ҚИРҒИЗИСТОН МАДАНИЯТ АРБОБЛАРИ, ҚАЙДАСИЗ?

Қирғизистон жанубида, Ўш ва Жалолободда кечган даҳшатли қирғин-қабоҳатлар Ўзбекистон халқини оғир қайғуга солди. Чет эл ахборот  воситаларининг хабар беришича, икки мингдан ортиқ ўзбекнинг уйи аввал талон-тарож қилиниб, кейин ўт қўйилди. Ўттиз бешта ўзбек мактаби, битта университет ва бир ўзбек театри ёқиб юборилди. Тўққиз яшардан ўттиз яшаргача бўлган юзга яқин ўзбек қиз-жувонлари зўрланди. Яна юзлаб ўзбеклар ўлдирилди. Минглаб ўзбеклар юртини тарк этишга мажбур бўлди. Юзлаб ўзбеклар қамоққа олиниб, қийноққа солинди. Ўзбеклар устидан умрбод қамоқ ҳукмлари ўқилди. Мозорлар топталди. Ўзбекларга тегишли бўлган дўконлар, магазинлар, ошхоналар тортиб олинди.

Ўш марказидаги Алишер Навоий ҳайкали уриб, синдирилди. Ярадорлар, ногирон бўлганларнинг эса сон-саноғи йўқ…. Ўзбекларга нисбатан таъқиб ва таъзйиқлар тўхтамаяпти. Кўча-кўйларда ўзбекларни уриб, калтаклаш, бор будини шилиб, тортиб олиш одат тусига кирди. ЎЗбекларнинг экинзорларини босиб олишяпти. Кечалари уйларини тошбўрон қилишяпти. Маҳаллий амалдорлар бу ишларни сиртдан қоралаб, зимдан ўзлари гиж-гижлаб туришибди. Шу кунларда Иссиқкўл вилоятининг Қоракўл шаҳри кўчаларида «Сартларга ўлим!”  деган ёзувлар пайдо бўлди. Ўзбекларни Қирғизистондан сиқиб чиқариш компанияси давом этмоқда. Бу ёлғиз Қирғизистонда яшовчи ўзбекларга эмас, балки бутун ўзбек миллатига, Ўзбекистон давлатига қарши қаратилган фитна, зўравонлик, ҳақорат… «Биз истаганимизни қиламиз, кўрайлик-чи, қўлларингдан нима келаркин…” қабилида иш тутишяпти.

 

Шуниси диққатга сазоворки, Россия ва Қозоғистон президентлари «Бу Қирғизистоннинг ички иши” деб индамай, томошабин бўлиб туришди. Қойил қолмай иложимиз йўқ! На қонун, на ҳокимият мавжуд бўлмаган мамлакатда этник зўравонлик давлатнинг ички иши бўлиши мумкин экан-да… Хуллас, улар қўйиб беришди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даҳшатли фожеалар содир бўлдиким, ҳамон охири кўринмаяпти.

Бу қадар ёвузлик, бу қадар ваҳшийлик, бу вандализмни тарих қачон кўрган? Менимча, фақат мўғуллар босқини даврида. Қарангки, саккиз асрдан кейин ўша қабоҳат яна такрорланди. Наҳотки ана шу ишларни ўзбеклар билан асрлар давомида тинч-тотув яшаб келаётган, тили бир, дини бир қардош қирғизлар қилаётган бўлса? Одамнинг ишонгиси келмайди… «Сартларга ўлим!” деб ҳайқираётган, кекса демай, аёл демай, ёш бола демай, тупроққа қориштираётган қирғиз йигитларини ким бу кўйга солди? Албатта, давлат, ҳокимият тепасида турган амалдорлар… Франциянинг инсон ҳуқуқлари бўйича министри Ўшдаги аҳвол билан танишгач, «Бу – ўзбекларга қарши геноцид” деб гапнинг пўст калласини айтди. Бироқ Ўшга ташриф буюрган президент хоним Роза Отинбоева уйи куйган, номуси топталган, ҳам молидан, ҳам жонидан айрилган ўзбеклардан кўнгил учун бўлса-да, бир аҳвол сўрамади… Шундан ўзингиз хулоса қилаверинг.

Афсуски, бугун Чингиз Айтматов йўқ. Тирик бўлганда, қараб турмасди. Қирғиз армияси, милицияси, СНБси, ҳокими, судяси, прокурори, оломони бир тану бир жон бўлиб, ўз биродарлари бўлмиш ўзбекларни ялпи қирғин қилаётганини кўриб, томошабин бўлиб турмасди. Уларнинг йўлини тўсарди. Ҳеч бўлмаса, овозини чиқарарди…

Аммо, сиз, унинг сафдошлари, шогирдлари тириксиз-ку. Бурнидан нарини кўролмайдиган худбин сиёсатчилар ўз ғаразли мақсадлари йўлида азалий дўстлигимиз, қардошлигимизни ёқиб, кулини кўкка совураётганда нега индамай, жим турибсиз? Ёзувчилар, шоирлар, олимлар, рассомлар, театр ва кино арбоблари, дин уламолари, қайдасиз? Аввал дўнганларни, кейин туркларни, бугун ўзбекларни оёқ ости қилиб, уйларига ўт қўйган миллатчилар эртага бутун Қирғизистонни ёқиб, кул қилишларини кутаяпсизми?

