Эй кўнгул, ер-кўк асосин асру бебунёд бил,
Ул кесакни сувда кўр, бу сафҳани барбод бил.
Жисм уйи чунким эрур фоний, тафовут йўқ, ани
Гар фано селобидан вайрону гар обод бил.
Тўрт унсур қайдидин то чиқмағайсан, нафъ эмас
Осмоний тўрт дафтарни тутайким, ёд бил.
Эйки, дебсен, ҳақни не таърифу васф ила билай,
Васфдин мустағнию таърифдин озод бил.
Тенгри зикриким, малойикка ғизойи руҳ эрур,
Бу ғизони ҳақ йўлиға кирган элга зод бил.
Гар ҳабибим қилса изҳори калом, эй пири дайр,
Исийи Марямни ул дам гунги модарзод бил.
Мантиқи ишқ ичра ошиқни тасаввур айла навъ,
Фард бўлғанларни бу йўлда анга афрод бил.
Эл оёғиға тушардин бошқа чиқмоқ расмини
Май куҳанпиридин ушбу дайр аро иршод бил.
Эй сулук аҳли, қачон мақсуд топқумдур десанг,
Мосиваллоҳни фано кўрган кунин мийъод бил.
Эйки, дебсенким, билай тавҳид сирридин хабар,
Шаръдин неким тажовуз айлади, илҳод бил.
Дўст васлин топмаған дунёву уқбодин кечиб,
Ушбу дардинғға Навоий ҳолин истишҳод бил.
Бу – Навоийнинг энг пурмаъно ғазалларидан бири. Унда шоир дунё ҳолига фалсафий назар ташлайди. Оламнинг яратилиши, бунга асос бўлган нарсалар, илоҳий китоблар, инсон изланиб нималарга эришиши мумкинлиги каби мавзулар тилга олинади. Ғазалнинг ҳар бир байти мукаммал: фикр тугал баён этилади. Айрим байтлар эса савол-жавоб шаклида: шоир кимнингдир саволини такрорлайди ва унга ўзи жавоб бериб, бу масалаларда ўзи чиқарган хулосаларни баён қилади.
Матлаъда шоир оламни омиларча тушуниш асоссиз эканлигини айтади:
Эй кўнгул, ер-кўк асосин асру бебунёд бил,
Ул кесакни суда кўр, бу сафҳани барбод бил.
Эй кўнгил, “еру кўк” деган даъво жуда ҳам ишончсиз, бу худди кесакни сувга ташлаганда ивиб йўқ бўлганидай, бунақа гаплар битилган саҳифалар ҳам ишончсиз, барбод бўлишга маҳкумдир.
Олам, содда одамлар талқин қилганларидай, ости тоғора, усти ноғора, яъни ер ва кўк (осмон)дан иборат эмас. У ҳолда, ер дегани бир кесакдай бўлса, сувга тушиб балчиққа айланади, бинобарин бундай гаплар битилган саҳифалар пуч. Оламнинг яратилиши эса бу қадар содда эмас.
Жисм уйи чунким эрур фоний, тафовут йўқ, ани
Гар фано селобидан вайрону гар обод бил.
Жисмдан иборат нарсалар – ўткинчи, фонийдир, шунинг учун ҳам уни фонийлик сели вайрон қилса ҳам, обод қилса ҳам фарқи йўқ.
Бу фонийлик – улуғ фано маъносида. Яратувчи зот қаршисида яратилганларнинг ҳаммаси фоний экани, бинобарин, уларнинг тирик ҳолдами-йўқми, бунинг аҳамияти йўқ экани айтилаётир.
Тўрт унсур қайдидин то чиқмағайсан, нафъ эмас
Осмоний тўрт дафтарни тутайким, ёд бил.
Олам тўрт унсурдан бино бўлган, деган гапни қайд этишдан нари ўтмас экансан, осмондан тушган тўрт китобни ёд олсанг ҳам, фойдаси йўқ.
Қадимги юнон метафизикларидан қолган ақида – бу моддий олам тўрт унсур – ер, сув, ҳаво, оловдан таркиб топган, деган қараш, ҳатто ислом оламида ҳам кўп замонлар мутлақ ҳақиқат сифатида айтиб келинган. Шоир, агар сен ҳам бу олам ана шу нарсалардан бино бўлган, деган гапни қайд қилишдан нари ўтмас экансан, у ҳолда, оламнинг асл яратилиш сабабини англашдан жуда-жуда узоқдасан, у ҳолда сен тўрт илоҳий китоб – Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон)ни ёд олган бўлсанг ҳам нафи йўқ.
Эйки, дебсен, ҳақни не таърифу васф ила билай,
Васфдин мустағнию таърифдин озод бил.
