Ҳижрон куни ҳар хастаки, жононға йўлуқти,
Қил уйла тасаввурки, ўлук жонға йўлуқти.
Зулфунг қора қайғусида жононға йўлуққан,
Зулмат ичида чашмаи ҳайвонга йўлуқти.
Қочти кўнгул ашкимдану оҳим аро тушти,
Ёмғур суйидин қочтию тўфонға йўлуқти.
Мажнунға йўлуқти, манга ғам даштида иткан
Мажнун демаким, ғули биёбонға йўлуқти.
Ҳайронлиғима ҳайрати мендин дағи ошти,
Ишқ аҳлидин улким мени ҳайронға йўлуқти.
Давронда камол ичра қуёштин бийик ўлди,
Ҳар зарраки, бир комили давронға йўлуқти.
Ишқ аҳли иши топти бори васл ила чора,
Бечора Навоий ғами ҳижронға йўлуқти.
Бу ғазал энг аввало қофияси билан эсда қолади. Чорасиз одам бирон можарога, ҳал қилиб бўлмайдиган муаммога йўлиққан бўлади. Мазкур “йўлиқиш” феълини Навоий ишқда умидлари кесилган лирик қаҳрамонга нисбатан қўллайди. Иккинчидан, бу ғазалда мумтоз адабиётимизда кўп қўлланган “тарди акс” шеърий санъатидан унумли фойдаланилган: ҳар байтнинг бошидаги бир сўз иккинчи мисраъда ҳам такрорланиб келади, аммо бу гал унга бошқа маъно юкланган бўлади. Бу эса шеър жозибасини янада ортиради. Чунончи, олтинчи байтдаги “давронда камол : комили даврон” ифодаси бунга яққол мисол бўла олади.
Ҳижрон куни ҳар хастаки, жононга йўлуқти,
Қил уйла тасаввурки, ўлук жонға йўлуқти.
Ҳижрон азобидан бемор бўлган ҳар ким жононга дуч келар бўлса, бу ҳолни ўлик жонга дуч келгани даражадаги вазият деб тасаввур қил.
Жонон – лирик қаҳрамоннинг маъшуқаси. Жонон васлига ета олмаган, ноумид, ҳижронга гирифтор ошиқ албатта руҳсиз, яъни жонсиз каби бўлади. Унга шу пайтда тасодифан жонон рўпара келиб қолса, баайни ўликка жон киргандай бўлиши табиий ҳол.
Зулфунг қора қайғусида жононға йўлуққан,
Зулмат ичида чашмаи ҳайвонга йўлуқти.
Сочингнинг аламли қайғусидаги одам жононга дуч келар бўлса, бу ҳол баайни зулмат ичидаги оби ҳайвон (тириклик суви)га йўлиққандай.
Бу байтда маънолар қават-қават: қора қайғу – луғатда зўр қайғу деб берилган, аммо зулфунг қаро дейишдан мурод – ёр сочининг қоралигини ҳам акс эттиради. Қора сочнинг қоп-қора қайғусида юрган одамнинг ой юзли жононга дуч келиши – зим-зиё зулмат ичидаги тириклик сувини топиб олган одамнинг шодумонлиги билан баравар, дейди шоир (ривоятда Хизрнинг зулмат ичидан обиҳаёт топиб олгани айтилади). Байтнинг бадиий жиҳатларига келсак, унинг мисралари бир хил бўғин “зул-зулф” билан бошланади ва худди шундай тарзда бир асосли сўз – “йўлуққан : йўлуқти” сўзлари билан тугайди. Ва ниҳоят, “қора” деган сўз ўзбек тилида ҳайвон маъносини ҳам билдиради. Унга тарди акс санъати сифатида иккинчи байтда ҳайвон сўзи ҳам келади.
Қочти кўнгул ашкимдану оҳим аро тушти,
Ёмғур суйидин қочтию тўфонға йўлуқти.
Кўз ёшларимдан безор бўлиб кўнглим қочиб кетди, аммо қочиб оҳ-фиғонларим орасига тушди, демак, бамисоли ёмғирдан қочиб, тўфонга тутилгандай бўлди.
