юсупович?” “Чунки биз уни бошқа иш учун тайёрлаяпмиз.” “Қайси ишга, Усмон Юсупович?” “Сизнинг ўрнингизга!”

Ваговнинг дами ичига тушиб кетади. Юсуповга қарши ошкора гап айта олмас, чунки Юсуповнинг нуфузи бу пайтда бутун Иттифоқ миқёсида жуда юқори эди.

Қарангки, орадан кўп ўтмай, Усмон Юсупов катта умид ва ишонч билдирган бу қирғиз йигити аввал Ўзбекистон КП Марказқўмига котиб этиб тайинланди ва бир вақтнинг ўзида Маориф министи бўлиб ишлади, сўнг Қирғизистонга юборилиб, бир йил Республика Министлар Совети раиси бўлиб хизмат қилгач, 1950 йилдан ўша Вагов ва Боголюбов ўрнига Қирғизистон КП МКнинг биринчи секретари бўлади – Усмон отанинг айтгани амалга ошади.

Дарҳақиқат, ҳиммат ва жўмардлик бу икки халқ вакилларига ҳам хос, уни жўш урдириш учун биз ана шу шонли оталаримизга эргашишимиз керак.

Газетхонларнинг ёдида бўлса, чорак асрча илгари ўзбеклар бошига собиқ Иттифоқ “мафкурачи”лари томонидан мағзава ағдарилиб, бутун бир миллат ёмонотлиқ қилиниб турган пайт эди. Машъум “ўзбек иши”, “пахта иши” деган тавқи лаънатлар ўйлаб топилди, бу қуруқ тўҳмат туфайли элимизнинг  боши хам бўлиб қолди, сабаби, бутун бир мамлакатда ҳеч ким – лоақал урушда етим бўлиб қолиб, Ўзбекистонга эвакуация қилиниб, шу ерда иссиқ макон топиб, халқимизнинг нонини еб, тузини ичиб ўсиб-улғайганлардан ҳеч бири “йўқ, ўзбеклар шаънига бу тўҳмат, бўҳтон!” дея олмай, сукут сақлаб турган бир пайтда Чингиз Айтматов бутун нуфузи ва обрў-эътиборини довга тикиб майдонга тушди ва… ўзбекларни нафақат ҳимоя қилди, балки улуғлаб, тарих саҳифаларида доимо қолғулик эҳтиросли фикрлар билдирди, бунинг учун бутун обрў-эътиборини дадил ўртага тикди.

Булар, албатта, барчага маълум. Шундай экан, уни яна эслашимизнинг боиси нима? Боиси (барча билади), гарчи Айтматов асарларини рус тилида ёзган бўлса-да, рус танқидчиларининг аллақанча қисмида уни англамаслик ёинки кўра олмаслик туфайли ҳали-ҳануз бу муҳитда ўзига муносиб даражада эътироф этилганича йўқ. Бунга сабаб, ҳозирги рус танқидчилигида муайян маҳдудлик, “ўзи солинган чамбарак ичида айланиш” мавжуд. Майли.

Аммо улуғ гуманист адиб Чингиз Айтматов вафотидан кейин қирғиз мунаққидлари орасидан ҳам унинг асарларидан “хато” топадиган баъзи “валломат”лар майдонга чиқиб келди. Масалан, асли Ўшлик, ҳозирда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида яшаётган Мелис Арипбек деган ёзувчи журналист 2017 йил бошида Жалолобод Давлат университети филология факультети талабалари билан учрашувида янги нашрдан чиққан икки китоби тақдимотини ўтказиш баҳона, Чингиз Айтматов асарларига танқидий муносабатда эканини эълон қилди, “Айтматов қирғизларни ёмонотлиққа чиқариб, дунёга ёмон кўрсатиб қўйди”, деб даъво қилиб, «Жамила» повестидаги Жамила қон кечиб, урушдан қайтаётган эрини кутиш ўрнига бир қозоқ йигитига эргашиб кетиб қолгани, «Оқ кема» повестида Ўразқулни ваҳший, Мўмин чолнинг кампирини ялоғиз, қўшмачи хотин сифатида гавдалантиргани, «Юзма-юз» асаридаги Исмоилни аскардан қочган дезинтир, ўғри қилиб кўрсатганлиги билан даъвосини  исботлашга уринди. Унингча бу… қирғизлар шаънига доғ бўлган эмиш.