Эй сен, Ҳақ (Оллоҳ)ни қандай таъриф ва тавсиф орқали англайин, деган зот! Уни мақтовлардан бойроқ, таърифлардан озод деб бил.
Бу – Оллоҳнинг зоти ва сифатларини таҳқиқ қилувчиларга қарши хитоб бўлиб, унинг бундай таъриф-тавсифларга асло муҳтож эмаслигига далилдир. Фақат, ана шу маънони англаб олиш учун кишига идрок ва ақл керак бўлади.
Тенгри зикриким, малойикка ғизойи руҳ эрур,
Бу ғизони ҳақ йўлиға кирган элга зод бил.
Фариштаю малоикаларнинг Оллоҳни зикр этиши уларга руҳий озиқ бўлади, бу нарса (зикруллоҳ) ҳақ йўлига кирган одамларга ҳам қувват беришини англа.
Муқадас китобларда айтилишича, фаришталар тинимсиз равишда ибодат билан машғул бўлади. Худони зикр этиш улар учун баайни таом егандек – шу орқали руҳлари озиқланар экан. Навоийнинг айтишича, ҳақ йўлига кирган одамнинг асосий машғулоти ҳам тангри зикри бўлиши керак, ҳатто у шу зикрдан малоикалар каби ўзига қувват ола билиши лозим.
Гар ҳабибим қилса изҳори калом, эй пири дайр,
Исийи Марямни ул дам гунги модарзод бил.
Дўстим сўз айтадиган бўлса, эй дунё пири, у пайтда Исо ибн Марямни ҳам онадан туғма гунг деб бил.
“Пири дайр” атамасининг маъноси кўп, тасаввуфда орифлар мажлисининг етакчиси деб ҳам тушунилади. Бу ўринда – кўп нарсани билувчи, донишманд одам деган маънода тилга олиняпти. “Ҳабиб” эса суюкли дегани бўлиб, албатта, аввало Раббил оламин тушунилади. Шу маъно мақбул бўлса, унда – Оллоҳ таоло сўзлаган чоғда онадан туғилибоқ гапирган Исо алайҳиссалом (яъни тили бурро)лар ҳам гўё туғма гунг бўлиб қолади, деб уқтирилади. Оллоҳнинг сўз айтадиган вақти ва жойи Қиёматдадир. Албатта, у вақтда барча махлуқот фақат соме (эшитувчи) ҳолида бўлади. Иккинчи талқин шуки, Пайғамбаримиз Муҳаммад САВнинг лақаби Ҳабибуллоҳ – (Оллоҳнинг дўсти)дирки, Расули акрамнинг мартабаси бошқа набийлардан баландлигига ишора қилинаётир, деб тушуниш ҳам мумкин.
Мантиқи ишқ ичра ошиқни тасаввур айла навъ,
Фард бўлғанларни бу йўлда анга афрод бил.
Ишқ ҳақида сўзлар экансан ошиқнинг ҳолини алоҳида тасаввур қил, бу йўлда ажралиб-ёлғизланиб қолганларни ҳам ундан ажралган деб бил.
Яъни, ошиқлик шундай душвор бир ҳолатки, унинг ҳолини ҳеч ким тушунмайди, чунки ҳар бир ошиқнинг ҳолати ўзгаларникига ўхшамайди. Бу йўлда шу ошиқ сингари алоҳидаланиб-ажралиб қолганлар ҳам унга ҳамдам бўла олмайди, ҳар бир ошиқ – бутун коинотда яккаю ёлғиз!
Эл оёғиға тушардин бошқа чиқмоқ расмини
Май куҳанпиридин ушбу дайр аро иршод бил.
Элнинг аёғидан бошига чиқиш одатини майхона оқсоқолидан бу дунёда иршод – йўл кўрсатиш деб бил.
Шоир бу ўринда сўз ўйини қиляпти: “оёқдан бошга” деганда қаршилантириш бор. Иккинчидан, аёқ – идиш деган маънони ҳам билдирадики, май (мусаллас) аёққа тушса, яъни ичилса, унинг кайфи бошга уради. Учинчидан, ичкилик дастлаб оёқдан олса, охири бошга чиқиши айтиляпти ва ниҳоят тўртинчидан, ишқнинг тобора кучайиб бориши (оёқдан à бошга) айтиляпти. Бу ҳолатдаги яна бир қаршилантириш шундан иборатки, майхона пири – ичкиликбозларнинг каттаси, ашаддий гуноҳкор одам бўлса, унинг иршоди – тўғри йўлга солиши май орқали бўлади. Бинобарин, бу ўринда тасаввуфий май – юқоридаги байтларда айтилганидай, илоҳий ишқ жазавасидан маст бўлиш рамзий талқин этилаётир.