Кўнгилнинг ошиқдан қочиши – Навоий ғазалларида учрайдиган мотив. Бунинг ҳаётий асоси шуки, дилгир ошиқ ҳеч нарсага кўнгил бермайди, баайни кўнгилсиз. Тилимизда ҳам ғамгин кайфият кўнгилсизлик деб аталади. Лирик қаҳрамоннинг кўнгли унинг кўз ёшларидан қочиб, ўтли нолалари орасига тушиб қолади – баттар азобланади. Шоир бу ерда “ёмғирдан қочиб, дўлга тутилди” деган матални сал ўзгартиб қўллаган.
Мажнунға йўлуқти, манга ғам даштида иткан
Мажнун демаким, ғули биёбонға йўлуқти.
Ва у (кўнгил) Мажнунға йўлуқти, аммо мен ғам биёбонида йўқотиб қўйган Мажнунга эмас, баайни дашт-саҳронинг девига йўлиқди.
Ошиқнинг оҳ-воҳи ва кўз ёшларидан қочган кўнгли баттарроқ азобларга дуч келади: у адашиб-улоқиб, Мажнунга дуч келади, бироқ ошиқликнинг ғам-аламлари саҳросида йўқолиб кетган Мажнунга эмас, баайни дашт-биёбонларнинг девига рўпара келиб қолади.
Ҳайронлиғима ҳайрати мендин дағи ошти,
Ишқ аҳлидин улким мени ҳайронға йўлуқти.
Менинг лолу ҳайрон аҳволимни кўриб, (кўнгил) ҳайрати мендан ҳам ортиқроқ бўлди, зеро ишқ аҳли ичидан мендек тенгсиз овораю ҳайронга дуч келиб қолган эди.
Ҳижронзада ошиқ аҳволини ўнглашга чора топа олмай, ҳар ён лолу ҳайрон боқади, холос. Ҳайронликда ҳам ҳайронлик бор. Ошиқнинг кўнгли унинг бу даражада ҳайрону зор аҳволини кўриб, ўзи ҳам бунинг ҳолига чора топа олмай, ҳайрон бўлиб қолади.
Ана энди айрим шеършунослар томонидан “бегона байт” деб аталадиган байт келади. Унинг моҳияти шундайки, шоир ғазалга бу асарнинг умумий руҳига, унда тасвирланаётган воқеликка жилла мувофиқ келмайдиган бирон гапни қўшиб қўяди, уни айнан шу ғазалга боғлаб турадиган ягона нарса – вазн ва қофиянинг шу ғазал вазни ҳамда қофияси билан бир хил эканлиги, холос:
Давронда камол ичра қуёштин бийик ўлди,
Ҳар зарраки, бир комили давронға йўлуқти.
Даврнинг мукаммал кишисига дуч келган ҳар бир зарра ўз даврида қуёшдан ҳам улкан, ундан ҳам мунаввар бўлиб кетади.
Навоий ижодий эътиқодининг асосларидан бири – комил инсонни излаш, топиш ва уни васф этиш, деб белгиласа бўлади. Комил инсон теварагидаги ҳар бир катта-кичикка меҳр улашади. Ундан мунаввар бўлган ҳар кимса бахтлидир. Ҳар бир зарра баайни қуёшга айланади ва ҳоказо. Бу байтни ўрнига қараб ҳар хил талқин этиш мумкин, чунончи у ўзини зара каби ожиз сезган мурид ва меҳри оламоро бўлган муршид муносабатини кўзда тутиб айтилган, дейиш ҳам мумкин.
Ишқ аҳли иши топти бори васл ила чора,
Бечора Навоий ғами ҳижронға йўлуқти.
Ишқ аҳлининг барчаси васл орқали ўз дардига чора топа олади, аммо бечора Навоий ҳижрон ғамига дучор бўлган.
Қадимги табобат китобларида ишқ касалликнинг бир тури сифатида тавсифланади (чунки ошиқнинг аҳволи руҳиясида ўзгариш бўлади) ва бунга ягона чора – висол экани айтилади. Навоий шунга ишора этиб, барча ошиқлар висолга эришса, мақсуди ҳосил бўлишини айтади, аммо ўз дардига даво йўқлигини, ўзи “ғами ҳижрон”га мубтало эканини изҳор этади. Бу фикр шоирнинг бошқа бир ғазалида ҳам надомат таъкидланганини ёдга олиш мумкин: “Ғамимға чорасизлик – чора бўлмиш…”
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ
Адабиётшунос олим