Хўш, бу гапга нима дейиш мумкин?

Албата, ҳар ким ўз фикрига эга бўлиши, жумладан, бирон ёзувчини ёқтирмаслиги мумкин. Бироқ мазкур даъво ва иддаолар Мелис Арипбекнинг адабиёт, унинг моҳияти нима эканлигини мутлақо англамаслигини, улуғ адиб асарлари шаънига бундай номаъқул қарашлари тарғиб этиши эса сўз санъатининг асосий ғояси бўлган эзгулик, инсоний олижаноблик ғояларини образлар воситасида бадиий талқин этишдан иборат эканини тушунмаслигини кўрсатади. Хайриятки, бугунги сўз санъати Мелис Арапбек белгилаб бераётган рамкалар ичида ривожланмайди. Йўқса, яна “конфликтсизлик”ка – сўз санъатининг сиёсат қуллиги даврига қайтиш аниқ эди. Наҳотки бутун бир миллат орасида ёмон одамлар – хоинлар, ахлоқсизлар йўқ бўлиб, бутун бошли эл фақат “яхши ва олижаноб одамлар”дан иборат бўлса? Бундай эмас, албатта.

Аслида, бу “мунаққид”нинг нияти бадиий адабиёт масалалари эмас, балки осилсанг баланд дорга осил, қабилида Чингиз Айтматовга тош отиш орқали ўзини эл ичида танитиш ва миллат фидойиси бўлиб кўриниш, холос. Ҳолбуки, қирғиз халқини Чингиз Айтматовдан ҳимоя қилиш эмас, бу миллатни дунёга танитган адиб ижодини тараннум этиш билангина мурод ҳосил бўлади.

Албатта, Чингиз Айтматов ва унинг асарлари адабиёт боғига болта кўтариб кириб келаётган бундай “танқидчи”лардан ҳимояга муҳтож эмас. Чунки Қирғизистонлик яна бир улуғ сиймо Алихонтўра Соғуний ёзганидек:

Ногаҳонда тош тегиб, синдурса олтун косани,

Тош қадри ошмагай, олтун баҳоси тушмагай.

Аммо буюк ёзувчи ортидан бу тарзда отилаётган тошларни кўра туриб, индамай ўлтириш ҳам, воқеан, унга қўшилиш бўлиб қолар эди.

Шубҳа йўқ – Чингиз Айтматов асарларининг қадр-қиммати йиллар, ўн йилликлар оша тобора баландлаб бораверади. Чунки асл миллий хоссаларга эга бўлиш баробарида, уларнинг умуминсоний кўламлари ҳам жуда юксак. Бинобарин, буюк қирғиз адиби, унинг асарларини талқин этишда қандайдир бирёқламалик, хато ва янглишишлар юз берадиган бўлса, бунга муносабат билдириш орқали биз халқимизни жон койитиб ҳимоя қилган улуғ адиб олдидаги қарзимизни, озгина бўлса-да, узгандай бўламиз.

2023 йил охирларида Ўзбекистонда Чинггиз Айтматовнинг ўн жилдлик асарлар тўплами нашрдан чиқди, унга илк бор таржима қилиб киритилган асарларининг шарофати билан ўзбек халқи Чинггиз оға буюк ёзувчигина эмас, шу билан бирга, теран фикрли файласуф, ўзига хос драматург, оташин публицист эканини ҳам ўзи учун кашф этди. Демак, Ўзбекистонда Чинггиз Айтматов ижодининг моҳиятини англашнинг иккинчи босқичи бошланди, деб айтиш мумкин.

Яна тўрт йилдан сўнг, насиб этса, туркий халқларнинг бу энг буюк ёзувчиси таваллудига юз йил тўлади. Биз бу йирик санага унинг 12 жилдлик асарлари тўпламини чоп эттишишни ният қилиб турибмиз. Бу, ўтган йилги 10 жилдликка баъзибир янги нарсаларни қўшиш орқали эмас, балки илгари ўгирилган, аммо баъзибир нуқсонлари бор бўлган асарларни қайта таржима қилиб киритиш, адиб ижоди ҳақида ўзбек сўз санъати усталари ва таниқли адабиётшуносларнинг Чинггиз Айтматов асарлари ҳақидаги энг характерли мақолаларини ҳам унга илова қилиш орқали амалга оширилади, ҳозир шу ишга киришилди.