Эй сулук аҳли, қачон мақсуд топқумдур десанг,
Мосиваллоҳни фано кўрган кунин мийъод бил.
Эй йўлдаги одамлар, мақсудимга қачон етаман деяр бўлсанг (жавоб шу:), Оллоҳдан бошқа нарсаларни беҳуда деб билсанг, бу ваъда этилган дийдорга етишганингдир.
Тариқат аҳли, мақсадга етишимиз учун яна қанча қолди, деб сўрар эканлар, билишлари керакким, Оллоҳдан бошқа барча нарса фоний эканини кўрган, шунга амин бўлган кунидан бошлаб ваъда этилган, дийдор кўришиладиган жойга етганликлари шудир. Навоий бу байтда сулук аҳлини сохта ва чин соликларга ажратади.
Эйки, дебсенким, билай тавҳид сирридин хабар,
Шаръдин неким тажовуз айлади, илҳод бил.
Эй сен, тавҳид сирларидан бирон хабар билай деган кимса, эшит: кимки шариатдан ташқари нарсага дахл қилса, диндан чиққан бўлади.
Пайғамбар алайҳиссалом, динда чуқурлашманглар, деб буюрган. Шундан келиб чиқиб, Навоий бу байтда кимки Оллоҳ таолонинг яккаю ёлғизлигига оид сирларни билишга уринса, шуни талаб қилса, шариатга тажовуз қилган бўлади ва диндан чиққан саналади, деб уқтиради.
Ва ниҳоят, сўнгги байт – мақтаъда шоир ўз ҳасратларини тўкиб солади:
Дўст васлин топмаған дунёву уқбодин кечиб,
Ушбу дардинғға Навоий ҳолин истишҳод бил.
Эй сен, бу дунёю охиратдан кечиб бўлса ҳам, дўсти васлига интилган, аммо унга эришолмаган зот, бу дардингга Навоийнинг ҳолини шоҳид деб билгин.
Бу байтда маъно ниҳоятда тиғиз. Маълумки, Навоий улуғ сўфийлар, улуғ ошиқларга ниҳоятда ҳавас қилган, улар сафида бўлиш учун ишқда жунун ҳолига эришишни орзулаган, аммо бунга муяссар бўла олмаганидан афсусланган. “Жунун водийсиға мойил кўрармен жони зоримни” деганида ана шу ҳолатни назарда тутган. Айни байт мажозий маънода, еттинчи байтга бир қадар зид: унда шоир ошиқ ҳолини якка-ёлғиз, ўзгалар англамайди, деб талқин этса, сўнгги байтга келиб, ана шундай ошиқларга ўзининг дарддошлигини изҳор қилади. Навоий бу дунёда ўз орзуларига тўла ета олмади, аммо нариги дунё ташвишларини ҳам ўзидан бироз узоқлаштирган эди (масалан, Ҳаж амалини ўтишга чоғланган, аммо юрт ташвишларидан орта олмаган). Шунга қарамай, умидсиз ошиқ ҳолида эканидан афсусланади.
Мана шу байтга келиб, савол берувчи ҳам, жавоб қайтарувчи ҳам бир одам экани, яъни дунё ва уқбодан воз кечган шўрлик ҳам, унинг саволларига жавоб берувчи ҳам шоирнинг ўзи экани ойдинлашади. Ва бу ҳам шеърий санъатнинг маъновий бир туридир.
“Дўст васлин топмағон…”-ку, шоирнинг ўзи экан, васлига етишиб бўлмаётган дўстнинг ўзи-чи, у ким? Агар бу ҳолда ҳам, аввалги байтлар талқинидаги каби, дўст деганда Парвардигорни, ёинки Расулиллоҳни тушунсак, тўғри бўлмайди, чунки шоиринг боқий ҳаётдан умиди бисёр. Бизнингча, бу – конкрет дўст, аниқроғи, “ас салотин – зиллаллоҳи фил арз” (подшоҳлар – Оллоҳнинг ердаги соясидир) ҳукмига кўра, мактабдош дўст – аввал хўп яқинлик қилиб, сўнг салтанат дағдағаси ва ғанимлар қутқуси билан Навоийни ўзидан бир қадар узоқлаштирган Султон Ҳусайн Бойқаро бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. Навоий унинг учун, унинг салтанати учун ҳаётини бағишлади, дунё ва уқбодан кечди ҳам, аммо бунга жавобан дўстнинг дийдорини кўриш ҳам мушкул бўлиб қолдики, шоир анъанавий ғазал шаклидан, унга хос бадиий тасвир воситаларидан фойдаланиб, реал воқеликка бир қадар ишоралар қилиб ўтади.
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ
Адабиётшунос олим