Миллатчилик – мусулмон учун ҳаром, деганлар Пайғамбаримиз (с.а.в). Миллатчилик – разилларнинг энг сўнгги манзилидир, деган Лев Толстой. Миллатчилик – қирғиз халқининг манглай шўри, бахтсизлигидир, дейди қирғизистонлик сиёсатшунос Игорь Князов… Миллатчилик – бу манқуртлик демак. Айтматов башорат этган манқуртлик балоси Ўш фожеасида ўзининг бор даҳшатли қиёфасини кўрсатди… Бу гапларни ёшларга сиз айтмасангиз, ким айтади, ким етказади? Йигирма етти давлат Европа иттифоқига уюшиб, аҳил яшаётган йигирма биринчи асрда «Қирғизистон – фақат қирғизлар учун!” деб майдонга чиқиш шармандалик эмасми? Шундай шиор билан чиқаётган қирғиз ёшлари балки Москва кўчаларини тўлдириб «рус марши” ўтказаётган, Адольф Гитлернинг туғилган кунини байрам қилаётган россиялик тенгдошларидан ўрнак олишаётгандир… Энди ўйлаб кўринг, бу аҳволда биз, Марказий Осиё халқлари қачон бирлашамиз, қачон Турон иттифоқини тузамиз?

Ўзбекларни айирмачиликда айблашаяти. Қирғизистонда бир миллион нуфусга эга бўлган ўзбеклар автономия талаб қилишса, бунинг нимаси ёмон? Бу – уларнинг қонуний ҳаққи эмасми? Тожикистонда Бадахшон автоном ўлкаси, Ўзбекистонда Қорақалпоқ автоном республикаси бинойидек яшаб турибди-ку! Ўртада ҳеч қандай миллий низо йўқ-ку!

Ўзбекларда қўшнинг билан ҳамиша дўст, иноқ бўл, уни риоя қил, ҳурматини ўрнига қўй, деган нақл бор. Бугунча Ўзбекистон тишини тишига босиб, оғир, вазмин бўлиб турибди. Аммо эртага вазият ўзгармайди, деб ким айта олади? Миллатчилар фақат бугунни ўйлашяпти, эртани ўйлашмаяпти…

Қирғиз биродарлар, маданият арбоблари! Овозингизни чиқаринг. Айрим калтабин сиёсатчиларнинг касофати туфайли адашган ёшларни тўғри йўлга солинг. Улар ўзбекларнинг уйларига ўт қўйиш билан қирғизларнинг ҳам уйига ўт қўйишаётганини тушунтиринг. Ўзбеклар бу юртга бошқа ёқдан кўчиб келмагани, шу ернинг азалий, тубжой аҳолиси эканини, Ўш ва Жалолобод каби тарихий шаҳарлар осмондан тушмагани, балки асрлар давомида ўзбеклар бунёд этганини эслатиб қўйинг уларга. Ҳақ, ҳалол сўзингиз билан ёвузлик ва жаҳолатнинг йўлини тўсинг. Унутмангки, бу даҳшатли фожеа масъулиятининг бир чети сизнинг ҳам елкангизга тушади. Чунки зиёли ўлароқ, Тангри ва дунё олдида миллатнинг инсоний қиёфаси, маънавияти учун жавобгарсиз.

Худойим биз мусулмонларга ақл ва инсоф ато этсин. Минтақамизда тинчлик ва тотувлик барқарор бўлсин.

Омин, ё Раббул оламийн!

 

* * *

Ўзбекнинг уйини йиқсалар Ўшда,

Ўзбекнинг боласин ёқсалар Ўшда,

Ўзбекни тупроққа тиқсалар Ўшда,

Мен бу қабоҳатга қандай чидайман?

 

Маҳбус айласалар Ўшда ўзбекни,

Уриб, қийнасалар Ўшда ўзбекни,

«Кет!” деб ҳайдасалар Ўшда ўзбекни,

Мен бу қабоҳатга қандай чидайман?

 

Ваҳший бир оломон, очкўз бало, кейин,

Ўзбекнинг бошига солсалар қирғин,

Бошқалар индамай турсалар, сокин,

Мен бу адолатга қандай чидайман?

 

Ўзбек билан қирғиз азалий қардош,

Тили бир, дини бир, илдизи тутош,

Бугун қон тўксалар, этсалар талош,

Мен бу жаҳолатга қандай чидайман?..

 

 

Жамол КАМОЛ,

Ўзбекистон халқ шоири.